Home / МАҚОЛАЛАР / ЭРИХ ФРОММНИНГ “ИНСОНПАРВАР” РУҲИЯТ ТАҲЛИЛИ

ЭРИХ ФРОММНИНГ “ИНСОНПАРВАР” РУҲИЯТ ТАҲЛИЛИ

Неофрейдизм – бу асосан АҚШда кенг ёйилган замонавий фалсафа ва психология йўнилишидир. Унинг тарафдорлари З.Фрейднинг руҳий таҳлилини американинг социологик назариялари билан бирлаштиришди. Неофрейдизмнинг таниқли намоёндаларидан бири сифатида Эрих Фроммни келтириш мумкин. Фроммнинг дастлабки дунёқараши Фрейд назариясининг кучли таъсири натижасида пайдо бўлган. Гарчи Фромм кейинчалик фрейдизмнинг баъзи қарашларига қўшилмасдан ортодаксал руҳий таҳлилдан йироқлашиб ўзининг шахсий назариясини яратган бўлса ҳам, у ёки бу маънода, Фрейд Фроммнинг дунёқарашида чуқур из қолдирган эди. У руҳият таҳлили ғояларини қайта кўриб чиқиб, Фрейдни психологияни фалсафадан ва ахлоқдан ажратиб қўйганлиги учун танқид қилади. Фрейд инсон ҳаёти мазмунини ахлоқий ва хулқий мезонларини чеклаб ўтади. Ваҳоланки, айнан шулар инсон ҳаёт-фаолиятининг шакллантирувчи ибтидоси бўлиши шарт, дейди Фромм. Бундай эътироз, албатта қисман бўлиб, Фрейд бутунлай фалсафий муаммолардан ташқарида бўлмаган. Зеро, у кўтарган кўпгина масалалар ҳамда инсоний муаммолар фалсафий жиҳатдан таҳлил қилинган. Лекин Фромм руҳият таҳлилининг ташқи зиддиятларини тўғри илғаб олди, яъни чекланган фалсафий тизимлар орқали онгсизлик ҳақида мулоҳазалар юритиб, уларнинг аниқ ички руҳий жараёнларини, ишлаш тузилмаларини тадқиқ қилишга киришди. Э. Фромм фикрича, руҳият таҳлили инсон ҳақидаги билимни бойитишга ёрдам берган бўлса ҳам, Фрейд таълимоти инсон қандай яшаши кераклиги, нима қилиши шартлиги ҳақидаги билимларни бойитмади. Худди шу маънода Фроммни К. Юнгнинг “руҳият таҳлили” ҳам қониқтирмайди. Унда ҳам инсон мавжудлиги ҳақидаги саволларга тўлиқ жавоб ололмайсиз. Ана шу икки таълимотга зид равишда Фромм фалсафий-ахлоқий муаммони кўриб чиқишга уринади. Унинг диққат марказида турган масалалар қадрият ва ҳаёт мазмунига оид бўлган инсон борлиғи, ахлоқий мезонлар ва хулқий низомлардан иборат эди. Фрейд сингари, инсоннинг “табиий” ва “маънавий” ҳаёт соҳалари ўртасидан чизиқ тортиш ўрнига, Фромм инсонпарвар ахлоқшунослар анъаналарига мурожаат қилган. Масалан, Арасту ва Спиноза инсонни яҳлитликда кўриб, ахлоқий ҳаёт мезони манбаини очишга ҳаракат қилганлар. Ахлоқий қонун-қоидалар инсон мавжудлигининг ички сифатларига асосланиши шарт. Уларнинг бузилиши шахснинг руҳий оламини ажралиб, майдалашиб кетишига олиб келади.

“Инсонпарвар” руҳият таҳлилининг мақсади – инсоннинг ўзлигини англашга ёрдам беради, бу ҳаракат ҳаётийликка, самарадорликка йўғрилган бўлади. Бу ўз ўрнида инсонпарвар ахлоқий қадриятларни ўзлаштириб олишга бориб тақалади, ўзининг ички табиатини билишни, “ҳаётийлик санъати”ни эгаллашни талаб қилади. Бу мақсадга эришиш Фромм фикрича, инсон мавжудлиги ва моҳияти муаммоларига мурожаат қилинганда шахснинг фалсафий-ахлоқий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатларига асосий эътибор берилади. Бу шундан далолат берадики, “психология на фалсафа, на ахлоқдан, на социология ва иқтисоддан ажралмаган бўлиши шарт” [1: 443].

Фромм руҳий таҳлилнинг ислоҳатчиси сифатида намоён бўлганди. Фроммнинг психоанализида ислохатчилиги нимада намоён бўлади? Биринчидан, Фрейддан фарқли ўлароқ биологик омилларнинг ролини камайтирмаган ҳолда, инсон табиатини, асосан, тарихий шартланган деб ҳисоблади. У “инсон муаммоси, биологик ва маданий омилларнинг қарама-қарши қўйиш терминларида тўғри ифодаланган бўлиши мумкин” [2: 59], деган Фрейднинг қарашидан воз кечди.

Фрейд, “инсон бу ёпиқ система, яъни “нарса ўзида” деб ҳисоблайди”. Унинг фикрича “табиат инсонни маълум биологик шартланган интилишлар билан таъминланган ва шахс тараққиёти бу интилишларнинг қониқтириш ва фрустрациясига хизмат қилади”. Фромм эса, инсон шахсини ўрганишнинг асосий йўналиши инсоннинг дунёга бошқа инсонларга, табиатга ва ўз ўзига муносабатини тушунишдан иборат бўлиши кераклигини кўрсатади. Унинг фикрига кўра, “Инсон – аввал бошиданоқ ижтимоий мавжудотдир. Шунга кўра, психологиянинг асосий муаммоси алоҳида инстинктив интилишларнинг қондириш ёки фрустрацияси механизмларини очиб беришдан иборат бўлмай, балки индивиднинг дунёга муносабатидандир”.

Демак, Фрейднинг биологик ёндашуви билан Фроммнинг ижтимоий фикрлаши ўртасидаги фарқ аҳамиятли ва радикалдир. Фрейд инсон хаётида англанмаган психосексуал энергиянинг ролини тушунади. Ўша энергия инсон фаолиятининг барча жабхаларига, шунингдек, эмоционал, интелектуал жабхасига ҳам таъсир кўрсатади, деб тўғри урғу берган. Фроммга кўра эса инсон шахсида фрустрация ва эрогенлик ўз ўзидан шунга мос келадиган установкаларнинг мустахкамлашга олиб келмайди. Фантазия ва жисмоний ҳис қилишнинг аҳамияти лаззат ва шу лаззатнинг сублимациясидан иборат бўлмай, ўзраининг ортида турувчи дунёга бўлган специфик муносабатларни ифодалайди.

Фрейд нсон табиатининг ахлоқсизлигига бўлган чуқур эътиқодидан келиб чиқиб фикрлаган. Фромм бу хукмни рад этди. У хақиқат, адолат, озодлик каби идеаллар кўпинча қуруқ сўз ёки рационализация бўлиб чиқсада, инсоннинг асл интилишлари ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Бу интилишларни динамик омиллар сифатида тан олмайдиган анализ ҳар доим хатодир.

Фромм руҳий таҳлилни инсонпарварлаштиришга ҳаракат қилган. Унинг фикрича, айнан Фарейд биринчи марта шахсни қандайдир умумийлик сифатида ўрганди. У инсонни кузатишнинг ўзига хос методини очди, бу метод озод ассоциацияларни, хато ҳаракатларни, хулқ атворнинг символик актларини анализ қилишга имкон беради [3]. Шунинг билан руҳий таҳлил – интроспекция бошқарадиган методгина эмас. Уни, мутахассис томонидан йўналтирилган бемор ўзининг ўй-фикрларини, хоҳишларини оғир ёки уятли ҳолатларини ошкор қилганда ва шу йўл билан уларнинг зарарли таъсиридан ҳалос бўлган пайтларида, ўзига хос тавба қилиш деб ҳисобласа ҳам бўлади. У хулқ-атворнинг баъзи бир объектив актларини тушунтириш ва танқиди билан тўлдирилади. Хусусан, руҳий таҳлил тушлар мазмунига эга эканлигини исботлашга имкон берди. У хаттоки ушбу мазмунни ечишга ҳам имкон берди. Маълум бўлишича қадим замонларда тушларни келажакни билиш усусли деб ҳисоблаб, уларга алоҳида эътибор берилган. Замонавий Фрейднинг фани тушларни иримчилик ва хурофот соҳасига ҳайдади, улар оддий “жисмоний” ҳодиса деб эълон қилди.

Ўзининг “Унутилган тил” асарида Фромм қадимгилар учун бугунги кундагиларга қараганди мифлар умуман бошқача роль ўйнаганлигини таъкидлаб, туш ва мифлар анализига мурожаат қилган [4: 6]. Шарқ ва Ғарбнинг ривожланган цивилизацияларида яшовчи одамлар тушлар ва мифларни қалбнинг муҳим ифодаси сифатида кўриб чиққан эдилар. Уларни тушуна олмаслик саводсизлик сифатида бахоланар эди. Шунинг билан тушлар – инсоният ҳаётининг универсал ходисасидир. Рамзларнинг улкан хазинасини бахолаб  Фромм унитилган тилнинг турли хил формаларини таққослаш учун реал асос яратган ҳода уларни типологиялаштиришга ҳаракат қилди [5: 7].

Фроммнинг бу қарашлари кўп жиҳатдан руҳий таҳлилнинг мақсадини ўзгартиришда, уларнинг тараққиётига янги маносабатини таъминлади. Улар неофрейдизм методикасини ижтимоий-тарихий динамикани анализ қилиш учун ишлатишга имкон беришди. Файласуф ижтимоий типаж ва характерларни бутун галереясини яратишнинг уддасидан чиқди, у асрнинг сиё-сий ижтимоий коллезиясини (қарама-қаршиликларннг тўқнашуви) англашга уринди.

Фромм ҳақиқатни ҳақиқат қутқаради ва даволайди деб кўп маротаба такрорлайди. Бу қадимий нақлдир. Ҳақиқатнинг қутқарувчандлиги ҳақидаги фикр буддизм, иудаизм ва христианлик учун Суқрот, Спиноза, Гегель ва Маркслар учун умумийдир. Бу ерда уларнинг таъсирини кўришимиз мумкин.

Мисол учун, Буддизмнинг ғояларини кўрадиган бўлсак. Будда – бу буюк устоздир, дейди Фромм – у инсоний мавжудлик ҳақидаги ҳақиқатга етгандир. У ҳар бир кишига мурожжат қилади ва ўзларининг онгини ишга солиб биринчи бўлиб Будда кўрган ҳақиқатни кўришга чорлайди. Агар инсон ҳақиқатга томон ҳеч бўлмаса бир қадам қўйса, у барча инсоний мавжудотларга бўлган меҳрини ва онгнинг имкониятларини ўстириб яшашга интилиши керак. Буддизм таълимотига кўра инсон ўзининг шахсий чегараларини тан олиш билан бирга ўзининг ички кучларини англаб етиши керак.

Руҳий таҳлилда ҳақиқатга етишиш жуда муҳимдир. Чунки ҳақиқатни излаш инсоннинг чуқур ва ўткирлашган эҳтиёжидир. Бемор психологнинг олдига келади ва улар биргаликда хотиранинг тор кўчалари бўйлаб онгсизликнинг қаърисида у ерда кўмилган хотираларни излашади. Лекин бунда бемор чуқур ҳаяжон ва изтиробларни бошдан кечириши мумкин. Чунки онг остида беморнинг драматик, қалбни яратувчи, изтиробли хотиралар яширинган бўлиши мумкин. Лекин бир тарафдан бу қалбдаги изтиробларга онгнинг зиёси етиб борса, инсоннинг ички олами жонланади. Шундай йўл билан руҳан соғайиш бошланади.

Шундай қилиб инсон, унинг моҳияти, ижтимоий шартланганлиги Фроммнинг дунёни тушуниш принцпларининг моҳиятидир. З.Фрейд томонидан инсон сир-синоатини очишга бўлган урунишларини инкор этиб ёки тўғирлаб, файласуф ҳис қилувчи, азоб чекувчи ва фикрловчи мавжудот сифатидаги инсон ҳақидаги бутун таълимотини ишлаб чиқди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Фромм Э. Человек для самого себя. – М.: АСТ: АСТ МОСКВА, 2009.
  2. Фрейд З. “Я и Оно” Сочинение. М.: ЗАО изд-во Эксмопресс; Харьков: изд-во Фолио. 1998.
  3. Фрейд З. “Психология безсознательного” СПб.: Алетейя. 1992.
  4. Фромм Э. “Душа человека” / Общ. ред. П.С.Гуревич. М; изд-ва “Республика” 1992.
  5. Фромм Э. “Забытый язык: введение в науку понимания снов, сказок, мифов” М.:  “Республика” 1992.
Иномжон АСАТУЛЛОЕВ,
ФарДУ ўқитувчиси

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …