Home / МАҚОЛАЛАР / Мўътазилия оқими қарашларининг ўзига хос жиҳатлари

Мўътазилия оқими қарашларининг ўзига хос жиҳатлари

Ислом динимизни пок сақлашда, бегона ёд ақидалардан тозалашда мужтаҳид уламоларимиз кўп жонкуярлик билан умрларини ва вақтларини ушбу масалага бағишлаганлар. Шулар жумласидан, ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий саъй ҳаракатлари билан динни, усулни, фиқҳни, ақидани тушунишга тўғри ва ишончли йўналиш юзага келди. Ушбу ишда динни нотўғри талқин қилувчилар, хилоф қиладиган одамларга тўғри, саҳиҳ жавоблар бериб, зарба берганлар. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”[1].

Ибн Умар (р.а.) дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[2] деб, айтдилар.

Мўътазилийларнинг келиб чиқиши унинг асосий раҳбарларидан бўлган Восил ибн Ато (ҳиж. 131/80) номи билан боғлиқ. Умавий халифа Ҳишом ибн Абдулмалик даврида Ҳасан Басрий ҳузурига бир одам келиб: “Эй, динимизнинг пешвоси, замонамизда бир жамоа пайдо бўлган, улар кабира гуноҳ қилувчиларни кофир деб ҳисоблайдилар. Яна бир жамоа эса, кофирга тоат фойда қилмаганидек, мўминга ҳам гуноҳ зарар қилмайди, дейдилар. Улар ҳақида сиз нима дейсиз?” – деб сўради.

Ҳасан Басрий фикрга чўмиб, жавоб беришга улгурмай Восил ибн Ато ўрнидан туриб, масжид устунига суяниб деди: “Мен кабира гуноҳ қилганни мутлақ мўмин ҳам демайман, мутлақ кофир ҳам эмас, икковининг ўртасидаги манзилатдадир. Мўминлик мақтов исмдир, фосиқ эса мақтовга лойиқ эмас, демак мўмин эмас. Уни кофир ҳам деб бўлмайди, чунки шаҳодат калимасини айтган. Агар тавба қилмай ўлса, абадий дўзахга тушади, чунки охиратда фақат икки фирқа – жаннатга тушувчилар ва дўзахга тушувчиларгина бўлади. Лекин фосиқнинг азоби кофирнинг азобидан енгилроқ бўлади”,- деди.

Ҳасан Басрий: “Восил бизлардан ажралди”, -деди. Шундан буён бу тоифа “Мўътазила” (ажралган) деб номланади[3].

Мўътазилийлар тарихда доим бир-бири билан мубоҳасада бўлувчи бир неча гуруҳларга бўлинганлар. Уларнинг энг катта ва кучлиси Бағдод ва Басра мактаблари эди. Бағдод мактаби бошида Бишр ибн Мўътамар, Басра мактаби бошида эса Восил ибн Ато турар эди. Мазкур икки мактаб аҳллари орасида кучли баҳс ва мулоҳазалар бўлганки, уларнинг мазмунини бу ерда батафсил келтириш китобхонга унчалик фойда бермайди.

Мўътазилийларнинг қазо ва қадар масаласидаги фикрлари қадарийларникига яқинлиги учун уларни Қадарийлар деб ҳам аташади, лекин уларнинг ўзлари буни инкор этадилар. Аллоҳнинг зоти ва сифати ҳақида жаҳмийларнинг фикрлари билан яқин бўлганлиги учун уларни бир-биридан ажратмайдилар. Улар Умавийлар давлатига рақобатчи бўлиб фаолият кўрсатдилар. Зайдийларга бўлган хайрихоҳлари туфайли Аббосийлар салбий муносабатда бўлдилар. Айниқса, Ҳорун Рашид даврида таъқиб остига олинадилар. Лекин Маъмун ва ундан кейинги 2 халифа Муътасим ва Васиқ даврларида (813-847) аҳвол бутунлай ўзгариб, баъзи йирик давлат мансабларига чикдилар. Лекин Мутаваккил ҳукмронлигида (847-861) яна таъқиб остига олиндилар. Буидлар даврида (945-1055) мўътазилий Абдул-Жаббор (вафоти 1025 йил) мактаби яна ривожланди. IХ-Х асрларда эса мўьтазилийлар фикри Хоразмда ҳам кенг ёйилди.

Мўътазилийлар тарихда доим бир-бири билан мусобақада бўлувчи бир қанча гуруҳларга бўлинганлар. Уларнинг энг йириги ва асосийси IХ-Х асрда: Басра ва Бағдод мактаблари эди. Басралик даврада: Муъаммар ибн Аббад (вафоти 830 йил), Абу-л-Ҳузайл Аллаф Наззам (вафоти 835-36 ёки 845 йил), Жаҳиз (вафоти 868-69 йил), Абу Али Жуббоий (вафоти 915 йил) ва унииг ўгли Абу Ҳашим (вафоти 933 йил) энг йирик вакиллари эдилар. Бағдоддаги даврага Бишр ибн Муътамир (вафоти 825 йил) асос солган бўлиб, бу даврада Сумама ибн Ашрас (вафоти 828 йил), Мурдар (вафоти 840), Аҳмад ибн Абу Довуд (ваф. 854 йил), Ҳаййот (IX аср) ва Каъбий (ваф. 929 ёки 931 йил) фаолият кўрсатганлар.

Бу икки давра ўртасидаги мубоҳаса мазмунини Мўътазилий Абу Рашид Найсабурий (ваф. 1024 йил)нинг «ал-Масаил фил хилоф байнал басриййин ва-л-бағдадийин» (Байрут, 1979 й.) китоби очиб беради. Ҳокимият масаласида халифа бўлиш лозимлиги уқтирарди. Илк Мўътазилийлар халифа албатта қурайшлик бўлиши шарт эмас деб, кейинги даврларда эса қурайшлик лойиқ одам бўлса бошқа киши халифа бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблардилар. Уларнинг фикрларича, Аллоҳнинг буйруғи ёки имомнинг ўзи тайинлаб кетиш билан имом бўлинмайди балки унинг келиб чиқишидан қатъий назар мусулмон жамоасидан сайланиши лозим хорижийлар таълимотига ўхшаб имомнинг адолат этиш сифати энг муҳим деб ҳисоблайдилар ва ўзларининг 5 ададларига кўра адолатсиз имомни ҳатто куч билан бу лавозимдан четлатиш зарурлигини таъкидлайдилар[4].

 Ўзларининг заиф ақлларига ниҳоятда ишонган ҳамда “ақлчилар” деб ҳам номланган бу фирқанинг асосий фалсафалари шул эдики, улар:

  Мўътазилийлар беш тамойилга амал қиладилар. Бу 5 та асос Абу Ҳузайл Аллаф (вафоти 841 ёки 849 йил) томонидан қуйидаги сўнгги ҳолига келтирилади:

  1. Ал-адл (адолат)-илоҳий адолат инсоннинг иродасини аниқлайди ва Аллоҳнинг фақат яхшилик (ал-аслаҳ) қилиш қобилияти ва асрлар давомида таркиб топган нарсалар тартибининг бузилишига йўл қўймаслик сифати.
  2. Ат-тавҳид-қатьий Аллоҳнинг ягоналигига сиғиниш, политеизм ва атропофорфизмни инкор этади.
  3. Ал-ваъд ва-л-ваид-хорижийлар билан ажратилган хусусиятлари, яъни Худо мўъминларга жаннат, кофирларга дўзах ваъда қилган бўлса, ўз ваъдасида туриши лозим, яъни Пайғамбар (с.а.в.) шафоатларию, Аллоҳнинг Раҳмон, Раҳим сифатлари ҳам ёрдам бермаслиги керак. Чунки инсон хатти-ҳаракати учун тўлиқ жавоб бериши лозим.
  4. Ал-манзилату байна-л-малзилатайн (оралик ҳолат)-гуноҳи кабира қилган мусулмон мўминлар қаторидан чиқарилади (муржиийлар фикрига қарши), кофир бўлиб қолмайди (хорижийлар фикрига қарши), балки оралиқ ҳаётда бўлади. Шу фикрда бўлганликлари учун биринчи Мўътазилийлар Ҳасан ал-Басрий даврасидан чиқадилар, чунки уларни мунофиқ деб ҳисоблайдилар.
  5. Ал-амр би-л-маъруф ва-н-наҳй ани-л-мункар («Яхшиликка даъват ва ёмонликдан қайтариш») – барча усулда, ҳатто килич билан, бу ҳукмнинг бажарилиши лозим[5].

Ўзларининг заиф ақлларига ниҳоятда ишонган ҳамда “ақлчилар” деб ҳам номланган бу фирқанинг асосий фалсафалари шул эдики, улар:

  1. Қабр азобини инкор этардилар ва бу билан улар мусулмонларни гуноҳларига яраша азоб борлигидан қўрқмасликка даъват этган бўлиб, имонларини сусайтирар эдилар.
  2. Мункар ва Накир сўроғини инкор этардилар ва бу билан улар ҳаётий қилмишлар учун мамотий жавобларга тайёрланишдан қайтарар эдилар.
  3. Қуръонни махлуқ дейдилар ва бу билан улар Қуръони шарифдаги азалий оятларни “яратилганга ва ижод этилганга” чиқариб, муқаддаслигини, мўжизавий хусусиятини инкор этган ҳамда ҳурматини оддий китоблар қаторига киргазгандек бўлдилар.
  4. Қайта тирилишни инкор этдилар ва бу билан улар Маҳшар водийси билан боғлиқ ақидаларни, фоний ва боқий дунё чегарасини инкор этган бўлдилар.
  5. Ўликларга дуо ва садақа қилишдан фойда йўқ – дедилар ва бу билан улар ҳадису набаввияни инкор этган ҳолда ўликларга, ота-она қадриятига ва ҳурматига оёқ қўйган бўлдилар.
  6. Аллоҳнинг кўринишини инкор этдилар ва бу билан улар мўъминларга жаннатда бериладиган энг улуғ неъмат – Аллоҳнинг жамолига мушарраф бўлишдек мукофотни, олий мақсадни инкор этган бўлдилар.
  7. Гуноҳи кабира қилган кишилар на мўъмин ва на кофир бўлиб, бу икки манзил ўртасидадир,- дедилар ва бу билан улар жамии мусулмонларни аросатга солмоқчи, сарсон-саргардонликка қўймоқчи бўлдилар ҳамда шу билан бирга аксарият мусулмонларни билиб-билмай қилган гуноҳлари учун мўъминликдан чиқармоқчи бўлдилар.

Илми каломда Мезон, Сирот, Ҳавз, Ҳисоб, Шафоъат ҳақида турли баҳслар ўтган. Лекин мўътазила фирқасидагилар буни йўқ деб хисоблайди. Ҳолбуки, буларнинг барчаси Қуръони карим оятлари билан собитдир. Масалан Абу Лайс Самаркандий айтадилар: “Ёки Кавсар жаннатда бир анҳорди”. Яна жаноби ҳак Пайғамбаримиз (с.а.в) бошида бўладиган “Кавсар жаннатда бир ҳовуздир”[6]. Уммат ундан ичгайдир. Кавсардан биринчи ичадиган зотлар муҳожиларнинг фақирлари бўлур[7].

Мўътазила мазҳаби юқорида кўриб ўтганимиздек, ўз даъволарида давом этиб, “Тарозу яxшилик ва ёмонликлар миқдорини билиш учун керак бўлади. Кимнинг яxшилиги кўп бўлса, уни жаннатга юборади, кимнинг ёмонлиги кўп бўлса уни дўзаxга юборади. Ким жаннат аҳлидан бўлса қиёматда тўxтатилмайди. Шафоатга ҳам, тарозуга ҳам, ҳисоб китобга ҳам, сиротга ҳам, хавзга хам муxтож бўлмайди”, дейдилар

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уларга қарши оят ва ҳадисларда келган далиллар билан юқоридаги нарсаларни ҳақлигини исботлаб берганлар.

Каломшунослик шўъбаси раҳбари
А.Муҳиддинов

 

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Оли Имрон сураси 103-оят. –Б.63.

[2] Имом Термизий ривояти. Сунану-т-Термизий №2167 Ҳадис.

[3] Оқилов С. Калом илми. –Т.: Тошкент ислом университети, 2011. –Б. 35                                  

[4]Ҳусниддинов З. Ислом йўналишлар, мазхаблар, оқимлар. –Т.: Мовароуннаҳр, 2000. –Б. 35.

[5] Ҳусниддинов З. Ислом йўналишлар, мазхаблар, оқимлар. –Б. 33.

[6]  “Тафсийрул-Куръон”китобида “Ал-Кавсар” сураси шархида .

[7] Факих Абу-Лайс Самаркандий : “Тафсийрул-Куръон”,6-жилд. “Сезгин нашриёт ва матбаа уйи,Истанбул,1996.-Б.482.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …