Home / МАҚОЛАЛАР / Улуғлигинг ота-онанг тарбиясидандир

Улуғлигинг ота-онанг тарбиясидандир

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онасига оқ бўлганлар ҳақида шундай дейдилар: “Энг катта гуноҳлар ҳақида сизларга хабар берайинми? Улар; Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдир”. “Тўрт тоифа инсонлар (қилган ишларидан) тавба қилмаган бўлсалар жаннатга кирмайдилар ва жаннат неъматларини татиб ҳам кўрмайдилар. Улар; маст қилувчи ичимликларни кўп истеъмол қилган киши, (ризқини) судхўрликдан ейдиган киши, етимнинг молини ейдиган киши ва ота-онасига оқ бўлган кишилардир”. Ота-онасига оқ бўлиб, ҳоли ҳаётларида ота-онасининг розилигини олмасдан вафот этган кишилар ҳар қанча яхши амал қилган бўлсалар ҳам хоҳ тавба қилган бўлсинлар, хоҳ тавба қилмаган бўлсинлар улар жаннатга кирмайдилар.

Фарзанднинг ота-онасига оқ бўлиши учун уни ота-онаси “оқ қилдим” дейиши шарт эмас. Ўзи тўқ бўлиб, ота-онасини оч ўтириши, ёки уларнинг дилини оғритадиган ишларни мудом қилиши, ёки уларни норози қилиш амаллари фарзандни ўзи билмаган ҳолда ота-онасига оқ бўлишига олиб келади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бора: “Бурни ерга ишқалсин! (хор бўлсин!)”,- дедилар. Саҳобалар: Эй Расулуллоҳ! Кимнинг бурни ерга ишқалсин,- деганларида, у зот: “Ота-онаси ёки улардан бири унинг ҳузурида кексалик ёшига етсаю, уларнинг хизматини қила олмаган фарзанднинг бурни ерга ишқалсин,”- дедилар.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга шундай ваҳий қилган экан: “Эй Мусо! Ота-онангни улуғлагин. Кимки ота-онасини улуғласа, унинг умрини узун қилиб, унга ҳам уни улуғлайдиган фарзандни бераман. Ким ота-онасига оқ бўлса, умридан қисқартириб, унга ҳам оқ бўладиган фарзанд бераман”.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсонни ўсиб, камолга етишида ота-онанинг хизмати беқиёсдир. Ота-она фарзандига дунёдаги бор яхшиликларни истайди. Фарзандини келажакда комил инсон бўлиб вояга етиши учун қўлидан келган барча имкониятларни муҳайё қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида ҳам ота-онага, хоссатан онага кўпроқ яхшилик қилишга буюрадилар.

Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб: “Ё Расулаллоҳ, менинг яхши муомала қилишимга ким ҳақлироқ?”- деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!”- деб айтдилар. У: “Яна ким?”- деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!”- дедилар.У: “Яна ким?”- деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!”- дедилар. У тўртинчи бор: “Яна ким?”- деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ бу сафар: “Отанг!”- деб жавоб қилдилар.

Мазкур ҳадисдан онанинг фарзанд зиммасидаги ҳаққи отанинг ҳаққидан бир неча бор катта эканлиги, агар ҳар иккаласи баробар ҳолда фарзандни чорласалар, аввал онанинг чақириғига жавоб бериш лозимлиги маълум бўлади. Чунки онанинг фарзандини вояга етишида ҳиссаси кўпроқдир. У ҳомилалик вақтида тўққиз ой фарзандини қорнида кўтариб юради. Сўнг унинг гўдаклик вақтида икки йил эмизиб, қанча-қанча тунларни бедор ўтказади. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ иккаласидан ҳам рози бўлсин) бир киши онасини кўтариб, Каъбани тавоф қилаётганини кўрди. Шунда у киши: Эй ибн Умар! Нима дейсиз, мен онамнинг ҳақини бажардимми?- деганларида, Абдуллоҳ ибн Умар у кишига: Туғруқ вақтидаги бир дақиқасининг ҳаққини ҳам адо қила олмадинг, лекин сен яхши иш қилдинг. Аллоҳ таоло сенинг бу озгина яхши амалинг учун кўп савоблар бергусидир,- дедилар.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида) Ижтимоий ҳаётда одамлар бир-бири билан олди-сотди қилиб, …