Home / Имом Бухорий ҳадислари / ИМОМ БУХОРИЙ АСАРЛАРИДА ЭКОЛОГИК МАСАЛАЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

ИМОМ БУХОРИЙ АСАРЛАРИДА ЭКОЛОГИК МАСАЛАЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Инсон вужудидаги қон тоза бўлса, киши соғлом бўлади. Билакс, инсон ҳаёти хавф остида қолади. Шунингдек, ҳаётимиз, соғлом ҳолда умргузаронлик қилишимиз бизни ўраб турган борлиқнинг тоза ва мусаффолигига боғлиқдир. Унда пайдо бўлаётган ҳар бир салбий ўзгариш соғлиғимизга таъсир ўтказади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганмиз”[1], деб марҳамат қилинган. Демак, оламдаги сув инсон вужудидаги қон кабидир.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи маҳаллаларимиздан оқиб ўтадиган анҳор ва ариқлар унга турли чиқиндиларни ташлаш оқибатида истеъмол учун умуман яроқсиз ҳолга келиб қолган.  

Экология инсон ҳаётининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Аллоҳ таоло биз мусулмонларни яшаб турган заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, берган неъматларини асраб авайлашга буюрган. Бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”[2] деган. Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам атроф-муҳитни тоза сақлаш ислом одобларидан эканлигини умматга қатъий тарзда уқтирганлар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).  Чунки инсон ҳаёти табиат билан чамбарчас боғлиқдир. Табиатнинг зарарланиши инсониятга салбий оқибатлар келтириши мумкинлигини   англамоғимиз лозим.

Ҳеч бир диёнатли инсон мазкур ҳадисда зикр этилган номақбул ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, бундай ишни қилаётганларни қайтаради. Ахлатни дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди. Ҳозирги кунда экология ва атроф-муҳитни тоза сақлаш мақсадида барча ҳудудларга ахлат ташлаш учун алоҳида жойлар қурилиб, чиқиндиларни ташиш учун махсус транспортлар қўйилган.

Инсон турмушининг ободлиги табиатнинг гуллаб яшнаши ва унинг давомийлиги билан узвий боғлиқдир. Атроф-муҳитдаги қаровсиз ерларни обод қилиш жамият учун улкан фойдалардан бири сифатида қаралади.  Имом Бухорий ҳазратлари ҳам экология муаммоси алоҳида эътиборга молик бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидан бу мавзуга оид бўлганларини ўзининг ҳадис тўпламига киритган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз кўлмак сувга пешоб қилмангиз, чунки сиздан кейин биров таҳорат олиши мумкин”, деганларини эшитган экан.[3]

Табиатни муҳофаза этиш Ислом дини таълимотларидан бири. Динимиз яшаб турган жойларимизнинг озода, ичимлик сувимизни тоза сақлашга, ўзимизни эса покиза юришга буюради. Поклик инсон зеҳнини ва иродасини мустаҳкамлайди, турмушини гўзал қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада умматига олий таълимотлар мажмуасининг муаллими сифатида кўплаб кўрсатма ва иршодларни муборак ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: “Аллоҳ та­оло барча нуқсонлардан муназзаҳ ва бенуқсон нарса­ларни дўст тутади. Унинг ўзи пок ва покизаликни хуш кўради. Унинг карами кенг, саховати чексиз, сахо­ватли банда­ла­рини дўст тутар. Шунинг учун ҳам, эй уммат­ла­рим, хонадонингиз ва унинг атрофини озода ва са­риш­та тутинглар!”. Ёки: “Покизалик ва поклик имон­нинг ярмига тенг келади”, десалар, яна бошқа бир ҳадисда: “Покизалик – имон аломатларидандир”, деб, пок турмуш тарзи имон-эътиқоднинг белгиси эканини маълум қила­ди­лар.

Инсон ўз уйига қандай  эътибор берса, теварак атрофига ҳам шундай муносабатда бўлиши лозим. Чунки бутун ер юзи инсонлар учун маскандир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат (дарахт) ёхуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосилидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бу унинг учун садақа бўлади” [4], дедилар. У зот бу ҳадислари билан умматини яшаб турган маскан ва ерларини обод қилишга, боғ-роғлар яратишга чақирдилар.

Демак, биз  ўзимиз яшаб турган жойга ва маҳалла-кўйга турли дарахт кўчатларини экиб, у ерни обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки  қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилганидек, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.

Жамият равнақига унинг замиридаги зиёнкор омилларни бартараф этиш орқали эришилади. Жаноб ҳақ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу йўлда арзимас бўлиб кўринган ишларни паст санамасдан, Аллоҳ таолодан савоб умидида амалга ошириш лозимлигини баён қиладилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир одам кетаётиб йўлда ётган тиканли шох-шаббага кўзи тушди ва уни четга олиб қўйди. Унинг бу хайрли иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳларини мағфират этди”, дедилар”[5].

Динимизда нафақат атроф-муҳитни тоза-озода сақлашга, балки  ҳайвонот оламига раҳм-шафқат қилиш, уларни асраш ҳам алоҳида ҳадислар орқали уқтирилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши йўлда кетаётиб, қаттиқ ташна бўлди. Йўлида бир қудуқ кўриниб қолди. Йўловчи унинг ичига тушиб сувидан ичди. Қудуқдан қайтиб чиққан вақтида бир ит ташналигидан ҳансираб, ҳўл тупроқ ялаётганини кўрди. “Бу бечора менга ўхшаш ташна экан”, деб ўйлади ва  қайта қудуққа тушиб, маҳсисига сувдан тўлдириб чиқиб итга ичирди. У кишининг қилган иши Аллоҳ таолога мақбул бўлиб, гуноҳини кечди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Ҳайвонларга қилинган яхшилигимиз учун ҳам бизларга савоб бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир юмшоқ жигарга қилинган яхшилик учун савоб бўлади”, дедилар”. [6]

  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир аёл мушукни очликда сақлаб ўлдирганлиги учун дўзахга тушди. Аллоҳ билади, у аёл “Бу мушукни қамаб қўйганингда на таом ва на сув бермадинг ёки ердаги ҳашаротлардан тутиб емоғи учун ўз ҳолига қўймадинг”, деб айтилади”[7], деб жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлишдан қайтардилар, бундай шафқатсизликларнинг охиратда ҳисоби борлигидан огоҳ этдилар.  

Ислом дини нафақат кишини ва унинг аҳли оиласини тасарруфидаги жойларни  покиза-озода сақлашга буюради, балки қўл остидаги ҳайвонларни ва уларнинг турар жойларини ҳам тоза-озода  тутишга буюради. Шунингдек, мусулмон киши қўл остидаги ҳайвонларни ва уларнинг ётоқ жойларини ҳам тоза-озода сақлашга ҳам масъулдир.

Ҳумайд ибн Молик ибн Ҳайсам айтди: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу менга: “Эй, биродар! Қўйларингга яхши қара, уларнинг ётадиган жойларини покиза, тоза тут, тумшуқларини тозалаб тур, устларидаги чанг, ғуборларни артиб юр, ётадиган жойлари атрофида намоз ўқийвер, чунки қўйлар жаннат ҳайвонларидандир. Мен жоним ўз ихтиёрида бўлган Зот (Аллоҳ) номи билан қасам ичиб айтаман, шундай бир вақтлар келадики, унда бир тўда қўй ўз эгасига Марвон ибн Ҳакамнинг ҳовлисидан ҳам яхшироқ бўлиб туюлади”, деди[8].  Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу нафақат чорва ҳайвонларни, балки уларни ётадиган жойларини ҳам намоз ўқишга яроқли даражада тоза тутишга буюрди.

Шубҳасиз, бу буйруқлар замирида инсоннинг саломатлигини, жамият поклигини асраш ётади. Биз ва авлодлар учун узоқ муддатли маскан бўлмиш она заминни экологик жиҳатдан тоза сақлаб, обод қилиш ўзимиз ва келажак авлод учун фойдалидир. Атрофимизни турли зарарли нарсалардан, ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва оиламизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз.   

[1] Анбиё сураси 30-оят.
[2] Бақара сураси, 205-оят.
[3] Имом Бухорий. Ал-Жомиъус саҳиҳ. Таҳорат китоби. 72-боб. Кўлмак сув тўғрисидаги боб.
[4] Имом Бухорий. Ал-Жомиъус саҳиҳ. Ер ҳайдаш китоби.
[5] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. 28-боб.
[6] Ал-Адаб ал-муфрад. 176-боб, 378-ҳадис.
Ҳадис матнидаги “Ҳар бир юмшоқ жигар” сўзи “ҳар бир тирик жон” маъносида. Бу ҳадис мазмунидан шариатда ўлдиришга буюрилган илон, чаён кабилардан бўлак ҳамма жониворларга яхшилик қилиш ва озор бермаслик кераклиги аниқ бўлади.
[7] Ал-Адаб ал-муфрад. 176-боб, 379-ҳадис.
[8] Имом Бухорий. Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. 260-боб. “Қўй, эчкилар баракали нарсалардир” боби.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Камсуқумлик ва камтарликнинг дурдона ибратлари

Аҳли ислом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши билади ва у зотнинг барча фазилатлари билан …