Home / МАҚОЛАЛАР / “БУХОРО АМИРИ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ КУНДАЛИГИ” ВА “ТУРКИСТОН САЁҲАТЛАРИ” АСАРЛАРИДА БУХОРО ТАРИХИ МАСАЛАЛАРИ

“БУХОРО АМИРИ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ КУНДАЛИГИ” ВА “ТУРКИСТОН САЁҲАТЛАРИ” АСАРЛАРИДА БУХОРО ТАРИХИ МАСАЛАЛАРИ

Амир Музаффар даврида Россиянинг ярим мустамлакаси айлантирилган Бухоро амирлиги ички сиёсатда тўла мустақиллигини сақлаб қолган эди. 1885 йилда 28 ёшида тахтга ўтирган амир Абдулаҳадхон Бухорога Россиянинг тазйиқи кучайиб кетмаслигини олдини олиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида тез-тез Россияга сафар қилиб турган.

Амир Музаффар 1882 йилда тўртинчи ўғли ҳисобланган Абдулаҳадхонни ўзига валиаҳд қилиб тайинлаган ва 1883 йили унинг ваколатини тасдиқлатиб олиш учун Москва ва Петербургга жўнатган. Бу сафарда унга Ҳисор ҳокими Остонақул қўшбеги Аббосбий ўғли, Мирза Салимбек парвоначи ва бошқалар ҳамроҳлик қилишган. Саййид Мансур Олимийнинг ёзишича, Абдулаҳадхон бу сафари давомида император Александр III нинг тахтга чиқиш ва тож кийиш маросимларида қатнашган. 1883 йилдаги Петербург саёҳати ва кейинчалик Россияга қилган мунтазам сафарлар давомида рус маданияти ва у орқали Европа цивилизацияси ютуқлари билан танишиш унинг дунёқарашида кескин бурилиш ясаган. Ундаги ислоҳотчилик ғоялари ва амирлик ҳудудида таълим тизимида қайта қуришга мойилликнинг пайдо бўлиши ушбу сафарлар натижаси эди [1: 36].

Амир Абдулаҳадхоннинг Россияга навбатдаги сафари 1892 йил декабрида бошланган бўлиб, бунда у ўғли Мир Саййид Олимхонни Петербургдаги ҳарбий олий мактабга ўқишга жойлаштириш мақсадида борган ва ўзининг 1892 йил декабрь – 1893 йил февраль ойлари давомидаги сафари тафсилотларини кундалик тарзида ёзиб борган. Ушбу кундалик Исмоилбек Гаспиринский томонидан 1894 йилда Қозонда “Бухоро амири ҳазратлари-нинг кундалиги” сарлавҳаси остида нашр қилинган. Ушбу асар 1998 йилда “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналининг 3-4 сонларида ўзбек тилида чоп этилди.

Худди шу йили амир Абдулаҳадхоннинг таклифига биноан Бухоро амирлигига ташриф буюрган “жадидчиликнинг ғоявий отаси” Исмоилбек Гаспиринский (1851-1914) ҳам қилган сафари тафсилотлари асосида “Туркистон саёҳатлари” асарини ёзган. Ушбу асар “Таржимон” газетасининг 1893 йилги 29-38 сонларида ва бошқа бир қисми 40-43 сонларида босилган бўлиб, Тоҳир Қаҳҳор томонидан қрим-татар тилидан ўзбекчага ўгирилиб, “Жаҳон адабиёти” журналида нашр этилган [2: 78-103].

1892 йил декабрь ойида Бухоро амири Абдулаҳадхон, ўғли валиаҳд шаҳзода Мир Олим тўра ва сарой амалдорлардан Дурбинбийқул Қўшбеги, Туробқулбий Парвоначи Саркарда, Остонақулбий Парвоначи Закотчи, Ҳазратқул Тўқсабо, Мирзо Аҳмад Мушриф ҳамда Муҳаммад Юнус Мирохўрбоши ҳамроҳлигида Петербург сафарига отланади. Вақтинчалик мамлакатни бошқариб туришни Мулла Мир Бадриддин қозикалон, Турсунхўжа Садр ҳамда Мулла Жонмирзабий Парвоначидан иборат 3 кишилик кенгашга топширади [4: 3-4].

Амир Абдулаҳад Петербургга сафари давомида Асхабод (Ашхабод), Боку, Тифлис (Тбилиси) каби шаҳарларда ҳам бўлиб, у ердаги ижобий ўзгаришларни диққат билан кузатади. Тбилиси шаҳрида 800 талаба таҳсил олаётган гимназия фаолияти билан танишадилар. Гимназия ўқувчилари ўзларининг ҳарбий машқлари, китобдан олган билимлари, мусиқа соҳасидаги маҳоратларини намойиш этадилар.

Петербургга борганларида, шаҳар ҳокими амирни ўт ўчириш командасининг иши билан танишишга таклиф этади. Амир Абдулаҳад ўт ўчирувчилар фаолиятини кузатиб: “Саройдан чиққанимда кўз ўнгимизда соз кийинган ва бақувват навкарлардан иборат саф тортиб турган сипоҳ билан араваларда сув тўлдирилган бочкалар, сув тортгич насослар ва ўт ўчириш учун зарур бўлган бошқа жиҳозлар ва мосламалар намоён бўлди. Ёнғин ҳақидаги хатарли хабарни олиши билан, навкарлар сафи аравалар сари югуриб келди, бир неча дақиқа ичида уларга улов-отларни қўшиб, жўнашга шай бўлиб турди. Бошлиқларнинг ишораси билан ёнғин чиққани тахмин қилинаётган ерга от чоптириб бориб, уни шу қадар тез ва чаққонлик билан ўчира бошлади-ларки, модомики, совук қиш мавсуми бўлмаганда эди, ушбу жойда бир неча дақиқа ичида кўл пайдо бўлур эди. Билгиликки, ўт ўчириш сипоҳи подшо аъло ҳазратлари томонидан фақат аҳолининг осойишталиги-ю, хавфсизлиги йўлида ташкил қилинган ҳамда у давлат хазинасидан катта-катта харжларни талаб қилади. Ушбу сипоҳнинг иши билан яқиндан танишиб, унинг ўқув машғулотларини кўриб бўлгач, барча навкарлар қаршимиздан саф тортиб ўтди”, – деб ёзади.

Сўнгра Ташқи ишлар вазирининг ўғли жаноб Гирс ва генерал Разгоновлар ва маҳаллий мулозим-лари билан бирга амир кўр ва карлар мактабини бориб кўришади. Ушбу мактаб императорнинг хоҳишига кўра, ҳар икки жинсдаги кўр ва кар болалар учун таъсис этилган бўлиб, давлат ҳисоби-дан фаолият кўрсатган. Мактабда бундай болалар ўқиш, ёзиш ва имо-ишоралар ёрдамида сўзлашишга ўргатилган. У бир нечта бўлимлардан иборат бўлиб, йигитлар ва қизлар алоҳида бўлимларда таҳсил олган. Аҳволи ночор ота-оналарнинг фарзандлари ёки буткул ота-онасиз етимларга бу ерда, ҳар бирининг иқтидорига қараб, турли ҳунарлар ўргатилган, хусусан, қизлар кашта тикиш, турли таомлар тайёрлаш ва ўзларига мос ишларни ўрганса, ўғил болалар дурадгорлик, тикувчилик, этикдўзлик ва бошқа шу каби ҳунарларни эгаллаганлар. Мазкур таълим тизими ногирон йигит-қизларга мактабни битириб чиққач, бирор ҳунар билан машғул бўлиб, четдан ёрдамга муҳтож бўлмай, ўз меҳнати эвазига турмуш кечириш имконини берган. Амир Абдулаҳад “Бу фойдали ва савобли муассасани Император аъло ҳазратлари ёлғиз фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб таъсис этганки, улар ҳам ўз подшоҳларини севадилар ва қадрлайдилар”, – дейди [4: 42-46].

1897 йилда амир Абдулаҳадхон топшириғига кўра, Бухоро шаҳрида майиб, ногирон ва нимжонлар учун замонавий тартибдаги ногиронлар уйи ташкил этилиб, улар кунига икки маҳал иссиқ овқат билан таъминланган [3: 2]. Шунингдек, амир ҳомийлиги ва назорати остида Бухоро шаҳрида замонавий шифохона ва дорихона фаолият юритар эди [2: 92].

1893 йилнинг феврал ойида амир Боғчасарой, сўнгра Севастополь шаҳрига боради ва у ерда Исмоилбекни қабул қилиб, суҳбатлашади ҳамда уни Бухорога таклиф қилади. Бу учрашувда Исмоилбек Гаспиринский “Сафарномаи олия”ни китоб ҳолида нашр қилишга ва Бухоро ахолиси учун “Муаллими лисони русий” номида бир дарслик ёзишга ваъда беради [4: 79]. 

Амир Бухорога қайтишда Тбилиси шаҳридаги ипакчилик станцияси ва ўт ўчириш командасининг казармаси иш фаолияти билан ҳам танишади. Бокуга келганида керосин заводига бориб, у ердаги асбоб-ускуналар ва уларнинг ишлаши структураси билан танишади.

Ашхабодда амир ва унинг ҳамроҳларини генерал Куропаткин кутиб олади ва амир шарафига ҳарбий кўрик ташкил этади. Ҳарбий кўрик тугагач, уларни шаҳарга қайтишаётганда, бир томонда казаклар, иккинчи томонда туркман миршаблари чавандозлик қилиб кузатиб борадилар. Амир “кундалиги”да туркман сарбозлари ҳақида: “Ҳақиқат юзасидан айтиш керакки, туркман миршаблари казаклардан бир оз бўлса-да қолишмас эдиларки, бу ҳол бизнинг назаримизда қадимда ўтган доноларнинг “Икки нарса бир-бирининг кўмагисиз бирон қимматга эга эмас”, – деган ҳикматли сўзларнинг исботи бўлиб хизмат қиларди. Шунинг билан бирга туркманларнинг ҳарб ишда эришган муваффақиятлари бизда Бухоро қўшинини ҳам тубдан қайта қуриш ниятини туғдирди, зеро туркманлар кўп жиҳатдан Бухоро халқларидан паст турадилар. Ҳеч шубҳамиз йўқки, Бухоро лашкарларидан тажрибали Оврупо ҳарбий мутахассислари раҳбарлигида муносиб жангчилар етишиб чиқади ва улар, зарурат туғилганда, ҳам ўз ватани учун, ҳам дўстлар учун фойда келтиради”, – дейди [2: 155].

Амир Абдулаҳадхон Бухорога қайтгандан сўнг ҳарбий соҳани ривожлантиришга қаратилган муҳим тадбирларни амалга оширади.

Орадан 2 ойдан зиёдроқ вақт ўтиб, 1893 йил 10 май куни Исмоил Гаспиринский Бухоро амирлигига қараб йўл олади. Исмоилбекнинг Бухоро амирлиги ҳақидаги дастлабки таассуротлари Чоржўй бек­лигидан бошланади. У беклик ҳақида: “Янги бир дунёга келгандек, кўнглимиз нурларга тўлди, латиф бир вилоят бағрида эдик. Атроф дон-дун далалари, мевали боғлар, теракзорлар ва толзорлар, шарқираб оқаётган ариқлар билан безанган эди. Бу яшиллик орасида пахсали иморатлар, қалъалар, қишлоқлар, қўрғону қўрғончалар… Бу гўзал ерлар Бухоро хонлигининг Чоржўй беклигига мансуб экан” [2: 88], – дейди.

Янги Бухорога етиб келгач, сиёсий агент Лессар Россияда бўлгани сабабли унинг ўринбосари Клем билан учрашади. Туркий ва форсийда бемалол гаплаша оладиган, ҳар жиҳатдан маълумоти етук, хуш-муомала, табиати ўта нозик, ёқимли, маданиятли маъмур, шарқча назокат соҳиби бўлган Клем Исмоил Гаспиринскийда яхши таасурот қолдиради. Клемга Бухорога келиши сабабларини айтгач, Бухоро шаҳрига қараб йўл олади.

Амир Абдулаҳадхон топшириғига биноан тош ётқизилган темир йўл бекати ва Бухоро орасидаги 11 верстлик (11,66 км) йўлдан борар экан, амирнинг бу бунёдкорлик ишини халқпарварлик самараси, деб атайди.

Исмоилбек ўз асарида Бухоро амирлигининг пойтахти бўлган Бухоро шаҳри ҳақида қуйидаги-ларни ёзади: “Бухоройи шариф атрофи боғ билан ўралган текисликдаги гўзал бир шаҳардир. Атрофи қалин ва юксак деворлар билан ўралган қалъадир. Темир билан қопланган катта дарвозаларидан шаҳарга кириладир. Улар оқшомдан сўнг беркитиладир. Кечаси кирган-чиққанлар алоҳида сўроқ саволга тутилиб сўнгра йўл очиладир. Русия фуқаро-лари учун дарвозалар ҳар вақт очиқдир. Лекин Бухоро фуқароси оқшомдан кейин шаҳарга кириб-чиқмайдир, қадимдан одат шундайдир” [2: 89].

Шаҳар кўчалари ва бозорларининг тоза ва озодалиги, ўлкада ўғрилик ҳодисаси ниҳоятда озлиги, майхоналарнинг йўқлигини айтиб, “100 йил олдин Қримда ҳам шунақа эди”, – деб таъкидлайди.

Бухорода фаолият юритаётган почта ва телеграфхона фаолиятига ҳам тўхталиб ўтиб, Бухоронинг гавжум бозорлари ва у ерда сотилаётган Россия, Туркистон, Хитой, Эрон, Ҳиндистон ва инглиз давлатларидан келтирилган турли хил товарлар ва карвонсаройлар ҳақида маълумот беради.

Тошкентда бўлган чоғида шаҳарни Самарқанд ва Бухоро билан солиштириб: “Мусулмонлар яшайдиган Тошкентнинг қурилиши Бухоро ва Самарқандга ўхшайди, кўчалари тор ва аҳоли тиғиз жойлашган. Тошкентдаги масжид ва мадрасалар қанчалар улкан ва чиройли бўлмасин, Бухоро ва Самарқанддаги бундайин иморатлар билан бўй ўлчашолмайдир. Бозорлари ҳам Бухороникидай мол-матога тўла ва бой эмас” [2: 97], – деб ёзади.

Исмоилбек Амир Абдулаҳадхон Шаҳрисабзда бўлгани учун Бухоро қўшбеги Жонмирзабий билан учрашади. У Исмоилбек Гаспиринскийни жуда яхши кутиб олади. И. Гаспиринский асарида қўшбегини “45-46 ларга кирган саодатманд вазир жаноблари барваста, қора соқолли бағоят чиройли қиёфадаги бир одамдир”, деб таърифлайди. Ўша куни хазиначи Остонақул парвоначи ва шайхул ислом мақомидаги қозикалон Бадриддин билан учрашади. Қозикалон билан усули жадида, яъни 6 ойда ўқиш-ёзишни ўрганилаётганлиги хусусида гаплашиб, “Хўжаи сибён” (Болалар мураббийси) дарслигини ҳадя этади. Қозикалон Исмоилбекнинг нима демоқчилигини дарҳол фаҳмлаб: “Бу каби алифбо форсийда бўлса, бу ерларда янада рағбатла қаршиланарди” [2: 90, 92], деб жавоб беради.

Исмоилбек Гаспиринский Остонақул парво­начини “жуда ёш ва фаҳми ўткир одамдир. Бухоронинг молия бошқаруви ва хазинасининг ҳисоб-китоби унинг қўлида”, – деб, қозикалонни эса “Оқ соқолли, мулойим чеҳрали бир уламодир. Бир кўришдаёқ бу одамни ёқтириб қолдим. Бир оз суҳбатлашишим биланоқ унинг кўп тафаккурли, фаҳми майдон зот эканлигини англадим. Қозикалон Бухоройи шарифнинг қозисидир, яъни Истанбул шайхулисломи мақомидадир”, – деб таърифлайди.

Исмоилбек Бухорода 4 кун бўлиб, шаҳарни томоша қилади. Бухоро масжид ва мадрасаларини кўради. Таътил вақти бўлишига қарамай, бир қатор мадрасаларни кириб кўриб, бир-икки талаба билан суҳбатлашади. Мадрасаларнинг барчасида ўқитиш эски усулда эканидан, арабий илмлар ва адабиётдан бошқа фанлар ўқитилмаслигидан афсусланади.  Бошланғич мактаблардаги аҳволдан ташвишланиб, жадид мактаблари ташкил этиш кераклигини тавсия қилади.

Мадрасалардаги таълим тизими ҳақида: “Олий мадрасаларда диний илмлар юксак савияда ўқитиладир. Лекин мўғиллар босқинидан сўнг ислом ўлкалари учраган инқироз ва қолоқликдан Бухоро ҳам мустасно эмасдир. Ўтмиш даврларда эътибор қозонган астрономия, тиб, ҳандаса, кимё ва бошқа фанлар кейинги замонларда бу ерда унутилиб юборилган. Умидвормизки, Теҳронда, Истанбулда, Мисрда, Бомбейда янгидан жонланган бу тур илмлар Бухоройи шарифда ҳам тирилиб қолар…”, – деб ёзади.

Исмоилбек Гаспиринский Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига боради. Ҳазрат Баҳоуддин наслидан 200 қадар дарвеш борлигини, зиёратга Хитой, Қошғар, Ҳиндистон, Афғонистон ва Туркистоннинг ҳар тарафидан зиёратчилар келиб-кетишини айтиб: “Шарқ мусулмонлари учун бундан буюк зиёратгоҳ йўқдир” [2: 93], – дейди.

Зиёратдан қайтиб, қўшбеги билан учрашганида, амир Исмоилбек Гаспиринский билан Қуръон ҳайити арафасида учрашишга истак билдиргани айтади. Исмоил Гаспиринский у вақтгача, Самарқанд ва Тошкент сафарларида бўлишини, Самар-қандга қайтганини телеграмма орқали билдири-шини айтади.

Исмоил Гаспиринский Самарқандда Мажид Ғанизода билан учрашади ва биргаликда Шаҳрисабзга йўл оладилар.  12 июнь куни амир Абдулаҳадхон Исмоил Гаспиринский ва Мажид Ғанизодани қабул қилади. Исмоил Гаспиринский суҳбат чоғида Россиядаги таълим тизими ҳақида қисқача маълумот беради.

Бухоро амири Абдулаҳадхоннинг “кундалиги” ва Исмоил Гаспиринскийнинг “саёҳатномаси”ни ўқир эканмиз, XIX аср охирида Бухоро амирлиги ва Россия, шунингдек, ҳозирги Туркманистон, Озарбайжон, Грузия давлатларининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий тарихи ҳақидаги маълумотларга эга бўламиз. Амир Абдулаҳадхоннинг Москва, Петербург, Тбилиси, Боку ва Ашхабод шаҳарларидаги ўзгаришларни кўриб, хулоса чиқариб, мамлакатда ислоҳотлар амалга оширганига гувоҳ бўлсак, Исмоилбек Гаспиринский саёҳатномаси асосида 124 йил олдин обод ва фаровон Бухоро шаҳри, унинг тарихий обидалари, бозорлари ва Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасининг мусулмон шарқи учун энг буюк зиёратгоҳ бўлганини билиб оламиз. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ушбу икки асар XIX  аср охирида Бухоро амирлиги, Россия, ҳозирги Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия давлатларининг этнографик, ижтимоий, иқтисодий, маданий тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Дилноза ЖАМОЛОВА,
ЎзФА Тарих институти докторанти
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Амир Абдулаҳадхон ёхуд “ожиз” ҳукмдор // Бухоро мавжлари, 2007, № 2.
  2. Исмоилбек Ғаспарали. Туркистон саёҳатлари // (Қрим-татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси), “Жаҳон адабиёти”, № 10, 2010.
  3. Местная известия. Богадельная его высочества Эмира // Туркестанская ведомость, № 9, 2 февраля 1897 года.
  4. Точный перевод дневника его светлости эмира Бухарского // Представляет И. Гаспиринский из Бахчисарай. Казань, 1894.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …