Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ДИНИДА ИБОДАТ ВА ОТА-ОНАГА ХИЗМАТ МАСАЛАСИ

ИСЛОМ ДИНИДА ИБОДАТ ВА ОТА-ОНАГА ХИЗМАТ МАСАЛАСИ

Ислом динида ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзига сиғиниш, шаръий аҳкомларни ижро этиш ибодат саналишини барчамиз яхши биламиз. Ибодат шу доирадаги амаллар билан чекланиб қолмайди. Шу билан бир қаторда Аллоҳнинг розилиги йўлида бажарилган ҳар қандай савоб амал ибодат даражасида деб талқин қилинади. Инсонларнинг ўзаро муамалотларида адолат ва ҳурмат, фарзанд тарбияси, атрофдаги махлуқотларга раҳмдиллик ила муносабатда бўлиш ҳам шулар жумласидандир. Шунингдек, ота-онага хизмат, фарзандлар тарбияси ушбу ибодатлар сирасига кириб, узлуксиз давом этувчи амаллардан ҳисобланади.

Қуръони карим ва ҳадисларга назар солсак, динимизда ота-она хизмати Аллоҳ таолога ибодат қилишдан сўнг энг буюк бир ибодат эканлигига гувоҳ бўламиз.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай дейди: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” деб айт!”[1]

Ушбу оятда ота-она хизмати ва унинг шакли-шамоили шунақа аниқ, қисқа ва лўнда, шу билан бирга кенг маъноли қилиб ёритилганки, инсон ота-она хизматига бундан ортиқ таъриф тополмайди. Ушбу оятнинг ўзидан ҳеч қайси дин ота-онани эҳтиром қилиш ва меҳрибонлик кўрсатишда ислом динига тенг келолмаслигини англаб етиш мумкин. Ислом тарихининг илк кунларидан бу вазифани мусулмонлар ўзларининг асосий вазифаларидан деб белгилашган.

Аллоҳ таоло бандаларига қатъий қилиб фақат ўзигагина ибодат қилмоқликка ва ота-онага яхшилик қилишга буюрди. Уларга яхшилик қилишни ибодат даражасига кўтарди, ҳатто ота-онага яхшилик қилиш баъзи ибодатлардан ҳам афзалроқ ҳисобланиши билан бир қаторда бошқа ибодатларни савоб даражасида ушлаб турувчи ибодатдир. Чунки, бу ибодатдан юз ўгириш билан банданинг ҳар қандай яхши амалларини савоби ҳабата (бекор) бўлиб кетади. Ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиб, мудом уларнинг ҳолидан хабар олиб хизматида бўлиш, улар ёқтирмаган нарсалардан йироқ бўлиш, улар вафотидан кейин дўстлари ҳолидан хабар олиб туриш ҳам уларга нисбатан яхшилик қилиш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бандаларини ота-онасига ҳатто “Уф” деган сўзни айтмасликка буюради. “Уф” калимаси бирор нарсадан безор бўлганда айтиладиган сўз бўлиб, аслида инсон ўзига етган чанг-ғубор ва шунга ўхшаш ёқимсиз нарсаларни ўзидан даф қилиш учун айтиладиган сўздир. Шунингдек оятда ота-онага бақирмасликка буюрилган бўлиб, улар ҳузурида бошқага бақириш ҳам ота-онага нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Жумладан, уларга дунёдаги энг яхши, чиройли сўзларни топиб сўзлашга ҳамда улар хизмати учун ўзни хору ҳокисор тутишга буюриладики, бу ота-онанинг фарзанди олдида нечоғлик улуғ мартабада эканлигини англатади.

Дарҳақиқат, ота-оналаримизнинг пиру бадавлат бўлиб, узоқ умр кўриб, уйимиз тўрида ўтиришларини ҳеч нарса билан қиёслаб, бўлмайдиган катта бахтдир. Халқимиз: “Қариси бор уйнинг фариштаси бор, қари билганни пари билмас”, деб бежиз айтмаган. Чиндан ҳам, илмли, маърифатли, зиёли, нуроний ота-оналаримиз хонадонимизнинг зийнатидир. Аммо, биз яшаб турган дунёда ҳеч нарса абадий бўлмаганидек, ота-оналаримиз ҳам бизга омонат эканлигини унутмаслигимиз лозим. Муқаддас динимиз таълимотларида ота-оналаримиз, ҳатто вафот этганларида ҳам уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром изҳори давом этиши кераклиги уқтирилади. Бир киши ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ота-онам вафотларидан кейин ҳам уларга бирон-бир яхшилик қилишга имкониятим борми?” деб сўради. У жаноб жавоб бериб айтдилар: “Ҳа, уларнинг ҳақларига яхши дуолар қилиш, аҳду паймонларини бажариш, дўстларини ҳурмат қилиш”. Демак, ота-она ўтгандан сўнг уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш ҳам савоби ота-онага етиб бориб турадиган хайрли ишлардан экан.

Ота-оналарни муносиб равишда иззат-икром қилиш, бой ҳаётий тажрибалардан унумли фойдаланиш, доно панду насиҳатларига қулоқ тутиш ва хайрли ишларни амалга оширишда уларга итоат этиш ҳар бир имонли ва эътиқодли ўғил-қизнинг фарзандлик бурчи ҳисобланади. Ёши улуғ ота-оналаримиз биз учун оилаларимизда барака гарови, бахтли ҳаёт омилидирлар.

Қобилов НОДИР
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Исро сураси. 23-24-оятлар

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …