Home / МАҚОЛАЛАР / ИНСОН – МУКАРРАМ ЗОТ

ИНСОН – МУКАРРАМ ЗОТ

Инсон ва унинг мавқеи хақида сўз юритилар экан, аввало ислом дини инсон зотига дунёдаги барча нарсалар унга беминнат хизмат қилиши учун яратилган зот сифатида қарашлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Исро” сурасида:

﴿وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَىٰ كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلا ﴾

“Дарҳақиқат, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”[1], деган.

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи манфаати учун зарур бўлган барча нарсаларни муҳайё қилди. Азизликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Шубҳасиз, бу дунёда ҳам охиратда ҳам бу афзаллик ва неъматларнинг масъулияти ва жавобгарлиги бор.

Инсон зотини инсонлик чегарасида туриши уни азиз ва мукаррамлик рутбасида туришлигини аосий омилидир. Шу сабабли Аллоҳ таоло уни фитратини яхшилик ва ёмонликни ажратадиган қилиб яратиб, икки дунё саодатига етказадиган қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Ислом дини келиши билан инсон ўзининг азизлигини, қадри баланд эканлигини, бу дунёга нима учун келганлигини англаб етди. Ўзининг буюклигини, қудрати ва маъбудлигини танитишни ирода қилган Аллоҳ, Одамни яратмоқ учун унинг хизматида бўладиган дунё ва унинг ичидаги ҳамма нарсаларни мукаммал пайдо қилиб, жума кунининг охирида, яъни аср билан шом орасида Одам алайҳиссаломни яратди[2].

Шариати исломнинг энг аввал кўтарган муаммоси, инсон шаънининг буюклиги, унинг қадрини юксаклиги, инсон зотининг мукаррамлигидир. Аллоҳ субҳанаҳу таоло Бақара сурасининг 30-оятидаги:

“Эсланг, (эй, Муҳаммад,) Раббингиз фаришталарга: «Мен Ерда халифа (ўринбосар, Одам) яратмоқчиман! ….»”, деган сўзи орқали инсон зотини Ер юзини ислоҳ қилувчи бир ўринбосар мақомидаги жонзотни яратганини баён қилиб, инсон даражаси нақадар буюк эканлигига ишора қилади.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон зотини ҳаддидан ошмаслиги учун уни нимадан яратганини Қуръони каримда алоҳида эслатган: “Биз инсонни (Одам Атони) қора балчиқдан (олиб, сўнг) қуритилган лойдан яратганмиз.[3] “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик”[4]. Даҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни қора балчиқ тупроқдан олиб қуритилган лойдан уни жуда чиройли сувратда яратди. Инсондан бошқа маҳлуқотлар Аллоҳ таолонинг “Бўл!” деган амри билан пайдо бўлган. Лекин инсонни Ўз қудрат қўли билан энг гўзал шаклда илоҳий ижод ила яратган.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, инсон Аллоҳ таолонинг ердаги халифаси – ўринбосари, ер юзини ислоҳ қилувчиси, бунёдкоридир. Аллоҳ таоло инсонни барча махлуқотлардан афзал ва мукаррам қилиб, унинг қадрини буюк қилиб яратди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганда унга барча нарсаларнинг исмини ва ҳикматини билдирди: “(Аллоҳ) Одам (Ато)га барча номларни ўргатди…”[5]. Баъзи “тарихчи олимлар” даъво қилганидек илк одамзот ҳеч нарсани билмайдиган саводсиз оми, уқувсиз бўлмаган, аксинча Аллоҳ таоло илк Одамни ўз қўли билан ижод қилди, алломаи замон қилиб яратиб, барча фаришталарини унга таъзим қилдирди ва унга пайғамбарлик мақомини берди.

Аллоҳ таоло инсонни чиройли, хушбичим сувратда яратиб, унга ер юзида Ўзига халифалик – ўринбосарлик мақомини бериш билан тўхтаб қолмасдан Одамга Ўз руҳидан жон ато этди ва унга Ўз ҳузуридаги олий махлуқотлар – фаришталарни унга эгилиб салом бердирди: “Эсланг, Раббингиз фаришталарга деган эди: “Албатта, мен лойдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки, уни ростлаб, унга руҳимдан пуфлаганимдан сўнг, унга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар!””[6]

Ушбу оятлар Одам алайҳиссалом ва унинг фарзандлари бўлмиш бутун инсониятга бошқа махлуқотларга нисбатан олий мақом берилганини англатади-ки, агар инсон ўзини ўзи хорламаса, уни бошқа махлуқотлар хорламайди. Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини ўзи поймол қилмаса, бошқа махлуқотлар поймол қилмайди. Инсон бир-бирига зулм қилмаса, бошқа махлуқотлар унга ҳаргиз зулм қилмайди.

Аммо, инсон қадрини юксак қилиб, уни Ўзига ўринбосар қилган Олий Зот уни зиммасига мана юксаклик қадар улкан масъулиятларни – Ўзининг буюк омонатини ҳам юклади-ки, ўз навбатида бу масъулиятни бирор махлуқот кўтаришни ўз зиммасига олмаган эди.

 “Албатта Биз бу омонатни (яъни шариати исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди.”[7] Яъни, бу юкланаётган омонатнинг нақадар оғир юк эканлигини, унинг ниҳоятда улкан масъулият эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда у омонатни ўз зиммасига олди. Ояти каримада инсон ўз зиммасига олган бу омонат – Аллоҳ таолонинг барча амру фармонларига итоат этиш вазифаси, ҳатто осмону замин ва тоғу тошлар ҳам кўтара олмаган оғир ва масъулиятли вазифа эканлиги таъкидланади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсон қадрини юксакларга кўтарди. Аллоҳ таоло инсон отаси – Одам алайҳиссаломга фаришталарини сажда қилдирди, уларга билдирмаган нарсаларини билдирди. Аммо, Инсон ўзининг нодонлиги сабабли зулму туғёнга кетиб, ҳидоят йўлидан адашса, ўз зиммасидаги мана шу масъулиятли омонатни унутса, унинг бу ишини оқибати жуда аянчли бўлиши мумкин. Бу ҳақда Анъом сурасининг 132-133-оятларида шундай хабар берилади: “Ҳар ким учун қилган амалларидан даражот-савоблар бор. Парвардигорингиз уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир.” “Парвардигорингиз беҳожат ва меҳрибондир. (Эй золимлар), агар хоҳласа худди сизларни бошқа қавмнинг зурриётидан пайдо қилгани каби сизларни кетказиб, ортингиздан истаган халқни халифа – ўринбосар қилур.” Зеро, ер юзида уни Ўзига ўринбосар қилиб яратган Зот инсоннинг ҳар бир қилиб турган яхши ва ёмон ишларидан хабардордир.

Инсон хатокор, гуноҳкордир. Шундай бўлсада, ҳар бир инсон яхши англаши лозим бўлган олий ҳақиқат – у азиз ва мукаррамдир, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги оқил ва масъулиятли халифасидир.

“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукурдир.”[8]

“Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.”[9]

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолони инсон қадрини юксалтириш йўлида унга берган неъматларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Инсон зотидан талаб қилинадиган нарса, фақат Аллоҳ таолонинг итоатида ҳаёт кечиришлик, ибодат ва шукрда бардавом бўлиш.

Албатта, бу айтилганлар фақат бу дунёда инсонга берилган неъматлар. Улар ҳар қанча кўп бўлмасин охиратда бериладиган неъматлар олдида бир арзимас неъматлардир. Бу дунёда бизни азиз ва мукаррам қилиб қадримизни юксак қилган Зот охиратда ҳам бизни Ўзининг раҳмату мағфиратидан дариғ тутмай, жаннатига дохил қилиб, азиз ва мукаррам қилсин.

Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1]  “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. А. Мансур. Т:, ТИУ. 2004. “Исро” сураси, 70-оят таржимаси.
[2] Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод. Комил инсонлар йўлидан. Мовароуннаҳр. Т., 2003 й. Б.13.
[3] “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. А. Мансур. Т:, ТИУ. 2004. “Ҳижр” сураси, 26-оят мазмуни.
[4] Тийн, 4. 
[5] Бақара, 31.
[6] Сод, 71-72.
[7] Аҳзоб, 72.
[8] Иброҳим, 34.
[9] Наҳл, 18.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …