Home / МАҚОЛАЛАР / Инсон илм билан юксалади
Quran.

Инсон илм билан юксалади

Ёшликда олинган илм тошга битилган нақш кабидир. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар: Ёшлик вақтингда илм билан шуғуллангин! Ёшликни ғанимат билиб илм, касб-ҳунар эгалла! Чунки унда қалбинг турли ғам-ташвиш, муаммолардан ҳоли бўлади. Ёшликда нимани қизиқиб ўрганилса, у қалбга ўрнашади.

Албатта, ёшларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда маълум даражада диний илмга ҳам эга бўлиши уларнинг маънавий онгини шакллантириб, разил сифатлардан узоқлаштиради. Жумладан, ҳар томонлама етук билимли ёшларгина ўзларининг соф имон-эътиқоди билан ўз билимини самарасини тўғри, фойдали нарсаларга йўналтириб, ўзига ва атрофидагиларга, шу жумладан жамиятга фойда келтиради. Ахлоқий бўшлиқнинг олдини олиб, жамиятнинг порлоқ келажаги учун замин таёрлайди. Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири бўлиб, унда ниятнинг холислиги энг муҳим нарсадир.

Инсонни ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта. Бу тўғрида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳикматли калима (фойдали илм) мўмин кишининг йўқотган нарсасидир. Бас қаердаки уни топса, уни олишга у ҳақлироқдир”, -деб марҳамат қиладилар. Имом Термизий ривояти.

Аллоҳ таоло илмли бандаларини даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида: “….Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”…”, – дейди. Илмнинг инсон ҳаётиданечоғлик катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳаммаълум бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади, жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир эркагу аёл муъмин-мусулмонга фарздир”, деб бизларни ёшликдан то умрнинг сўнги лаҳзаларигача илм сари интилишимизга буюрадилар.

Кишининг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида илм билан биргаликда тарбиянинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади.

Дарҳақиқат, тарихга назар ташласак ҳар бир жамиятнинг юксалишида илм муҳим омиллардан бўлганлигини гувоҳи бўламиз. Аммо жамиятнинг камолот чўққисида қолишлиги учун унинг асосини одоб-ахлоқ ташкил этмоғи лозим, зеро ахлоқсизлик устига бино қилинган ҳар қандай жамият ҳалокатга маҳкумдир. Бундай таназзулнинг олдини олиш учун эса аввало фарзандлар тарбиясида, уларнинг одоб-ахлоқида эътиборли бўлиш лозим. Зеро, Фарзанд Аллоҳ таолонинг ота-онага берган улкан неъматларидан биридир, бу неъматни шукрини адо қилиш ҳар бир ота-онанинг зиммамиздаги энг асосий бурчларидан ҳисобланади. Уни асраб–авайлаб, чиройли тарбиялаб, илм аҳлининг сафига қўшиб камолга етказиш ҳамда бу неъматга неъматни берган Зотни танитиш эса бу неъматнинг олий шукронасидир.

Таниқли адиб Абдулла Алвоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамотдир…”, деган экан. Аслида ҳам шундай, чунки фарзандни яхши тарбия топиб вояга етиши оила ва жамиятда эътиборга молик муҳим нарсалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”,- деб айтганлар. Чунки эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота-она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади.

Доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор; “Фарзанд азиз, тарбияси эса унданда азиз (халқ мақоли)”. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида) Ижтимоий ҳаётда одамлар бир-бири билан олди-сотди қилиб, …