Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Ҳамид Рукниддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Амидий Самарқандий

Абу Ҳамид Рукниддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Амидий Самарқандий

Абу Ҳамид Рукниддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Амидий Самарқандий калом, фиқҳ, фалсафа, мантиқ соҳалари бўйича олим бўлиб, унинг фаолияти ҳақида маълумотлар манбаларда кам келтирилган. Аллома ўз даврининг машҳур етакчи фақиҳ олимларидан бири бўлган Розиййиддин Нисабурийдан сабоқ олган. Нисабурийнинг тўрт шогирдидан бири Муҳаммад Амидий Самарқандий калом илмидаги “жадал” (мантиқ, фалсафа ва баҳс-мунозара, қиёс ва қабул қилинган таклифларга асосланган мезон) ни чуқур ўрганиб, бу соҳада изланиш ва тадқиқотлар олиб борган. Шу сабабдан аллома “Рукниддин” (Диннинг устуни) номи билан танилган. Муҳаммад Самарқандий форс тилида жадал илми бўйича “Чуст” (“Баҳс”) деб номланган асар ёзган биринчи олимлардан бўлган.            

Алломанинг жадал соҳасига ёзган бир неча бўлиб, фақиҳ олимлар орасида “Тариқат Амидий” (bk. Brockelmann, GAL, I, 568) асари машҳурдир. Шамсиддин Аҳмад ибн Халил ал-Ҳуваййий ва бошқа олимлар томонидан ёзилган шарҳлар “ал-Иршод” (Kашфуз зунун, I, 69; II, 1113; Brockelmann, GAL, I, 568; Suppl., I, 786, 924),  “Ароисун нафоис” –“ан-Нафоис”. (Kашфуз зунун, II, 1966) деб номланган. Ибн Халдун жадал илми ҳақида баҳс-мунозара кетганда, Паздавийни ва Амидий томонидан ишлаб чиқилган иккита усул борлигини ва турли хил далиллардан фойдаланиб, улар асосида иш кўрганини айтиб ўтган.

Алломанинг асарига шарҳ ёзган олимлар таржимаи ҳоли, номини эсламасдан, унга таъриф бермасдан ўтмаган. Чунки, у Бенгалиянинг йирик шаҳри бўлмиш Лакхнавида бир муддат қозилик лавозимида ишлаган даврда, ҳинд фалсафасини кенг ўрганган. “Амртакунда” (“Ҳавзул ҳаят”) номли санскритча асарни тадқиқ қилиб, араб тилига таржима қилган. Асар ҳинд фалсафисига оид бўлиб, микрокосмос ва макрокосмос ўртасидаги муносабат, инсоннинг оламдаги ўрни, моҳияти, табиати, қалби, руҳи, ўлими, йога ва бошқа мавзуларини қамраб олган. Амртакунданинг арабча Юсуф Ҳусайн томонидан беш марта нашр қилинган (“Zau al-Ḥayat: La Version Arabe de l’Amratkundа”, JA, 213-бет [1928], 291-бет) 344) ва асарнинг муқаддимасида султон Аллоуддин Али Мардон (1207-1212 й) ҳукмронлиги даврда Камапур (ҳозирги Ассам) дан келган Муҳаммад Амидий Самарқандий билан у туфайли мусулмон бўлган Баҳужаро исмли бир браҳман йогачи ўртасидаги илмий мунозаралар келтирилган. Шунингдек, олим браҳман орқали ушбу асарни чуқур ўрганиб, ундан йогадан таълим олгани ҳақида айтиб ўтган. Кейинчалик Камапурдан Анбҳубанҳа исмли браҳман мусулмон бўлгани ва ундан ҳам йогадан ўқигани ва тинглаганини, санскрит тилидан “Миръатул маъаний ли идрокил аъламил инсан” асарини араб тилига таржима қилганини қайд этган.

Ушбу асарнинг баъзи нусхаларида Амидий Самарқандий Баҳужаро билан алоқаси ва муносабатлари ҳақида эслатиб ўтилган, алломанинг асарни форс тилига сўнгра, форс тилидан араб тилига таржима қилгани келтирилган. Шунингдек, Муҳаммад Говт Гвалиярий томонидан араб ва форс тилидаги “Баҳрул ҳаёт” асари таржима қилинган бўлса-да, Амидийнинг вариантидаги маълумотларга тўғри келмаслиги айтиб ўтилган. Бугунги кунда “Амртакунда” нинг турли тилларга таржима қилинган нашрлари мавжуд бўлиб, асардан тасаввуф, фалсафа, мантиқ соҳасида ишланиш ва тадқиқот олиб бораётган олимлар унумли манба сифатида фойдаланиб келмоқда. 

Туркия диёнат вақфи Ислом энциклопедиясидаги
маълумотлар асосида тайёрланди.
Даурбекова Ирода, Ҳалимова Дилдора,
Имом Бухорий илмий-тадқиқот
маркази илмий ходимлари

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …