Home / МАҚОЛАЛАР / НИШОПУР ФИТНАСИ ЁХУД “ХОЛҚУ АФЪОЛИЛ ИБОД” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ ТАРИХИ ВА САБАБЛАРИ

НИШОПУР ФИТНАСИ ЁХУД “ХОЛҚУ АФЪОЛИЛ ИБОД” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ ТАРИХИ ВА САБАБЛАРИ

Имом Бухорий қаламига мансуб бу асарнинг тўлиқ номи “Холқу афъолил ибод варрадду алал жаҳмияти ва асҳабит таътил” (“Бандалар феълларининг яратилганлиги ҳамда жаҳмийлар ва асҳоби таътил (Аллоҳ таолонинг айрим сифатларини инкор қилувчилар)га раддиялар”) бўлиб, у асосан ботил ақидалар ва нотўғри эътиқодларга раддиялардан иборат. Асар ўн бир бобдан иборат бўлиб, унда 432 та, такрорланганлари билан 628 та ҳадис келтирилган.

 “Холқу афъолил ибод” асарини мусаннифдан Юсуф ибн Райҳон ибн Абдуссомад ва Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий[1] ривоят қилган.

Асарда аввал ботил эътиқоддагиларнинг сўзлари ва даъволари, ўз ботил фикрларини қўллаб-қувватлаш мақсадида оятларни асл маъносидан бошқа маънолар билан нотўғри таъвил қилиб келтирган далиллари ривоят қилиниб, сўнг бундай фикр ва қарашлар нотўғри экани Қуръон оятлари ва тафсири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан асосли равишда исботлаб берилган.                                         

Имом Бухорий Қуръон оятларини нотўғри талқин қиладиганлар нотўғри эътиқодда эканини таъкидлаб, ҳатто бундай кимсалар камондан ўқ отилгани каби ислом динидан тез чиқиб кетишига ҳадиси шарифлар билан далиллар келтиради.     

Ушбу асарнинг ёзилиш сабабига келсак, Имом Бухорийнинг ҳ.250/м.864 йилда Нишопурга келиши билан боғлиқ. Шаҳар аҳли ва уламолари у кишини жуда катта эҳтиром билан кутиб олишади. Имом Муслим ибн Ҳажжож буни таърифлаб:

“Имом Бухорий Нишопурга келган вақтда нишопурликлар бирор олим ёки бирор волийга қилинмаган ҳурмат-эҳтиромни унга кўрсатишди”, деб айтган.

Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Холид ибн Форис Зуҳалий[2] мажлисида[3]: “Кимда ким эртага Имом Бухорийни кутиб олиш учун унинг истиқболига чиқишни хоҳласа, чиқсин! Мен у зотни кутиб олиш учун чиқаман!” деди. Имом Бухорийни кутиб олиш учун имом Зуҳалий ва Нишопурнинг барча олимлари чиқишди. Имом Зуҳалий: “Имом Бухорийдан ақидага оид ҳеч нарса сўраманглар! Чунки, агар у бизга хилоф бўлган нарса билан жавоб бериб қолса, орамизда совуқлик тушади. Натижада Хуросоннинг носибий, рофизий, жаҳмий ва муржиъийлари гап қилиб фитна қўзғаши мумкин,” деди-да: “Бу солиҳ олим киши (яъни, Имом Бухорий) ҳузурига бориб, ундан ҳадис тингланглар”, деб жар солишга буюрди. Одамлар Имом Бухорийнинг дарс халқасига кетиб қолишди, ҳатто бу ҳолат Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий мажлисидагиларга малоллик келтириб, улар бу ҳақда имом Зуҳалийга шикоят қилиб ноўрин, туҳмат сўзларни ҳам айтишдилар.

Имом Бухорий томонидан қандай хатолик содир бўлдики, бу ҳатто Имом Зуҳалийни ғазаблантирди?

Имом Бухорий Нишопур аҳлига қарши бирор сўз айтганмиди?

Имом Бухорий ва Нишопур аҳли ўртасидаги тушунмовчилик айнан калом илмига хос эдими?

Ёки у зот бирортани ғийбат қилиб қўйганмиди?

Имом Бухорий ва Имом Зуҳалий ораси бузилишига сабаб бўлган омиллар нима эди?.

Шубҳасиз, Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли ва унинг одоб ахлоқидан хабар берадиган таърифлар бизни у зот ҳақидаги турли эҳтимолий шубҳали фикрлардан тўсиб туради. Ўша замон тарихчилари Нишопурда Имом Бухорий Қуръони каримнинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги тўғрисида сўралганда “Қуръони каримни тиловат қилаётгандаги лафзим махлуқ (азалий эмас, яратилган, кейинчалик пайдо бўлган)дир”, деб жавоб қайтарганини айтишадилар. Айнан шу сўзлар Имом Бухорий билан Нишопур аҳли ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқаради.

Имом Бухорийга ““Қуръони каримни талафуз қилишим яратилгандир” деган сўзлари билан у  “Қуръони карим яратилган эмас” деб айтишдан ўзини олиб қочди, у мўътазилалар каби иш тутди”, деб туҳмат қилинди. Мўътазила фирқасидагилар тазйиққа учрагандан кейин  “Қуръон яратилган, азалий эмас” деган  эътиқодини яшириш ва  “Қуръон ғайри махлуқ” деб айтишдан қочиш учун фақат  “Қуръонни талаффуз қилишим махлуқдир” дейиш билан кифояланар эди. Имом Бухорийнинг жавобини оммага етказаётган ўртадаги  воситачи Имом Бухорийнинг сўзини  аслиятидан буриб юбориб, мўътазилалар сўзига яқинлаштириб  айтиб юборгани учун фитна бошланиб кетди.

Зеро, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича “Аллоҳнинг каломи ғайри махлуқ (кейинчалик пайдо бўлган эмас, аксинча,  азалийдир) ва бизнинг Қуръонни талаффуз қилишимиз эса махлуқдир (кейин пайдо бўлган, азалий эмас)”. Мўътазилаларнинг эътиқодига кўра ҳар иккаласи ҳам махлуқдир. Аммо Нишопурда берилган саволнинг ўзидан катта фитнанинг ҳиди келаётган эди. Шу сабабли Имом Бухорий саволга тўлиқ жавоб бермади, чунки ўша замонда бошқа шаҳарлар қатори Нишопурда ҳам аҳли сунна билан бир қаторда мўътазилалар ҳам етарли таъсир кучига эга эди. Агар Имом Бухорий  “Аллоҳнинг каломи ғайри махлуқ ва бизни Қуръонни талаффуз қилишимиз эса махлуқдир”, деб саволга тўлиқ жавоб берганда, шаҳарда аҳли сунна вал жамоа[4] билан мўътазилалар[5] фирқасидан бўлган мусулмонлар ўртасида катта зиддиятлар ва тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин эди. Бунга оломон аралашиб кетса, нима бўлишини ҳеч ким олдиндан айтиб беролмасди.  Шу сабабларни олдиндан кўра билган Имом Бухорий ҳар икки томонни жунбушга келтирмайдиган тарзда жавоб қайтаргандир. Бу бир эҳтимолий тахмин. Аммо айнан мана шу жавоб сабабли Имом Бухорийга “у мўътазилийлар жавобини айтди”, деб туҳмат қилиниб,  Нишопурдан чиқарилди.

Имом Бухорий билан боғлиқ Нишопур воқеасигаи Аҳмад ибн Адий бундай ривоят қилади: Устозларнинг бир жамоатидан эшитдим, Имом Бухорий Нишопурга келган вақтда одамлар тўп-тўп бўлиб, унинг дарсини тинглашга келаётганларини кўриб, у ердаги олим кишилар унга ҳасад қилиб, оломон орасида “Имом Бухорий “Қуръонни талаффуз қилишим махлуқдир” деган, сўзни айтди”, деган гапни тарқатишибди.

Одамлар йиғилиб, жамоат жам бўлганда, бир киши ўрнидан туриб: “Эй Абу Абдуллоҳ! Қуръон ҳақидаги талаффузлар ҳақида нима дейсиз, у махлуқми ёки ғайри махлуқми?” деди.

Имом Бухорий бу саволга жавоб бермай, ундан юзини бошқа томонга ўгирди. У яқин келиб саволини уч бор такрорлади. Имом Бухорий жавоб қайтаришга мажбур бўлиб:

Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир, у махлуқ (яратилган) эмас, бандаларнинг ишлари махлуқдир, бу ҳақида сўраш эса бидъатдир,  деди. 

У одам: “У (Бухорий) Қуръонни талаффуз этишим махлуқ, деб айтди”[6], деб шовқин солди. Имом Бухорийни тинглаётган жамоат орасида баланд овоз билан бақириб айтилган бу гап яшин тезлигида тарқалиб кетди. Бундан бутун оломон шовқин қилишга тушди. Имом Бухорий: “Уларнинг ҳаракатлари, овозлари ва ёзишлари махлуқдир, аммо саҳифалар орқали қалбларга собит қилиниб сақланган Аллоҳнинг каломи махлуқ эмас. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло: “Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир. …,”[7] деб айтган”, деди. Афсуски, Имом Бухорийнинг бу сўзлари шовқин-суронда оломонга етиб бормади. Чунки, фитнага олдиндан ҳозирлик кўрилиб, пухта тайёрланилган эди.

Абу Ҳомид Шарқий: “Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалийдан: “Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир, у махлуқ эмас. Кимки, Қуръонни талаффуз қилишим махлуқ, деб фикр қилса[8], у бидъатчидир. Ундай кимса билан ўтирилмайди ҳам, суҳбатлашилмайди ҳам. Кимда ким бу воқеадан сўнг ҳам Имом Бухорийнинг дарсига борса, у ҳам бидъатчидир. Унинг дарсларига фақат унинг йўлини тутганлар боради”, деб айтаётганини эшитдим”,  деди.

Имом Ҳоким: “Имом Бухорий билан Имом Зуҳалий ўртасида лафз масаласида келишмовчилик бўлган пайтда Муслим ибн Ҳажжож ва Аҳмад ибн Саламадан бошқа барча одамлар Бухорийдан юз ўгирди”,[9] деб ривоят қилади.

Ҳокимдан яна бундай ривоят қилинади: “Аҳмад ибн Салама бундай деди: “Имом Бухорий ҳузурига кириб унга: “Эй Абу Абдуллоҳ! Сизга бу саволни берган киши бу шаҳарга Хуросондан келган. Бу иш ортидан бошланган фитна тўхтатиб бўлмас даражада авж олиб кетди, ҳатто биздан бирор киши у билан суҳбатлаша олмади. Сиз нима деб маслаҳат берасиз?” дедим. Имом Бухорий соқолларини тутиб, силаб: “Ишимни Аллоҳ таолога топшираман, албатта, Аллоҳ таоло бандалар ишини кўриб турувчи зотдир. Аллоҳим, Ўзинг билганингдек, мен Нишопурга бирор мақом ёки мартаба ва мансабни мақсад қилиб келмаганман. Мен мухолифларим ғалабаси туфайли ўз ватанимга қайтишга қарор қилдим. Дарҳақиқат, бу киши (Имом Зуҳалий назарда тутилмоқда) Аллоҳ таоло менга берган илмга ҳасад сабабли шу ишни қилди”, деб жавоб берди”.

Абу Амр Аҳмад ибн Наср Нишопурийдан бундай ривоят қилинади: “Имом Бухорий ҳузурига бориб унга: “Эй Абу Абдуллоҳ! Бу ерда эшитишимча, сиз “Қуръонни талаффуз қилишим махлуқдир”, деган сўзни айтибсиз?” дедим. Имом Бухорий: “Эй Абу Амр! Мендан бу эшитганингизни қулоғингизга қуйиб олинг! Нишопур, Қумис, Рай, Ҳамадон, Бағдод, Куфа, Басра, Макка ва Мадина аҳлидан кимки мени мўътазилаларнинг “Қуръон махлуқ, Қуръонни талаффуз қилишимиз ҳам махлуқдир”, деган сўзини айтди деса, дарҳақиқат у ёлғончи каззобдир. Мен бу сўзни айтмаганман, аммо бандаларнинг ишлари махлуқдир, деган сўзни айтдим”, деди”. 

Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қилинган ушбу далиллар ўша вақтда бўлган воқеъликни холисона англаб етишимизга хизмат қилади. Имом Бухорий ва Имом Зуҳалий ўртасидаги тушунмовчиликлар, Нишопур аҳли ҳамда ўша даврда Нишопурда яшаган уламолар ҳам бу фитнани тўхтатиб қолишга қудрати етмагани тўғрисидаги далилларни келтириш билан кимнидир оқлаш ва бошқа кимнидир қоралашдан йироқмиз.

Нишопурда содир бўлган бу воқеа мўътазилалар ва жаҳмийлар ақидасига зарба бериш, ислом умматини ботил ақидадан ҳимоя қилиш учун Аллоҳ таолонинг улуғ ҳикмати сабабли рўй берган, десак янглишмаган бўламиз. Чунки, мўътазила ақидасининг кенг тарқалиши, унда содир бўлган фитналар ва айнан Нишопурдаги мана шу воқеалар Имом Бухорийнинг “Холқу афъолил ибод” китобини ёзилишига туртки бўлган.

Бу сўзларни Имом Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳида Имом Бухорийдан бу асарнинг ёзилиш сабабларидан айримларини нақл қилиб келтириб ўтган. Имом Бухорий “Холқу афъолил ибод” китобида, жаҳмийлар эътиқодга хос илмни Жаъд ибн Дирҳамдан олгани хабари етиб келди. Ироқ амири Холид Қисрий: “Мен Жаъд ибн Дирҳам сўзларидан ларзага келдим. У “Аллоҳ таоло Иброҳимни Ўзига халил қилиб олмаган ва ҳақиқатда Мусо билан сўзлашмаган”, деган сўзларни айтибди”, деди.

Ибн Ҳажар яна: “Шундан сўнг Имом Бухорийнинг “Холқу афъолил ибод” китобини ўқиб чиқиб, уни ёзишдан мақсадини топдим. Имом Бухорий бу китобида: “Одамлар фоилда[10], феълда[11] ва мафъулда[12] бир-бирлари билан ихтилофга бориб қолдилар”, деган сўзни айтган.[13]

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Имом Бухорий ҳазратлари Нишопур фитнаси сабабли ўз шаънига айтилган туҳматлардан ўз номини оқлаш мақсадида ҳамда адашган ботил эътиқоддаги мўътазила ва жаҳмийларга оят ва суннатга таяниб  маънавий зарба бериш учун “Холқу афъолил ибод” ҳадис тўпламини ёзишга киришди. У зот бу асари билан ўзидан кейин то қиёматгача келадиган бутун ислом умматига ўзининг аҳли сунна вал-жамоадан бўлганини, мўътазила ва бошқа адашган оқимлар эътиқодидан узоқ эканлигини, адашган ботил фирқаларнинг ақидаси нотўғри эканлигини оят ва ҳадислар орқали исботлаб бердилар.

[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (231/846-320/933) Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламини ҳам ривоят қилган. Фирабрий Имом Бухорийдан ушбу асарни 254/869 йилда 23 ёшларида таълим олган.
[2]Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Холид ибн Форис Зуҳалий (ҳ172й-ҳ258й), Аббосийлар халифалигида яшаган, Нисобурлик аҳли сунна вал-жамоа эътиқодидаги олим, муҳаддис ровийлардан.
[3]Ўша вақтда ҳар бир шаҳарда шаҳардаги етук олимларнинг ўз илмий давралари, дарс халқалари,  мажлислари бўлган. Масалан: муҳаддис уламоларнинг мажлислари алоҳида, фақиҳларники алоҳида, мутакаллим – каломшунос олимларнинг алоҳида дарс давралари бўлган. Аҳоли эркин равишда ўзини қизиқтирган устознинг дарс халқасига, мажлисига келиб дарс тинглаган.
[4] Аҳли сунна вал жамоа – Ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг  катта қисми тутган йўлдир. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин разияллоҳу анҳунинг суннатларини ушлаган ва саҳобалар, тобеъинлар, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомларидан иборат дин пешволари йўлига эргашган жамоадир. Аҳли сунна вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил иснод (оғизма-оғиз эшитиш) билан қабул қилиб олганлар.
Манбаларга қараганда Аҳли сунна вал жамоа атамасини дастлаб Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Оли Имрон сураси 106-оятини тафсир қилганда ишлатган бўлсаларда, бу атама исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди. Суннат ва жамоат аҳли ким дейилса, илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар, дейилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Ҳикматуллоҳ Тоштемиров.
[5] Ҳасан Басрий (21-109/642-728 йй.) халқасини Восил ибн Ато (ваф. 130/748 й.) ва Амр ибн Убайд (ваф. 143/761 й.) “гуноҳи кабира” масаласи туфайли тарк этганлар ва мўътазилия оқимига асос солдилар. Бу дастлабки ақидавий бўлинишлар VII–IX асрларда Бағдод ва Дамашқ халифалигининг диний-сиёсий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатди. Мўътазилийлар аҳли суннадан фарқли равишда ақлни насс (Қуръон ва ҳадис)дан устун билиб, ақл мустақил ҳукм чиқариш хусусиятига эга, деган тушунчани тарқатишга уринганлар. Мўътазилия таълимоти аббосий халифалар Маъмун (197-218/813-833 йй.), Муътасим (218-227/833-842 йй.) ва Восиқ (227-232/842-847) даврида расмий эътиқод сифатида тан олинган. Мутаваккил (232- 247/847-861) ҳукмронлиги даврида эса исломга зид оқим сифатида қаттиқ таъқиб остига олинган. Бу оқимнинг сўнгги қароргоҳи Хоразм бўлиб, XIII– XIV асрларга келиб, мўътазилия таълимоти шиаларнинг айрим оқимлари эътиқодига айланиб қолди (Alloqulov A. Thе Light of Islam, 1-сон 2020 йил. – Б 4)
[6] Имом Бухорий  “Қуръон ғойри махлуқ, бизни уни талаффуз қилишимиз махлуқдир”  деб тўлиқ айтмасдан, мўътазилаларга ўхшаб фақат “бизни уни талаффуз қилишимиз махлуқдир”  сўзи билан кифояланди, деган туҳмат сўзни баланд овоз билан айтиб юборди. Бу сўз дарсда ҳозир бўлиб турган ўн минглаб кишилар орасида тарқалиб, қисқа муддатда бутун шаҳарга овоза кетди.
[7]Анкабут, 49.
[8] Яъни, “Қуръон ғойри махлуқ, бизни уни талаффуз қилишимиз махлуқдир”  деб тўлиқ айтмасдан, фақат “бизни уни талаффуз қилишимиз махлуқдир”  сўзи билан кифояланса у бидъатчидир, деган маънода айтилмоқда.
[9]Ҳадю-с-соррий. Муқаддимату “Фатҳу-л-Борий”. 492-бет.
[10] Ишни бажарувчи, ақидада Яратувчи маъносида ҳам қўлланилади.
[11] Иш бажариш, ақидада яратиш маъносида ҳам қўлланилади.
[12] Яратилган, бажарилган иш, ақидада яратилган фикр ва қарашлар, Аллоҳ таолодан бошқа бутун борлиқ олам ва ундаги нарсаларга нисбатан ҳам қўлланилади. 
[13] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний “Холқу афъоли-л-ибод” китобини ёзилиш сабабларидан бири сифатида ушбу сўзни келтирди.
Нодир Қобилов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
СамДЧТИ магистранти

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …