Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Мансур Мотуридия йўналиши

Абу Мансур Мотуридия йўналиши

Сунний эътиқоднинг бир йўналиши бу мотуридия-ҳанафия таълимоти бўлиб, унинг асосчиси ватандошимиз, калом ва ақида илмининг улуғ олими Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Буюк аллома Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларига Ислом уммати ҳақли равишда Аҳли сунна вал жамоа ақидасини тузувчи деган лақабни берган. Шунингдек, мусулмон дунёси олимлари ичида “Имомул-ҳудо” (Ҳидоят йўли имоми) ва “Имомул-мутакаллимин” (Калом аҳлининг имоми) каби унвонлар билан улуғланган Имом Мотуридий ҳамда унинг етук шогирдларидан Абул Ҳасан Рустуғфоний (ваф. 961 й.), Исҳоқ ибн Муҳаммад Самарқандий ва Абдул Карим Паздавий (ваф. 999 й.), Абу Аҳмал Ийжий ва бошқалар ҳанафий мазҳаби ақидаси асосларини ишлаб чиқишди.

Имом Мотуридийнинг “Китаб тавҳид” номли китоблари ақийда бобида энг мўътабар китоблардан ҳисобланади. У кишининг Қуръони каримни аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мувофиқ қилган тафсирлари “Таъвилоту аҳлис-сунна” (“Таъвилотул Қуръан”) асари деб номланади. Мазкур асарлар мотуридия мазҳабининг асосий китобларидан саналади. Бинобарин, юртимиз мусулмонлари ақийдада ана шу мотуридия мазҳабига амал қиладилар. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги бош йўналишлардан бири у кишининг номлари билан “Мотуридия” деб аталади[1].

Самарқандлик улуғ олим, ҳанафий фиқҳининг билимдони Абу-л-Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” ҳамда Абул Йуср Паздавийнинг “Усулид-дин” асарларида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий ишлари ҳақида бирмунча маълумот келтирилган.

Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ал-Самарқандий милодий 870 йилда Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида туғилган. “Самарқандия” асарида унинг насаби Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байроқдорлари Абу Айюб Ансорийга бориб етиши зикр этилган. Абу Мансур ёшлигидан илмга қизиқди, Самарқандда ҳанафий мазҳаби фиқҳини чуқур ўрганди. Насафий ҳам, Паздавий ҳам унинг устозлари икки киши: йирик қомусий олим, Самарқанд ҳанафий фиқҳи мактаби асосчиси Абу Бакр Жузжоний ва калом илмининг атоқли олими Абу Наср Иёзий бўлганини ёзишади. Профессор Исматулла Абдуллаев эса у самарқандлик олим Муҳаммад ибн Фазлга ҳам шогирд бўлганини келтиради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[2].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Ушбу оятдаги ҳикматдан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар.

Муовия (р.а)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[3] деб, айтадилар.

Ислом динимизни пок сақлашда, бегона ёд ақидалардан тозалашда мужтаҳид уламоларимиз, хусусан ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий (р.а) кўп жонкуярлик билан умрларини ҳамда вақтларини ушбу масалага бағишлаганлар.

Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” китобида қуйидаги ривоят келтирилган: “Мен Абулҳасан Али ибн Саъид Рустағфонийнинг бундай сўзларини эшитдим: “Солиҳ кишилардан бири тушида Абу Наср Иёзийни кўрди, ул кишининг олдиларида бир лаганда гул ва бир лаганда шакар (ёки қанд) бўлиб, гул тўла лаганни Абулқосим Ҳакимга, шакар тўла лаганни Абу Мансур Мотуридийга узатдилар. Иккалалари Абу Наср Иёзийнинг шогирдлари бўлиб, (келажакда) Абу Мансур Мотуридий илми ҳақиқат (илмул-калом) ва Абулқосим Ҳаким илми ҳикмат билимдони бўлиб етишишди”.

Юқоридаги муаллифлар Абу Мансур Мотуридийнинг бир неча шогирдлари ҳақида ҳам маълумот беришади. Булардан Абу Аҳмад Иёзий, Абулҳасан Рустағфоний, Абдулкарим Паздавийлар олимнинг иқтидорли шогирдлари сифатида Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳаби фиқҳини яратишга салмоқли улуш қўшишди.

Имом Мотуридий ҳанафий фиқҳи, калом илмига бағишланган кўплаб асарлар ёзди. Аммо улардан айримлари, масалан, ақидада адашган мўътазилийлар, қарматийлар, рофизийлар ва бошқалар танқид қилинган “Китоб баён ваҳм ал-мўътазила”, “Раддул усулул-хамса”, “Китаби радди авоилул-адилла лил Каъбий”, “Китаби радди имома ли баъд ур-равофиз”, “Китабул мақолот” кабилар бизгача етиб келмаган. Усулга оид “Китабул-жадал” ва фиқҳга доир “Маъхаз аш-шариа” асарлари эса унинг номини машҳур қилиб юборди ва у Хуросон ўлкасининг мазҳаб соҳибига айланди.

Имом Мотуридийнинг асосан икки машҳур асари бор. Булардан бири “Китаб таъвилот аҳлус-сунна” ёки “Таъвилотил Қуръон” номли асаридир. Олим унда илми калом уламолари йўлидан бориб, Қуръони карим оятларини ақидада “Аҳли сунна вал-жамоа” мазҳабини қўллаб тафсир қилади. Абу-л-Муин Насафий таъкидлашича, “Таъвилот” ўз соҳасида мисли йўқ асардир, зеро аввалги муаллифлар қалами билан шу пайтга қадар бу соҳада тасниф этилган биронта бошқа асар бунинг даражасига ета олмайди. Бу асарга кейинчалик самарқандлик машҳур фақиҳ Алоуддин Самарқандий катта шарҳ ҳам ёзади.

Мотуридийнинг “Китабут-тавҳид” (Тавҳид китоби) асари ҳажми, фикр бойлиги ва услубига кўра Мовароуннаҳрда ўзидан аввалги ақида соҳасида ёзилган жами асарлардан устун туради. Бу асар имоннинг асосий моҳиятларини жамлаб, уларга мос таърифлар бериш билан чекланмайди. Балки бутун Ислом ақидасини тафтиш этади, адашган фирқаларнинг ақидасини кескин рад қилади ва уни инкор этиб бўлмас далиллардан ташкил топган яхлит тизим сифатида тан олиш лозимлигини кўрсатиб беради. Асарда ҳанафий фиқҳи мухолифларига қарши ўлароқ инсон диний маърифатга эришишнинг уч воситасига: сезги, нақл, ақлга эгалиги; Аллоҳнинг зотий ва яратувчилик сифатлари; бу борада мусулмон ва ғайримуслим мухолифлар билан мунозара; кофирларга раддия; Аллоҳ ҳамда инсоннинг амаллари; имоннинг моҳияти ва яратилгани каби ўта муҳим мавзулар қамраб олинган. Кўпгина олимлар Мотуридийнинг бу асарида олис Куфада туриб жорий қилинган ҳанафий фиқҳи ва ақидаси Мовароуннаҳрда туриб турли мухолифлар, адашувлар, йўлдан оғишлар таъсиридан “тозалангани” ва ҳимоя қилингани ҳақидаги таҳсинларни ёзишади.

Айрим олимлар Имом Мотуридийни “Имом Ашъарийнинг шарқий айнияти” деб баҳолашга уринади. Аммо иккала имом бир даврда яшагани, улар ўртасида маълум ўхшашликлар ва фарқлар бўлганига қарамай, ҳар иккалалари дунёнинг икки бурчида ақида мазҳаблари соҳиби сифатида тан олинди. Ашъарий аввал мўътазилий олим бўлган, кейинчалик намойишкорона, ҳатто итоаткорона ҳанбалийлар тарафига ўтишга интилган. Мотуридий эса шарқий ҳанафий сифатида шаклланди ва умрининг охиригача шу мазҳабга содиқ қолди.

Уларнинг ақидавий мазҳабидаги фарқлар ҳам кўпчилик олимлар томонидан тадқиқ қилинди. Тожиддин Субкий (ваф. 771/1370) ва Муҳаммад Абду (1849-1905) бу фарқларни ўттизта санашган. Камолиддин Баёзий (ваф. 1078/1687) эса фарқлар сонини элликтагача олиб боради. Лекин олимлар бу хилофлар фақат лафзда, жавҳар эса тамоман бир-бирига ўхшаш, дейишган.

Имом Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 333 (милодий 944/945 й.) йилда, Ашъарийдан ўн йил кейин Самарқандда вафот этди ва шу ердаги Чокардиза қабристонига дафн қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот-маркази
Каломшунослик шўъбаси раҳбари
Абдуҳалим Муҳиддинов
 

[1] Муҳаммад анвар Бадахшоний, Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимаси. “Ҳилол-Нашр” Тошкент 2015. -Б.12.

[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.

[3] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …