Home / МАҚОЛАЛАР / ЎРТА ОСИЁДА САЙЙИДЛАР ХОНАДОНЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ХУСУСИДА (2-қисм)

ЎРТА ОСИЁДА САЙЙИДЛАР ХОНАДОНЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ХУСУСИДА (2-қисм)

Саййидларнинг иккинчи даврдаги кўчиш ҳолати фақатгина Ўрта Осиё учун хос жараён эмас. Тадқиқотчиларнинг фикрича, XIII-XVI асрлар саййидларнинг кўчиши фаоллашган янги давр бўлиб, бунга аввало Арабистон жанубидаги сиёсий, табиий ва демографик танглик сабаб бўлган [19: 367]. Саййидларнинг кейинги асрларда Ўрта Осиёга кўчишининг асосий сабабларидан бири ҳам кўп ҳолатларда шу каби омиллар билан боғлиқ. Бу даврда маҳаллий хонадонлар вакилларининг тарих саҳнасига чиқиши, диний-сиёсий раҳнамо сифатида ўз хонадонига асос солиши кўпроқ кузатилади. Айнан улар бошқа саййидларга нисбатан энг муҳим мансабларни эгаллаган. Пирмаст, Хайрон Валий, карвак, гули сўрх саййидлари ёки Абдулқодир Гилоний авлодлари саййидлар учун белгиланган имтиёзлардан фойдаланган бўлсада, давлат марказий аппаратидаги амалларни эгаллашда саййидатойи, жўйборий ёки махдумиаъзамий хонадонлари билан рақобатлаша олмади. Улар асосан сўфийлик ёки аждодлари мозорида шайхлик фаолияти билан шуғулландилар.

Табиийки, ҳамма саййидлар ҳам тақдим қилинган ижтимоий-иқтисодий имтиёзлардан фойдалана олмаган. Обрў-эътиборли хонадонлар катта мол-мулк соҳиби айланган бўлса, айримлар ўртамиёна, баъзилар оддий ҳаёт кечирган. Аниқроғи саййидлар кейинги асрларда “саҳиҳ ал-насаб” (инсоннинг ота-онаси воситасида ўзлаштирган фазилати: насаб), “ҳасаб” (инсоннинг ўз ҳаёти давомида эгаллаган фазилати: илм, обрў) ҳамда ишончли ва тасдиқдан ўтган насабномага эгалик нуқтаи назаридан турли ижтимоий мақомга эга эди. Масалан, XVII асрда яссавий шайхларига бағишлаб ёзилган “Маноқиб ал-аҳёр” асарида Турон заминидаги энг эътиборли саййидлар сифатида саййидатойи, мирҳайдарий, Кермон ва Термиз саййидлари санаб ўтилган [25: 197]. Бу ерда “саралаш” мезонлари ҳақида маълумот келтирилмаган. Умуман олганда, саййидларни даражаларга ажратишда сиёсий, ғоявий ва ҳудудий омилларнинг таъсири кузатилади. Масалан, Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон (1313-1341) уни исломга киргизган Саййид ота муносабати кейинчалик саййидатойилар мавқеи-нинг ортишига хизмат қилган. Муаллифи номаълум “Маноқиби Саййид ота” рисоласида келтирилишича, “Ўзбекхон то менинг авлодларим ҳаёт экан ва сизнинг авлодларингиз бардавом экан нақобат сизнинг хонадонингизга тегишли бўлади”, деб аҳд қилган экан [9: 196 б; 17: 614]. Айрим истисно ҳолатларни назарда тутмаганда ҳақиқатан ҳам саййидатойилар тўрт аср давомида Бухоро ва Хива хонлигида нақиблик ва бошқа муҳим мансабларни эгаллаб келдилар.

Жўйборий ёки махдумиаъзамий хонадонлар ҳам обрў-эътиборда саййидатойилардан кам бўлмаган. Жўйбор хожалари номи билан танилган жўйборийлар-нинг келиб чиқиши масаласида ўша даврдаёқ турлича қарашлар мавжуд бўлган. Сабаби уларнинг насаби айрим манбаларда Аъражга боғланса, айримларида бу ҳолат кузатилмайди [25: 197; 22: 118-119]. Шунга қара-май, жўйборийлар Бухоро хонлигида уламоларнинг олий мансаби – шайхул исломи мақомини меросий тарзда эгаллаб келдилар (айрим узилишлар билан). Албатта бунда 1583 йил расман тахтни эгаллаган шайбоний Абдуллахоннинг (1583-1599) ўз пири Хожа Ислом Жўйборийни бу мансабга тайинлаши рамзий аҳамиятга эга бўлди. Махдумиаъзамийларнинг XVII-XIX асрларда Бухоро амирлиги (1747-1920), Қўқон хонлиги (1710-1876) ва Ёркенд хонлиги (1514-1679) ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган мавқеи ҳақида тўхталиб ўтиришимизга ҳожат бўлмаса керак. Зеро, бу мавзуда кўплаб тадқиқот-лар эълон қилинган.

Шу ўринда келиб чиқиши баҳсли ёки минтақада кам танилган баъзи саййидлар хонадонлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Аввало, мирҳайдарий саййидлари ҳақида. Хонадон номи XIII-XIV асрларда яшаб ўтган Шамсиддин Ҳайдар кабир Насафий (Бобо Араб, ваф. 1300 й.) ёки унинг набираси амир Шамсиддин Ҳайдар Касбавий (Мир Саййид Ҳайдар, ваф. 1365 й.) исмидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Амир Темурнинг пири Мир Саййид Бараканинг (ваф. 1403 й.) ўғлига тегишли қабртошдаги битиклар бу оиланинг Бобо Араб авлоди бўлганини тасдиқлайди (амир Шамсиддин Ҳайдар ибн амир Саййид Барака ибн амир Ҳусайн ибн амир Абдуллоҳ ибн амир Шамсиддин Ҳайдар Насафий) [23: 30, 32, 35]. Шу билан бирга ёзма манбаларда Мир Саййид Бараканинг Макка шарифларидан ёки Андҳуйнинг ҳасаний саййидларидан эканлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам учрайди [4: 448-449]. Бу масала алоҳида изланишни талаб қилгани боис бу ерда фақатгина мирҳайдарийларнинг тарқалиши ҳақидаги айрим фикрларни билдириш билан чекланамиз.

Бу хонадоннинг мирҳайдарий деб ном олиши борасида иккита тахминни айтиш мумкин: Биринчиси, хонадонга Шамсиддин Ҳайдар кабир Насафий асос солган. Лекин мирҳайдарий номи кейинчалик, тахминан XVI асрда оммалашган. Афсуски бу тахмин етарлича асосларга эга эмас. Аксинча, қарши фактлар мавжуд. Масалан, мирҳайдарийлар хонадонига XIII асрда асос солинганда, насабномаларда Мир Саййид Бараканинг ҳам шу хонадонга мансублиги фахр билан қайд этилган бўларди. Қолаверса, юқорида Мир Саййид Бараканинг Макка ёки Андҳуй саййидларидан бўлгани ҳақида маълумотлар ҳам борлигини эслаб ўтдик. Иккинчи тахмин мирҳайдарийлар асосчиси айнан амир Шамсиддин Ҳайдар Касбавий ва бу ном фақатгина ундан тарқалган оилаларга нисбатан ишлатилган. Унинг авлодларига тегишли қўлимиздаги насабнома ушбу хонадон вакилларининг тарқалиши ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган. Муҳими насабномада келтирилган насаб занжири Мир Саййид Ҳайдарнинг қабртошидаги матн билан бир хилда (амир Шамсиддин Ҳайдар ибн амир ал-кабир Жамолиддин Ҳайдар ибн Шамсиддин Ҳайдар кабир Насафий ибн амир Аҳмад ибн амир Саъид ибн амир Саййид Ҳусайн ибн амир Саййид Абдуллоҳ ибн амир Саййид Жаъфар ибн амир Иброҳим Муртазо ибн Имом Мусо Козим ибн имом Жаъфар Содиқ ибн имом Муҳаммад Боқир ибн Зайнулобидийн ибн имом Ҳусайн ибн Ҳазрат Али (р.а.). Шунингдек, вафот санаси ҳам насабномадаги назмий битик ва қабртошда бир хил – май-июнь, 1365 йил (ҳижрий 766 йил рамазон) қайд этилган [11; 23: 61]. XIX асрда ёзилган “Мажмаъ ал-ансоб” асарида ҳам икки марта мирҳайдарийлар насаби тилга олган. Бироқ иккиси ҳам тўлиқ эмас [1: 195, 197].

Мирҳайдарийлар насабномасида кўрсатилишича, Мир Саййид Ҳайдарнинг ўн нафар ўғли унинг учта хотинидан бўлган (биринчиси Исмоил Сомоний авлодидан бўлган аёл; иккинчиси Фохира биби бинти Хожа Содиқ Хивақий; учинчиси Тансуқ биби бинти Қутлуқ Темур). Хоразмдаги мирҳайдарийлар Хоразм ҳукмдори деб кўрсатилган Қутлуқ Темурнинг (Ўзбекхон даврида Қутлуғ Темур исмли Хоразм ноиби бўлган) қизидан туғилган амир Саййид Муҳаммаддан тарқалган. Хива хони Муҳаммад Баҳодирхон (1864-1910) томонидан 1907 йил 13 декабрь (ҳижрий 1325 йил 8 зулқаъда) куни берилган бир ёрлиқда Хиванинг Мирлар ва Абдураҳмон эшон масжидлари қавми ҳамда Гулбинбоғ мавзеида яшовчи элликка яқин мирҳайдарийлар хонадони истиқомат қилиши қайд этилган [11]. Бундан ташқари, мирҳайдарий саййидларнинг Бухоро тармоғи ҳам бўлган. Улар ҳақида Бухоро амирлиги сарой ҳужжатлари ва маҳаллий манбаларида айрим маълумотлар учраб туради. Улар орасида XVI-XVII асрларда яшаган Хожа Бузург ва Хожа Миракхўжа Бухоро тасаввуф муҳитида таниқли бўлган.

Тошкент воҳаси ва Фарғона водийси саййидлари ҳақидаги маълумотлар кам ва жуда тарқоқ. Ана шундай хонадонлардан бири Тошкентдаги гул-и сўрх саййидларидир. Уларнинг келиб чиқиши ҳақида маълумот берувчи оз сонли манбалардан бири XIX асрнинг 60-йилларида Тошкент қозихонасида тузилган насабни тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжатдир. Унга кўра, гул-и сўрх саййидларининг Самарқанд тармоғи Шоҳ Неъматуллоҳ Валийнинг тўнғич ўғли Саййид Халилуллоҳдан, Тошкент тармоғи эса кичик ўғли Саййид Маҳмуд Гисуийдан тарқалган (лекин иккала тармоқ вакилларига тегишли ҳужжат-ларда фарқлар мавжуд) [5]. Бугунги кунда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Шомир қори авлиё зиёратгоҳи ҳам хонадоннинг Тошкент тармоғига мансуб шахсга тегишли. Баъзи тадқиқотчилар бу зиёратгоҳнинг “Шоҳ Неъматуллоҳ валийга тегишли экани ва уни қадамжо сифатида эҳтиром кўрсатиш тўғрилиги ҳақида фикр билдирганлар [14: 280]. Аслида Шомир қорининг тўлиқ шакли Шоҳ Амир Фуқаро валий, асл исми эса Шоҳ Асадуллоҳ валий бўлган. Бу шахс ҳақида ёзма манбаларда қисқа маълумотлар мавжуд. Жумладан, Муҳаммад Ҳошимнинг “Насиматул қудс” (1622 йилда ёзилган) асарида Махдуми Аъзамнинг асҳоблари орасида Шоҳруҳияга дафн этилган “Мир Қаройи валий” исмли шахс тилга олинган. Мазкур шахс ва унинг қабри ҳақида “Мажмаъ ал-ансоб ва-л-ашжар” асари муаллифи ҳам эслаб ўтган [1: 29; 12: 226 а]. Бу икки маълумотдан Шоҳ Амир Фуқаро Валий назарда тутилганини англаш қийин эмас. Шоҳ Амир Фуқаро Валий мозори тегишли ҳужжатлардан маълум бўлишича, шайбоний Абдуллахон иккинчи қабр устига мақбара қурдириб, вақф мулклари ажратган. Демак, Шомир қори авлиё зиёратгоҳи Шоҳ Немаътуллоҳ Валийнинг қадамжоси эмас, балки унинг авлодидан бўлган саййидзода, айни пайтда Шайбонийлар даврининг обрўли мутасаввифи ҳақиқий қабридир. Бу хонадон вакиллари орасида Шоҳ Амир Фуқаро Валий инилари сифатида қайд этилган Саййид Мирак Валий (Мир Ҳусайн) ва Шоҳ Мир Ҳай Валий ҳам машҳур бўлган.

Фарғона водийсидаги машҳур саййидлар хонадонларидан бири бу караскан саййидларидир. Ушбу хонадон вакиллари Наманган вилояти Чортоқ туманида жойлашган Султон Саййид Карасконий мозори атрофида яшаб келган. Мозорнинг сақланиб қолган XV-XIX асрларга оид кўплаб тарихий ҳужжатлари орасида бирор бир насабнома қайд этилмаган [6]. Шунингдек, ҳозирда мозорнинг Ўзбекистон ва Россия федерациясидаги турли архив фондларига тарқалиб кетган тарихий ҳужжатлари орасида ушбу хонадоннинг келиб чиқишига оид бирор маълумотни учратмадик. Масалага ойдинлик киритиш учун 2015 йил кузида Султон Саййид мақбараси ва унинг яқинидаги масжидда бўлиб, маълумот қидирдик. Лекин бирор бир тайинли ҳужжат ҳам бу шахсга авлодман деган инсонларни топа олмадик. Султон Саййиднинг насаби ҳақидаги қисқагина маълумот изланишларимиз вақтида бошқа хонадонга тегишли насабномада матнида учраб қолди. Унга кўра караскан саййидлари ҳам ҳусайний бўлиб, насаби қуйидагича экан: Султон Саййид Карасконий ибн Саййид Жалолиддин ибн Саййид Муҳаммад – Муродбахш Валий ибн Мавлоно Абулғозий ибн Саййид Али Жаъфар ибн Мавлоно Султон Бурҳониддин ибн имом Муҳаммад Ҳовий ибн имом Нақий ибн имом Муҳаммад Тақий ибн имом Мусо Козим ибн Имом Боқир ибн Али Асғар. Шу тариқа Султон Саййид насаб занжири Ҳазрат Али (р.а.) гача етказилган.

Юқорида билдирилган мулоҳазаларни умумлаштириб айтганда, минтақада саййидлар тарихи ўтмишдаги сиёсий жараёнлар ва маданий-маънавий ҳаётда юз берган кўплаб масалаларга ҳам ойдинлик киритиши билан муҳим. Бу ўринда нафақат насабномалар, балки нарратив манбалар ҳамда маълум бир хонадонларга тегишли бошқа турдаги ҳужжатларни ҳам тадиқотларга жалб қилиш лозим. Албатта, Ўрта Осиёда саййидлар хонадонларининг шаклланиши ҳақидаги фикрларимиз қўлимизда мавжуд манбаларга асосан билдирилди. Келгусида қўлга киритиладиган янги маълумотлар уларни тўлдириш билан бирга яна-да аниқлик киритиши шубҳасиз. Умуман олганда, Ўрта Осиё ҳудудида мўътабар оилалар тарихи энди ривожланаётган йўналиш бўлгани сабаб, аввало, мавзуга оид манбалар тадқиқи ва нашрини амалга ошириш илк вазифалардан бўлиб турибди. Айниқса, юртдошларимиз тасарруфида қолаётган оилавий ҳужжатлар ва қўлёзмалардан соҳибларининг розилиги билан сифатли фотонусхалар олиш ва тадқиқотларга кенг жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абд ал-Кадир ибн Мухаммад-Амин. Маджма ал-ансаб ва-л-ашджар. Отв. Ред. А.К.Муминов. Введ., перевод с арабского, персидского и тюркского, коммен-тарии, подготовка факсимиле к изданию Ш.Х. Вохидова, А.К. Муминова, Б.Б. Аминова. – Алматы: Дайк-Пресс, 2005.
  2. Абу Исмоил Иброҳим Таботабо. Муҳожирони оли Абу Толиб. Машҳад, 1372. 686 б.
  3. Бабаджанов Б., Муминов А. Ал-Аърадж // Ислам на территории бывшей Российской империи. Энциклопедический словарь. Т. I. Москва, 2006.
  4. Бартольд В.В. О погребении Тимура / Соб. соч. Т. 2. Ч. 2. – Москва, 1964.
  5. Гул-и сўрх саййидлари насабномаси. С. Сиддиқов шахсий коллекцияси. Тошкент ш.
  6. Жувонмардиев А. XVI-XIX асрларда Фарғонада ер-сув масалаларига доир. Тошкент, 1965.
  7. Зинда Али. Самарат ул-машойих. ЎзРФАШИ фонди, қўлёзма 1336.
  8. Карвак саййидлари насабномаси. С.Ғайбуллаев шахсий коллекцияси. Тошкент ш.
  9. Маноқиби Саййид ота. РФ Санкт Петербург Шарқ қўлёзмалари институти фонди, қўлёзма А662/24. 186б-209б-варақлар.
  10. Мирзо Баҳодирхўжа. Муншаоти Мирзо Баҳодирхўжа. ЎзРФАШИ фонди, қўлёзма 2667.
  11. Мир Саййид Ҳайдар авлодлари насабномаси. И. Отаниёзов шахсий коллекцияси. Хоразм вил.
  12. Муҳаммад Ҳошим. Насимат ул-қудс. ЎзРФАШИ фонди, қўлёзма 388.
  13. Муҳиддинхон эшон насабномаси. В. Абдулкадиров шахсий коллекцияси. Самарқанд вил.
  14. Эралиев Б., Останақулов И., Абдулаҳатов Н. Ўзбекистон зиёратгоҳлари ва қадамжолари (Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри). Тошкент, 2015.
  15. Bernheimer T. The Rise of Sayyids and Sādāt: The Āl-Zubāra and other ‘Alids in Ninth- to Eleventh-Century Nishapur // Studia Islamica. No. 100/101. (2005).
  16. Bernheimer Т. The ‘Alids. The first Family of Islam, 750-1200. Edinburgh University Press, 2013.
  17. DeWeese D. Descendant of Sayyid Ata and the Rank of Naqib in Central Asia // Journal of the American Oriental Society. Vol. 114. No. 4 (Oct. – Dec., 1995).
  18. Lambton Ann K.S. Continuity and Change in Medieval Persia. Aspects of Administrative, Economic and Social History, 11th-14th Century. New York, 1988.
  19. Martin B.G. Arab Migrations to East Africa in Medieval Times // The International Journal of African Historical Studies, Vol. 7, No. 3 (1974).
  20. Mazar Documents from Xinjang and Ferghana (facsimile). Vol.3. Edited by A.Muminov, N.Abdulahatov, Y.Kawahara. Tokiyo, 2007.
  21. Morimoto K. Toward the Formation of Sayyido-Sharifology: Questioning Accepted Fact // The Journal of Sophia Asian Studies, No. 22. (2004).
  22. Muḥammad Amīn b. Mīrzā Muḥammad Zamān Bakhārī (Ṣufyānī). Muḥīṭ al-Tavāīkh (The Sea of Chronicles). Critical Edition and Introduction by Mehrdad Fallahzadeh and Forogh Hashabeiky. Brill: Leiden-Boston, 2014.
  23. Muminov A., Babadzhanov B. Amīr Temur and Sayyid Baraka // Central Asiatic Journal. 45 (2001). 1.
  24. Sayyids and Sharifs in Muslim Societies: The Living Links to the Prophet. Ed. Kazuo Morimoto. 2012.
  25. Schwarz F. Unser Weg schließt tausend Wege ein. Derwische und Gesellschaft im islamischen Mittelasien im 16. Jahrhundert. Berlin, 2000.
Ўктамбек СУЛТОНОВ,
тарих фанлари доктори

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …