Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФНИ АНГЛАШ – ҲАЁТ МОҲИЯТИНИ АНГЛАШ ДЕМАКДИР

ТАСАВВУФНИ АНГЛАШ – ҲАЁТ МОҲИЯТИНИ АНГЛАШ ДЕМАКДИР

Тасаввуф – нима ва у қачон шаклланган, асосий мазмун-моҳияти ва вазифа, мақсадлари нимадан иборат?

Машҳур олим, тасаввуф таълимотининг йирик билимдони Ҳусайн Воиз Кошифий ўз асарида “Тасаввуф” тушунчасини қуйидагича таърифлайди: Тасаввуф сўзи Исломдан олдинги замонда ҳам бўлган экан. Унинг “Сўфия” китобида биринчи бўлиб “Сўфий” деган номни олган Одам ато фарзандларидан бири – Шиш Пайғамбар эди, деб нақл қилинади. Унинг либослари яшил суфлик (суф-жун, мато) экан ва Шишдан кейин жун матодан кийим кейиб юрувчиларни “сўфий” дейдиган бўлдилар ва ўзини шу тоифага мансуб деб биладиганлари тасаввуф аҳли деб юритиладилар, – деб таърифланади [4: 17-18].

Тасаввуфчиларга берилган “сўфи” атамаси бу ташқи кўринишини ифодаласа, ички дунёсини, мазмун-моҳиятини англатувчи “Тасаввуф” тушунчаси ҳам Ҳусайн Воиз Кошифий таърифлашича, биринчидан, тасаввуф – “таҳлия”, Яъни холи бўлмоқ, қалбни бўшатмоқ, яхши ахлоқлар маъносини, иккинчидан эса, тасаввуфни – “тасфия”, Яъни руҳий азёр-бегонадан тозалаш маъносини англатади; учинчидан эса, тасаввуф – “хузус” (хусус), яъни нафсни жиловлаш, хокисорлик, жонсипорлик намунасини кўрсатиш; тўртинчи маъноси – тасаввуф-даъвони тарк этиш ва маъноларини халқдан яшириш дегувчилар, яъни киши то даъвосидан воз кечмаса, маънога етмоқ эмас, яъни ўз маъноларини яширин тутмаса, сирларини яширин сақлашларини билмаса тасаввуфдан бебаҳра қолади, деган тушунчани беради, деб ёзади Ҳусайн Воиз Кошифий ҳазратлари [4: 27].

“Сўфий”нинг маъноси нима? Ушбу саволга қуйидагича жавоб топамиз.

Биринчидан – “сўфий” – зоҳирда қул, ботинда (руҳий маънода) эса озод бўлган киши, Яъни зоҳирида тоат-ибодат, ботинда эса барча дунёвий алоқалардан холи бўлган шахс;

Иккинчидан – “сўфий” ҳеч нарса бандига гирифтор эмас ва ҳеч нарса унинг бандига сарафдор эмас, бунда икки тушунча – бири ихлос, яъни банданинг башарий сифатлари, интилишларидан мутлақо қутилмаган, фоний бўлса, иккинчидан эса, ҳуррият, Яъни солиҳнинг ўз азалий фақридан қутилиб, азалий (ботиний) бойлигига етишишидир.

Учинчидан – “сўфий” сири (қалби) мусаффо, ақли муалло, фасли дарё, кўнгли муҳаббат аҳли билан тўлган одамдир.

Тўртинчидан – “сўфий” зоҳири алоиклар (ёд куч) қудратидан (ғам, кулфатдан) узоқлашган, ботини эса тафаккурга мойил одамдир. Унинг ҳиммат қўли олдида олтин билан тупроқ тенг бўлмоғи даркор.

Бешинчидан – “сўфий” дам (нафас) билан топган нарсасига қадам билан юриб эришган, яъни илмул яқин рутбасидан айнул яқин рутбасига қараб (даража) тараққий эта олган одамдир [3: 28].

Юқорида таъкидланган “Сўфий”ликнинг асосий маъноларидан келиб чиқадиган асосий мазмун шундан иборатким, ҳамма ўзини тасаввуфчи –“сўфийлар” – деб номлаб, уларни “валий” ёки башоратчи “авлиё” – деб номлаш ҳам ўз-ўзидан маълумки – бу нотўғри экан. “Сўфий”нинг “валий” ёки башоратчи “авлиё” юксак илоҳий даражага мансуб бўлган шахс Аллоҳ таолога иймон, эътиқодда мустаҳкам бўлган, унинг Расулига эътиқод қилган, самовий муқаддас Қуръони карим китобини ва ҳадиси шарифни Аллоҳ инояти, – деб билиб, уни мукаммал ўрганиб, ўзлаштириб, ҳам ботиний, ҳам зоҳирий жараёнда амалда қўллаб садоқатда бўлган, олтин билан тупроқни бир хил маъдан деб билган улуғ ва буюк алломалар ҳақиқий сўфий-тасаввуфчи алломалар экан.

Жумладан, Нажмиддин Комилов сўфийларни, тасаввуфчи – олимларни қуйидагича, уч гуруҳга бўлинганини маъқуллаб, улар қайси соҳа мутахассислари эканлигини таъкидлаб, шундай ёзади:

Биринчи – муоширлар, тариқат илми мухлислари; иккинчи – мутарасмлар – таҳлил қилувчи ва талабгорлар; Учинчи- муҳаққиқлар – ҳаққа етганлар, олий мартабага эришганлар – сўфийлардир [1: 8-10].

Бу ҳақда академик М.М. Хайруллаев шундай деб ёзган эди: “Бу даврда тасаввуф (сўфизм) таълимотлари маданий ва маънавий ҳаётнинг барча томонларига кириб борди. Ҳукмронлик ўрнини эгаллади. Дин ҳукмрон мафкура бўлиши билан бирга маданиятнинг ҳамма соҳасида ўз ифодасини топди. Маънавиятнинг кўп шакллари Ислом тасаввуф ақидаларини эътироф этибгина қолмади, уларни тарғиб этишди, таълим-тарбияни улар асосида олиб боришда фаол қатнашди” [2: 61]. Асосан, суннийлик негизида Исломда XIII-IX асрларда тасаввуф оқими вужудга келиб, уни айрим адабиётларда Ислом фалсафаси, – деб ҳам юритадилар.

Шу тариқа тасаввуф (сўфийлик) назарий таълимотида исломда қарийб 15 тадан ортиқ тариқат асосий йўналишларига – асосий мактабларига эга бўлган таълимот тармоқлари мусулмон мамлакатларига кенг тарқалган. Улар, жумладан – Сухровардия, Яссавия, Куб-ровия, Шозилия, Бадавия, Дасухия, Чистия, Мавлавия, Нақшбандия ва бошқа йўналишдаги тариқатлар ислом тасаввуфчилик таълимоти тараққиётининг янги ривожланиш босқичини вужудга келтириб, унда янги ақлий-кейин қалбий тафаккурий йўналишини асослаб бердилар.

Жумладан, тасаввуф таълимотининг йирик намояндалар Муҳийиддин Арабий, Яхё Сухравардий, Фариддин Аттор, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Румий, Аҳмад Яссавий, Бобо Сомосий, Баховуддин Нақшбандий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом Ғаззолий, Имом Мотуридий, Мирсаид Барака ва бошқа кўплаб тасаввуфчи олиму уламолар самарали фаолият кўрсатади.

Ушбу сулуклар – тариқат йўналишларидан энг нуфузлилари Аҳмад Яссавий (1105-1166), Нажмиддин Кубро (1145-1221), Баҳоуддин Нақшбандий (1318-1389) ташкил этган сулуклардир.

Ислом тасаввуфчилик илмининг юқорида номлари келтирилган йирик олиму уламолари ва улар ташкил этган сулуклари (йўналишлари) ислом тасаввуфчилик таълимоти тараққиётининг янги ривожланиш босқичини вужудга келтириб, унда янги ақлий-тафаккурий йўналишни асослаб бердилар, ислом динининг инсонпарварлик, маънавий-маърифий хислатларини асослаб ислом диний ва дунёвий илмлар билан мутаносибликда коинот тузилиши, инсон ва олам моҳияти, олам ва одам муносабатлари, комил инсонийлик, жувонмардлик тушунчалари тўғрисида мулоҳаза қилиб, хулосалар бердилар, жоҳилликни қораладилар, инсон одоби-ахлоқи, виждони, эътиқоди, поклиги каби тушунчаларга янада кенг хулоса бердилар.

Бу таълимот халққа нафақат ҳузур-ҳаловат, балки куч-қувват бағишлайди. Албатта, бунинг илмий тасаввуфни билиш учун дастлаб тасаввуфнинг ўзини билиш, моҳияти – мазмунига тушуниш, кейин унинг ривожланиш тарихий босқичларини, такомиллашув даврларини, тасаввуф ва дарвешлик ҳаракати тарихини, унинг даврларини билишни тақозо этади.

Адолат ЗИЁТОВА,
 СамДАҚИ Ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. – Т., 1996.
  2. Хайруллаев М.М. Ўрта Осиёда илк Уйғониш даври маданияти. – Т.: Фан.
  3. Шакар Ахадов. Хожи Сафои Вали Ҳазратлари маънавияти ва фазилатли хислатлари ҳақида. – Т., 2013
  4. Ҳусайн Воиз Кошифий. Футувотномаий Султоний ёхуд жувонмардлик тариқати. – Т., 1994.

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …