11 ноябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” ва мамлакатимизда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан байрамона тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва жамоа ўртасида спорт муҳитини ривожлантириш мақсадида шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича мусобақалар ўтказилди. Икки кун давом этган беллашувларда эркаклар ва аёллар алоҳида йўналишларда иштирок этиб, ўз маҳоратларини намойиш этди.
Марказда ўтган байрам тадбирида Марказ директори Шовосил Зиёдов ва бошланғич касаба уюшмаси раиси Йўлдошхон Исаев иштирокчиларни ушбу қутлуғ сана билан табриклаб, касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган ишлар, ходимларнинг меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш борасида сўз юритди.
Тадбир якунида спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Фаол иштирокчилар бошланғич касаба уюшмаси томонидан совринлар ва эсдалик туҳфалари билан тақдирланди. Шунингдек, боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Тантанадан сўнг меҳмонлар ва ходимлар учун байрам дастурхони ташкил этилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






