Home / МАҚОЛАЛАР / Ҳалол ва ҳаромнинг орасини ажратувчи суннат амал

Ҳалол ва ҳаромнинг орасини ажратувчи суннат амал

Никоҳ, завож “турмуш қуриш”, уйланиш маъноларини англатиб, икки жинс вакилларининг ўзаро розилиги асосида тузилган иттифоқдир. Ижтимоий муносабат сифатида никоҳ турли жамият ва тузумларда турлича кўринишда бўлган.

Барча пайғамбарларнинг шариатида ҳам никоҳ муқаддас аҳд (иттифоқ) ҳисобланган.

Бу борада Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар:

“Тўрт нарса Пайғамбарларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўйлик сепиш, мисвок ва никоҳ (оила қуриш)”. (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривоятлари).

Никоҳ ислом динида ҳам Аллоҳга хуш келадиган амаллардан саналиб, у энг муқаддас битимлар ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло никоҳни суннат қилиб, ҳалол билан ҳаромнинг орасини ажратувчи қилиб берди. Яъни никоҳсиз номаҳрам йигит ва қизнинг бирга яшаши ҳаром ҳисобланади, қачонки улар шаръий никоҳ билан никоҳлансагина уларнинг бирга бўлишлари ҳалол бўлади. Шунинг учун ҳам оила қуриш, эр-хотин ҳақ-ҳуқуқларига риоя этишлари, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг бари шаръий никоҳга боғлиқдир.

Ислом динида оилани никоҳ асосида қуришга, наслни маънавий ва жисмоний соғлом ҳолда давом эттиришга ва инсонларни ер юзида аҳил ва иноқ ҳаёт кечиришларига алоҳида аҳамият беради.

“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…”. (Наҳл, 72)

Пайғамбар алайҳиссалом умматларга никоҳни ўта муҳим аҳд (иттифоқ) эканлигини такидлаб шундай марҳамат қилганлар:

Расулуллоҳ (с.а.в.): «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас), – деганлар.

Демак, никоҳ асосида оила қуриш пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидан бири бўлиб, кимки шу асосда оила қурса пайғамбар алайҳиссаломнинг умматига мос амални қилган бўлади. Кимки ундан юз ўгирса (воз кечса) пайғамбар алайҳиссаломга хос уммат бўлишдек бахтдан бе-баҳра қолади. Мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, турли сабабларни рўкач қилиб, уни пайсалга солмаслиги, оила биносини никоҳ асосида қуриши лозимдир. Никоҳ туфайли инсон ўз оиласининг мустаҳкамлигини, насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан сақланади.

Ислом динида нафақат оила қурушга балки, оила масъулияти, фарзанд тарбияси ва оилага эътиборнинг қанчалик зарурлигига алоҳида эътибор берилади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади:

“Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки,…”. (Тахрим, 6)

Аллоҳ таоло бу оятда Аллоҳга ва расулига итоат қилиш билан ўзларингизни ва аҳли-оилангизни жаҳаннам ўтидан асрангиз, деб буюрмоқда. Шу билан бирга бандаларига оила бошлиғи бўлишдек бахтни бериш билан бир қаторда уларнинг зиммасига катта масъулиятни юкламоқда.

Пайғамбар алайҳиссалом умматларига бу борада таълим бериб, шундай деганлар:

“Барчангиз чўпон қатори масъулдирсиз ва ҳар бирингиз қўл остидагилардан сўралурсиз. Раҳбар масъулдир. У ўз қўл остидагилардан сўралур. Эр киши ўз аҳлида масъулдир. Аёл киши ўз эрининг уйидагиларга масъулдир. Ходим ўз хожаси молида масъулдир”.

Шу билан бирга динимизда оила мустаҳкамлигига ҳам катта эътибор берилади. Оила бузилишининг олдини олиш мақсадида эр-хотиннинг ҳуқуқий мажбуриятларига жиддий ёндашилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қиалди:

“Агар улар(эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир”. (Нисо, 35)

Бу оят оилани мустаҳкамлаш, ўринсиз оила бузилишининг олдини олишга қаратилган. Бунда эр-хотин орасидаги бирор бир арзимас сабаб билан келишмовчилик вужудга келган бўлса, бунинг олдини олиш ва уларнинг муносабатларини аввалги ҳолатига қайтариш мақсадида иккала томондан вакил юбориш жоизлиги таъкидланмоқда.

Оилада аҳил, тинч ва осойишта умур гузоронлик қилиш учун энг аввало оила бошлиқларининг роли катта. Улар бир-бирлари билан яхши муомалада бўлсалар, бир-бирларини тўғри тушунсалар оилада тинчлик ва осойишталик бўлади.

 

Бекназар АБДУЛЛАЕВ
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайн бобо” масжиди имом-хатиби

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …