Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ АВЗОЪИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИ

ИМОМ АВЗОЪИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИ

“Имом”, “Ҳофиз”, “Байрут, Шом атрофидаги ерлар, Мағриб ва Андалуснинг имоми” номлари билан шарафланган Абу Амр Абдурраҳмон ибн Амр Авзоъийнинг илм йўлидаги фаолияти катта аҳамиятга эга.

Имом Авзоъий яшаган давр олимлар, фақиҳлар, қорилар ва муҳаддисларга бой бўлган. Ўша даврнинг энг таниқли олимлари орасида Молик ибн Анас, Имом Жаъфар Содиқ, Суфён Саврий, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сирийн, Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, Лайс ибн Саъд ва бошқалар бор эди.

Имом Авзоъий айниқса, бидъат, ихтилофлар, Қуръон ва суннатдан оғиш кучайган даврда Ислом ва суннатни ҳимоя қилганлардан бири бўлди. Унинг Байрутдаги фаолияти самарали бўлиб, у ерда ўзининг мазҳабини ривожлантирди ва у Шомнинг ҳамма диёрларига тарқалди.

Имом Авзоъий илмларни эгаллашда мислсиз даражада бўлган. Ҳатто 113/731 йилда фатво ишини бошлаган. Ўшанда у атиги 15 ёшда бўлган. Шундан сўнг унинг атрофида илм толиблари тўпланган.

Ҳиқл ибн Зиёд айтади: “Авзоъий етмиш минг масалага фатво берди. Бир куни ундан бир масала ҳақида сўралди. У: “Менда у борада бирор хабар йўқ”, деб жавоб берди”. Яъни, унинг фатволари ундаги хабарларга асосланган эди[1].

Сўнг Имом Авзоъий ўз мазҳабини аҳли сунна вал-жамоанинг бешинчи мазҳаби бўлиши учун Мағриб ва Андалусга кўчиб ўтди. Лекин унинг мазҳаби сақланиб қолмади. Шогирдлари уни ривожлантирмай, сақлашга аҳамият бермаганидан сўнг у йўқолиб кетди. Унинг ўрнини Шомда ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари, Мағриб ва Андалусда моликий мазҳаби эгаллади.

Шом, Мағриб ва Андалус фақиҳлари ушбу мазҳабга то Қози Абу Зуръа Муҳаммад ибн Усмон Сақафий Дамашққа шофеъий мазҳабини олиб киргунига қадар амал қилдилар. Ҳатто, Қози Абу Зуръа “Мухтасар ал-музаний” китобини ёд олган кишига юз динор эҳсон қилар эди[2]. Шундай қилиб у орқага чекинишни бошлади. Бироқ ҳижрий IV асргача Шомда сақланиб қолди[3].

Андалусга келсак, унинг аҳолиси Соъсоа ибн Салом Димашқий томонидан Авзоъий мазҳабига киритилган. Андалус халқи Авзоъий мазҳаби остида то Зиёд ибн Абдурраҳмон Лахмий моликий мазҳабини Андалусга киргизгунига қадар бўлган. Андалусда Авзоъий мазҳаби умавийлар давлатининг Андалусдаги амири Абул Осий Ҳакам ибн Ҳишом даврида тамоман йўқолиб кетган.

Авзоъийлик мазҳаби йўқолиб кетган бўлса-да, муҳим фиқҳий китобларда унинг баъзи фиқҳий масалалари ҳалигача давом этиб келмоқда.

Имом Авзоъий мазҳабидаги ёндашувга келсак, у Авзоъийнинг Макҳул Шомийдан ривоят қилган қуйидаги сўзидан маълум бўлади: “Қуръон суннатга, суннат Қуръонга муҳтож бўлганидан кўра муҳтожроқдир”[4]. Авзоъий ушбу сўзларидан Қуръон матнларини тафсир қилишда, унинг тўлиқ тафсилотларини баён қилишда суннатнинг роли муҳим эканлигини таъкидланган. Яъни, авзоъийлик мазҳабида кўпроқ суннатга суянилган. Масалаларга жавоб топишда асосан суннатдан фойдаланишга урғу берилган.

Бундан ташқари, Имом Авзоъий айни бир масала борасида қарама-қаршилик мавжуд бўлган масалада афзалроқ бўлган фикрга ҳам таянар эди. Масалан, Авзоъий ва Суфён Саврий Маккада бўлган вақтида рукуъга бориш ва ундан қайтишда икки қўлни кўтариш масаласида баҳслашиб қолади. Шунда Авзоъий фикрининг далили сифатида Зуҳрий Солимдан, у отасидан ривоят қилган қуйидаги: “Набий (с.а.в.)ни агар намозни бошласалар, рукуъ қилсалар ва сўнг рукуъдан кўтарилсалар, икки қўлларини кўтарганларини ва икки сажда орасида қўлларини кўтармаганларини кўрдим”, ҳадисни келтиради.

Суфён Саврий эса Язид ибн Абу Зиёд Ҳошимийни Ибн Абу Лайлодан, у Барро ибн Озибдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни ҳужжат сифатида келтиради: “Расулуллоҳ (с.а.в.) агар намозни бошласалар, икки қўлларини икки қулоқлари яқинига кўтарар эдилар. Сўнг такрорламас эдилар”.

Шунда Авзоъий ғазабланиб Саврийга: “Зуҳрийнинг ҳадиси ўзи заиф киши бўлган Язид ибн Абу Зиёднинг ҳадисига зидми ҳали?!”, дейди. Шунда Саврийнинг юзи қизариб кетади ва Авзоъийга: “Эҳтимол, сиз менинг гапларимни ёмон кўргандирсиз?!”, дейди. Авзоъий: “Ҳа”, деб жавоб бериб, сўнг яна: “Рукн олдида ҳақ устида бир-биримизни лаънатламасимиздан аввал ўрнингиздан туринг”, дейди. Шундан сўнг Саврий жим бўлиб қолади[5].

Шу тариқа Авзоъий мазҳабида афзал фикр ҳам асосий манбалардан ҳисобланади.

Имом Авзоъийнинг меросига келсак, улар унчалик кўп эмас. Китобларининг катта қисми йўқолиб кетган. Улар 130/747 йили Шомда юз берган катта зилзила оқибатида ёниб кетган ва Авзоъийнинг ўзи уларни қайта ёзишни истамаган.

Аммо таржимаи ҳол ва сияр китобларида унинг баъзи китоблари, масалан, Ҳожи Халифа “Кашфуз зунӯн” китобида зикр қилган “Муснадул Имāм Авзāъий” каби китоби ҳақида баъзи маълумотлар сақланиб қолган[6].

“Сийарул Имāм Авзāъий” китоби эса Имом Шофеъийнинг “Китāбул умм” асари таркибида нашр этилган. Заҳабий у китоб ҳақида “унда мингга яқин ҳадис бор” деб айтади[7].

Ибн Надим ўзининг “Фиҳрист” китобида “Ас-сунан фил фиқҳ” ва “Ал-масāил фил фиқҳ” китобларини зикр қилади ва баъзи фиқҳий масалаларни ўз ичига олган “Сийарул Авзāъий” китобини ҳам қўшимча қилади. Лекин ҳозирда унинг нусхаси йўқ. Қози Абу Юсуф ўзининг “Ар-радд ъалā сийарил Авзāъий” китобида ундаги баъзи масалаларга раддия берган.

Бир қанча кишилар Имом Авзоъийнинг таржимаи ҳолига эътибор берганлар. Улардан бири Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Зайд Ҳанбалийдир. Унинг “Маҳāсинул масāъи фӣ манāқибил Имāм Абӯ Амр Авзāъӣ” китоби мавжуд. Ундан ташқари Абдуссаттор Шайхнинг “Ал-Имāмул Авзāъӣ шайхул ислāм ва ъāлим аҳл Шāм” ва Абдулазиз Саййид Аҳлнинг “Ал-Имāм ал-Авзāъӣ фақӣҳ аҳл Шāм” асарларини ҳам ушбу туркумга қўшадилар.

Имом Авзоъийнинг таснифлари ва китобларидан ташқари унинг сўзлари, ваъзлари ва хабарлари воизлар ҳамда олимларнинг тилларида жуда кўп учрайди.

Валид ибн Мазийд ривоят қиладики, у Авзоъийнинг бундай деганини эшитган: “Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, уларга баҳс-тортишувни очиб қўяди ва улардан амални ман қилиб қўяди”.

Авзоъий дедилар: “Мўъмин киши кам гапириб, кўп амал қилади. Мунофиқ эса кўп гапириб, кам амал қилади”.

Равшан ЭЛМУРОДОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Ибн Асокир. Тарихи Димашқ.
[2] Тожиддин Субкий. Табақоту-ш-Шофиъийяти-л-кубро.
[3] Мажмуъ фатавойи Ибн Таймия. Фиқҳ. Таҳорат. Сувлар боби.
[4] Ибн Абдулбарр. Жомиъ баёни-л-илм ва фазлиҳи. Боб мавзиъи-с-сунна мин ал-китоб. 1416-ҳадис.
[5] Ибн Касир. Ал-бидоя ва-н-ниҳоя. 10-жуз. ‒ Байрут: “Мактабатул маориф”, 1990-йил. ‒ Б.116.
[6] Хожа Халифа. Кашфуз зунун ъан асоми-л-кутуб ва-л-фунун.
[7] Шамсиддин Заҳабий. Сияри аълому-н-нубало.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …