Home / МАҚОЛАЛАР / Ризқ – ҳалол касб билан баракали

Ризқ – ҳалол касб билан баракали

Динимизда инсон ўз ризқини ҳалол йўл билан топишга буюрилган бўлиб, Бақара сурасининг 172-оятида қуйидагича марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан (ҳалол касб орқали) еб, унга шукр килингиз»., Бошқа бир оятда эса, ўша ҳалол ризқни нопок йўллар билан ейишдан қайтарилади: «Эй иймон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! . . . .” (Нисо сураси, 29-оят)

Дарҳақиқат, ҳалол ризқ талаб килиш Одам (а.с)дан бошлаб барча инсонларнинг мақсади ва ҳаётдаги дастури бўлиб келган.

Мана шу мақсадларни кўзлаб халқимиз фарзандларини илмли, ҳунарли қилиб вояга етказиши айни миллатимизга хос анъана. Шу сабаб, ота-боболаримиз зурриётларини саводини чиқариш, ҳунарли қилиш учун энг яхши усталарга шогирдликка берганлар. Бошқа шаҳар ва юртларга билим олиш учун юборганлар. Халқимиз ҳаёт тарзида илму-ҳунар доимо улуғланиб келинган. Илмли, ҳунарли, бўлишга доимо даъват қилинган. Бунда Аллома Мажид Ҳавофийнинг “Олтин ва кумуши бўлмаган одам камбағал эмас, балки эс-хуши ва касб-ҳунари бўлмаган киши камбағалдир”- деган сўзини келтириш ўринли.

Шунинг учун ҳам бизнинг миллатимизда ҳар бир ота ўз ўғлини, қизини ҳунар ўрганиш учун устозга энди “эти сизга, суяги бизга”- деб топширган. Фарзандининг ўқимишли, яхши касб-корли, қўли гул уста бўлишини доимо дуосида ҳам, амалиётида ҳам орзу қилиб келган. Шогирд эса, ўқиб, ўрганиб устознинг оқ фотиҳаси билан уста сифатида иш бошлаган ва оқ фотиҳага умрбод содиқ қолган. Бу ёшларимиз ҳар қандай шароитда олган билимларига хилоф иш қилмайдилар, сифатсиз иш бажаришни ўзларига ҳеч эп кўрмайдилар деган маъно-мазмунни ифода этган. Ана шу сабабли миллатимиз ер куррасида таълим, фан ва маданият соҳасида “тамаддун” деган юксак чўққига эришган. Яхши касб-ҳунар эгаси бўлиш, инсоннинг энг катта зийнати бўлиб, унинг бутун ҳаёти давомида юксак мавқеъ, катта-катта фойда соҳиби бўлишга эриштиради. У ҳунар туфайли фароғатга, камолатга етади, иззат-икром топади.

Ёшликдек олтин даврни ғанимат билиб, илм-фан, касб-ҳунар эгаллаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ҳар бир ўқувчи ва талаба онгли равишда ўзларига сингдиришлари ва буни тушуниб етишлари лозим. Муқаддас ислом динимиз кўрсатмалари буйича мўмин-мусулмонлар, имон-эътиқодли, ихлос ва ибодатли бўлиши билан бир қаторда дунёвий илмларни талаб қилиши лозимлиги уқтирилиб шундай дейилади: “Илмни Хитойда бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”

Шу мазмунни ўзларининг ҳаётларига дастурул амал қилиб олган буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари илмга нисбатан қуйидаги фикрни айтадилар.

“Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”.

Ўзлари ҳам шу қоидага риоя қилганликлари сабабидан Пайғамбар (а.с)дан кейин дунёда ҳеч қайси олим етмаган илм ва мартабага эга бўлдилар.

Яна шуни кайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча Пайғамбарлар, шу жумладан бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишлар, турмуш тарзи, тирикчилик, тижоратдан тортиб деҳқончиликкача, ҳатто уй-рўзғор ишларигача тегишли кўрсатмаларни бериб кетганлар.

Ҳазрати Али ҳам ҳар бир даврда ўзига хос, ўрганишлик лозим бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб: “Болаларингизга келажак даври илмини ўргатингиз. чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келадилар”-деганлар.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбии моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга таъаллуқли илмни мукаммал билмоқ керак. Касбига муҳаббати бор инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки, роҳатланади, касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса ана шу инсон ўзини бахтли деб ҳисоблайди. Шунинг учун бўлса керак Пайғамбар (а.с.) “Одамларнинг яхшиси кишиларга фойда етказгани”дедилар. Бу билан қайси замонда бўлмасин ҳалол йўл билан жамиятга фойда етказган киши пайғамбаримизнинг “яхшилар” деган номига сазовор бўлади.

Дарҳақиқат, ҳалол меҳнати билан касб-ҳунар қиладиган киши эл орасида қадрли ҳисобланади. Бундай халқ ичида қадр топган кишиларни Аллоҳ ҳам хуш кўради. Буни Расулуллоҳ (с.а.в) бир ҳадиси муборакларида: “Албатта Аллоҳ таъоло ҳунарманд кишини севади”-деган сўзлари билан тасдиқлаганлар.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …