Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръон қиссалари: Ҳасад ва кибрнинг оқибати

Қуръон қиссалари: Ҳасад ва кибрнинг оқибати

Қуръони каримнинг Фил сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

(Эй, Муҳаммад!) Раббингиз “фил эгалари”ни не қилганини кўрмадингизми? (У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими?! Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди. (Улар) сопол тошлар билан уларни отар эди. (Бас) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди.

Беш оятдан иборат мазкур сурада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларидан тахминан олти ойлар олдин бўлиб ўтган улкан бир ҳодиса, яъни фил воқеаси ҳақида хабар берилган. Суранинг биринчи ояти тафсирида бундай дейилади: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам (фил воқеасини) билдингиз, (бу оят) сизнинг асрингиз одамлари ёки улардан кейингиларнинг билмоғи учундир” (Имом Фахриддин Розий). 

Ривоятларда, Асҳама Нажжошийдан олдинги Яман ҳукмдори Абраҳа ибн Сабоҳ экани айтилади. Абраҳа мамлакат маркази Санъо шаҳрида Қулайс номли бир ибодатхона қурдирган бўлиб, у Рум ва Шом ҳудудидаги иморатлар ичида  маҳобатли бўлиб кўринарди. Каниса битгач, Абраҳа Ҳабаш подшоҳи Нажжошийга шундай мазмунда мактуб йўллайди: “Мен сиз учун сиздан олдинги подшолар кўрмаган, ўхшаши йўқ бир ибодатхона қурдим. Энди арабларнинг Каъбасига келадиган зиёратчиларни ҳам шу тарафга бурамиз”. 

Араблар Абраҳанинг Нажжошийга йўллаган мактубидан хабар топиб, нафратланишди. Бани Кинона қабиласидан бўлган бир киши Яманга келиб, канисага киради ва у ерда таҳорат ушатди. Абраҳа каниса ичига қараса, ахлат бўлибди. У ходимларидан бу кимнинг иши, деб сўраса, улар Каъба томондан келган бир киши қилган, дейишди. Бу ҳолат шундайига ҳам ҳасад қилиб юрган Абраҳанинг жаҳлининг янада ошишига сабаб бўлди ва: “Арабларнинг Каъбасини бундан кейин асло ҳаж қилолмайдиган қилиб бузиб ташламагунимча, Маккани харобага айлантирмагунимча тинчимайман”, дея қасам ичди.

Натижада, Абраҳа ҳабашистонликлар ҳамроҳлигида олтмиш мингдан ортиқ улкан қўшинни Макка томонга бошлаб келди. Қўшиннинг олдида сараланган энг кучли жангчи филлардан ўн иккитаси бор эди. Қўшин “Муғаммас”га келиб тўхтади. Абраҳа қани Макканинг бошлиғини чақиринглар, деди. Шунда аскарлар Каъба оқсоқоли – ҳожиларга сув ва таом тарқатишдек шараф соҳиби, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг боболари Абдумуталлибни бошлаб келишди. Абраҳа таржимони орқали Абдумуталлибдан нима ҳожатинг бор, деб сўради. У Абраҳанинг аскарлари сўйиб еб қўйган икки юз туяни қайтаришини айтди. Абҳара кулди ва мен сени ақлли одамсан, деб ўйлар эканман. Ахир бу ерга бир умр ота-боболаринг ибодат қилиб келган Каъбани вайрон, шаҳрингни харобага айлантириш мақсадида келсам-у, сен ҳали бор-йўғи икки юз туянинг ташвишини қиляпсанми, деди. Абдумуталлиб: “Мен туялар эгасиман, Каъбанинг эса ўз соҳиби бор”, дея хотиржам жавоб қилди. Абраҳа деди: “Шаҳринг аҳолисини четга олиб чиқ, мен шунда туяларингни қайтараман”, дея қаршилик қилмасликни тушунтирмоқчи бўлди. Абдумуталлиб Абраҳадан туяларини олиб, Макка аҳлига, тоққа чиқиб туришларини тавсия этди. Ўзи эса Каъба эшигининг икки зулфини ушлаб туриб: “Эй Аллоҳ, иш шуни тақозо этмоқдаки, мен сени ташлаб кетишга мажбурман”, дея Аллоҳ таолога илтижо этди. Сўнгра Маккада қолган ёш қизиққон йигитларни ҳам ортидан эргаштириб тоғлар тепасида туриб воқеанинг нима бўлишини кузатди.

Абраҳа тонгда қўшинни ҳозирлаб, филларни Каъба томонга йўналтирган эди. Жангда чапдастликни ўрганган бу моҳир филлар унга бўйсунмади. Филларни қанча уриб, қистаб ҳайдамасин, ётиб олар, агар бошқа томонга бурса, йўрғалаб кетарди. Айниқса, улар орасидаги энг катта Маҳмуд исмли фил хартумини ерга тираб, гўё Каъба томонга сажда қилаётгандай чўккаларди.

Аллоҳ таоло уларнинг Каъбани вайрон қилиб, Қулайс ибодатхонасининг шарафини кўтариш учун қилган ҳийлаларининг йўққа чиқарди. Қизил денгиз тарафдан худди туялар каби тизилган гала-гала қушлар учиб келди. Уларнинг оғзида бир дона, икки оёғида икки дона сопол бўлакчаларига ўхшаш  майда тошлар бор эди. Шу тарзда келган қушлар галаси Абраҳа қўшинини тошбўрон қилди.  Улар ташлаган ҳар бир тош теккан аскарни тешиб ўтиб кетарди. Ёв худди қурт еган дарахт япроқлари мисоли илма-тешик бўлиб, тор-мор этилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Мен ўша тошлардан баъзисини Умму Ҳонеъникида кўрдим. У худди қўйнинг қумалоғи катталигидаги қизил чизиқ тортилган тошлар эди”.

Ҳатто жониворларнинг ҳам Аллоҳнинг уйи томонга асло юрмаганидан тегишли хулоса чиқармаган Абраҳа ибн Сабоҳ олдинига у қурган канисага ҳеч ким бормай, ҳамма Каъбага кетаётганидан ҳасад қилди. Тоиф томондан Муздалифа ва Мино ўртасидаги жойга келиб тушганида эса улкан қўшини олдида Мака шаҳри кичик бир кулбадек кўринди. Шунда у шунча қўшин билан кичик бир шаҳарни вайрон қилолмасама, дея кибрланди. Натижада, ҳасад ва кибр уни Аллоҳ таолонинг балосига йўлиқтирди. Бу воқеа Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам туғилишларидан тахминан олти ойлар олдин содир бўлган. Шу боис тарихий асарларда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Фил йилида таваллуд топган, дея қайд этилади. 

Тафсир китоблари асосида 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …