Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшларимизни экстремистик оқимлар ва оммавий маданият ғояларидан сақлайлик

Ёшларимизни экстремистик оқимлар ва оммавий маданият ғояларидан сақлайлик

“Барчамизга маълумки фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насабни давомчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Қолаверса фарзандларимиз бизнинг келажагимиздир.

Пайғамбмримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар” деб марҳамат қилганлар.

Айниқса ҳозирги вақтда бутун дунёга таҳдид солиб турган экстремизмнинг ёт ғоялари уларнинг онгини заҳарламаслиги учун ҳаракат қилишимиз лозимдир.

Янги асрда динни ўзига ниқоб қилиб олган гуруҳлар кураши авж олди. Айниқса Яқин Шарқ давлатларида бу ҳаракатлар урушга айланиб кетди. Бу гуруҳлар ўзларига содда одамларни жалб қилиш учун ўзларига исломий номларни қўйиб олишганки гўёки улар Ислом номидан ҳаракат қилишаётгандек. Аммо, афсуски, бу ҳолат бошқа дин вакилларини мусулмонлардан хавотирланишига сабаб бўлмоқда.

Биз биламизки Ислом ўз номи билан тинчлик динидир, чунки ислом сўзи луғатда “тинч, омонда бўлиш, саломатликда бўлиш” деган маъноларни билдиради. Аллоҳ ўз каломида инсонларга қарата “Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз” дея хитоб қилади. Демак барча инсонлар тинчлик иши учун ҳаракат қилишлари лозим бўлар экан. Террорчиларни иши эса доимо бузғунчилик, одам ўлдириш, портлатиш, одамларни кўнглига ғулғула солишдан иборат.

Уларнинг қурбонлари қаторидан болалар, кексалар, бегуноҳ инсонлар ўрин олмоқда. Аллоҳ ўз каломида бир бегуноҳ инсонни ўлдириш худди бутун инсониятни ўлдириш билан тенглаштириб қўйибди. Пайғамбаримиз(с.а.в) ўз ҳадисларида одам тугул, ҳайвонот ва набодот оламига ҳам озор бермасликка чақирган. Шундай экан уларнинг бу ишлари исломнинг ҳеч бир мезонларига тўғри келмайди. Бундай гуруҳларнинг ичида ёшларнинг кўплиги ачинарлидир.

Ҳозирги вақтда яна бир маънавий таҳдид пайдо бўлганки, бу таҳдид миллатимизга катта хатардир. Бу-оммавий маданият таҳдидидир. Бизнинг юртимизнинг тарихи маданияти минг-минг йилларга бориб тақалади. Асрлар давомида миллатимиз ўз маданиятини ҳимоя қилиб сақлаб келган. Собиқ шўролар даврида қанча ҳаракат қилинмасин, маданиятимиз топталмасин, китобларимиз ёқилмасин, тарихий ёдгорликларимиз бузилмасин халқимиз ўз маданий меросларни сақлаб қолди. Ислом маданияти маданиятимизнинг ўзаги ҳисобланади. Лекин ўтган асрнинг 70-йилларида ғарб давлатларида оммавий маданият унсурлари пайдо бўлди. Бу маданият меваларини бошқа давлатларга ҳам тарқатишни истаб қолдилар. Шундай бир гап бор: “Бирор ўлкани босиб олмоқчи бўлсанг унинг маданиятини йўқ қил, шунда улар сенинг қулингга айланишади”. Ўзгаларнинг ҳисобига кун кечирадиган баъзи давлатлар ана шу нақлни шиор қилиб олдилар. Шунинг учун ҳам оммавий маданиятнинг тарғиботи жуда кучли. Бу тарғибот кино орқали, мусиқа орқали, машҳур кишилар орқали, борингки жамики имкониятлардан, айниқса интернетдан кенг фойдаланилади. Хўш бу маданиятнинг моҳияти қандай.

  1. Ўзаро жинсий алоқада эркин бўлиш-яъни никоҳдан ўтмасдан бирга ҳаёт кечириш. Энг ёмони бир жинсли никоҳга рухсат бериш ва тарғиб қилиш. Баъзи бир Европа давлатларда бир жинсли никоҳ қонунлаштирилди ҳам. Динимизда эса бу шармандали ишларнинг барчаси ман қилинган.
  2. Космополитизм-яъни қаерда яхши ҳаёт бўлса ўша ерни ватан деб билиш. Бу ғоя инсонда ватанпарварлик ҳиссини ўлдиради, ватан ривожи, ҳимоясини унутади. Бу эса манфаат излаган ғанимларга қўл келади.
  3. Дунёга ружу қўйиш мол-дунё олдида юрт манфаатларини, оила, миллатни четга суриб қўйиш. Фақат моддий ҳаётни тан олиш, охиратни унутиш ва натижада қилган ишлари учун жавобгарлик ҳисси йўқолиши.

 Бу санаб ўтганларимиз бир ози холос. Лекин шуларнинг ўзи ҳам ҳар бир давлат учун катта фалокатдир. Бу маданият баъзи ғарб давлатларига шундай сингиб кетганки, эр –хотинлик муносабатлари, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларга дарз кетган. Ёшлар ўртасида ҳаётга беписанд қараш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, пала-партиш жинсий ҳаёт, енгил-елпи ҳаёт кечириш авж олган. Бу эса ўз навбатида бошқа бир муаммони, яъни жамият эртасининг таназзули ва ўта хавфли юқумли касалликларни тарқалишига олиб келди.

Юртимизда ёшларнинг ўқиб билим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб ўрганиши учун жуда катта шароитлар яратилган. Шу имкониятлардан фойдаланиб ўз эртасини қуриши ҳар бир фарзанднинг зиммасидадир. Шунингдек уларни тўғри йўлга йўналтириш, соғлом фикр бериш, маънан кучли қилиб тарбиялаш эса бизнинг ота-оналарнинг зиммасидадир.

Боғот тумани “Хўжа бобо” масжиди имом хатиби
Атажанов Эргаш

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …