Буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни тадқиқ қилиш, халқимиз, кенг жамоатчиликка ушбу мероснинг бой маънавий-маърифий асосларини етказиш мақсадида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этди.
Айниқса, аждодларимизнинг бой илмий меросларини ўрганиш ва тадқиқ этиш, уларнинг асарларидаги бағрикенглик, олижаноблик каби фазилатлар ва қадриятларни кенг тараннум этиш борасида халқаро илмий тадқиқот марказлари қаторида Ҳадис илми мактаби ҳам муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.
Жорий ўқув йилида ҳам ушбу таълим масканига 10 нафар иқтидорли, билимли, бир нечта хорижий тилларни ўзлаштирган талаба ўқишга қабул қилинди.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов 2020/2021 ўқув йили учун Ҳадис илми мактабига ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида видеоконференция тарзида онлайн мулоқот қилди.
Мулоқотда Қўмита раиси имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, нуфузли илм даргоҳига ўқишга қабул қилинган талабаларни табриклади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу таълим муассасасида ўқиш улкан бахт ва шараф эканини таъкидлаб, уларнинг келажакда улуғ уламоларнинг муносиб издошлари бўлишларига умид билдириб, ўқишларига муваффақият тилади.
Шу ўринда, жорий ўқув йилида талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшлар юзлаб ҳадисларни ёддан билиши, Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихига оид билимларни пухта эгаллагани, араб, инглиз ва форс тилларини чуқур ўзлаштиргани, мумтоз матнларни ўқий олиш қобилияти ва замонавий ахборот технологияларидан юқори даражада фойдалана олиш кўникмасига эга экани билан ажралиб турганини алоҳида қайд этиш лозим.
Мулоқотда талаба ёшлар келажакда давлатимиз раҳбари айтиб ўтганларидек, Имом Бухорий, Имом Термизий сингари буюк аждодларга муносиб ворис бўлиш йўлида ҳадис илмининг нозик қирраларигача пухта ва чуқур ўрганиб, бу борада бор куч-ғайратларини сафарбар этишини билдирди.