ХОЖА ИСҲОҚИ ВАЛИЙ

Даҳбедий хожалар силсиласининг энг машҳур намояндаларидан бири Хожа Исҳоқи Валий бўлиб, ул зот Махдуми Аъзамнинг тўртинчи ўғли эди.

Хожа Исҳоқ отаси Махдуми Аъзамнинг шогирдларидан бири Мавлоно Лутфилло Чустийдан тасаввуф таълимотини ўрганиб, камол топади ва хати иршод олиб, пирлик даражасига етади.

Уни Шарқий Туркистон (Хитой) ҳудудида жойлашган мўғул давлати ҳукмдори Абдул Каримхон (967/1559-1000/1591 йиллар ҳукм сурган) ўз юртига таклиф этади.

Хожа Исҳоқ ва унинг шогирдлари Шарқий Туркистонда ислом дини ва тасаввуф таълимотини тарғиб қилгани билан машҳурдир. Тарихчи Абу Тоҳирхожа ўзининг “Самария” китобида ёзганидек: “Хожа Исҳоқ кўп йиллар (халққа) йўл кўрсатиш ўрнига ўлтириб, халқни такомиллаштирди. Хожа кўп умр кўрди, камолот ва ҳолати ҳаддан ташқаридир. Кенг таржимаи ҳоли ўзининг мақомотига (яъни, ўзи ҳақидаги китобга) ёзилгандир. Қашқар музофотидан эл (халқ) ота-боболаридан бери, Хожа муридлиги исирғасини қулоқларига тақиб олганлар ва унинг авлодига ўзларини фидо этгандирлар”[1].

Муҳаммад Ҳошимнинг “Насиматул қудс мин ҳадойиқул унс” асарида: “Ул Ҳазрат Мовароуннаҳрдан Қашқар ва Хўтан тарафга отландилар. Унинг саъй-ҳаракатлари билан халқ Ҳақ йўлга тушиб олган. Қашқар ҳокими Муҳаммадхон ҳам унинг садоқатли муридларидан бирига айланди. Хуллас, Нақшбандия тариқати у ерларда Хожа туфайли томир отган. Кейин ўрнига муриди Девон Аштарни қолдириб, ватанига қайтиб келди ва 1599 йилда вафот этган. Отасидан кейин ўзи яшаган Даҳбед яқинидаги Сафед қишлоғида дафн этилган”[2], деб ёзилган.

Юқоридаги санани тарихчи Шоҳ Маҳмуд Чарос яна ҳам таъкидлаб, ул зотни 1008/1599 йилнинг 10 рабиул аввал/30 сентябрида 94 ёшда вафот этганини ёзади. Доро Шукуҳ ва Роқим ўз асарида 1007/1598 йилда вафот этганини қайд этилади. Шунга кўра, Хожа Исҳоқ акаси Хожа Калон (таваллуди 1517 йил)дан олдин туғилган бўлиб чиқади. Демак, Хожанинг вафот санасини манбалар аниқ тасдиқлайди, отаси вафот этганда унинг жуда ёш бўлгани инобатга олинса, бу ерда ёши бироз ошириб кўрсатилгани ойдинлашади.

Хожа Исҳоқ Хўтанда яшаган кезлари, унинг бу ердаги яқин халифаси Шутур халифа бўлиб, ёшлигидан пирининг ошхонасида 7 йил хизмат қилган. Хожа уни Шарқий Туркистонда ўз ўрнига халифа ва ҳукмдор Муҳаммадхонга ўринбосар қилиб, ўзи Самарқандга қайтган.

Ҳазрати Хожа вафот этгач, Даҳбед яқинидаги Сафедук мавзесида дафн этилади. Анча вақтдан кейин Қорадарё суви Хожа Исҳоқнинг қабрига яқинлашгач, ул зотнинг авлодларидан Абдуллоҳхожа бобосининг жасадини у ердан олиб, ўз қишлоғи Боғи Баландга кўмдиради.  

Хожа Исҳоқи Вали тўғрисида Муҳаммад Аваз ёзган “Зиёул қулуб”, 1008/1599 йили Шоҳ Муҳаммад Пайравий битган “Жолисул муштоқин” каби нодир манбалар илмий жамоатчиликка маълум ва тадқиқотларга[3] жалб этилган.

Биз “Рисола тазкиратул ҳидоя бил хайрият” номли туркий қўлёзма манбани топишга муваффақ бўлдик. Ушбу нодир асар хаттот Мулла Қурбон Кошғарий томонидан 1335/1917 йил 11 зулҳижжа/27 сентябрда кўчирилган бўлиб, Германиянинг Берлин кутубхонасида №1316 рақам остида сақланади[4]. Ушбу асар нафақат Хожа Исҳоқ Валий, балки умуман Даҳбедийлар хонадонининг машҳур вакиллари ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этади.

Хусусан, Хожа Исҳоқи Валийнинг тўнғич ўғли Хожа Қутбиддин бўлиб, у отаси қабри ёнида яшаган. Иккинчи ўғли Хожа Шоҳбоз 7 ёшида вафот этган. Учинчи ўғли Хожа Шоди лақабли Муҳаммад Яҳё Шарқий Туркистондаги Ёркент шаҳрида отаси ўрнида қолган. Тўртинчи ўғли Убайдуллоҳхожадир.

Тадқиқот давомида Ургут тумани Бахрин қишлоғида жойлашган Закариё хожа ибн Яҳё хожага тегишли қабртошдаги шажара ўрганилди. Унга кўра, Закариё хожа 1338/1926 йил шаъбон ойида вафот этгани ва унинг отаси Яҳё хожа, унинг отаси Ҳасан хожа, унинг отаси Аваз хожа, унинг отаси Файзуллоҳ хожа, унинг отаси Абдуллоҳ, хожа, унинг отаси Яҳё хожа, унинг отаси Муҳаммад Саййид хожа, унинг отаси Қутбиддин хожа, унинг отаси Ҳазрат хожа Исҳоқ, унинг отаси Ҳазрат Махдум Аъзам Даҳбедий эканлиги маълум бўлди.

Ургут тумани Жўраптепа маҳалласи ҳудудидаги Эшон работ номли мавзеда шу номдаги қабристондаги “Занжиғ ота” зиёратгоҳида иккита қабртош аниқланди.

Биринчи кўк мармар қабртошда қуйидаги маълумотлар ёзилган:

УЖЗ-1: Ўлчами: 85Х35 см.

لااله الاالله محمد رسول لله
هذا مرقد المنور المرحوم سيد بوزورگ خواجه
 بن سيد مله خواجه بن سيد عوض خواجه
 بن فضلاالله خواجه ملقب القاضي خواجه بن سيد
عبادالله خواجه بن سيد عبدالله خواجه بن سيد يحي
 خواجه بن محمد سعيد خواجه بن سيد
 قطب الدين خواجه اسحاق بن مولانا
 سيد احمد مخدوم اعظم عليه الرحمه
 مات في سنه ١٣٣٥ هجريه

Таржимаси:

  1. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расули.
  2. Ушбу нурга тўлган қабр марҳум Саййид Бузург хожа
  3. унинг отаси Саййид Малла хожа, унинг отаси Саййид Аваз хожа
  4. унинг отаси Фазлуллоҳ[5] хожа (лақаби Қози хожа[6]), унинг отаси Саййид
  5. Ибодуллоҳ[7] хожа, унинг отаси Саййид Абдуллоҳ хожа, унинг отаси Саййид Яҳё
  6. Хожа, унинг отаси Муҳаммад Саид хожа, унинг отаси Саййид
  7. Қутбиддин, (унинг отаси) хожа Исҳоқ, унинг отаси Саййид Аҳмад Махдум Аъзам алайҳир раҳма
  8. Ҳижрий 1335 йилда вафот этди.

Демак, мазкур қабртошдаги маълумотга кўра, бу ерда ётган Саййид Бузург хожа 1335/1916 йилда вафот этган. Унинг отаси Саййид Малла хожа, унинг отаси Саййид Аваз хожа, унинг отаси Фазлуллоҳ хожа (лақаби Қози хожа), унинг отаси Саййид Ибодуллоҳ хожа, унинг отаси Саййид Абдуллоҳ хожа, унинг отаси Саййид Яҳё хожа, унинг отаси Муҳаммад Саид хожа, унинг отаси Саййид Қутбиддин хожа, унинг отаси Хожа Исҳоқ Валий эканлиги маълум бўлди.

Иккинчи қабртош.

УЖЗ-2: «ملا خان توره بن بوزورگ خواجه سنه ١٣٢٩»

Яъни, мармар тошнинг шакли кичкина бўлиб, ундаги маълумотга кўра, «Мулло Хонтўра ибн Бузург хожа» 1329[8]/1910 йилда вафот этгани аниқланди.

Мулло Хонтўра Бузург хожанинг ўғли бўлиб, ёш вафот этган кўринади. Бунга отасидан бир йил олдин вафот этгани ҳамда қабртош кичкина (ўша вақтларда одатда ёш болаларга шундай тош қўйилган)лиги далолат қилмоқда.

Шу ерда истиқомат қилиб келаётган мазкур авлод вакилларидан бири бўлмиш Зокирхон (1966) Гадойхон ўғли билан суҳбатда, Бузург хожанинг Ширинхон исмли ўғли, Ширинхоннинг эса Жўрахон, Азизхон ва Гадойхон (1942-2017) исмли фарзандлари бўлгани айтиб ўтилди.

Хожа Исҳоқи Валий ва унинг авлодлари тарихига доир бўлган манбалардан шу маълум бўладики, Исҳоқий авлодлари ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётда муҳим мавқега эга бўлган. Шунингдек, Ургут тумани ҳудуди (Бахрин ва Жўраптепа маҳаллари)даги иккита қабртошда келтирилган шажаралар машҳур тасаввуф алломаси Махдуми Аъзам авлодларига тегишли экани маълум бўлди. Эпиграфик ёдгорликдаги маълумотлар хожа Исҳоқийларнинг Ургут ҳудудидаги авлодлари шажарасини тузишда асосий таянч манбалардан бир бўлиб хизмат қилади.

[1] Абу Тоҳир хожа. Самария. Т.: Камалак, 1991. – Б 45-46.
[2] Ахмедов Б. Тарихдан сабоқлар. Т.: Ўқитувчи, 1994. – Б. 268.
[3] Каттаев К. Махдуми Аъзам тарихи ва мукаммал даҳбедийлар тариқати. Т.: Mаshhur pres, 2016. – 192 б.
[4] Қўлёзма манба устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
[5] Бахрин қишлоғидаги қабртошда ва кўплаб шажараларда “Файзуллоҳ” деб келтирилган, негадир бу ерда Фазлуллоҳ, дейилган. Аслида Файзуллоҳ хожа бўлиши керак. Араб имлосидаги ي ҳарфи хаттот айби билан тушиб қолган кўринади.
[6] 2007 йил 15 февралда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган шажарада «Файзуллахон» отаси «Қозихожа», дейилган, аммо иккита қабртош ва бошқа манбаларда Файзулло хожа лақаби Қози хожа, деб келтирилган.
[7]Ушбу қабртошда ва 2007 йил 15 февралда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган шажарада Файзуллоҳ хожа отаси Ибодуллоҳ хожа, деб келтирилган, бўлса, Бахрин қишлоғидаги Закариё хожага тегишли қабртошда «Файзуллоҳ хожа отаси Абдуллоҳ хожа», деб қайд этилган.
[8] Дала тадқиқот маълумотлари. Ургут-Жўраптепа маҳалласи Занжиғ ота зиёратгоҳи. 2019 йил 27 июн. Ахборотчи – Зокирхон Гадойхон ўғли.
Мехрожиддин АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …