Мамлакатимизда миллий-маънавий қадриятларни тиклаш, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, уларнинг хоки абадий қўним топган мақбараларни обод қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, нақшбандия тариқати вакили, маърифатпарвар ва мутафаккир аллома Валихон Ургутий хотирасига ҳурмат-эътибор кўрсатиш ва уни абадийлаштириш мақсадида Ургут шаҳридаги “Чорчинор” мавзесида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
“Чорчинор” Ургут шаҳридан 2 километр масофадаги тоғ тепалигида жойлашган зиёратгоҳ ва оромгоҳдир. Халқ орасида баъзан “Юқори чинор” деб ҳам аталади. Бунинг сабаби Ургут шаҳридан 1,5 километр пастда шунга ўхшаш “Пастчинор” зиёратгоҳи ҳам бор. Иккисига ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларидан меҳмонлар келади.
Тарихий маълумотларга кўра, бу мавзенинг зиёратгоҳга айланиш сабабларидан бири араб халифалиги саркардаси Хожа Абу Толиб Сармаст билан боғлиқ. У халифаликнинг Ургутдаги бошқарувчиларидан бири бўлиб, “Чорчинор”даги машҳур зилол чашма атрофига тўртта чинор эктирган. У тахминан 253/866-67 йилда вафот этгач, шу ерда дафн этилган. Кейинчалик бу зиёратгоҳ “Хожа Чорчинор”, деб атала бошлаган.
Абу Тоҳирхожа “Самария” асарида “Чорчинор” ҳақида: “Ҳазрат Хожа Абу Толиб Сармастнинг марқади қабристоннинг жануб томонидаги тоғда, Самарқандга қарашли ерлардан бўлган Ургутдадир. Ушбу қабр тепасида минорага ўхшаш узун ва йўғон чинорлар бор. Бу ерда бир тегирмонлик сув берадиган булоқ ҳам бор. 1207/1792 йили қабристоннинг кунчиқар томонида илм эгаларини яхши кўрувчи, Минг уруғидан бўлган Каттабек девонбеги йирик мадраса солдирган. Ҳозир талабалар ўқийдиган бир шинамгина жойдир. Абу Толиб Сармастнинг таржимаи ҳоли белгилик эмас. У бурунги замон валиларидан. Самарқанд шаҳридан чамаси беш тошлик (40 чақиримлик) йўл”[1], деб маълумот беради.
Унинг қабр тошида қуйидаги ёзувлар борлиги аниқланди:
Намоз вақти қазо бўлмасдан олдин уни адо этишга шошилинг,
Ўлимдан олдин тавба қилишга шошилинг.
Хожаларнинг хожаси Абу Толиб,
Ишқ майидан маст бўлди.
Абу Толибнинг остонасини зиёрат қилмоқ учун
Эрондан ташриф буюрар эдилар.
Мир Ҳайдарнинг иши доимо тақво билан парҳезкорликдир.
Улуғ мартабали фазилатли Шоҳаншоҳ Мир Ҳайдарнинг амирлик замони эди.
У ҳимматли, саховатли инсон.
Адолат оти тўхтовсиз чопмоқда.
Абу Толибнинг мухлисларидан саналмиш соф эътиқодли валий ҳоким Абдужаббор ибни Сўфи Ниёз.
Бу маскан (“Чорчинор”) одамлар Аллоҳ билан роз айтишадиган, ибодат қиладиган жой бўлсин деб, бир улуғ маъбад-ибодатхона бино қилди.
Бу зиёратгоҳнинг васфига тиллар ожиз,
Сифатларининг чегараси бепоён.
Ким бу даргоҳга келиб “Ла шарика лаҳу”, деб Аллоҳга мурожаат қилиб, бирор тилак тиласа, унинг дуосини зудлик билан ижобат қилади (деб умид қиламиз).
Ақл бу ишларнинг тарихини қуйидагича таърифлади:
“Равзаи обидону жойи ниёз”.
“Аллоҳ даргоҳида ибодат қилувчилар ва эҳтиёжманд инсонларнинг чироғи”.
Чашманинг шимоли-шарқида соҳиби каромат Хожа Валихон ибн Исмоил Хожа ва у кишининг набиралари олим ва шоир шайх Қутбиддинхон ибни Хожа Муҳиддинхон шаънига ҳашаматли мақбара қад ростлаган.
Хожагон тариқатининг XIX аср охири XX аср бошларидаги кўзга кўринган намояндаларидан бўлган Хожа Валихон Ургутий ўз даврининг маънавий ҳаётида улкан мавқе эгаллаган сиймолардан эди. Шунинг учун юртимиз вилоятлари ва хорижий мамлакатларда бу улуғ зотнинг ихлосмандлари, ундан маънан баҳраманд бўлганлар жуда кўп бўлган.
Марказий Осиёда сўфийлик ва бу сулук шўро тузумига қадар узлуксиз давом этган. Юртимизда XX аср бошларида асосан нақшбандия тариқати вакиллари фаолият олиб борган.
XVI асрда Самарқанд яқинидаги Даҳбед қишлоғи бу ерга Наманганнинг Косонсойидан келиб ўрнашган Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедий шарофатидан нақшбандиянинг йирик марказига айланди. Тариқатни кенг ёйиш учун Даҳбед шайхлари муайян мақсад билан турли ҳудудларга жўнатилди.
XIX аср охирлари – XX аср бошларида Даҳбедий пирларининг муриди бўлган бир авлод шарофати билан Ургут ҳам тариқатнинг йирик марказларидан бирига айланди. Ургутий пирлар орасидан шундай бир сулола етишиб чиқдики, бу оила аъзолари тариқатни отадан ўғилга ўтказа бориб, ўзига хос бир занжир ҳосил қилди. Занжирнинг бошида Хожа Валихон Ургутий турар эди. Бу зот ўз даврида “Қутби замон” дея юксак ном билан шарафланган. У Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим Самарқандийнинг муриди бўлган.
Тариқатга раҳнамолик қилиш Эшон Валихондан ўғли Эшон Муҳиддинхонга ўтган. Тасаввуфда “силсила” деган тушунча мавжуд. Бу Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бошланган руҳий таълимнинг пирдан муридга ўтиб келиш занжирини англатади. Тасаввуф тарихида ана шу узилмас силсилага (ҳалқага) кирмаган бирор-бир шайх йўқ.
Ургутнинг “Чорчинор” мавзесида Ургутий пирлар ташаббуси ва маблағи билан масжид ва мадрасалар қурилган. Толиби илмларга яшаш учун жой, ўқиш учун мударрислар тайинланган. Ҳатто 1920 йили Бухорода большевиклар босқини юз бериб, у ердаги барча мадрасалар фаолиятини тўхтатганидан кейин Бухорои шарифнинг айрим нуфузли мударрислари Ургутдаги шу мадрасага келиб, таълим беришни давом эттирган. Шу замонларда халқ орасида “Бухорои шариф илми Ургутга кўчди” деган овозалар тарқалган. Эшон Валихон жамиятда жуда катта нуфуз ва мавқега эга эди. Машҳур олим, шоир Саййид Аҳмад Васлий Самарқандий ўзнинг “Назмус силсила” асарида ёзади:
“Ул киши (Хожа Валихон) туфайли Ургут етти иқлимга овоза бўлди, натижада бутун Туронизамин шаҳарлари – Қарши, Ўш, Ҳисор, Кеш, Тошканд, Фарғона, Чоржўй, Кўлоб, Бухоро, Балх, Тароз, Термиз, Хўжанд, Қоратегин, Балх, Панжикент ва бошқа жойлардан муридлар ва толиби илмлар йиғилиб, тарбия топганлар, баҳраманд бўлганлар”.
Васлий васфий мисраларнинг охирида:
“Мен ҳам шу зотнинг ғулом-қулларининг бири,
Яъни, мен ҳам у кишига шогирд”[2], дейди.
Хожа Валихоннинг ҳақ сўзлари, инсонларни тўғри йўлга ҳидоят қилгани, ботинан ва зоҳиран покиза бўлгани, халқ орасидаги обрў-эътибори ҳукмрон доираларга мутлақо ёқмас эди. Шунинг учун у киши умр бўйи Чоризм ҳукуматининг кузатувида бўлган. Эшон Валихон 1915 йилда вафот этган.
Унинг қабртошида ажойиб ҳуснихат билан ёзилган қўйидаги лавҳларга гувоҳ бўлиш мумкин.
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
(Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
لا اله الا الله محمد رسول الله
Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ
(Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг барҳақ Пайғамбаридир)
هذا عمل اوستا عبدالرحيم ابن عابدباي
Ҳаза амалу Усто Абдураҳим ибни Обидбой
(Бу тошдаги ёзувларни уста Абдураҳим ибни Обидбой ўйиб-тарошлаб ёзган)
هاتف بسال رحلتش انداخت اين ندا
Ҳотиф ба сони реҳлаташ андохт ин нидо.
Бир ҳотиф (овоз берувчи) унинг бу дунёдан риҳлат қилиш санасини билдирмоқчи бўлиб, деди:
رحمت نثار باد باكد سلطان اتقياء
Раҳмат нисор бод, ба акади султони атқиё.
Муттақий Худо – Ҳақ таолодан қўрқувчи тақводорларнинг ишончли Султонига Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин.
ان ايت رحمت كه يقين نور خدا بود
Он ояти раҳмат ки яқин нури Худо буд.
У раҳмат нишонаси бўлган киши, шубҳасиз, Аллоҳнинг нури эди.
با خلق خدا سوي خدا راه نما بود
Бо холқи Худо, Сўи Худо роҳнамо буд.
Аллоҳнинг бандаларига Худо даргоҳи томон йўл кўрсатувчи эди.
يا باطن باك امد عنه رضي الله
Бо ботини пок омаду анҳу розияллоҳ.
У пок ботин билан келди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
تاريخ وفاتش بهمين فرد ادا بود
Таърихи вафоташ ба ҳамин фард адо буд.
Унинг вафот санасининг тарихи шу юқоридаги мисрада адо этилди.
بهر تاريخ وصالش سر فرو بردم بديل
Баҳри таърихи висолаш сар фуру бурдам бадил.
Унинг ёр васлига восил бўлиш тарихини билиш учун мен қалбимга қулоқ тутдим.
كفت: اكنون از كجا جون سراغ معرفت
Гуфт: “Акнун аз кузо жўн суроғи маърифат”?!
Деди: “Энди бундай маърифат чароғини қайдан топасан”?!
در وجود او جراغ معرفت مستور بود
Дар вужуди ў чароғи маърифат чироғи мастур буд.
Унинг вужудида маърифат чироғи пинҳон эди.
بستترا بردند راجى از جراغى معرفت
Пастарро бурднад рожи аз чароғи маърифат.
Умид қилинадиган маърифат чироғини олиб кетди.
Шунингдек, бу қабртошда битилган мана бу мисраларда абжад ҳисоби санъати ишлатилган.
Ҳар бир мисрада ҳарфларни абжад ҳисоби билан белгилаб, бир-бирига қўшиб чиқсак, Валихон Ургутийнинг вафот этган йили, яъни 1334/1915 йилни топамиз.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қадимий Мовароуннаҳрда яшаб ижод қилган аждодларимиз хоки абадий қўним топган муқаддас зиёратгоҳлар ва уларда бугунги кунгача сақланиб келаётган эпиграфик ёдгорликлар ҳам улкан тарихимизнинг ўзига хос нишонаси бой маънавий мерос хазиналаридан биридир. Эпиграфика сақланиб қолган бундай қабртошлар ва улардаги битиклар аждодлар тарихини ёритишда катта аҳамият касб этади.