Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “ҲАЙРАТУЛ АБРОР” ДОСТОНИДА САБР ТАЛҚИНИ

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ “ҲАЙРАТУЛ АБРОР” ДОСТОНИДА САБР ТАЛҚИНИ

Ўзининг бебаҳо бадиий ва илмий асарлари билан Шарқ халқлари тараққиётига кучли таъсир кўрсатган улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг бебаҳо асарларида инсоний туйғуларнинг олий даражадаги талқинини кўрамиз.

Улуғ Тангри томонидан инсонга берилган неъматларнинг барча-барчаси Алишер Навоий қаламидан четда қолмаган. У ўз ижодида ҳар бир воқеа-ҳодиса, ҳис-туйғуга алоҳида эътибор билан қарайди. Унинг ҳаётдаги доимий ҳамроҳи бўлган илҳом, шоирлик иқтидори, ҳақиқатни англашга бўлган эҳтиёж, илоҳий маърифат, бахт, толеъ, илм, тафаккур ва буларнинг замирида ётган асосий нарса, яъни сабр унинг ижодида асосий ўринни эгаллайди.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўлмас меросини баъзида тубсиз уммонга, баъзида баҳосини ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмайдиган дуру жавоҳирлар хазинасига қиёслаймиз. Асрлар давомида жаҳоннинг кўзга кўринган тилшунослари-ю, адабиётшунослари унинг бебаҳо ижодиётининг бадиийлиги ва тил хусусиятларини ёритиб беришга ҳаракат қилмоқдалар. Натижада, Алишер Навоий ижодининг янги-янги қирраларини забт этишга муяссар бўлмоқдалар. Аммо булар Навоий ижод уммонидан бир қатра, бебаҳо хазинасидан бир мисқол, холос. Биз бу илмий рисоланинг ушбу қисмида Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида қўлланган сабр талқинига тўхталмоқчимиз.

Биз одатда ночорликдан қийналган пайтларида борига шукр қиладиган инсонни сабрли инсон деймиз. Сабр сўзига “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да 2 хил таъриф берилади. “Сабр (арабча – чидам, бардош, ирода, қатъият.) 1. Бирор ҳолат ёки ҳодисани бардош билан кутиш, қаноат ҳосил қилиш; 2. Ғам-кулфат, мусибатларга чидаш, тоқат қилиш, бардош бериш”[1: 409].

Тасаввуфий тушунча сифатида сабр Тариқат босқичлари­нинг мақомларидан биридир. “Мақомат – мақом (манзил, бекат) сўзининг кўплиги бўлиб, соликнинг руҳий-маънавий камолоти босқичларини англатади. Абу Наср Саррож тариқатнинг қуйидаги мақомларини қайд этган: 1. Тавба 2. Вараъ 3. Зуҳд 4. Фақр 5. Сабр  6. Хавф  7. Ражо 8.Таваккул  9. Ризо”.

Сабр-тоқат, чидам – сўфийлар тилида қийинчиликлардан шикоят қилмаслик, айниқса, Худодан бошқага нола-илтижо қилмаслик. Сабр этувчи (собир) ўзини бало гирдобига солиб, балолардан қўрқмайдиган одамдир. “Сабр кушойиш учун интизорликдир” (Саҳл Тустарий), яъни руҳий-маънавий мушкулликлар юз берганда, сабр қилган солик кушойиш топади, яъни манзилларини кашф этади”[2: 26-28].

“Ҳайрат ул-аброр” достони ибратли фикрларга бойлиги, мазмун-моҳияти жиҳатидан қимматлилиги билан аҳамиятлидир. Маълумки, асарда 20 та мақолат келтирилган. Ушбу мақолатларда кўтарилган масалалар барча замонлар учун хосдир.

