Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА ТИЛШУНОСЛИК САБОҚЛАРИ

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА ТИЛШУНОСЛИК САБОҚЛАРИ

“Саҳиҳул Бухорий” асарига кўп таъриф берилган. Тадқиқотчи олим, умуман, ҳар қандай даҳо аввал жуда юқори илмий-ижодий мартабага эришади, барча довонлардан ошиб ўтгач эса унинг номининг ўзи мартабага айланади. Масалан, Навоийни “халқ шоири” десак, у зотни қуйига тушириб юборган бўлиб қоламиз, Эйнштейнни академик атасак ҳам шундай. Бундай инсонлар ҳеч қандай мартабага муҳтож эмас, уларнинг номи – мартаба. Яхши шеър ёзган кишига “Навоий бўлиб кетинг-а!” дейишимиз, физика ё математикада ютуққа эришган олимни “Эйнштейн” аташимиз бежиз эмас.

Имом Бухорий тўғрисида ҳам, у зотнинг шоҳ асари ҳақида ҳам шу йўсинда фикр билдириш мумкин. Бу беназир аллома тўғрисида кўп-кўп иқтибослар борки, улардан ўтказиб бирон янги гап айтиш мушкул.

Шундай эса-да, мавзуга киришдан аввал “Саҳиҳул Бухорий” тўғрисида илоҳиёт, ҳадис ва дин илмлари бўйича таниқли олим, Туркиянинг Ислом тафаккури институти раҳбари, профессор Меҳмет Гўрмезнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни жоиз топдик:

– Давлат органларидаги фаолиятим давомида расмий делегация вакиллари қаторида кўплаб мамлакатларда бўлганман. Марокашга борганимда мамлакат маъмурий марказидан олисроқдаги қишлоқлардан бирида жуда обод қилиб қўйилган бир мақбарани кўрдим. “Бу ерда қандай зот ётибди?” деб сўрадим. Шунда бу мақбара қачонлардир “Саҳиҳул Бухорий”ни биринчи бўлиб шу ерларга келтирган инсон хотираси учун бунёд этилганини айтишди.

Меҳмет Гўрмез бу ҳодисани жорий йил 29 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси билан ўтказилган онлайн семинарда тилга олган эди.

“Саҳиҳул Бухорий”ни келтирган инсон шунчалик эъзоз топган бўлса, муаллифнинг ўзи ва асарига муносабат қанақа эканини ҳар ким тасаввури таҳаммул этганича ўйлаб кўраверсин.

Бевосита мавзуга келсак, бундан кўзланган мақсад Имом Бухорий асарининг олимлар тадқиқоти қамровига тўлиқ олинмаган жиҳатига эътибор қаратишдир. Муҳаддис яшаб, ижод этган даврда араб дунёси билан ажам ўртасида илмий интеграция ҳали яхши ривожланмаган эди. Арабларнинг ўзлари ҳам қоришиқ лаҳжалар, ҳабаший ва бадавий каби турли халқ ва элатларнинг таъсири туфайли араб тилини яхлит андозага солиб улгурмаганди.

Буюк муҳаддис шундай шароитда “Саҳиҳул Бухорий”ни битар экан, ўрни келганда айрим сўзларга изоҳлар қолдириб кетган. Бунинг учун эса ровийлар, устозлар, шориҳлардан қолган меросни, ўша пайтлар мавжуд бўлган луғатларни батафсил ўрганган.

(Изоҳлар “Олтин силсила” туркумида нашр этилган 8 жилдлик “Саҳиҳул Бухорий” асаридан олинди. Қулайлик учун ҳадис рақами келтирилиб, жилд ва саҳифа рақами қавс ичига олинди.)

Масалан, қуёш тутилганида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиганлари тўғрисидаги 1047-ҳадис [2-жилд, 111-112] «“Қуёш тўсилди” дейдими ё “тутилди”ми?» деб номланган бобга киритилган. Бу боб

وَ قَالَ اللهُ تَعَالَى : ﴿وَ خَسَفَ الْقَمَرُ﴾

Аллоҳ Таоло: “Ва ой тутилса…” деган. (Қиёмат сураси, 8-оят.)

сўзлари билан бошланади. Гап шундаки, араблар одатда қуёшга “касафа” (тўсилди), ойга “хасафа” (тутилди) феълини ишлатади. Лекин бу феъллар ўрин алмашиб ҳам келади. Мазкур ҳадисда шундай бўлган. Имом Бухорий Қуръони карим ояти билан бунга изоҳ беряпти.

«Туя миниш ҳақида»ги боб аввалида [2-жилд, 504-505] Ҳаж сурасининг 36-37-оятлари келтирилиб, “бадана” деб қурбонликка аталган туяга айтилиши хабар қилинади.

«Мужоҳид айтади: “Туя жуссадор бўлгани учун “бадана” деб номланган”», деб ёзади Имом Бухорий ҳамда мазкур оятлар ва бобда келадиган шу мазмундаги ҳадислар тушунарли бўлиши учун “қониъ” (тиланчи), “муътарр” (туя қурбонлик қилинган жойга келиб, унинг гўштидан сўрамай турган бою камбағал), “шиорлар” (туяни катта қилиб семиртириш ва гўзаллаштириш) каби сўзларни ҳам изоҳлаб ўтади.

«Чанқоқ касалига учраган ёки қўтир туяни сотиб олиш ҳақида»ги боб (3-жилд, 115) “Ал-ҳоим – ҳар бир нарсада мақсадга терс бўлувчи” сўзлари билан бошланади. Ушбу бобда келадиган 2099-ҳадисда “чанқоқ касалига учраган туя” арабча матнда هِيم шаклида берилган бўлиб, кўпликдаги сўздир. Унинг бирлиги (هَائِم) ҳоим бўлади. Мақсадга терс борувчи одамларни шундай атаган араблар чанқоқ касалига учраган бесаранжом туяга нисбатан ҳам ушбу сўзни қўллаган. Имом Бухорий هِيم сўзининг асл келиб чиқишини кўрсатиб, “ҳийм”нинг бирлиги “ҳоим” эмас деганларга раддия бермоқда.

«Ичимлик ичиш ҳақида»ги бобда [3-жилд, 299] Воқиъа сурасининг 69-70-оятларидаги الْمُزْنُ (булут) ва اُجَاجاً (аччиқ), «Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг “Қуллар биродарларингиздир, уларга еганларингиздан едиринг”, деганлари ҳақида»ги бобда [3-жилд, 457-458] Нисо сурасининг 36-оятидаги ذِي الْقُرْبَي (қариндош), الْجُنُب (ғариб) ва الْجَارُ الْجُنُبِ (сафардаги ҳамроҳ) сўзларига изоҳ берилади.

«Васиятлар ва Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг “Кишининг васияти ҳузурида ёзилган (бўлиши лозим)” деган сўзлари ҳақида»ги бобда [4-жилд, 3-4] Бақара сурасининг 181-оятидаги  جَنِفاً (мойил бўлиш) сўзи изоҳланиб, бу изоҳ Моида сурасининг 3-оятидаги  مُتَجَانِف (мойил бўлувчи) калимаси билан қўшимча равишда қўллаб-қувватланмоқда.

«Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчиларнинг даражалари ҳақида»ги бобда [4-жилд, 50] муаллиф йўл сўзи музаккарда ҳам, муаннасда ҳам ишлатилишига ишора қилади: يُقَالُ هَذِهِ سَبِلِي وَ هَذَا سَبِلِي (икки шаклда ҳам “бу менинг йўлимдир” маъносида).

Ғазотда Аллоҳ йўлида соқчилик қиладиганлар тўғрисидаги 2887-ҳадис остидан طُوبَى (ҳар қандай хуш нарса) сўзига изоҳ берилиб, қайси вазнда келгани (فُولَى) хабар қилинмоқда. “У аслида “йа”лик бўлиб, “вов”га ўзгартирилган  يُطِيبُ (хуш бўлди феълидан)”, деб ёзади Имом Бухорий.

Муаллиф «Тез юриш ҳақида»ги бобда (4-жилд, 185)  النَّصُّ (туяни чоптириш) ва الْعِنَقُ (йўрттириш) сўзларига ҳамда «Аллоҳ Таолонинг “У ўз раҳмати олдидан шамолларни тарқоқ қилиб юборган зотдир”, деган сўзи хусусида келган хабарлар ҳақида»ги бобда (4-жилд, 343-344) Исро (69-оят), Ҳижр (22-оят), Бақара (266-оят), Оли Имрон (117-оят) ва Анъом (57-оят) сураларида келган шамол сифатларига –  قَاصِفاً (ҳамма нарсани тепкилаб, босиб кетадиган),  لَوَاقِحَ (урчитувчилар, чанглатувчилар),  إعْصَارُ (олови устун шаклида ердан осмонга қараб эсадиган қуюн, уюрма),  صِرٌّ (совуқ) ва  نُشُرًا (тарқоқ ҳолда) калималарига изоҳ беради.           Давоми бор…

Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …