Home / МАҚОЛАЛАР / “КИТОБУТ ТАВҲИД” – АДАШГАН ОҚИМЛАРГА ҚАРШИ ТУРИШДА МУСТАҲКАМ ҚАЛЪА(2-қисм)

“КИТОБУТ ТАВҲИД” – АДАШГАН ОҚИМЛАРГА ҚАРШИ ТУРИШДА МУСТАҲКАМ ҚАЛЪА(2-қисм)

Имом Мотуридий Аллоҳга макон исбот қиладиганларга раддия бериб бундай дейди: “Аҳли ислом Аллоҳга макон исбот қилиш қилмаслик борасида ихтилоф қилди. Баъзилар: “Аллоҳ Аршнинг устида қарор топган”, деб даъво қилди. Уларнинг наздида Арш фаришталар кўтариб турадиган тахт ҳисобланади. Улар ўз сўзларига “Раҳмон Арш устига истиво қилди” (Тоҳа сураси, 5-оят), оятини ва одамлар қўлларини осмонга кўтариб дуо қилиб, яхшиликлар осмондан келишини умид қилишларини ҳужжат қилишди. Бундан ташқари, улар Аллоҳ таолонинг: “Сўнг Аршга истиво қилди” (Аъроф сураси, 54-оят) оятини Аллоҳ аввал Аршда бўлмай сўнг унда қарор топганига далил қилишди.

Баъзилар: “Аллоҳ барча маконда”, дедилар ва ўзларининг ушбу сўзларига “Ва У осмонда илоҳ ва ерда илоҳ” (Зухруф сураси, 84-оят), “Биз унга (инсонга) жон томиридан яқинроқ” (Қоф сураси, 16 оят) оятларини ҳужжат қилишди. Бундан ташқари, улар: “Аллоҳни бир маконга нисбат бериш Уни чегаралашни келтириб чиқаради. Чунки одатда ҳеч ким ўзидан кичик маконни ихтиёр қилмайди. Демак, Аллоҳга бир макон нисбат берилса, у макон Аллоҳдан катта бўлиши ва у маконнинг чегараси Аллоҳнинг чегараси бўлиши лозим бўлиб қолади. Ҳар бир чегарали нарса эса ўзидан каттароқ нарсадан кичик бўлади. Бу эса айб ва нуқсон ҳисобланади. Қолаверса, бу эътиқодда Аллоҳ маконга муҳтож, деган тушунча бор. Роббимиз бундан пок ва олий зотдир”, деди.

Баъзилар: “Аллоҳни бир ёки барча макон билан васфлаганда фақатгина Аллоҳ барча маконни сақлаб, қоим қилиб (тутиб турувчи), деган маънони назарда тутиш дуруст бўлади”, деди.

Абу Мансур Мотуридий бундай дейди: “Осмонлар ва ернинг мулки У учундир” (Бақара сураси, 107-оят), деб борлиқнинг ҳаммасини Аллоҳга нисбат бериш ёки “Осмонлар ва ернинг робби” (Марям сураси, 65-оят), “Ҳамд оламларнинг роббиси учундир” (Фотиҳа сураси, 1-оят), деб Аллоҳ таолони борлиқнинг ҳаммасига нисбат бериш, Аллоҳ таолони буюклик ва олийлик билан васфлаш маъносида келади. Яна Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ тақво қилган зотлар билан бирга”, (Наҳл сураси, 128-оят), “Ва албатта масжидлар Аллоҳ учундир” (Жин сураси, 18-оят), деган. Бу оятлардаги каби хос нарсаларни Аллоҳга нисбат бериш, ушбу хос нарсаларни ўз жинсдошларига нисбатан афзаллик ва улуғлик билан васфлаш маъносида келади. Яъни, бу оятларда Аллоҳ таоло тақводор бандаларга маънавий яқин эканини баён қилиб, тақводорлар бошқа инсонлардан афзал ва улуғ экани, масжидларни Ўзига нисбат бериб, масжидлар бошқа бинолардан афзал ва улуғ эканига ишора қилган. Бу оятлардан, маҳлуқотни бир-бирига нисбат берилганда тушиниладиган зоҳирий маъно англанмайди. Балки, биз юқорида баён қилган маънолар баъзан махлуқотларда ҳам қўлланилади. Масалан, “Бу от султонга тегишли” деган сўз каби хос нарсани султонга нисбат берилса, ўша отни ўз жинсдошларидан афзаллаштириш маъносида келади. “Ер юзининг подшоҳи”, деган сўз каби умумий нарсаларни султонга нисбат берилса, султоннинг фазли ва валоятини баён қилиб, мақташ маъносида келади.

Аллоҳ таоло макон мавжуд бўлишидан олдин бор эди. Барча макон йўқ бўлиб кетиб, У Зот эса макондан олдин бўлганидек боқий қолиши жоиздир. Шундай экан, У макон мавжуд бўлишидан олдин бўлганидек бўлади. Роббимиз ўзгариш, кўчиш ва йўқ бўлишдан олий бўлган Зотдир. Чунки, булар ҳодислик белгилари ва фонийлик далолатлари бўлиб, оламнинг ҳодис экани ва фоний бўлиши ушбу белгилар ва далолатлар орқали билинган.

Биз бу масалада қуйидаги аслга тобеъ бўламиз: Аллоҳ таоло: “Ҳеч нарса унинг мислидек эмас” (Шуро сураси, 11-оят), деб маҳлуқотлардан бирортаси бирор жиҳатдан Унга ўхшаш бўлишини инкор қилди. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло: “Раҳмон Аршга истиво қилди” (Тоҳа сураси, 5-оят), деб Аршни Ўзига нисбат берди. Ушбу икки оятга амал қилиб, биз Аллоҳ таолони маҳлуқотлар сифатлари билан сифатланишдан поклаган ҳолда, яъни Аллоҳнинг истивоси махлуқотларнинг истивосига ўхшамаган, балки Унинг Зотига хос сифат эканига эътиқод қилган ҳолда, Аллоҳ таоло Аршга истиво қилганини тасдиқ этишимиз фарз бўлади.

Бу билан Имом Мотуридий оятлар орасида зиддият йўқлигини исботлаб, уларни қандай мувофиқлаштириш лозим эканини кўрсатиб берган.

Бундан ташқари, аллома ўз китобида ақидага оид кўплаб нозик масъалаларни ҳам батафсил баён қилиб берган. Бунга мисол тариқасида “Қазо ва қадар”, “Гуноҳи кабира қилган киши” ва “Иймон ва ислом” масалаларини келтириш мумкин.

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Китобут тавҳид” китобида баён қилинган фикр ва ғоялар Ҳаким Самарқандий, Абул ҳасан Рустуғфоний, Абу Лайс Самарқандий, Абу Муҳаммад Абдул Карим ибн Мусо Баздавий каби етук шогирдлар томонидан бутун ер юзига ёйилди ва бу асар дунё олимлари томонидан ақида илмида Қуръон ва ҳадисга мувофиқ келадиган асосий манба сифатида қабул қилинди. Кўпгина олимлар ўзларининг ақидага оид китобларида ватандошимиз Имом Абу Мансур Мотуридийнинг шу асаридан асл манба сифатида фойдаланган ва фойдаланиб келмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, буюк аждодларимиз нафақат дунёвий, балки исломий илмларда ҳам дунёга устоз бўлган, десак, хато бўлмайди. Айниқса ақида, ҳадис, фиқҳ, тафсир, наҳв ва луғат каби илмларда Аллоҳнинг мадади ила юксак чўққиларга кўтарилган ватандошларимиз ўз билимларини келажак авлодга мерос қилиб, бутун дунё мусулмонларига беҳисоб бойлик ва битмас-туганмас хазина қолдирди. Улар бизга ўз асарлари орқали гўё ҳузуримизда ҳозир бўлиб, динимиз аҳкомларини ўргатмоқда. Исломий илмлар энг ривожланган пайтларда бутун дунёга устоз бўла олган аждодларимиз асарлари мукаммал ва кифоя қиладиган асарлар бўлиб, бизни бошқалардан, айниқса, ҳозирги чаласавод ва бетайин тоифалардан беҳожат қилади. Биз диний илмларни янги пайдо бўлган нияти бузуқ кимсалардан эмас, балки ислом учун ҳақиқий жонкуяр ва фидокор бўлган аллома аждодларимиздан ўрганишимиз тўғри бўлади.

Обид Хурсандов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …