Home / ЯНГИЛИКЛАР / Улуғбек мадрасасида биринчи дарс қачон ўтилганини биласизми?

Улуғбек мадрасасида биринчи дарс қачон ўтилганини биласизми?

Бухоронинг биринчи конституцияси, янги мақомга эга бўлган Ўзбек Миллий академик драма театри ва тарихимиздаги 21 сентябрь санасида содир бўлган айрим воқеалар баёни.
 
1420 йил (бундан 600 йил олдин) – Шарқ дунёсида машҳур бўлган Самақанддаги Улуғбек мадрасасида биринчи дарс бўлиб ўтди. Адиб Зайниддин Восифийнинг қайд этишича, мадрасага биринчи мударрис этиб Мавлоно Муҳаммад Ҳавофий тайинланган эди.
 
Мадраса битишига яқин қолганда қурилишда ишлаётганлар Улуғбекдан ким мударрис этиб тайинланади, деб сўрайдилар. Улуғбек бу лавозимга барча илмлардан хабардор одамни топажагини айтади. Шу ердаги ғиштлар орасида чанг-лой кийимда ўтирган Мавлоно Муҳаммад Ҳавофий Улуғбекнинг сўзларини эшитиб, шу мансабга ўзи муносиблигини айтади.
 
Улуғбек унга саволлар бериб, қониқарли жавоб олганидан сўнг, унинг билимларидан қаноат ҳосил қилади ва уни ҳаммомга олиб бориб чўмилтириш ва яхши кийимлар кийинтиришни буюради. Мадраса очилишида Мавлоно Муҳаммад мударрис сифатида биринчи маърузани ўқийди. Бунда 90 олим ва талаба ҳозир бўлган бўлса ҳам маърузани фақат Улуғбек билан Қозизода Румий икковлари тушунадилар, холос.
 
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Улуғбек мадрасасида ўқиш жараёни бир ўқув йилида етти ой давом этган. Ўқув йили мезон ойининг биринчи куни (21 сентябрда) бошланиб, ҳамал ойининг биринчи кунида (21 мартда) тугаган. Ҳамал ойидан (21 мартдан) мезон ойигача (21 сентябргача) бўлган муддат, яъни март ойининг охиридан, апрель, май, июнь, июль, август ойлари ва сентябрнинг 21-кунигача таътил ҳисобланган.
 
1860 йил (бундан 160 йил олдин) – Бухоро амири Насруллоҳ 55 ёшида Бухоро шаҳрида қулоқ оғриғи касали туфайли фожиали вафот этди. Амир Насруллоҳ Бухоро шаҳридаги Жўйбор мавзесида жойлашган Эшони Имло (Ҳазрати Имло) қабристонига, отаси Амир Ҳайдар қабри ёнида дафн этилган.
 
Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг қайд этишича, Шаҳрисабзнинг собиқ ҳокими Искандар валламийнинг синглиси Кенагасхоним (Фитратнинг ёзишича, Кенгашойим) ўз акасининг ғаразли режасига биноан ва элининг ўчини олиш мақсадида ўз шаҳвари (эри) Амир Насруллоҳ ухлаб ётганида унинг қулоғига симоб қуйган. Қулоқ оғриғи дардига дучор бўлган Насруллоҳхон ўлими олдидан ўз шаҳварининг жонига қасд қилган Кенагасхонимни Арк ичидаги Чилдухтарон қудуғига ташлашни буюради.
 
Бу пайтда Бухорода яшаётган Искандар валламий ва унинг бутун оила аъзолари, шунингдек, куёви Ёқуббий ва унинг фарзандлари ҳам амирнинг ўлими олдидан қатл қилинади. Хуллас, Амир Насруллоҳ унга қилинган суиқасд оқибатида – қулоғига симоб қуйилгандан кейин бир неча кун ўтгач (1860 йил 21 сентябрда) қаттиқ қийналиб, фожиали тарзда жон таслим қилди.
 
1895 йил (бундан 125 йил олдин) – мустамлака маъмурияти томонидан Самарқанд–Андижон темирйўлининг Тошкент шохобчасини қуриш ҳақида кўрсатма берилиб, ишлар жадал суръатларда олиб борилди.
 
1921 йил (бундан 99 йил олдин) – Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР)нинг биринчи Конституцияси қабул қилинди. Демократик руҳда қабул қилинган бу конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонун йўли билан мустаҳкамлаб, хусусий мулк шакли сақланиб қолинди. Конституцияга кўра, БХСРнинг олий ҳокимият органи – Бутун Бухоро халқ вакиллари қурултойи (Бутун Бухоро халқ депутатларининг Совет съездлари) ҳисобланган.
 
1996 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Саудия Арабистони Қироллигида ва Корея Республикасида Ўзбекистон Республикаси элчихонасини очиш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинди.
 
1999 йил (бундан 21 йил олдин) – Совет тузуми даврида қатағон этилган фидойи ватандошларимизни аниқлаш, номини абадий сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилди.
 
2001 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрига “Миллий театр” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Шундан бошлаб у Ўзбек Миллий академик драма театри номини олди.
 
2006 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
 
2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Унга асосан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида давлат муассасаси шаклидаги Миллий археология маркази ташкил этилди.
 
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
Манба: ЎзА

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …