Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ АБУ ҲАНИФАНИНГ ТАЪЛИМГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

ИМОМ АБУ ҲАНИФАНИНГ ТАЪЛИМГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Ҳозирги кунда замонавий педагогик технологияларни ўқув жараёнига қўллаш долзарб масалалардан биридир. Аммо дарс жараёнида устоз ва талабалар орасидаги ўзаро ҳурмат ва шарқона тарбиянинг ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Исломдаги энг мўътадил мазҳаб – ҳанафийлик таълимотини ўрганиш, ундаги соф ақидавий қарашларни тадқиқ қилиш айни пайтда ёшларни кенг дунёқарашли, илм-маърифатга интилувчан ва юксак ахлоқ-одобли қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Имом Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит (699-767) ўзининг “Ал-Олим вал мутааллим” (“Устоз ва шогирд”) асарида шогирднинг устозга нақадар тавозе билан муносабатда бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратган. Шогирд устозига савол беришда ноаниқлик бўлган ўринларда таъна қилиш билан эмас, балки ўз билимсизлигидан узр сўраган ҳолда савол бериши зарурлиги кўрсатилади.

Олим ўз даврдаги айрим йўналиш вакилларига хос бўлган дағаллик, инсонларга ҳурматсизлик, озгина айби учун уларни кофир ёки фосиққа чиқарувчи кишиларга нисбатан юмшоқлик ва илмийлик асосида берган жавобларини сабоқ тарзида олиш мумкин.

Абу Ҳанифа устоз сифатида ҳам шогирддаги қизиқтирган саволларга эринмай бирма-бир, батафсил жавоб бериши, жавобларда ақлий, нақлий ва мантиқий далиллардан фойдаланиши ҳар бир билим берувчи устоз учун ҳам ўрнак бўларлик тарзда намоён бўлади.

Абу Ҳанифа инсон учун билимнинг нақадар зарурлиги, бирор хайрли ишни амалга оширишдан аввал у ҳақда етарли билимга эга бўлиш ва сўнгра амалга ўтиш кераклигини таъкидлайди. Мусулмон кишининг дунёқарашини шакллантиришга оид илмлар одатда билиш назарияси ҳақидаги маълумотлар билан бошланади. Олим ўз асарларида ҳали илмий дунёқараши тўлиқ шаклланмаган кишининг осон тушуниши учун оддий мисоллардан унумли фойдаланган.

Абу Ҳанифанинг инсон амалга ўтишдан аввал билимни эгаллаши лозимлиги ҳақидаги ғояни илгари суришидан мақсад ўша даврда имон ва амалнинг алоҳидалиги ҳамда имоннинг амалдан олдин туришини исботлаш кўзда тутилган эди. Олимнинг керакли ўринларда ўз фикрларини Қуръон оятларидан мисоллар келтириш билан исботлаши ҳанафийлик ақидасининг далиллари ислом манбалари билан асосланишини кўрсатади.

Имом Абу Ҳанифа ўтган солиҳ кишилар – саҳобалар, уламолар ва фозилларга эргашиш, тақлид қилиш ҳақида айтилган фикрларга ўзининг муносабатини билдиради. Унинг таъкидлашича, ўтган солиҳ кишиларга эргашиш лозим, аммо уларга фақат кўр-кўрона тақлид қилиш ҳам доим тўғри бўлавермайди. Олимларга айнан тақлид қилиш учун ўша даврдаги каби шароит мавжуд бўлиши лозим. Аммо ўхшаш ҳолат бўлмаган тақдирда ўтган тажрибага кўр-кўрона эргашиш душманга қарши қуролсиз чиқишдек хавфли экани ишончли мисоллар билан аниқ тушунтирилади.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа касб қилиб олинган билимлар билан бир қаторда кўп ҳолатларда ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилар эди. Фалсафий қонун ҳисобланмиш инсон билишининг ҳақиқий экани, инсон кўриб турган нарсалар мажозий эмас, объектив эканига алоҳида тўхталади. Ҳақиқатнинг акси ноҳақ бўлиши, иккаласи бир вақтнинг ўзида ҳақ бўлиши мумкин эмаслиги таъкидлайди. Олим ушбу фикрлари билан баъзи тасаввуф намояндаларининг “ваҳдат ал-вужуд”, “ваҳдат ал-мавжуд” каби ғояларига етарли объектив жавоб беради.

Ҳижрий I-II асрларда гуноҳи кабира қилган кишининг мўмин қолиши ёки кофир бўлиши каби масалалар турли йўналишлар орасида катта тортишувларга сабаб бўлган эди. Мўътазилийлар бундай одамга аросат ҳолатни нисбат бердилар, яъни имондан чиқади, аммо кофир бўлмайди. Хорижийларнинг айтишича эса, гуноҳи кабира қилган одам имондан ажралиб, кофир бўлади дейди. Хорижийлардан чиққан азрақийлар фирқаси ҳатто гуноҳи кабира қилган одамга қарши жиҳод эълон қилишни фарз даражасига кўтариб, унга қарши урушга чиқмаган кишини ҳам кофирга чиқарганлар. Ислом тарихидаги аксар босқинчилик ҳаракатлари мана шу ақида асосида амалга оширилган бўлиб, ҳанафийлик бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун бу масалага бағрикенглик билан ёндашган. Абу Ҳанифанинг таъкидлашича, гуноҳ қилган одам имон келтирилиши шарт бўлган нарсаларга ишонишдан тўхтаб қолмайди. Демак, гуноҳкор инсонни кофирликда айблаб, унга қарши уруш очиш ножоиз деган хулосага келади олим.

Ҳанафийликда муҳим ўрин тутадиган қиёс усули ҳақида олим асарда алоҳида тўхталиб ўтади. Масалаларнинг ечимини тушунтиришда ҳам у худди шу усулдан унумли фойдаланади. Абу Ҳанифанинг фатво бериш, муайян масаланинг ечимини тақдим этишида антиқа услубни кузатиш мумкин. Унда олим саволга савол билан жавоб беради. Шунда сўровчи киши ўз саволига ўзи жавоб бериб, кўнглида қониқиш ҳам ҳосил қилади.

Имом Абу Ҳанифа илм ҳақида яна шундай фикрларни келтиради: “Амал илмга тобедир, яъни киши аввал бирор нарсани билиб, кейин ўша билими бўйича амал қилади. Бунга мисол тарзида инсоннинг бадани унинг кўзга тобе эканини келтириш мумкин. Илм билан қилинган озгина амал билимсизлик билан қилинган кўп амалдан яхшироқдир. Масалан, йўлга отланган кишининг тадбир билан ўзига керакли озгина нарсани олиши, билмай туриб кўп нарсани олганидан яхшидир. Аллоҳ таоло бу хусусда айтадики, “Айтинг (эй, Муҳаммад,) билганлар ва билмаганлар тенг бўлурми. Фақат ақл эгаларигина ваъз олурлар” (Зумар, 9).

Билмаган кишининг ҳолати ҳақидаги шогирднинг саволига олимнинг жавоби қуйидагича эди: “Ҳақни ноҳақдан ажрата олмасанг баъзи ўринда сенга зарари етмаслиги мумкин. Аммо кўп ўринларда сенга зарари етади. Билимсизликдан сенда шубҳалар пайдо бўлади. Сен Ҳақ йўлида кимни яхши кўриш ва кимни ёмон кўришни билмайсан”.

Имом Абу Ҳанифанинг таълимотини давом эттирган олим ватандошимиз Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Мотуридий Самарқандий (870-944) бўлиб, унинг билиш назарияси усули ҳам изланиш ва тадқиқ қилишга таянади. У тафаккурни “ақлнинг бир англаш йўли (идрок)” сифатида таърифлайди. Унинг таъкидлашича, Қуръонда келтирилган “оламга назар солиш” ва “тафаккур қилиш”га чақирувчи оятлар бу фикрни қўллаб-қувватлайди.

Мотуридийнинг асосий ғоясига кўра, инсон яхшилик ва ёмонликни фарқловчи ақлга эга. У ўз ақлига таянган ҳолда яхши ёки ёмон ишларни қилишга қодир. Шунинг учун ҳам у ё мукофотга ва ё жазога лойиқ бўлади. Имом Мотуридий ўз даврида “қадарийлар” илгари суриб чиққан “инсон ўз фаолиятида эркин эмас, барча амаллари Яратувчи томонидан белгилаб қўйилгандир”, деган фикрига қарши инсон Худо тарафидан берилган ақли туфайли у ўз амалларига ўзи жавобгар эканини эътироф этади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Имом Абу Ҳанифа таълимоти – ҳанафийликда кишининг илм олиши, яхшилик сари интилиши, албатта, ўз натижаларини беради деган ғояни илгари суради. Бу эса кейинги пайтларда пайдо бўлган баъзи ёшлар орасидаги воқеаларга лоқайдлик, ўзибўларчилик кайфиятиларини йўқотиш, ватан равнақи йўлида илм олиш ва олган билимларини ишга солиб, ҳалол меҳнат ва касб-корни ўзларига одат тусига айлантиришларига ёрдам беради.

Разия МАТИБАЕВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси тарих фанлари номзоди
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи А.Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2006. – 624 б.
  2. Ал-Олим вал мутааллим. ал-Фиқҳ ал-абсат. ал-Фиқҳ ал-акбар. Рисолат Аби Ҳанифа. ал-Васийа. – Қоҳира: ал-Мактабат ал-азҳарийа ли-т-турос (йили кўрсатилмаган). – 80 б.
  3. Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит. Ал-Олим вал-муталлим (устоз ва шогирд) // Ҳидоят. – Т., 2006. № 6, 7.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …