
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Миср Араб Республикасининг newsroom.info интернет нашрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими Отабек Муҳаммадиевнинг “Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик – бебаҳо тинчлигимиз гарови” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Мақолада мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда турли дин ва миллат вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани таъкидланган. Муаллиф Ўзбекистонда ҳар бир фуқарога ўз эътиқодини эркин амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий ва маънавий асослар яратилганини, турли динларга мансуб қадриятлар, муқаддас жойлар ва анъаналар эҳтиёткорлик билан асраб-авайланаётганини алоҳида қайд этган.
Шу билан бирга мақолада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг фуқаролар тенглигига оид қоидаси ҳам келтирилган.
Бу норма нафақат ҳуқуқий тамойил сифатида, балки фуқаролар онгида бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланган.
Муаллиф мақоласида муқаддас ислом таълимотларида бағрикенглик “мурувват” тушунчаси билан изоҳланишини, бу эса инсонни гўзалликка, меҳрибонликка ва адолатли муносабатга чорлашини қайд этади. Унга кўра, ислом маърифатининг асосида ҳам айнан шундай эзгу муносабат ётади: ҳар бир эътиқод, маданият ва анъанага ҳурмат билан қараш, фикр ва диний қарашлар хилма-хиллигига тоқат билан ёндашиш жамият барқарорлиги ва тинчлигининг асосидир.
Бу каби халқаро нашрларда ўзбек олимлари мақолаларининг чоп этилиши мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва илмий-маърифий фаолиятнинг халқаро майдонда ҳам эътироф этилаётганидан далолат бериб, жаҳон жамоатчилигида юртимиз ҳақидаги ижобий тасаввурни янада мустаҳкамлайди, ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик ва тинчликка даъват этувчи моҳиятини ёритишда муҳим ўрин тутади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






