Home / МАҚОЛАЛАР / Одоб-ахлоқ инсоннинг юксак фазилатидир

Одоб-ахлоқ инсоннинг юксак фазилатидир

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Бежизга доно халқимиз “Гапнинг боши-калом, одоб боши-салом” демаган.

Бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто сизга қаршилик қилиб юрган кишингизнинг ҳузурига “Ассалому алайкум”, (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, у жаҳлидан тушади, кеки (хафа бўлиши) йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасини босиб кетади. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломлашишнинг ниҳояси баракотдир”, деганлар. Хабарларда келишича, энг яхши амал очларни тўйдириш ва таниган-танимаган кишига салом беришдир.

Ҳар бир халқнинг ўзига хос саломлашиш одоби бор. Аммо қуйидагича шарқона саломлашиш буларнинг энг гўзали ва чуқур маънолисидир: Оқил ва одобли киши дўстлари ва яқинлари билан учрашганда, одамлар олдидан ўтаётиб, бирор мажлис ёки жамоат жойига кирганда, “Ассалому алайкум”, деб салом бериши зарур. Саломни тўлиқ ва маънодор қилиш учун “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, яъни “Сизга тинчлик-омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин”, дейилади. Алик олиш ҳам саломга яраша чиройли ва мукаммал бўлиши керак.

Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади. Салом тўлиқ, сўзларни бузмай, одоб билан берилади, у “салом”, “сомалайкум”(маъноси: сизга ўлим бўлсин), “салом бердик”, “привет”, “хайрли кун” каби бузуқ шаклларда бўлмаслиги лозим. Улов (от, эшак, машина кабилар)даги киши- пиёдага, пиёда кетаётган одам- ўтирганга, озчилик- кўпчиликка, киччиклар- катталарга, юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедаги одамга биринчи бўлиб салом беради. Кўпчилик ўтирган жой ёки издиҳом (маърака)га кириб борган киши бир одамни хосламай ҳаммага салом беради, аммо ўтирганларнинг ичидан бир киши алик олса кифоя қилади. Салом берилсаю, аммо бирор киши ҳам алик олмаса, ўтирганларнинг ҳаммаси фарзни тарк қилган гуноҳкорлардан бўлади. Бошни қимирлатиб, овозсиз, фақат қўлни кўксига қўйиш билангина салом бериб ҳам, алик олиб ҳам бўлмайди. Салом-алик баралла, эшиттириб айтилиши керак. Ҳаддан ташқари энгашиб, ерга букилиб салом бериш одобимизда ман этилгган. Хиёл эгилиб салом бериш мумкин. Нотаниш кишиларга, ёш болаларга ҳам салом берилади. Учрашганда қандай салом берилса, хайрлашаётганда ҳам шундай салом билан ажрашилади. Ҳеч ким йўқ уйга кирганда ҳам салом берилади. Агар бирор киши биров орқали сизга салом айтиб юборган бўлса, бунинг жавобини (“Ассалому алайка ва алайҳи”, деб) дарров қайтаришингиз лозим. Салом мактуб орқали юборилган бўлса, дилингизда ёки хат орқали ёзма равишда “Ваъалайкум ассалом” дейилади. Чиройли аёлларга , бидъатчи, беҳаё, фосиқ, кофир кимсаларга салом берилмайди ва алик олинмайди. Саломга алик олиш мақбул бўлмаган (тўғри келмайдиган) ўринларда салом бериш макруҳ (-шариъатда ёмон иш деб эътибор қилинган амал) саналади. Қуръон ўқиётганга, намоз ўқиётганга, азон ёки такбир айтаётганга, ҳаммомда ювинаётган кишига, ҳожатхонада ўтирганга, номаҳрам аёлларга, оғзида таоми бўлган кишига, ухлаётганга, дуо, хутба ўқиётганга, ҳажда “Лаббайка” айтаётган эҳромли кишига салом бериб бўлмайди. Қўл бериб кўришганда, кафтни кафтга қўйиб, икки қўллаб кўришилади. Узрли ҳолатлардагина бир қўллаб кўришса бўлади. Узоқ кўришмаганда ёки яқин кишиларникига меҳмонга борганда, эркакларнинг қучоқлашиб кўришиши мақбул. (тўғри саналади) Бунда бир-бирини аввал ўнг кўкракка, кейин чап кўкракка босилади. Сўнгра қўл беришиб, ҳол-аҳвол сўралади. Аммо айрим кишилар ўртасида урфга киргандек, оғиз-бурун ўпишиб, калла, бошларини бир-бирининг бошига дукиштириб кўришишлари мутлақо одобимизга зиддир. Кўп замонлар кўришмаганда пешона ёки бошдан ўпса бўлади.

Олимлар, фазилатли кишилар, улуғ устозларнинг қўлидан ўпиш мумкин. Ёш болаларни бағрига босиб, эркалатиб, пешона ёки бошидан ўпса бўлади. Номаҳрам (бегона) аёллар билан қўл бериб кўришилмайди. Кўпчилик тўпланган жойларда кўришиш учун ҳаммани безовта қилиш шарт эмас, салом берилгач, қўлни кўксига қўйиб, “Кўришганимиз-сўрашганимиз”, дейилса кифоя.

Аллоҳ таоло барчаларимизга, севикли Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг суннатларига мукаммал эргашиб, Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлмоғимиз ҳамда динда фақиҳ кишилардан бўлиб, билганимизга амал қилишимизни насиб айласин!

 Кенжабек Солиев
Чуст тумани “Ғойиб Эронлар” масжиди имом хатиби 

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …