Home / АЛЛОМАЛАР / ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ

ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ

Мовароуннаҳрда Ислом цивилизацияси тараққиётининг илк босқичлари еттинчи асрдан бошланган бўлса, 8-9 асрларга келиб, бу ўлкада қудратли цивилизацион тараққиёт жонланди. Бу ҳодиса бир томондан маданий тараққиётнинг қадимий ўчоғи ҳисобланган бу юртда қайта тикланиш рўй бераётганлиги сабабли, иккинчи томондан ислом цивилизациясининг маърифатпарварлик ва гуманистик моҳияти ўзининг энг қулай заминига ўрнашганлиги оқибатида содир бўлди.

Антуан де Экзюпери ўзининг “Кичик шаҳзода” номли асарида бир воқеани ҳикоя қилади. Бу ҳикояда баён этилишича, кунлардан бирида астрономия бўйича халқаро симпозиумда бир турк олими туркча либосда минбарга чиқиб, бир янги юлдузни кашф этганлигини маълум қилади. Залдагилар бу янгиликка эътибор бермасдан туркча либосли астрономнинг устидан кулишади. Келгуси симпозиумда эса ўша олим европача замонавий кийимда яна ўша янгиликни айтганида, ҳамма ўрнидан туриб уни олқишлашади. Бу ҳикоя француз адибининг китобига бежиз киритилмаган эди. Дунёда осиёликларга, хусусан туркий цивилизация вакилларига камситиб қараш одатий ҳолга айланиб қолган, уларни жаҳон цивилизацияси ютуқларидан анча орқада қолган, ёввойи  ва тўпори халқлар деб ҳисоблаш европаликлар орасида кенг тарқалган эди. Бунинг устига араб аристрократлари орасида ҳам баъзан араб бўлмаган осиёликларга камситиб қараш, ўзларини ҳақиқий мусулмонлар ҳисоблаб, бошқаларни эса исломни кейин қабул қилган ажамликлар деб, уларнинг таълимотларига нописандлик билан қараш одати учрайди.

 Аслида вазият бошқачароқдир: Араб ҳукмдорларидан халифа Ҳорун ар-Рашид (766-809) ва унинг форслик канизагидан туғилган фарзанди халифа Маъмун (786-833) даврида араб халифалигида илм-фан тараққиётига алоҳида эътибор берилган.

Адолатли ҳукмдор номи билан дунёга машҳур бўлган Ҳорун ар-Рашиднинг ташаббуси билан Бағдодда кутубхона ташкил этилади. Халифа Маъмун даврида эса олий мадраса, яъни университет бунёд этилади. Университет ва кутубхона замирида донишмандлар уйи “Байт ул-Ҳикма” шаклланган. Бу ташкилотни ҳозирги фанлар академиясига қиёслаш мумкин. Бу ташкилот Мовароуннаҳрдан келтирилган олимлар кучи билан ривожлантирилган.

Маъмун дастлаб Хуросонда волий, яъни ҳокимлик қилган пайтлари ўша даврда жаҳонга машҳур бўлган туркий олимларни Хоразм, Самарқанд ва Фарғона водийсидан олиб келиб, Марвда, ҳозирги Туркманистоннинг Мари шаҳрида, олимларнинг мунозараларини ташкил этган. Марвдаги бу олимлар кенгашининг юраги ва ҳаракатлантирувчи кучлари Хоразм ва Туроннинг бошқа ерларидан келган олимлар эди. Маъмун ҳокимиятини мустаҳкамлаб турганлар ҳам, ислом цивилизациясининг тамал тошларини бунёд қилганлар ҳам ўшалар эди. Бағдоддаги “Байт ул-Ҳикма”нинг дастлабки кутубхоначиларидан (Кеший) тортиб, мазкур илм-фан академиясининг президентигача (ал-Хоразмий), етакчи мударрисларидан (Марвазий, Аҳмад Фарғоний) тортиб, хазинабонларигача туркистонлик, хоразмлик, самарқандлик, фарғоналик, ўзганлик туркий олимлар бўлишган.

Бу олимлар шу даврда ўнлик саноқ системасини истеъмолга киритган, алгебра фанини кашф қилиб берган Ал-Хоразмий, Нил дарёсининг тошиш даврларини олдиндан айтиб берувчи Миқёси Нилни ихтиро қилиб, физика, астрономия фанларининг илдизини ишлаб чиққан Аҳмад Фарғоний, геометрия, тригонометрия, химия, физика, геодезия сингари ўнлаб ҳозирги замон табиий, тиббий ва мантиқий фанларининг асосларини (ўша даврларда) ишлаб чиққан олимлар ҳам ўшалар ичидан чиққан эди.

Маъмун отаси вафотидан сўнг, тахтга ўтирган акаси ал-Аминнинг қўлидан 813 йили, арабларга қарши фуқаролар уруши воситасида тахтни қўлга олади ва Мовароуннаҳрлик маърифатпарвар олимлар билан биргаликда Бағдодда илм-фан тараққиёти йўлида жонкуярлик қилади. Туркий олимлар иштирокида Хуросонда (Марвда) ташкил этилган илм-фан тўгарагини ҳам Бағдодга кўчиради. Бу илмий анжуманга машҳур бобокалонимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо Ал Хоразмий (783-850) раҳбарлик қилган.

Бу даврда самовий жисмларнинг ҳаракатланишини аниқроқ ўлчаш мақсадида 829 йили Бағдодда астрономик обсерватория қурилади, қадимги юнон файласуф-олимларининг табиий-илмий, тиббий ва астрономик асарлари араб тилига таржима қилинади, жумладан, Птоломейнинг “Альмагест” асари ҳам ўша анжуман олимлари томонидан таржима қилинган. Донишмандлар уйида ижод қилувчи олимлар Ер меридиани узунлигини аниқлаш, араб халифалиги жойлашган ерларнинг географик хариталарини чизиш, халқ орасида афсонавий хусусиятлари билан номи чиққан сирли ғорларга экспедициялар уюштириш ишларини ҳам олиб боришган. Бу олимлар фарғоналик Аҳмад Фарғоний, туркистонлик Ибн Турк, Ҳабаш ал-Ҳасиб, марвлик Марвазий, кешлик Кеший сингари донишмандлар эди.                       Давоми бор…

Профессор Бахтиёр ТЎРАЕВ – фалсафа фанлари доктори,
Анвар БОБОЕВ

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …