Home / МАҚОЛАЛАР / ОЛИМНИНГ АХЛОҚИЙ МАСЪУЛИЯТИ

ОЛИМНИНГ АХЛОҚИЙ МАСЪУЛИЯТИ

Бу мақола илм-фан билан шуғулланаётган ҳар бир инсоннинг виждонини уйғотишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Шу сабабли сиз азизларни ҳам фан қадриятларига оид ушбу мақолалар билан таништиришга қарор қилдик. Эътиборингиз учун олдиндан раҳмат.

 ОЛИМНИНГ МАСЪУЛИЯТИ – жамият тақдири ва инсон тақдирини, ер шарининг ва инсониятнинг келажагини, жамиятда гуманистик ахлоқий муҳитнинг, биосферада соғлом экологик муҳитнинг барқарор сақланишини эътиборга олган ҳолда илмий тадқиқотларни олиб борувчи олимнинг ҳаётий позицияси. Олим илмнинг қадр-қимматини яхши англаган ҳолда илмни илм қадрини ҳис қила олмайдиган кишилар қўлига топширмаслиги, илмни доимо гуманистик мақсадларга йўналтира олиши лозим. Олим назарий илмни амалиёт билан боғлай олиши, фан, техника ва технологияни инсон ва инсониятнинг олийжаноб мақсадлари учун хизмат қилдиришга тинмай ғамхўрлик қилиши, илмни индивидуалистик, агрессив зўравонлик ва тажоввузкорлик мақсадларига хизмат қилишининг олдини олиши мақсадга мувофиқдир.

Илмнинг асосида илмий ҳақиқатларга эришиш ётади. Шу сабабли олимлик масъулияти доимо ҳақиқат учун интилиш, ёлғончиликдан, юзакилик ва сунъийликдан сақланишни талаб қилади. Шарқ мутафаккирларининг «бошингга қилич тушса ҳам ёлғон гапирма» деган ўгити айнан олимларга қаратилгандир. Олимлар мазлумларнинг ҳимоячиси бўлиши, оламда ёвузлик ва жаҳолатнинг ҳукмрон бўлишига йўл қўймаслиги, илмий тадқиқотларнинг инсоният бошига қирғин келтирувчи қуроллар яратиш учун хизмат қилишига йўл қўймаслиги зарурдир. Бунинг учун тафаккур соғлом маънавият измида бўлиши лозим. Бу масала билан махсус фан «фан этикаси» шуғулланади. Олимлик масъулияти шундай ахлоқий масалаки, бир томондан олимнинг илмий жамоада муайян ахлоқий муҳитнинг сақланишига, ўзаро мулоқотларда, ҳамкорликда, биргаликда изланишлар олиб боришда, илмий экспедициялардаги экстремал шароитларда ўзаро аҳилликда яшаб кетишда, бир-бирини қўллаб қувватлашда, жавобгарлиги, масъулияти масаласи, бошқа томондан олимнинг тадқиқоти келажакда кимга ва нимага хизмат қилиши мумкинлиги олдидаги жавобгарлиги масаласи. Бу борада олимларнинг дунёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш йўлидаги ҳамжиҳатликларини мисол тариқасида келтириш мумкин («Гринпис», «Эйнштейн–Рассел манифести», «Олимларнинг Пагоуш ҳаракати», «Рим клуби» ва бошқ.).

 Айрим ҳолларда баъзи олимларнинг ўз шахсига ортиқча баҳо бериши, манманлиги туфайли илмий тадқиқот йўналишлари ўзгариб кетиши ёки айрим олимларнинг моддий манфаатдорлик ортидан қувиши натижасида илмий кашфиётларнинг ёвуз кучлар қўлига тушиб қолиши каби ноҳуш вазиятлар олимдан юксак ахлоқий интизомни талаб қилади. Ана шундай масъулият туйғусига эга бўлмаган олимлар, генетик инженерия фанини озиқ-овқатлар сифатининг бузилишига, фақат транспортировка учун мўлжалланган мева ва полиз махсулотлари етиштиришга йўналтирди. Сунъий озиқ-овқат маҳсулотлари кишиларда турли хил касалликларнинг авж олишига сабаб бўлди. Ҳар бир олим тадқиқотчи сифатида инсоният келажаги қаршисида, табиатдаги табиий мувозанатнинг сақланишида масъул ва жавобгар эканлигини унутмаслиги лозим. Олимнинг масъулиятсизлиги юқумли касалликларнинг аҳоли орасида ёйилиб кетишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС) касаллиги ҳам олимнинг масъулиятсизлиги туфайли содир бўлган. Айрим эпидемия ва пандемиялар ҳам маълум маънода шу биологик объектларни муҳофаза қилишда йўл қўйилган эҳтиётсизликлар оқибатида юзага келганлиги маълум бўлмоқда.

Бахтиёр Тураев
фалсафа фанлари доктори, профессор,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
директори бош маслаҳатчиси
АДАБИЁТЛАР
      1.Нравственная ответственность ученого // Словарь философских терминов. Научная редакция профессора В.Г. Кузнецова. М., ИНФРА-М, 2007, с. 367-368.
  1. Тураев Б.О. Инсон, унинг эътиқоди, жамият, коинот: тараққиёти муаммолари ва ҳозирги замон // «Инсон, унинг эътиқоди, жамият, коинот: тараққиёти муаммолари ва ҳозирги замон» мавзусидаги илмий-назарий семинар материаллари. Тошкент: Алишер Навоий номидаги ЎзМиллий кутубхонаси нашриёти, 2015. Б.19-35.

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …