Home / МАҚОЛАЛАР / Сирингиз асирингиз, сўзласангиз асирисиз!

Сирингиз асирингиз, сўзласангиз асирисиз!

Инсоннинг жамият аъзолари билан бўладиган муносабатларида, тилига эҳтиёт бўлмоғи ўзи, дини, моли ва жони учун фақат фойда келтиради. Инсоннинг беихтиёр бўлса-да, айтган гаплари ўзига зарар бўлишини билса ҳам, кўпчилик бунга эътиборсиз бўлади. Натижада, ҳар кимга ўзи ва бошқалар шахсиятига тегишли гапларни, ҳеч кимга айтилмаслиги керак бўлган гапларни гапириб, ўзини маломатлар ўчоғига ташлайди.

Сир – ҳеч кимга айтилмаслиги керак бўлган омонат ҳисобланиб, эшитган ёки кўрган кишидан ҳам шу талаб қилинадиган маълумотдир. Аввало, сир ҳеч кимга айтилмагани яхши, лекин баъзида кимгадир “ёриламиз”, қалбимизни бўшатгимиз келади. Шундай пайтда сиримизни эшитадиган одам уни сақлай оладиган бўлиши керак.

Инсонлар доимо бир-бири билан муоамала-муносабатда бўлади, шунда баъзилар бир-бирига турли сирларини билиб-билмай айтиб қўяди. Кишига бировнинг сири айтилса-ю, ўша сирни бошқаларга айтиб тарқатиши – хиёнат ҳисобланади.

Қадимда: “Сир сақловчилар мол сақловчилардан кўра анча кам бўлади. Мол-дунёни сақлаш, сир сақлашдан осонроқдир. Чунки бойлик омборларини эшик ва қулфлар билан мустаҳкамлаш орқали сақлаш мумкин. Аммо сирлар қўрғони ошкора бўлиб, сўзловчи тил уни тарқатиб юборади, миш-миш гаплар уни оммалаштириб юборади”, деб айтишар экан.

Сирлар икки хил бўлади:

  1. Шахсий сир.
  2. Бировнинг сири.

Сирни сақлаш нажот йўли

Киши ўз сирларини сир тутмоғи лозим. Зеро, сирлар очилса ўзига зарар бўлиши, ножўя таъсири бўлиши, ҳар хил ҳолатларга тушиши мумкин. Али ибн Абу Толиб: “Сиринг асирингдир, агар уни сўзласанг асирига айланасан”, деган.[1]

Умар ибн Абдулазиз: “Қалблар сирлар қўрғонидир. Лаблар унинг қулфлари, тиллар бўлса калити. Ҳар ким ўз сирининг калитини маҳкам тутсин”, деганлар.

Абулҳасан Мовардий шундай дейди: “Ошкор бўлган қанчадан қанча сирлар соҳибининг қонини оқизиб, мақсадлари йўлини ёпиб қўйди. Агар у сирларини яширганида эди, ўзига қарши кучлардан қутилиб, ишининг оқибатларида саломат бўлар ва ўзининг эҳтиёжларига эришишига умидли бўлар эди”. [2]

Анушервон айтганки: “Ким сирини маҳкам тутса, унинг икки ютуғи бор: эҳтиёжларига эришиш ва маломатлардан саломат бўлиш”.

Бу ҳикмат ва тавсиялар кишининг ўз шахсий сирларини муҳофаза қилиши ҳақида бўлиб, унга амал қилиш кишини кўпгина кулфат ва маломатлардан сақлайди.

Сирни очиш хиёнатдир

Умуман олганда сир – сақлаш учун ишониб топширилган омонатдир. Омонатни муҳофаза қилиш, унга вафо қилиш вожибдир. Шу сабаб бировнинг сирини очиш хиёнатдир. Гарчи бир кишига айтилса ҳам.

Имом Ғаззолий: “Агар зарари бўладиган бўлса сирни очиш – ҳаромдир. Агар зарари бўлмаса – пасткашликдир”, деганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши бир гапни айтиб атрофга қараб қўйса, ўша гап омонатдир”, дедилар. [3]

Муновий ушбу ҳадис шарҳида: “Ўнгу сўлга қараб қўйса, бу ҳолати билан у айтган гапини бошқаларга айтмасликни мақсад қилган бўлади. Энди ўша айтган гапи унга омонатдир. Агар у, ўша гапни бошқаларга айтса, Аллоҳнинг амрига хилоф иш қилган бўлади. Яъни омонатни ўз эгасидан бошқага берган кабидир” деган.[4]

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен болалар билан ўйнаб юрганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга келдилар ва бизга салом бериб, мени бир юмуш билан юбордилар. Шу сабаб онамнинг олдига кечикиб келдим. Келганимда, онам: “Нега кечикдинг”, деди. Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир иш билан юборган эдилар”, дедим. Онам: “Нима иш экан?”, деди. Мен: “Бу сир”, дедим. Онам: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини ҳеч кимга айтмагин”, деди. [5]

Бировнинг сирини очиш ўзининг сирини очишданда пасткашликдир. Чунки бунда икки иллатдан бири юзага чиқади: омонат қўйилган бўлса хиёнат ёки айтмаслик сўралган бўлса чақимчилик бўлади. Шу сабаб, аввало ўз сирларимизни муҳофаза қилайлик, ўзимизни ёмон ҳолатларга туширмайлик, қолаверса, дўстларимиз, яқинларимиз ва бизга ишонганларнинг ишончини барбод қилмайлик, уларга хиёнат қилмайлик.

Б. Мирзаев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими
[1] Абулҳасан Мовардий. Адабуд дунё ваддийн. Дорул минҳож. Байрут. 2013 495-б.
[2] Абулҳасан Мовардий. Адабуд дунё ваддийн. Дорул минҳож. Байрут. 2013 496-б.
[3] Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти
[4] Абдурауф Муновий. Файзул қодир шарҳи жомиъус сағир. Дорул маърифа. Байрут. 1972.329-б.
[5] Имом Муслим ривояти

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …