Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФ ВА ФУТУВВАТ: УМУМИЙЛИК ВА ХУСУСИЙЛИК

ТАСАВВУФ ВА ФУТУВВАТ: УМУМИЙЛИК ВА ХУСУСИЙЛИК

Тасаввуф илмини ўрганиш билан шуғулланаётган ҳар бир олим бу илм бир улкан уммон эканлигини ҳис қилади. Чунки бу илм сирларини очишга киришар экансиз унга қанча кириб борсангиз унинг янги қирралари очилаверишига гувоҳ бўласиз. Шу ўринда айтмоқчимизки, тадқиқотчиларимиз футувватни тариқатнинг бир бўлаги сифатида қараб, кўп ҳолларда уни тадқиқот назаридан четда қолдириб келганлар. Лекин бизнинг назаримизда, Х асрларда мамлакатимиз ҳудудида ҳаракат ва дунёқараш сифатида 71 шартга эга бўлган ва тасаввуф тариқатининг амалий кўриниши сифатида ривожланган футувват ўзининг мустақил тадқиқотини кутмоқда. Биз мақсад қилиб қўйган вазифа ҳам айнан тасаввуф ва футувватнинг умумий ва хусусий жиҳатларини очиб беришдан иборат. Бунинг учун аввал тасаввуфнинг ижтимоий-фалсафий жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтиш лозим деб, ҳисоблаймиз.

Тасаввуф Шарқ ижтимоий-фалсафий тафаккури тарихида муҳим ўрин эгаллаган ва тадрижий тараққиёт босқичига эга бўлган, ислом дунёсида VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган таълимотдир. Дастлаб тасаввуф зоҳидлик ҳаракати сифатида пайдо бўлади. Лекин VIII аср охири IХ аср бошларида буларни сўфийлар ёки руҳ кишилари, деб атай бошладилар. Чунки улар мақсади: Аллоҳни жондан севиш, унинг зоти сифатларини таниш ва билиш, кўнгилни нафсу ҳирс ғуборларидан поклаб, ботиний мусаффо бир ҳолатда Илоҳ васлига етишиш ва бундан лаззатланиш ғоясини кенг тарғиб қилиш бўлган. Инсон руҳи илоҳийдир ва демак, асосий мақсад илоҳий оламга бориб қўшилмоқдир. Шу ўринда Ҳофиз Шерозийнинг қуйидаги фикрини келтиришни лозим топдик. Шу тариқа, дунёдан кўнгил узган, аммо зохидларга ўхшамайдиган, “бир назар билан тупроқни кимё этадиган” зеҳну –заковат, ақлу фаросатда тенгсиз, аммо ўзга мутафаккирлар, файласуфлардан ажралиб турадиган, шариат илмини сув қилиб ичган, тоату ибодатда мустаҳкам, лекин оддий диндорлардан фарқланадиган ажойиб хислатли одамлар тўдаси пайдо бўлган эдики, уларни руҳ кишилари деб атардилар, дейди. Бундай одамларнинг феъл-атвори, юриш-туриши, сўзлари ва ишлари атрофдагиларни ҳайратга солар, баъзиларининг ғайбдан башорат берувчи кароматлари, сирли мўъжизалари ақлларни лол қолдирарди. Уларни аҳлуллоҳ, авлиё, аҳли ҳол, аҳли ботин, арбоби тариқат, дарвеш, қаландар, фақир деган номлар билан тилга олардилар. Аммо бу тоифага нисбатан кўпроқ “сўфий” номи қўлланилган, чунки ушбу сўзнинг маъноси анча кенг бўлиб, бошқа тушунча ва атамаларни ўз ичига сиғдирарди.

Сўфийларнинг ўзларини ҳам Ҳусайн Воиз Кошифий “Футувватномаи султоний” асарида уч гуруҳга ажратган: Муоширлар, мутарасмлар, муҳаққиқлар. Муоширлар- тариқат аҳлининг мухлислари, улар дарвешларга муҳаббат билан қарайдилар, дарвешлар суҳбатида иштирок этадилар, уларнинг хизматларини бажарадилар ва савобга ўзларини шерик деб биладилар. “Мутарасм” сўзининг маъноси расму русумига эргашувчи демак, аммо мутарасмлар дарвешларнинг одатларига зоҳиран тақлид қилсаларда, ботинан хол талабгоридирлар ва шу тоифага ихлослари туфайли файздан баҳраманддирлар. Муҳаққиқлар – Ҳаққа етганлар, уларни олий мартабали сўфийлар деб таърифлаш мумкин ҳақиқий авлиёлар, шайхи муршидлар шулар ичидан етишиб чиққан.

Шу ўринда таъкидламоқчимизки, тасаввуф худога қўшилиш ёки худо билан бирлашиш ҳақидаги таълимот эмас, балки худони билиш унга етишиш ҳақидаги таълимотдир. Илоҳ васлига етишиш ва ундан лаззатланиш дегани бу худога қўшилиш дегани эмас, балки инсон руҳи илоҳий бўлганлиги сабабли илоҳий оламга бориб қўшилишдир деб талқин қилиш мақсадга мувофиқ.

Тасаввуфнинг ўзак ғояси муҳаббат бўлиб, бу муҳаббатнинг энг юқори босқичи – ишқи илоҳийдир. Лекин илоҳий ишқни эътиқод қилиб олган бандадан Аллоҳ таолонинг амрлари соқит бўлмайди. Нақшбандия шайхи бўлган улуғ аллома Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий шундай ёзади: “Аллоҳ муҳаббатини даъво қиладиган кишида ушбу тўрт хислат бўлиши шарт:

  1. Ҳақ таолонинг ҳеч бир амрида камчиликка йўл қўймаслик.
  2. Ҳақ таолонинг ҳеч бир наҳйида-қайтарувида камчиликка йўл қўймаслик.
  3. Ҳақ таолонинг барча ҳукмларига рози бўлиш.
  4. Ҳақ таолонинг барча махлуқотига нисбатан шафқатли ва марҳаматли бўлиш” [1].

Профессор Маҳмуд Асъад Жўшон “Тасаввуф ва гўзаллик” китобида тасаввуфнинг муҳим мақсад ва ғоясини баён этади:

“Тасаввуфнинг энг муҳим мақсади Аллоҳни танимоқдир. Тасаввуфнинг бир қанча ғоя – мақсадлари бор. Бош ғоялари, бош мақсадлари қуйидагилар: Маърифатуллоҳга эришмоқ, яъни Аллоҳни танимоқ аммо Аллоҳни танимоқ илми эмас, илм дейилмайди бу, маърифат дейилади. Яъни ирфондир.

  1. Нафсга ҳоким бўлмоқ.
  2. Ахлоқни гўзаллаштириш [2].

Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзининг “Нақшбандия тариқати” китобида Тасаввуфни- қалб ва нафсни яхши ва ёмон ҳолларини билиб, ёмон ҳоллардан тозаланиб, яхши ҳолларда безанаркан Аллоҳ таолога яқин бўлмоқдир деб, ёзади. Тасаввуфнинг мавзуи маърифатуллоҳдир. Яъни Аллоҳ таолони билмакдир. Қуръони Каримда 191 жойда “маънавий қалб”, 49 жойда “Нур”, 59 жойда “Ақл”, 9 жойда “Руҳ” калимаси ишлатилган. Тасаввуф шу тўртта маънавий унсур- қалб, руҳ, ақл ва нафс котегориялари билан боғланган мушоҳада тарзидир[3].

Тасаввуф илмига кўра инсоннинг маънавий вужудида икки зид борлиқ мавжуд, бу-руҳ ва нафсдир. Бу иккиси инсон вужудига ҳоким бўлиш учун бир-бирлари билан курашадилар. Бу курашда нафснинг озиғи-гуноҳ, ёрдамчиси шайтондир. “Нафс инсонга муболаға ва ёмонликни буюради” [4]. Тасаввуф инсондаги бу ҳабиснинг тарбияси билан шуғулланади.

Ҳусайн Воиз Кошифий ўзининг “Футувватномаи султоний” асарида тасаввуф таълимотининг маъноси ва унинг рукунлари ва одоби ҳақида тўхталиб, тасаввуф тариқат мақоматидан биридир…, “тасаввуф” сўзи исломдан олдинги замонда ҳам бўлган экан ва “Унсул суфия” китобида биринчи бўлиб, “сўфий” деган ном олган одам Одамато фарзандларидан бири- Шиш эди деган маълумотни беради ва шу тоифага ўзини мансуб деб биладиганларни тасаввуф аҳли, деб юритадилар деган, маълумотни беради.

Ҳусайн Воиз Кошифий ўз асарида тасаввуф нимадир деган саволга ҳам жавоб бериб, унинг еттита асоси ҳақида тўхталади. Биринчидан, тасаввуфни тахлия, яъни холи бўлмоқ, қалбни бўшатмоқ ва яхши, мақталган ахлоқдир дейдилар. Иккинчидан, тасаввуфни тасфия, яъни руҳни ағёр-бегонадан тозалашдир, деб айтадилар. Учинчидан, тусаввуф ҳузуъ, яъни нафсни жиловлаш, ҳоксорлик ва жонсипорлик намунасини кўрсатишдир дейдилар. Тўртинчидан, тасаввуф даъвосини тарк этиш ва маъноларни халқдан яширишдир дегувчилар бор. Яъни, киши то даъводан воз кечмаса, маънога етмас ва то ўз маъноларини яширин тутмаса, тасаввуфдан баҳра топмайди. Бешинчидан, тасаввуфни (яна) ибодат ҳуснига ишорат, деб таърифлайдилар. Олтинчидан, тасаввуф нафсни ҳор тутиш ва амрни азиз тутишдир дейдилар. Еттинчидан, тусуввуф барча адабдир ва кимки фақр (дарвешлик) одобидан бирига ўзини вобаста этмаса, тасаввуфдан фақат номгина билади, холос дейдилар [5: 27].

Бундан ташқари, Кошифий тасаввуфнинг рукнлари (устунлари) ҳақида ҳам қизиқарли маълумот бериб, уни ўнта деб айтади. Бу ҳақда асарда шундай ёзади: “Агар тасаввуф рукнлари (устунлари) нечта деб сўрасалар, ўнта деб айт. Биринчи – илм, иккинчи – ҳилм, учинчи – тақво, тўртинчи – сеҳр, бешинчи – шукур, олтинчи – сидқ, еттинчи – вафо, саккизинчи – ризо, тўққизинчи – сафо, ўнинчи –ишқ” [5: 30].

Кошифий мазкур асарида футувватни моҳияти ва унинг рукнлари ва одоби ҳақида ҳам қизиқарли фикрларни беради. Кошифийнинг ёзишича, футувват сифатлари намоён бўлган одамни “фатий”деб атайдилар ва бунинг лўғавий маъноси ёшлик демакдир. Демак, футувват сўзи ёш йигитга нисбатан ишлатилади ва бу ҳақиқатдир. Бундан бошқаси мажозий ёки кўчма маънодадир. Мажозий маънода инсоний фазилатлар нуқтаи-назаридан комолот чегарасини забт этган одамга нисбатан қўллайдилар. Ва мажоз дейилишига сабаб шуки, модомики солиҳ (ҳали) нафс ҳаваси тузоғида табиий эҳтиёжлар бандида экан, у гуё гўдакка ўхшайди, нафс мартабасидан тараққий этиб, дил мақомига етишса, балоғат остонасидаги ёш успирин қабилида бўлади. Ёш йигитда эса, қон қайноқ, бадан қуввати жисмоний қувват етарли бўлганидек, жавонмардларда ҳам инсоний камолот билан бирга маънавий қувватлар мавжуддир ва ушбу мартабадагига “фати” дейдилар [5: 18].

Демак, футувватнинг мазмуни ва моҳияти жисмоий қувват, инсоний камолот ва маънавий қувватлар мужассамлигидир.

Жавонмардликнинг ниҳояти яхшилик йўлида жондан кечишга тайёр туриш, фидоий қалб эгаси бўлишдир.

Кошифий футувватнинг рукнлари (устунлари) ҳақида тўхталар экан, уни ўн иккитага яъни олтита зоҳирий ва олтита ботиний рукни борлигини таъкидлайди.

Кошифий ўз асарида футувватнинг зоҳирий рукнлари сифатида қуйидагиларни санаб ўтади: биринчиси – ғийбат, ёлғон ва бўҳтон ва беҳуда сўзлардан тилни тийиш. Зероким, Кошифий назарида тилидан халққа озор етмайдиган одамгина футувватга даъво қила олади.

Иккинчиси – ножўя, номақбул сўзлар, бўҳтон, ғийбатдан қулоқни беркитиш.

Учинчиси – кўриш нажоиз ҳисобланган нарсалардан кўзни юмиш.

Тўртинчиси – ҳаром нарсалардан, халқ озоридан қўлни тортиш.

Бешинчиси – бориш ман қилинган ношоиста жойлардан оёқни тортиш. Ҳақорат ва гуноҳга сабаб бўладиган, ғаммозлик, гап ташиш ва зиён-заҳмат, озорга етаклайдиган ишларга қадам қўймаслик.

Олтинчиси – ҳаром овқатлардан оғизни зинодан аъзони беркитиш. Зино – футувват аҳдини бузуш, ҳаромхўрлик эса-футувват риштасини узишдир.

Кошифийнинг таъкидлашича, ботиний рукнлар қуйидагилар: биринчиси-саховат, яъни тиламасдан бурун ўз маҳалида бағишламоқ оқибатини ўйламаслик, лаёқату қобилиятини андиша қилмаслик.

Иккинчиси – тавозе, яъни бошқаларни ўзидан афзал билмоқ, барчага камтар, хоксор муносабатда бўлиш.

Учинчиси – қаноат… одамлар бошига тушадиган азоб-изтироблар, фалокатлар ортиқча нарсаларга эга бўлиш ҳирсидандир,…

Тўртинчидан – авф ва марҳамат яъни, халққа шафқат кўргизмоқ, кишилар гуноҳини кечирмоқ ва иложи борича уларга яхшилик, мурувват билан муомала қилиш.

Бешинчиси – ҳавобаландлик ва ғурурни тарк этиш. Яъни, қанчалик маъқул ва мақбул ишларни амалга оширса ҳам мағрур бўлмаслик, зеро Иблис кибру ҳаво туфайли жаннатдан бадарға бўлди.

Олтинчиси – қурб (илоҳиётга яқинлашиш) ва васлат мақомига бадан вужуди, дили жони билан интилиш. Яъни, кўнгил уйини риёзат супургуси билан чангу ғубор, чиқиндилардан тозалаб туриш, токи кўнгил ишқ султони ўтирадиган тахтга айлансин… Зеро, мадомики кўнгил дунё тааллуқоти-ташвишлари ғалвасидан қутилмас экан, у дўст муҳаббатининг маконига айланайди [5: 19-20].

Кошифий ўзининг асарида футувватнинг етмиш битта шарти ҳақида тўхталиб, унинг қирқ саккизтаси вужудий, йигирма учтаси азалий (парҳез қилинадиган) шартлар эканлигини таъкидлайди.

Тарихий манбаларни ўрганиш футувват аҳлини уларнинг ўзига хос хислатларидан келиб чиқиб, жавонмардлар, ахийлар ёки фатийлар деб атаганлигини гувоҳи бўламиз. Жавонмардлар фақат яхшиликни ўйлаб, яхшилик қилишдан чарчамайдиган эзгу ҳулқ-атворга эга бўлган муҳтожларга доимий ёрдам қўлини чўзадиган пирлар ва устозлар ҳамда дўст биродарлар номуси ва шарафини ҳимоя қиладиган зоҳирон ва ботиран пок инсонлар ҳисобланганлар.

Шуниси эътиборлики, жавонмардлик Хуросон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида X асрдан бошлаб, ҳаракат сифатида кенг қулоч ёйган. Жавонмардлар ёки футувватчилар муайян қоида-талабларга риоя қилиб, маънавий ва жисмоний етукликка интилганлар. Улар назарида инсон Аллоҳ томонидан яратилган илоҳий зот бўлганлиги учун ҳам унинг қадри ҳамма нарсадан устун туради. Шунинг учун ҳам жавонмардлар ҳар қандай бойликни назар писанд қилмаганлар ва уларни инсон камолоти йўлидаги бир восита деб билганлар холос.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” асарининг таржимони профессор Нажмиддин Комилов асарнинг кириш қисмида араб сайёҳи Ибн Баттута (XIVаср) ўзининг “Сафарнома” китобида жавонмардлар ҳақидаги фикрини келтирди. Бунда таъкидланишича, “Мен дунёни кезиб, бундай одамлар (яъни жавонмардлар)дан кўра эзгу ниятли ва эзгу ҳулқли кишиларни кўрмадим. Шероз ва Исфаҳон аҳолиси гарчи ўзларини жавонмардларга ўхшатсалар-да, аммо улар (яъни Хоразм ва Мовароуннаҳр жавонмардлари) ғариб-мусофирларни сийлаш ва меҳмондорликда улардан баланд турадилар. Уларни (жавонмардларни) Ироқда шотир, Хуросонда сарбадор, Мағрибда (Андалусияда) сукра дейдилар. Уларга тобе жойларда адолат расми шундай ривожланганки, уларнинг лашкаргоҳлари, хоналаридан олтин ва кумуш тангалар ерга сочилиб ётади ва эгаси топилмагунча ҳеч ким бу пулларга тегмайди” [6: 9].

Жавонмардлар оддий халқ ичидан чиққан ҳунармадлар, сипоҳийлар, кўчаларда томоша кўрсатувчи халқ театрлари вакиллари, похловонлар, қизиқчилар ва бошқа тоифалардан ташкил топган. Уларнинг ҳар бирининг ўз жамоаси, пири, таълим берувчи устозлари, йиғиладиган жойлари бўлган. Пирга қўл берган ва устоз олдида аҳду паймон қилиб, мардлик белбоғини белига боғлаган жавонмард бир умр ўз аҳдига содиқ қолишга интилган. Ўз шахсий ҳаётини жамо ҳаёти учун, биродарлари учун фидо этган. Жавонмардлар жамоасига қабул қилинган ёш йигит фарзанд деб, унинг белига аҳд белбоғини боғлаган устоз ота деб юритилган.

Жавонмардлар мазлумларни золим шоҳлар, маҳаллий ҳокимлардан ҳимоя қилган, уларга моддий ёрдам кўрсатиш баробарида уюшиб ташқи душманларга қарши курашганлар. Улар орасидан Абу Муслим, Муқанна, Яъқуб ибн Лайс, Маҳмуд Таробий каби қаҳрамонлар етишиб чиққан.

X-XIII асрларга келганда, маҳаллий зодогонларга кўчманчи қабила-уруғларнинг талончилик юришларига қарши шаҳар ҳунармандларининг норозилигини ифодалаган жавонмардлик ҳаракати аста-секин XV асрга келиб, ўзининг муқобил таъсир кучини йўқота боради, яъни ҳоким синфларга муҳолифликдан эндиликда барча табақа-тоифаларни уюштирувчи ҳаракатга айланади. Лекин, шунга қарамай барибир футувватнинг асосини шаҳар хунармандлари ташкил этар эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Кошифий ўз асрида жавонмардлик илми, дастури ва қоида талаблари билан бирга тасаввуф ҳақида ҳам кўп фикрлар берар экан, футувватни тариқатнинг бир бўлаги сифатида олиб қарайди. Кошифийнинг бундай фикрга келишининг сабаби футувват асослари билан тасаввуф ғоялари аксар бир бирига мувофиқ келади. Бизнинг бу мавзуга қўл урушимизнинг сабаби шундадир.

Дарҳақиқат, футувват ҳам, тасаввуф ҳам инсон ахлоқини поклаш, меҳру-шафқат, ҳиммат ва мардлик кўрсатишни тарғиб этади ва бу жиҳатдан илоҳият ишқида дунёдан юз угирган, жисмини маънавий камолот йўлига қурбон этган дарвеш билан биродарлик, фидоийлик удумига содиқ жавонманднинг мақсадлари мос эди. Тасаввуфнинг тавба, сабр, қаноат, парҳез, ботиний таҳорат каби талаблари футувватчилар томонидан қабул қилиниб амалий ҳаётий қоидаларга айлантирилади. Демак, тасаввуф футувватда юксак ғояларнинг амалий-ижтимоий татбиқини кўрган бўлса, футувват тасаввуфда назарий эътиқодий тагзаминни топган эди. Бу муносабатлар тизимини татбиқ этиш тасаввуф ва футувват таълимотларининг очилмаган қирраларини ёритишга хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий. Соғлом исломий ақийда: Аҳли суннат вал-ажмрат ақоиди. Биринчи китоб. М.Кенжабек таржимаси. – Т.: Адолат, 2004.
  2. Маҳмуд Асъад Жўшон. Тасаввуф ва гўзаллик. – Т.: Адолат, 2004.
  3. Муаллиф: www.islom.uz 31/08/2012 в Долзарб, Китоблар, М.Солиҳ, Тасаввуф / 3 изоҳ.
  4. Қуръони карим. “Юсуф” сураси, 52. Қуръони карим ўзбекча изоҳли таржима. Таржимон ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур. Чўлпон. – Т.: 1992.
  5. Ҳусайн Воиз Кошифий “Футувватномаи султоний”. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2011, 376 бет.
  6. Комилов Н. Мардлик дастури. (Сўз боши ўрни). Футувватномаи султоний.
Сойибназар КАРИМОВ,
СамИСИ профессори, фалсафа фанлари доктори

Check Also

ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Ўсмир хулқ атвори тушунчасини таҳлил этиш, унинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини  ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хулқ-атвор, яъни …