Home / Имом Бухорий ҳадислари / ИМОМ  БУХОРИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИДА ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ВА ГИГИЕНАСИГА ЭЪТИБОР 

ИМОМ  БУХОРИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИДА ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ВА ГИГИЕНАСИГА ЭЪТИБОР 

Маълумки, шариат аҳкомлари дин, жон, ақл, насл, мол-мулк муҳофазасидан иборат. Мана шу бештадан учтаси инсон саломатлигига тааллуқли масалаларни қамраган: жон, ақл ва насл муҳофазаси. Ислом шариати аҳкомларининг бешдан уч қисми инсон саломатлигига бағишланганининг ўзи ҳам бу диннинг нақадар умумбашарий эканлигини англатади.

Саломатлик ва унинг давомийлигини таъминлаш шубҳасиз инсон ҳаётидаги муҳим омиллардандир. Ислом динида инсон соғлиги масаласига эътибор қаратилар экан, касаллик бошланмасдан олдинроқ унинг олдини олиш зарурлиги таъкидланади. Уни келтириб чиқарувчи омиллар, инсон жисми ва маънавиятига зарар етказувчи иллатлардан муҳофаза қилишга чақиради. Шунингдек, ҳаёт рамзи бўлган сув тозалигини сақлаш, соф ҳаво ва гўзал иқлим гарови ҳисобланган дарахтларни беҳуда кесмасликка буюрилган.

Имом Бухорий инсон саломатлиги ва унга оид гигиеник масалаларга алоҳида аҳамият қаратиб, уларни батафсил ёритишга ҳаракат қилган. “Саҳиҳул Бухорий” тўпламига 75 бобдан иборат “Таҳорат китоби”, 29 бобдан иборат “Ғусл[1] китоби”ни ҳам киритган. Муҳаддис аллома келтирилган бу ҳадислар орқали бутун башариятни, энг аввало, покликка чақирган.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган “Поклик имоннинг ярмидир” мазмунидаги машҳур ҳадисда инсон мукаммал имонга эга бўлиши учун авваламбор тозалик ва озодаликка қатъий амал қилиши шарт экани уқтирилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳафтада бир марта баданни ва бошни ювиб туриш ҳар бир мўминга лозим” экани зикр қилганлар. Шунингдек, яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига енгиллик истаганлари сабабидангина уларга “ҳар таҳоратда мисвок тутишларини” буюрмаганлари келтирилади.

Пайғамбаримизнинг ҳадисларида айтилган ҳаётий кўрсатмаларни замонавий илмлар қатори бугунги кун тиббиётида ҳам тан олинмоқда. Бу эса уларнинг беқиёс аҳамиятга эга эканидан далолат беради.

Маълумки, ислом инсон маиший ҳаётининг энг майда жиҳатларигача жиддий эътибор қаратган. Пайғамбаримиз гигиена – соғлом турмуш тарзига алоҳида урғу бериб, аъзолар поклиги инсон саломатлигининг муҳим омил эканини таъкидлаганлар. Шунингдек, тозалик фитратдан эканлигини таъкидлаб, ҳатто бу масалада муайян муддат ва вақтлар ҳам аниқ белгиланганини зикр қилганлар.[2] Маълумки, фитрат деганда поклик, аслият, софлик назарда тутилади. Бинобарин, ҳар бир инсон фитратда дунёга келади. Бу фитрат фитрат – исломдир.

Шу ўринда давр ўтиши билан илм-фан тараққий этиши, турли воситаларнинг ҳам такомиллашиб боришини эътибордан қочирмаслик лозим. Ҳозирда турли кўриниш ва таркибга эга замонавий тиш тозалаш воситалари мисвок ўрнини эгаллади. Замонавий услуб ва воситалар инсон оғирини енгил қилишга қаратилгандир. Бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда жисм поклиги, имон саломатлигида қатъий бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг биринчи ўриндаги вазифаларидан ҳисобланади.

“Саҳиҳул Бухорий”да келган “Ўринга ётадиган бўлсанг, намозга таҳорат олганингдек таҳорат ол, кейин ўнг ёнинг билан ёт”[3] ҳадиси ҳам тенгсиз ҳикматга эга. Чунки инсон таҳорат олиш билан ўзида кун давомида йиғилган маънавий, жисмоний толиқиш ҳамда чарчоқдан халос бўлади ва тўлиқ қувват билан хотиржам ухлайди. Шу тариқа таҳорат инсоннинг асабий ҳолда ухлашининг олдини олади. Чунки таҳорат пайтида инсон тинчланади, ёмон хаёллар кетади.

Таҳоратнинг инсон саломатлиги учун яна бир қанча фойдалари бор. Кўзни қайта-қайта ювиб туриш трахома касаллигидан сақлайди. Оғиз, бурунни чайиб туруш эса грипп ва шунга ўхшаш юқумли касалликлардан ҳимоя қилади.

Имом Бухорийнинг бу икки машҳур асари – “Саҳиҳул Бухорий” ва “ал-Адаб ал-муфрад”да ушбу масалага бағишланган кўплаб ҳадислар келтирилган. “Ким қўли (ювилмасдан) ёғли ҳолда ухлаб қолиб, унга бирор мусибат етса, ўзидан бошқани маломат қилмасин[4]”, “Кундузнинг аввалида ухлаш нуқсон, ўртасида ухлаш ахлоқ, охирида ухлаш эса аҳмоқликдир” [5] ҳадислари шулар жумласидандир.

 Жумладан, таом егандан сўнг, қўлини ювмасдан ухлаш, куннинг жазирама иссиқ вақтида қуёш тиғида ўтириш, ўз вақтида дам олмаслик киши саломатлигига салбий таъсир этувчи омиллардан эканини Имом Бухорийнинг мазкур ҳадис тўпламида келтирилган.

Поклик ислом дини асоси бўлгани учун Рисолат соҳиби ўз  ҳадиси шарифларида кишиларни пок бўлишга уйини, кийимини, ошхона, хожатхона ва атрофини тоза тутишга, баданини, айниқса, бош, қўл ва тишини ювиб, тозалаб юришга ундаганлар.  Ҳатто, бу ўринда, инсон бажариладиган оддий кундалик вазифаларга оид одоб-ахлоқ қоидалари ҳам четда қолмаган. Ана шундай вазифалардан бири ҳожат одобидир. Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўпламининг “Таҳорат китоби”да  ҳожат ва ундан тозаланиш одоби чиройли тарзда баён қилинган.[6]

 “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўпламининг инсон гигиенасига оид томони қисман тадқиқ этилиб, эътиборингизга ҳавола қилинди. Албатта, бу мерос у зотнинг авлодлари учун бебаҳо хазинадир. Бу асарларни ўрганиб, ҳаётга татбиқ этишимиз икки дунё саодатига етказиб, маънан ва жисмонан соғлом инсон бўлиб тарбия топишимизга ёрдам беради.

[1] Ювиниш, покланиш.
[2] Қаранг: Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Адабу-л-муфрад. 606, 607, 608-боблар.
[3] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомиу-с-саҳиҳ. Таҳорат китоби. 79-боб.
[4]Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. 581-боб.
[5] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий.Ал-Адаб ал-муфрад. 593-боб
[6] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий.  Ал-Жомиъу-с-саҳиҳ. Таҳорат китоби. 20-боб, 58-боб.
Нодир Қобилов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходим

Check Also

ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

Маълумки, Ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида …