Home / МАҚОЛАЛАР / ҚЎЛЁЗМА АСАРЛАРНИ КАТАЛОГЛАШТИРИШНИНГ АҲАМИЯТИ

ҚЎЛЁЗМА АСАРЛАРНИ КАТАЛОГЛАШТИРИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мутафаккир алломаларимизнинг бой илмий мероси бўлган нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларнинг каталогларини яратишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майдаги ПҚ-2995-сонли “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар ва тарихий ҳужжатларни ўрганишнинг янги босқичи шаклланмоқда.

Қарорга мувофиқ, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг устувор йўналишларидан бири марказ қўлёзмалар хазинасида сақланаётган асарларни каталогини тузиш этиб белгиланган эди. Марказнинг бир гуруҳ илмий ходимлари томонидан қўлёзмалар хазинасида сақланаётган 534 та қўлёзма асарларнинг каталоги тузилди ва 2018 йилда нашр этилди.

Одатда қўлёзма фондларида сақланаётган қўлёзма асарларни тавсифлаш ишлари амалга оширилса, албатта бу тавсифларни жамлаб китоб шаклида нашр этишга ҳаракат қилинади. Бундай китобларнинг ҳажми ва номи қандай бўлишидан қатъий назар фиҳрист – каталог деб аталади. Шу ўринда каталог сўзининг луғавий маъносига, унинг турлари ва аҳамиятига қисқача тўхталиб ўтсак.

Каталог сўзи юнонча “katalogos” сўзидан олинган бўлиб, “рўйхат” – муайян нарсалар (масалан, китоб, экспонат, товарлар)нинг маълум тартибда тузилган рўйхати[1] деган маънони билдиради.

Каталоглар соҳасига қараб кутубхона каталоги, илмий-техника каталоги, маркалар каталоги, бадиий асарлар кўргазмалари каталоги, қўлёзма асарлар каталоги, тошбосма асарлар каталоги каби турли соҳларга оид бўлиши мумкин.

Каталог қайси соҳага оид бўлишидан қатъий назар, албатта шу соҳага оид бўлган нарсаларни излаган кишиларга излаган нарсаларини қаерда борлигини аниқлаш ва уларни осон ва тез топиш имкониятини беради.

Қўлёзма асарлар каталоги – бир ёки бир неча кутубхона фондида мавжуд нодир қўлёзма асарлар, тарихий хужжатларнинг таркиби ва мазмунини очиб берувчи библиографик маълумотларни ўз ичига олади.

Қўлёзма асрларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва таржима қилишни истаган тадқиқотчи – изланувчилар учун қўлёзма асарлар ҳақидаги каталогларни ўрни ва аҳамият жуда катта. Чунки, каталог орқали ҳар бир тадқиқотчи юртимиздаги ёки хориждаги фондларда сақланаётган муайян қўлёзма асар қайси кутубхонада жойлашганлиги, унинг инвинтар рақами ва у ҳақидаги тавсифий маълумотларга эга бўлади.

Бироқ қўлёзма асарлар каталогларни тайёрлашда ўзгармас қилиб тузилган ягона қоида ёки қолип мавжуд эмас. Баъзи қўлёзмаларнинг тавсифи тўлиқ ва баъзилариники нисбатан қисқа бўлиши мумкин.

Қисқа каталог – муайян асарларнинг тартиб рақами, номи, инв. рақами, тили, номи, муаллифи, мавзуси, кўчирилган санаси каби қисқа маълумотларни ўз ичига олади.

Тўлиқ тавсифли каталог – муайян асарларнинг тартиб рақами, номи, инв. рақами, тили, муаллифи, асар мазмунини очиб берувчи қисқача тавсифи, мавзуси, асар боши (асар бошланишидаги илк жумлалар), асар охири (асар сўнгидаги жумлалар), калафони, библиографияси, кўчирилган санаси, кўчирилган жойи, хаттоти, хат тури, варақлар сони, мистараси, пойгири, сиёҳ ранги, қоғоз тури, курросаси (дафтари), безаги, матн ўлчами, варақлар ўлчами, рақамлаши, муқоваси, саҳҳофи, китоб соҳиби, асардаги муҳрлар, таякси, турунжи ва бир неча саҳифаларининг сурати ҳамда сақланиш ҳолати каби кўплаб маълумотларни ўз ичига олади.

Каталогнинг қандай бўлишида албатта, каталог тузувчи – тавсифчининг билими, тажрибаси, тилни мукаммал билиши, ўз ишига ҳалол ва виждонан ёндашуви алоҳида аҳамият касб этади.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев “Асосий мақсад шуки, тарихимиз, маданиятимиз, динимизга алоқадор бир варақ қўлёзма бўлса ҳам, уларни тўплаб, халқимизни, ёшларимизни таништириш, бизнинг қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, фарзандларимизни шу улуғ меросга муносиб этиб тарбиялашдан иборат”, – деб таъкидлаган эдилар[2].

Бугунлик кунда мамлакатимиз қўлёзма фондлари ва жисмоний шахсларда юз мингдан ортиқ нодир ва тарихий қўлёзма асарлар сақланмоқда. Аждодларимиздан қолган мазкур маънавий мероснинг катта қисми ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлиб, уларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва халқимизга тақдим этиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилиши керак. Биринчи навбатда уларни аниқлаш, рўйхатларини шакллантириш ва шу асосида каталогларини яратиш лозим. Бу борада қўлёзма фонд мутасаддилари ва шахсий кутубхона эгалари юртбошимизнинг чақириқларига “лаббай”, – деб жавоб берган ҳолда соҳага оид мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб борсалар мақсадга мувофиқ катта савобли ишга қўл урган бўлар эдилар.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими
_______________________________________________________________________________
[1] Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 4-Ж. –Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2002. –Б.500.
[2] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июндаги “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …