Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Дунё ўзбеклари” нигоҳида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Дунё ўзбеклари” нигоҳида

Бугун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган канадалик ватандошимиз, “Дунё ўзбеклари” мустақил интернет газетаси раҳбари Исмат Хушев ташриф буюрди.

Меҳмон марказ фаолияти, унда илмий ходимлар учун яратилган шароитлар ҳамда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишди.

Таниқли журналист ташриф давомида марказ илмий ходимлари билан мисрлик мотуридийшунос олим, илоҳиёт фанлари доктори Аҳмад Саъд Даманҳурий иштирокида “Мотуридийлик ва ҳозирги замон” мавзуида туркум илмий семинарлар ҳафталиги доирасида “Имом Мотуридий қарашларининг илмий аҳамияти” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ҳам қатнашиб, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар моҳияти ўлароқ, алломаларимиз қолдирган бой илмий ва маънавий меросни ўрганиш ва асл ҳолатида авлодларга етказиш, ёшларни буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари сифатида тарбиялашнинг тарихий зарурати тўғрисидаги қимматли фикрларини баён этди.

Шундан сўнг меҳмон марказ музейида бўлди. Ундаги ноёб экспонатлар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф доирасида И.Хушев марказнинг мақсад ва вазифаларини амалиётга тадбиқ этиш жараёнлари раҳбарият ва ходимлардан юксак масъулият ва салоҳият талаб этишини алоҳида таъкидлаб, бунинг учун эса барча зарурий шароитлар муҳайё этилганидан мамнунлигини билдирди ва илмий жамоага бу борадаги залворли меҳнатларига муваффақият тилади.

Ташриф тафсилотлари “Дунё ўзбеклари” сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали онлайн тарзда жонли эфир орқали ёритиб борилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …