Home / Имом Бухорий ҳадислари / САҲИҲИ БУХОРИЙДА ИЙМОН, ИСЛОМ ВА ЭҲСОН МАСАЛАСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

САҲИҲИ БУХОРИЙДА ИЙМОН, ИСЛОМ ВА ЭҲСОН МАСАЛАСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

حدثني إسحاق عن جرير عن أبي حيان عن أبي زرعة عن أبي هريرة رضي الله عنه : أن رسول الله صلى الله عليه و سلم كان يوما بارزا للناس إذ أتاه رجل يمشي فقال يا رسول الله ما الإيمان ؟ قال (الإيمان أن تؤمن بالله وملائكته ورسله ولقائه وتؤمن بالبعث الآخر) . قال يا رسول الله ما الإسلام ؟ قال (الإسلام أن تعبد الله ولا تشرك به شيئا وتقيم الصلاة وتؤتي الزكاة المفروضة وتصوم رمضان) . قال يا رسول الله ما الإحسان ؟ قال: (الإحسان أن تعبد الله كأنك تراه فإن لم تكن تراه فإنه يراك) . قال يا رسول الله متى الساعة ؟ قال: (ما المسؤول عنها بأعلم من السائل ولكن سأحدثك عن أشراطها إذا ولدت المرأة ربتها فذاك من أشرطها وإذا كان الحفاة العراة رؤوس الناس فذاك من أشراطها في خمس لا يعلمهن إلا الله {إن الله عنده علم الساعة وينزل الغيث ويعلم ما في الأرحام }). ثم انصرف الرجل فقال (ردوا علي) . فأخذوا ليردوا فلم يروا شيئا فقال (هذا جبريل جاء ليعلم الناس دينهم)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамлар билан суҳбатлашиб турган эдилар. Бир нотаниш киши қошларига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Расулуллоҳ! Иймон нима?” – деб сўради. “Иймон Аллоҳга, унинг фаришталарига, пайғамбарларининг ҳақ эканлигига, Аллоҳни қиёмат кунида кўришга, ўлгандан кейин тирилишга ишонишингдир”, – дедилар. “Эй Расулуллоҳ! Ислом нима?” – деди. “Ислом Аллоҳга (ширк келтирмасдан) ибодат қилмоғинг, беш вақт намоз ўқимоғинг, фарз закотни бермоғинг ва Рамазон рўзасини тутмоғингдур”, – деб жавоб қилдилар. “Эй Расулуллоҳ! Эҳсон (яхши амални қилмоқ) нима?” – деди. “Аллоҳга уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб турибди”, – дедилар. “Эй Расулуллоҳ! Қиёмат қачон бўлади?” – деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Бу ҳақда сўралувчи киши сўрагувчидан билимдонроқ эмас, лекин сизга қиёматнинг аломатларини айтиб берай, улар қуйидагичадур: “Аёл ўз эгасини (яъни, гапига итоат қилмайдиган, аксинча ўзига буйруқ қиладиган фарзандлар) туғса, бу қиёмат белгиларидандир, агар яланғоч одамлар элга бошлиқ бўлсалар, бу қиёмат белгисидир. Бешта ғойибий (сир) нарса бор, уларни фақат Аллоҳ билур; “Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билгувчи ва огоҳдир.”[1]”, – дедилар. Кейин, ҳалиги киши қайтиб кетди. Жаноб Расулуллоҳ: “Қайтаринглар ҳалиги кишини (саҳобалар тушунсинлар деб шундай қилдилар)!”, – дедилар. Саҳобалар уни орқасидан чиқиб, топмадилар. Расулуллоҳ: “Бу Жаброил алайҳи-с-салом эдилар, одамларга динларини ўргатиш учун келган эдилар”,[2] – дедилар.

Бошқа ривоятларда “Бу Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келган эди.” – лафзи билан келтирилган. Имом Бухорий айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳамма нарсаларни иймондан деб ҳисобладилар”[3].

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Бу ҳадис зоҳирий ва ботиний ибодатларни, амалларга зарар берувчи офатлардан қандай сақланишга бўлган ишоротларни ва иймон, эътиқод ҳамда ихлос ақидасини ўзида мужассам этган. Ҳатто шариати Исломнинг барча рукнлари ушбу ҳадис замирига билвосита бириктирилган, десак муболаға бўлмас. Ислом уламолари бу ҳадис ҳақида шундай дейдилар.

Имом Нававий: “Бу ҳадис илму маърифат, одобу латофатлардан бир неча турини қамраб олгандир. Балки, бу ҳадис диннинг аслидир.” – дедилар.

Имом Қуртубий: “Бу ҳадис ўзида суннатнинг жумла илмини ифода этганлиги учун уни “Суннат она”си[4] деб айтилса тўғри бўлади,” – деди.

Ибн Дақиқ ал-Ийд айтадилар: “Қуръон маъноларини ўзида жамлагани учун Фотиҳа сураси «Умму-л-Қуръон» – «Қуръон онаси» деб номланганидек, бу ҳадис ҳам «Суннат онаси»дир.”

Ибн Ражаб дейди: “Бу ҳадис диннинг ҳар бирини шарҳини ўзида мужассам этгандир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келганди” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом дини даражаларини, иймоннинг даражаларини ва эҳсоннинг даражаларини шарҳлаб берганидан кейин мана шуларнинг барчаси дин эканлигини уқтирдилар.”

Шунингдек, мазкур ҳадис воқе бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган – Абу Ҳурайра, Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Зарр, Анас, Ибн Аббос, Абу Омир Ашъарий ва Жарир (улардан Аллоҳ рози бўлсин) каби кўпчилик саҳобийлар томонидан ривоят қилинган бўлиб, даражаси мутавотир, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўпчилик ривоят қилган саҳиҳ ҳадис даражасига мансубдир.

Ҳадиснинг умумий маъноси

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчилик билан суҳбатлашиб турган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим саҳобалар даврасида ёки ҳамроҳлигида, ёки назарларида бўлган. Дунё олимлари орасида “Бу дунёда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа сири бўлмаган киши йўқдир,” деган эътироф мавжуд. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки, саҳобалар динга ва шариат илмига ўта ҳарис ва чанқоқ эканлигидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор сўзи, ҳаракати ва ҳатто ишораларини ҳам назардан четда қолдирмаганлар. Саҳобалар доим у зотнинг суҳбатларидан баҳра олишга ҳаракат қилишар ва у зотни давра бўлиб ўраб олиб, динни, шариат аҳкомларини, Қуръон оятлари ҳамда тафсирларини, иймон-эътиқод ва ибодатга оид маълумотларни, дунё ва охиратга оид кўрсатмаларни олишар эди. Ана шундай одатий кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига нотаниш бир киши келиб:

“Эй Расулуллоҳ! Иймон нима?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон Аллоҳга, унинг фаришталарига, пайғамбарларининг ҳақ эканлигига, Аллоҳни қиёмат кунида кўришга, ўлгандан кейин тирилишга ишонишингдир”, – дедилар.

Иймоннинг луғавий маъноси ишониш, тасдиқ қилиш. Шаръий маъноси; иймон – Аллоҳ таолонинг бирлигига, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қазою қадар – тақдирга ҳамда унинг яхшилигию ёмонлигига қалб билан ишониш ва тил билан иқрор бўлишдир.

  1. Аллоҳ таолонинг борлигига, Унинг ягона ва шериксиз зот эканига иймон келтириш;
  2. Аллоҳ таолонинг фаришталарига ва уларни Аллоҳ таолонинг буйруғига осийлик қилмайдиган, буйруқларини бекаму кўст бажарадиган ҳурматга сазовор бўлган бандалари эканлигига, жумладан уларнинг нурдан яратилганига, еб-ичиш, эркаклик, аёллик, насл қолдириб кўпайиш каби нафсоний сифатларга эга эмаслигига ҳамда ададларини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмаслигига иймон келтириш;
  3. Илоҳий китобларга ишониш ҳамда бу китоблар ўз вақтида Аллоҳнинг шариати ҳисобланганига иймон келтириш;[5].
  4. Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари ва расулларига ҳамда уларни гуноҳу маъсиятдан пок инсонлар эканлигига, охирги замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бирор шариат ва пайғамбар жўнатилмаслигига иймон келтириш;
  5. Охират ҳаёти ҳақлигига, қиёмат кунида Аллоҳ таоло халқларни қайта тирилтириб, ўша кунда бандалар Аллоҳ таоло билан рўбарў келишига, холи ҳаётда қилган амалларининг ҳисоб-китоб қилинишига, яхши амаллари учун мукофотлашига ва ёмон амаллари учун етарли жазо беришига иймон келтириш ҳамда барзах (қабр) ҳаёти ҳамда унда бандалар амалларига қараб қиёматгача азоб ва неъматланишига, жаннат ва дўзахнинг айни бугунги кунда ҳам мавжудлигига иймон келтириш;
  6. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг тақдири азали ила содир бўлишига, бандага келадиган ҳар бир яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳни ўзигагина аён бўлган ҳикмат сабабли Унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ амалга ошишига иймон келтириш;[6]

 “Эй Расулуллоҳ! Ислом нима?” – деди.

 “Ислом Аллоҳга (ширк келтирмасдан) ибодат қилмоғинг, беш вақт намоз ўқимоғинг, фарз закотни бермоғинг ва Рамазон рўзасини тутмоғингдур”, – деб жавоб қилдилар.

Исломнинг луғавий маъноси – Аллоҳ таолога бўйсуниш, таслим бўлиш. Шаръий истилоҳда эса, Ислом қуйидаги беш устун устида бино қилинган диндир:

  1. “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расули ва бандаси” деб гувоҳлик бериш. Яъни, бу гувоҳлик юқорида айтилганидек, қалб билан тасдиқланиб, тил билан иқрор бўлиш орқали ҳақиқий саналади;
  2. Намозларни суннат ва ҳадисларда кўрсатилганидек, унинг шартлари ва рукнларига тўлиқ амал қилган ҳолда бажариш[7]
  3. Мусулмон киши моли шариатда кўрсатилган нисобга етганида шу молу мулкидан Пайғамбаримиз ҳадисларида келтирилганидек закот бериш фарз бўлади;
  4. Рамазон ойида рўза тутиш; ёш болалар, рўза тутиш сабабли дардлари кучаядиган дардманд кишилар, эмизикли гўдак каби узри бор аёллар узрли ҳолатларидан соқит бўлганларида рўзани қазосини тутиб берадилар.
  5. Ўзи бой бўлиб, ҳаж сафарини қилишга қодир бўлса (яъни йўллар очиқ, озиқ-овқати ва аҳли-оиласи учун нафақаси етарли бўлса), бир марта Байтуллоҳни ҳаж қилиш;[8]

Мазкур ҳадисда Исломнинг бешинчи устуни – Ҳаж амали келтирилмаган. Аммо, айнан шу маънодаги бошқа санад билан ривоят қилинган мутавотир ҳадисларда ҳаж амали Ислом динининг бешинчи устуни эканлиги баён этилган.

“Эй Расулуллоҳ! Эҳсон нима?” – деди.

“Аллоҳга уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб турибди”, – дедилар.

Эҳсонннинг луғавий маъноси яхшилик қилишдир. Инсон ўзи масъул бўлган ва масъул бўлмаган иш-вазифани, хоссатан ислом динида ажарилиши буюрилган амалларни чин ихлос ила пухта ва мукаммал бажариши ҳам ибодат, ҳам эҳсон саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатдаги эҳсонни қандай бўлишлигини ушбу ҳадис орқали биз умматларга аниқ, лўнда ва чиройли тарзда баён қилиб бердилар. Шу ўринда мўмин-мусулмонлар шуни унутмаслиги лозимки, ниятнинг софлиги ва холислиги сабаб оддий ишлар ва амаллар ҳам ибодат даражасига етади ва ўз соҳибига улкан савобларни келтиради. Аммо, ниятнинг нохолислиги ила бажарилган ибодатлар эса одатга айланиб қолиб, натижада ҳеч қандай савоб ҳосил бўлмаслиги мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадислари билан умматни ибодатда ҳушёр бўлишга, бепарво бўлмасликка чақирадилар.

“Эй Расулуллоҳ! Қиёмат қачон бўлади?” – деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Бу ҳақда сўралувчи киши сўрагувчидан билимдонроқ эмас, …

Қиёмат кунининг қачон бошланиши Аллоҳ таолонинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган илмлар жумласидан бўлиб, Аллоҳ буни бандаларидан ҳеч кимга, ҳатто фаришта ва элчиларига ҳам маълум қилмаган. Шунинг учун пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга: “У ҳақида сўралаётган киши (яъни, ўзлари) сўровчидан (Жаброил а.с.дан) кўра кўпроқ билувчи эмас”, – деб жавоб бердилар. Яъни, бу ҳақда Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ҳеч нарса билмайди.

“… лекин сизга қиёматнинг аломатларини айтиб берай, улар қуйидагичадур: “Аёл ўз эгасини (яъни, гапига итоат қилмайдиган, аксинча ўзига буйруқ қиладиган фарзандлар) туғса, бу қиёмат белгиларидандир, агар яланғоч одамлар элга бошлиқ бўлсалар, бу қиёмат белгисидир. Бешта ғойибий (сир) нарса бор, уларни фақат Аллоҳ билур; – дея ушбу Луқмон сурасининг 34-оятини ўқидилар:

“Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билгувчи ва огоҳдир.””, – деб унинг аломатларини бирма-бир баён қилиб, унинг яқин қолганлигини билдирувчи баъзи аломатларни ушбу ҳадисларида санаб ўтдилар:

  1. Фарзандлар ўз ота-оналарига хўжайин ўз қулларига қилганидек қўпол муомалада бўлиши;
  2. Дин ва дунё ишлари кўзи оч, жоҳил кимсалар қўлига ўтиб, нолойиқ кишилар халқлар тепасига раҳбар бўлиши.[9]

Ушбу ҳадисни Имом Термизийнинг “Сунану Термизий” ҳадис тўпламида Умар ибн Хаттоб санади билан ривоят қилинган матнида[10] савол берувчи кимса Расулуллоҳдан саволининг жавобларини ҳар эшитган вақтларида “Тўғри айтдингиз” дея тасдиқлаб турган. Ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган саҳобий (Умар ибн Хаттоб): “Биз унинг ўзи сўраб ўзи жавобни тўғри эканлигини тасдиқ қилаётганидан ажабландик”, – дейди.

Кейин, ҳалиги киши қайтиб кетди. Жаноб Расулуллоҳ: “Қайтаринглар ҳалиги кишини (саҳобалар тушунсинлар деб шундай қилдилар)!”, – дедилар. Саҳобалар уни орқасидан чақиргани чиқишиб, топмадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келган кишини Жаброил а.с. эканлигини билганлар. Буни бошқаларга ҳам билдириб қўйиш учун уни қайтариб келишга буюрдилар, аммо уни ахтариб чиққан саҳобалар ўша сўровчини чиққанига бор-йўғи бир неча сониялар ўтган бўлсада ташқаридан у кимсани тополмай қайтишдилар. Шунда жаноб Расулуллоҳ: “Бу Жаброил алайҳи-с-салом эдилар, одамларга динларини ўргатиш учун келган эдилар”,[11] – дедилар.

Ҳадисдан маълум бўладики, фаришталар инсон қиёфасига кираолишлари мумкин экан. Шунингдек, бунинг мисоли Қуръони каримда ҳам келтирилган, яъни Жаброил а.с. Марям онамизнинг ҳузурларига инсон қиёфасида келган. Жумладан Иброҳим а.с. ва Лут а.с. ҳузурларига келган фаришталар ҳам инсон қиёфасида бўлган. Фаришталар Аллоҳ таолонинг қудрати ила турли қиёфа ва шаклларга кира олишлари мумкин.

Фаришталарнинг ҳар бирини ўз вазифалари мавжуд бўлиб, улардан фақат ваҳий келтиришга вакил қилинганлари, ёмғир ёғдиришга, онанинг қорнидаги ҳомила учун ва ҳоказо бундан бошқа вазифалар учун вакил қилинганлари бор. Уларнинг ҳар бирлари Аллоҳ таолонинг амрига ҳар доим итоатдадирлар ва ҳаргиз исён ва итоатсизлик қилмаслар.

Ҳадис олинадиган фойдалар;

  1. Савол сўраш одоблари ҳамда шартлари.
  2. Иймон-эътиқод, динга оид масала ва саволларни доим аҳли илмдан сўраш.
  3. Олим кишини эътиборсиз қолдирмаслик.
  4. Билган нарсасини бошқаларни ҳам билиб олишлари учун савол беришнинг жоизлиги.
  5. Иймон-эътиқодга доир илмга эга бўлишнинг шартлиги.
  6. Ислом динини арконларини билишга интилишнинг шарт эканлиги.
  7. Хайрли, савобли ишларни бажаришда лоқайд ва эътиборсиз бўлмаслик, аксинча ибодат ва солиҳ амалларни чин ихлос – Аллоҳ таоло кўриб турибди деган эътиқод билан бажариш.
  8. Қиёмат кунининг қачонлигини ёлғиз Аллоҳ таоло билиши ва бандалар учун уни қачон бўлиши эмас, балки ўша кунга нимани, қандай амалларни тақдим қилаётганлари муҳимроқ эканлиги. Қиёмат кунида бўладиган ҳисоб-китобга ҳозирлик кўришнинг лозимлиги, зеро ҳадисда Қиёмат куни борлиги алоҳида таъкидланмоқда.
  9. Инсоннинг билиш доирасини чегараланганлиги. Илм олмоқчи бўлган кишининг ўзи ва жамияти, дунёси ва охиратига фойдаси тегадиган илм сари интилмоқ зарурлиги.
Нодир ҚОБИЛОВ
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
 
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Тошкент ислом университети, 2002. Луқмон сураси, 34-оят таржимаси.
[2] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. 50- ҳадис. –Б18, ўша асар; 2-жуз, Қуръон тафсири китоби, 2-боб, 4777-ҳадис.–Б178. Қаранг: Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳу муслим. 9-ҳадис. –87.
[3] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. 50- ҳадис. –Б18.
[4] Суннатнинг онаси – Расули акрам с.а.в.дан ворид бўлган шариат йўлларининг манбаси, бошланадиган жойи.
[5] Илоҳий китоблар; Забур, Таврот, Инжил, Қуръони карим ҳисобланади. Шулардан учтаси – Забур, Таврот, Инжил, агар ўзининг асл ҳолатини йўқотмаганлари бўлса ҳам Қуръон нозил қилиниши билан ўз муддатини ўтаб бўлган илоҳий китоблар саналади.
[6] Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 136-оятида имон-эътиқод бандаларни ножот топишининг энг аввалий сабабларидан бири эканлигини таъкидлаб: “Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Расулига ва шу Расулига нозил қилинган китобига ҳамда илгари нозил қилинган китобларга иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди.” – деб бандалар аввало имонларини Ўзи буюрганидек даражада сақлашга чақиради. Иймон арконлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун ақоид китобларига мурожат қилинг.
[7] Ҳадисларда келтирилганидек, бир кунда беш вақт намоз фарз қилинган. Банда ўз нафс-хоҳишидан келиб чиқиб “Мен намозни уч маҳал ўқийман, мен фақат бомдодни (ёки бошқа беш вақтдан бирини) ўқийман” деб намозни ўз хоҳишига мослашга ҳаракат қилииши шариатга зиддир.
[8] Ислом дини арконлари ҳақида маълумот олиш учун батафсил илмга эга бўлиш учун ислом қонуншунослигига оид фиқҳ асарларини ўқиб-ўрганиш ёки хос устозлардан таълим олиш керак. Агар таълим олишга имконияти бўлмаса холи ҳаёти давомида шариат илми борасида ўзига йўл-йўриқ кўрсатадиган бир устозни топиш лозим бўлади. Жойлардаги имом-хатибларимиз бунинг учун кифоядир.
[9] Қиёмат аломатлари хусусида бошқа ҳадисларда ҳам бир неча тафсилотлар келтирилган. Шулардан; дин ва дунё ишлари ўзгача тус олиб, ҳақ ва ноҳақ аралашиб-қоришиб кетади, фитналар ва қотилликлар, табий офатлар, одамлар қўлида мол-дунё кўпаяди, дабдаба, исрофгарчилик авж олади. Одамлар иморатларининг баландлиги ҳамда молу давлатларининг кўплиги билан мақтанишга ўтадилар.
[10] Муҳамад ибн Исо ибн Савра ат-Термизий. Сунану Термизий. Жаброил а.с. сифатлари ҳақидаги боб, 2815-ҳадис.
[11] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. 50- ҳадис. –Б18, ўша асар; 2-жуз, Қуръон тафсири китоби, 2-боб, 4777-ҳадис. –Б 178. Қаранг: Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳу Муслим. 9-ҳадис. –Б 87.

Check Also

АЙЁМ ФАЗИЛАТИ: Етимнинг кафили

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва етимнинг кафили …