Достоннинг дастлабки мақолати – “Иймон шарҳида”. Навоий иймонли инсонга хос сифатларни ёзар экан, кўпчилик томонидан жавоб топилмай келаётган бир саволга, яъни “Қандай инсонни жамики эзгу хислатларга эга инсон дейишимиз мумкин?”, – деган саволга жавобни мақолатнинг 10-байтида беради:

 Бас ани инсон атағил бериё,
Ким ишидур сабр ила шукр-у ҳаё [3].

Яъни: Сен шундай одамни тўғри, риёсиз деб билгин, қачонки у сабр билан, шукру ҳаё билан иш кўрса.

Дарҳақиқат, инсоннинг ҳаёт деб аталмиш бу масканда юксак маънавиятли шахс дея тан олиниши энг мураккаб ва мушкул ишдир. Бу номга сазовор бўлиш учун шоир наздида инсонда энг аввало сабр бўлиши лозим.

Алишер Навоий томонидан юксак ардоқланган устози Абу Лайс Самарқандий инсонларнинг яхши даражасига етишиши ҳақида: “Билгилки, банда яхшиларнинг даражасига азиятлар ва машаққатларга сабр қилиш билан эришади”[4: 257], – дейди. Бу масалада устоз-шогирд муносабатларидаги ҳамфикрликни кўриш мумкин.

Навоий асарларини ўқир эканмиз, унда бир-бирига зид бўлган образларга дуч келамиз. “Ҳайрат ул-аброр”нинг ХХХV бобида ҳам бири сабрли бўлган, иккинчиси сабрсиз ва шошқалоқ бўлган икки ҳамроҳ ҳикояти келтирилади. Бу ҳақда навоийшунос олим И.Ҳаққул қуйидагиларни баён этади: “Навоий аксарият ўринларда нодонга донони зид қўйиб мушоҳада юритади. Бу гўё қоронғуликка қарши ёруғлик ҳақида сўзлаётганга ўхшайди”[5: 55]. Шоир ҳикоятида ҳамроҳлар йўлда бир тошга дуч келишади. Тошнинг орқа тарафида бир ёзув бўлиб, унда хазина ҳақида гапирилганди. Машаққатига бардош берган инсон хазинага эга бўлар экан. Бу машаққатлардан йироқ юришни истаган киши учун энг яхши нарса – сабр қилишдир.

Ҳар киши бу ранждин ўлса йироқ,
Сабр-у қаноат боридин яхшироқ. (125-бет)

Сабрли инсон ҳамроҳининг бойлик ҳирсида тошнинг тагини қазишга тушиб кетганлигини кўриб, бепарво ўтиб кетади ва бир шаҳарга бориб қолади. Дарвозадан биринчи кирган киши ушбу мамлакатга подшоҳ бўлиши белгиланган эди. У мамлакат шоҳи бўлади. Шошқалоқ эса кўп меҳнат қилиб, якунида “Ким хомтама бўлса, у дунёда доим азобда”, деган ёзувгагина эришиб, тамагирликда хор-зор бўлади.

 Они қаноат қилибон шаҳриёр,
Муни тамаъ ранжи қилиб хоксор. (126-бет)

Навоий бу ҳикоят орқали сабр инсонни ҳар қандай вазиятда тўғри йўлга бошлашини далиллайди. Ҳикоят Гулханийнинг “Зарбулмасал” асаридаги Япалоққуш ва Кўрқуш ўртасидаги суҳбатни эслатади.

 Сабр билан баста эшикдур кушод,
Сабр билан топади эранлар мурод.
Сабр қилсанг ғорадин ҳалво битар,
Бесабрлар ўз аёғидин йитар [6: 13].

Кушод – очилган, очиқ маъносини ифодалайди. Эран – 1. Эркак, одам, инсон. 2. Аскар, солдат маъносида қўлланилади[7: 212-217]. Сабрли инсон учун барча эшиклар очиқ. Бундай инсон, албатта, ўз муродига етади.

Навоий асарнинг алоҳида бир бобида сабр тимсоли ҳисобланмиш Айюб пайғамбар ҳақида ҳикоя қилади. Боб сўнгида лирик чекиниш сифатида ёзилган икки-уч байтли соқийнома шоирнинг сабрга бўлган муносабати ва унинг шахсиятидаги кучли ирода соҳиби эканлигини кўрсатади.

 Бот бўлу бир жом ила етук футуҳ,
Сабр эса Айюбча, йўқ умри Нуҳ. (174-бет)

Ушбу байт тасаввуфий мазмунга эга. Шоир умрим Нуҳ умрича бўлмаса ҳам, сабрда Айюбча борман дейди. Маълумки, Айюб пайғамбар сабр-тоқат тимсоли сифатида талқин этилади.

Малойиклар Яратганга Айюб фақат сенга ибодат қилгани учун унга беҳисоб давлат – илоҳий хислат берилган, деб маломат қиладилар. Аллоҳ бу неъматларни бермасам ҳам унинг иши тоатдир, дея ғайбдан бало юбориб, уни синайди. Ўн ўғли том босиб ҳалок бўлади, ўзи хасталикка учраб, бутун танасини қурт қоплаб олади. Одамлар ўзларини ундан четга олишади. Аёли тиланчилик қилиб, унга меҳрибончилик кўрсатади. Шайтон аёл қиёфасига кириб, пул бериб сочидан қирқиб беришини сўрайди. Ва эркак қиёфасига қайтиб, уни Айюбга кўрсатади…

Олим шоирнинг бир жумласига эътибор қаратади: “Баданидаги қуртларнинг бирортаси тушиб кетгудай бўлса, Айюб уни олиб қайта жойига қўяр, сизларни Тангри насиб этган дерди”. Аллоҳ инояти билан у яна соғаяди. Хотини Раҳиманинг поклиги исботланади. Ҳалок бўлган болалари тирилиб келадилар[8]. 

Диққатингизни яна бир нарсага қаратмоқчимиз. Нима учун мутафаккир иймонга бағишланган бобда сабрга юксак баҳо беради? Бизнингча, Навоий сабрни иймоннинг ажралмас бир қисми, унинг асоси деб талқин қилган.

Хулоса қилиб айтганда, Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонининг ўн икки, ўн тўққиз, йигирма беш, қирқ еттинчи бобларининг ҳар бирида бир байтдан иборат 8 мисра шеърда сабр тилга олинади. Ушбу мисралардан қуйидагилар англашилади:

  1. Асар панднома бўлганлиги сабабли сабрли бўлиш ҳақида ўгит беради.
  2. Инсоннинг яхшилиги, тўғрилиги унинг сабрлилиги билан ўлчанади.
  3. Сабрсиз қай аҳволга тушишини ҳикоя орқали образли акс эттиради.
  4. Навоийнинг “Илми нужум”дан ҳам яхши хабардорлиги.
  5. Мутафаккир шахсиятидаги сабрлилик хусусиятининг юксаклиги ва бошқалар.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Oʻzbek tilining izohli lugʻati. 3-tom. –T.: “Oʻzbekiston milliy ensiklopediyasi” Davlat ilmiy nashriyoti, 2007.
  2. Komilov N. Tasavvuf. – T.: Movarounnahr, 2009.
  3. Alisher Navoiy. Hayrat ul-abror. –T.: Gʻafur Gʻulom nomidagi nashriyot-matbaa ijodiy uyi, 2006. –B. 74. (Izoh: boshqa misollar ham shu manbadan olinib, sahifada beti koʻrsatiladi.)
  4. Tafakkur durdonalari. 111 Vatandosh allomalarimizning hikmatli fikrlari. – T., 2012.
  5. Ibrohim Haqqul. Mushohada yogʻdusi. – T.: Fan – 2009.
  6. Gulxaniy. Zarbulmasal. – T., 1972.
  7. Berdak Yusuf. Mumtoz adabiy asarlar uchun lugʻat. – T., 2010. 
  8. www.ziyonet.uz. Ilhom Ahror. Sarchashmalar.
Мафтуна ОЧИЛОВА,
Навоий давлат кончилик институти академик лицейи
ўқитувчиси

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …