Home / МАҚОЛАЛАР / МУТАФАККИРЛАР ҲУСНИХУЛҚ ҲАҚИДА

МУТАФАККИРЛАР ҲУСНИХУЛҚ ҲАҚИДА

Муқаддас саналган миллий ва диний қадриятларимиз асосини инсон қалбини поклаш ва ислоҳ этишга, комил инсонни тарбиялашга қаратилган эзгу ғоялар ташкил этади. Айни бу жиҳат аллома ва мутафаккирларимиз илмий мероси учун ҳам хосдир.

Буюк мутафаккир Абу Райҳон Беруний (973-1048) ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида инсонга хос одатларни  яхши ва ёмонга ажратар экан, эзгу хислатларга тақводорлик, тўғрилик, ўзини сақлаш, диндорлик, одиллик, инсоф, камтарлик, латофат, собитқадамлик, эҳтиёткорлик, сахийлик, мулойимлик каби яхши сифатларни киритади. Ёмон одатлар сифатида бир-бирини пайига тушиш, рақобатлашиш, ўз нафсига эргашиш, мансаб учун курашиш кабиларни қайд этади. “Фахрланиш, – дейди Беруний – ҳақиқатда яхши хулқлар ва олий феълларда олдин кетиш, илму ҳикматни эгаллаш ва имконият борича мавжуд нопокликлардан тозаланишдир. Кимда шундай сифатлар топилса, ҳукм унинг фойдасига ва кимда булар етишмаса, ҳукм унинг зарарига бўлади”[1], деб уқтиради.

Мутафаккир асарларида илгари сурилган бу каби қимматли ҳикматлар, панду насиҳатлар кўплаб ижодкорларни руҳлантирган. Жумладан, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий (1441-1501) ижодининг мазмун-моҳиятини ҳам инсонга хос гўзал фазилат ва хислатлар, комил инсон тарбиясига доир ҳаётбахш ғоялар ташкил этади. Мутафаккирнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида адолат, саховат, тавба, зуҳд, таваккул, қаноат, сабр, тавозе, одоб, зикр, таважжуҳ, ризо, ишқ каби мураккаб эзгу амаллар содда шаклларда шарҳланади.  

Навоий тавба зикрида: “Ҳақиқий тавба ёмон феъллар туфайли келадиган балонинг олдини олмоқдир ва Тангри берган тавфиқ туфайли у феъллардан қутулмоқдир. Инсонни тўғри йўлдан оздирувчи нафс фасодидан ва кўнгил итоатсизлигидан нафратланмоқдир”,[2] деб ёзади. Мутафаккир наздида киши Худонинг инояти билан ўзини англаш асосида ҳаёти давомида қилинган ножоиз амаллари учун тавба қилиб, уларни такрорламасликка жазм қилади ва шу тарзда мукаммаллик сари юзланади. 

Шунингдек, тавозе ва одоб ҳақида Навоий – “тавозе кишини халқнинг муҳаббатига сазовор қилади. Мутакаббир душманга мулойимлик томон йўл кўрсатади, гердайган душман кўнглида инсонийлик завқини қўзғатади. Қайта-қайта кўрсатилган тавозе ҳаёсиз манманни уят чегарасига бошлайди ва инсофсиз душманни ёмонликдан қайтаради», – деб ёзар экан, тавозе кибрли ва манманларни ўз ҳолидан уялтириб, уларни қайта тарбиялашга, мулойим ва камтар бўлишга йўналтиришини назарда тутади. 

Ҳар иккала мутафаккир ҳам ўз асарларида исломда оғир гуноҳ саналган ёлғончиликни фош этиб, ундан етадиган балолардан инсониятни огоҳ этиш мақсадида  ушбу иллатнинг келиб чиқиш сабаблари ва салбий оқибатларига тўхталадилар.

Жумладан, Беруний: “хабар хабар берувчилар сабабли ростлик ва ёлғонлик тусини олади. Чунки одамларнинг мақсадлари хилма-хил, халқлар ўртасида тортишиш ва талашишлар кўп. (Масалан) бир киши ўз жинсини улуғлаб ёлғон хабар тарқатади, бундан мақсади ўзини кўрсатиш бўлади, чунки унинг ўзи ўша жинсдан келиб чиққан бўлади ёки ўзини кўрсатиш мақсадида бошқа зид бир жинсни айблаб, ёлғон гап ёяди, чунки у шу билан (зид жинс устидан) ғалаба қозонган ва ўз истагига эришган бўлади. Бу икки хил хабарнинг ёмон истак ва ғазаб тақозосидан келиб чиқишлиги маълум. (Иккинчи бир киши эса) ўзи севадиган бир табақага миннатдорчилик билдирмоқчи бўлиб ёки ёмон кўрадиган бир тоифани хафа қилмоқчи бўлиб, улар ўртасида ёлғон хабар тарқатади. Бу хил (хабар тарқатувчи) аввалги хабар берувчи мухбирга яқин бўлади[3]. Чунки у бу хабарни дўстлик ёки душманлик натижасида тарқатган бўлади. (Шунингдек) учинчи бир киши ўзининг паст табиатлилиги сабабли бирон яхшиликка эришиш ёки ўзининг юраксиз ва қўрқоқлиги сабабли ёмонликдан қутулиб қолиш учун ёлғон хабар тарқатади. Шундай кишилар ҳам бўладики, уларнинг табиатига ёлғон хабар тарқатиш ўрнашиб қолиб, гўё унга шу вазифа юклангандек бўлади ва ёлғон хабар тарқатмасдан тинчиёлмайди. Бу, ёмон хоҳишлардан ва табиатига бузуқ фикрларнинг жойлашганидан келиб чиқади”, дея келтиради.

Берунийнинг таъкидлашича, “…Ёлғончилик кишини адолатдан юз ўгиртиради, зулм, ёлғон гувоҳлик, омонатга хиёнат қилиш, бошқалар мулкини ҳийла билан эгаллаш, ўғрилик, дунё ва халқнинг бузилишига сабаб бўладиган бошқа ёмон хулқларни кишига яхши қилиб кўрсатади”[4].

Навоий Берунийнинг мазкур фикрларини давом эттириб: “Кимки ёлғон сўзласа, ёлғони фош бўлгач, уялиб қолади. Ёлғонни чиндек қилиб гапирувчи сўзамол худди кумушга олтин қопловчи заргар кабидир. Ёлғон сўзловчи ғафлатдадир. Сўзнинг бир-биридан фарқи кўпдир. Лекин ёлғондан ёмонроқ тури йўқдир. Ёлғон гап билан вақтини ўтказувчи одам, ҳеч афсусланмайди, балки кишиларни алдагани билан фахрланади. Ёлғончи гўл одамни топса, уни ёлғон гапи чинлигига ишонтирса, у муродига етдим, дейди. Ёлғончи – Ҳақ олдида гуноҳкор, халқ олдида эса шармандадир”[5], дея инсонларни ёлғончилик иллатидан етадиган хавфдан огоҳлантиради.

Улуғ аллома ва мутафаккирларнинг инсонни камолотга йўналтирувчи панду насиҳатлари моҳиятан ислом таълимоти билан уйғунлик касб этиши бежиз эмас, албатта. Чунки ислом таълимоти инсон табиатида хуруж қиладиган турли иллат ва васвасаларни маҳв этишга қодир бўлган илоҳий кучдир. Буни келтиришдан мурод инсон бахтли яшаши ва ҳаёт давом этиши учун қалб ислоҳи ва салоҳияти қанчалар зарурлигини эслатишдан иборатдир.

Ислом бутун инсониятга ўзидаги одоб ва фазилатларни  намоён этар экан, ўзаро муомалада рост сўзлаш, берган ваъдаси устидан чиқиш, мурувват изҳор этиш, имкон қадар муҳтожларга ёрдам бериш, ўзидаги гўзал одоб ва ахлоқни намойиш этиш каби эзгуликларни тарғиб қилади, оғир гуноҳ саналган ёлғончиликни кескин қоралайди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Хиёнат ва ёлғондан бошқа ҳар қандай камчилик мўмин табиатида бўлиши мумкин” дедилар. Пайғамбаримиздан: “Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?” деб сўрашди. “Ҳа!” дедилар. “Бахил бўлиши мумкинми?” дея сўрашди. “Ҳа!” дедилар. “Ёлғончи бўлиши мумкинми?” деб сўрашганида: “Йўқ! Асло мумкин эмас!” деб жавоб бердилар. Расулуллоҳдан “Агар кўнглимиз хоҳлаб турган нарсани хоҳламаяпман деб айтсак ҳам ёлғон ҳисобланадими?” деб сўрашганида “ҳар қандай ёлғоннинг каттаси ҳам, кичиги ҳам ёлғон” деб жавоб қилганлари айтилади[6].

Навоийнинг “ёлғон озгина бўлса ҳам катта гуноҳдир, у агар миқдори озгина бўлса ҳам ўлдирувчи заҳардир”[7], деган қайдлари Расулуллоҳнинг юқорида келтирилган сўзларига монанддир.

Хулоса қилганда, улуғ аллома ва мутафаккирларнинг миллий ва диний қадриятларга асосланган эзгу ғоялари, ахлоқ-одоб ва феъл-атворга доир қарашларининг ривожлантирилиши ва такомиллаштирилиши натижасида комил инсон тўғрисидаги таълимотлар яратилган. Мазкур таълимотларда киши ўзини англаш асосида яхши хулқ ва фазилатларни ўзлаштирса, феъл-атворидаги иллатлардан покланса, ҳаётда яхшилик ва тўғриликни ўзига шиор қилиб яшаса, унинг зоти албатта комиллик сифатлари билан безатилиши таъкидланади. Бу эса бой маънавий меросни чуқур ўрганиш, мазмун-моҳиятини теран англаш ва ҳаётда уларга қатъий амал қилишни тақозо этади.

 [1] Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. Т.II. Т.: Фан, 1965. -538 б. 28-29 б.
[2] Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. Т.: Sano-standart. 2018. -192 б. 64 б.
[3] Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. Т.II. Т.: Фан, 1965. -538 б. 25 б.
[4] Ўша асар, 26 б.
[5] Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. Т.: Sano-standart. 2018. -192 б. 129-130 б.
[6] Турсунов Анвар қори. Фазилатлар китоби. Рисола/Масъул муҳаррир А.Мансур. Т.: Sharq”, 2016. -224 Б. 36 Б
[7] Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. Т.: Sano-standart. 2018. -192 б. 129-130 б.
Бахтиёр Турсунов,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“ҲИЗБУТ ТАҲРИР” ДАЪВОЛАРИГА РАДДИЯЛАР (Халифалик борасида)

Бугунги кунда ўзларини аҳли сунна вал жамоа таркибида деб даъво қилиб, ислом давлатини барпо этишга …