Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИМИЗДА ЭР ВА ХОТИННИНГ ҲАҚ-ҲУҚУҚЛАРИ

ДИНИМИЗДА ЭР ВА ХОТИННИНГ ҲАҚ-ҲУҚУҚЛАРИ

Оила барчамиз учун муқаддас қўрғон бўлиб, ушбу даргоҳда дунёга келамиз, улғаямиз, қалбимиздаги эзгу мақсадлар аввало шу жойда шаклланиб, ривожланади. Оила она ватаннинг кичик бир бўғини ҳисобланади. Бу даргоҳда яшайдиган ҳар бир аъзо, ота-она, фарзанд, қўйингки бошқа барча кичик бир жамиятни ташкил этади десак, муболаға бўлмайди. Агар ана шу жамият аъзолари гўзал ҳулқ-атвор, чиройли одоб ила тарбия топиб улғайса улар ҳаёти давомида ҳақиқий бахтни ҳис этиб яшайдилар. Унинг акси бўлса, у оиладан барака кетади, ҳаётида эса маъно-мазмун бўлмайди.

Оилада соғлом муҳит пайдо бўлиши аввало шу хонадон бошлиқларига боғлиқдир.

Аллоҳ инсониятнинг насли аниқ ва покиза бўлиши учун никоҳ деб аталмиш муқаддас туйғуни жорий қилди. Шу муқаддас туйғу ила оилада эрни бошлиқ аёлни эса унга ёрдамчи қилиб қўйди. Уларнинг иккаласига ҳам алоҳида масъулиятлар юкланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, демак, у мендан (яъни, менинг йўлимдан) эмасдир”, деганлар. Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, никоҳ муқаддас ришта. Никоҳ ила оила қураётган ёш келин-куёвлар турмуш қургандан сўнг, афсус надомат чекмаслиги учун аввало бўлажак жуфти ҳалоли, унинг оила азолари ва яқинлари билан кенгашиб, насл-насаби тайин хонадон билан қариндошлик ришталарини боғлаши керак.

Оилада аёл инсоният наслининг давомчиси бўлиб, у эрига бир умрлик ҳамроҳ, фарзандлари учун меҳрибон она ҳамда суянч ҳисобланади. Аёл киши учун эрининг уйи ватан ичра кичик ватан бўлмоғи лозим. Инсоннинг оиласи, аёли ва фарзандларига бўлган муҳаббати, бу ҳаёт синовларини, турли машаққатларини енгиб, мақсад сари олға боришга ундайди. Эркак ва аёл ўртасида меҳр-муҳаббат бўлмаганида, инсоният насли аллақачон тугаб битган бўларди. Аллоҳ таоло: “Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз[1]”, деб марҳамат қилган. Оятда либос сўзида ҳам пурмаъно ҳикмат мавжуд. Либос, инсоннинг аъзоларини беркитиб туради. Эр ва хотин ўртасидаги муносабатларнинг либос сўзи билан таъриф берилиши, инсонни ҳимоя қилиб турганидек, улар ҳам оилада бир-бирларини айбларини беркитиши, фақат яхшиликларини кўрсатиши, бир-биридан меҳр-муҳаббатини аямаслиги, арзимаган сабаблар ила ажрашиб кетмаслиги лозим.

Инсоният тарихига назар солинса, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлинмаганига гувоҳ бўламиз. Аёл зоти дунёнинг кўплаб ерларида хўрланган, камситилган, уларга ҳеч қандай моддий ва маънавий ҳуқуқлар берилмаган. Уларга нарса сифатида қаралган.

Ислом дини пайдо бўлгач аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминди. Бу илоҳий таълимот аёлни олий мартабага кўтарди. Ҳаким ибн Муовия Қушайрий, отасидан қилган ривоятда шундай деди: “Эй, Аллоҳнинг расули! Бизнинг зиммамизда аёлнинг ҳақлари нималардан иборат?”, деб сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Еганингизда уни ҳам едиришинг, кийганингда унга ҳам кийдиришинг, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётишинг унинг ҳақларидир[2]”, дедилар. Шундай экан эр аёлига яхши муомалада бўлиши, хотинининг озорларини кўтариши, жаҳли чиққанда унга мулойим бўлиши, уни кечириши, ор-номусини сақлаши керак. Аёлларга эса, эрларига итоатли бўлиш, унинг розилиги билан кўча-кўйга чиқиши, эрининг рухсатисиз бегоналарни уйга киритмаслиги, эри топганига қаноатли бўлиши ва фарзандларига меҳрибон бўлиб, турмуш ўртоғининг тоқатидан зиёда нарсаларга мажбур қилмаслик ҳамда яшаётган масканини доимо покиза тутиши лозим. Зеро, поклик иймондан ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда ҳаётимизда учраётган оиладаги кўплаб келишмовчиликлар замирида эр-хотинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлиши ёхуд зиммаларидаги масъулиятга бефарқлик сабаб бўлмоқда.

Динимизда “бошлиқ” дейилганда, аввало қўл остидаги кишилардан масъул жавобгарлиги ва уларни авайлаб-асрашлиги тушунилади. Бу ўз ўрнида ўша бошлиқдан меҳр-шафқатни ва кези келганда қаттиқ қўлликни ҳам талаб этади. Аллоҳ таоло: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”, деб марҳамат қилган. Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатимиз ва қонунчиликимизда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга етишади. Имон эътиқод ва миллий қадриятлардан йироқ оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда. Айниқса, бугунги кунда кўр-кўрона ғарбга тақлид ва “оммавий маданият” каби маданиятсизлик ботқоғига шўнғиган кишилар ҳаётида бу нарсалар яққол намоён бўлмоқда.

Муқаддас динимизда эр ва хотиннинг бир-бирлари устида қандай ҳақлари бор. Улар оилани мустаҳкамлигини сақлаб қолиш учун нималарга алоҳида эътибор қаратиш керак. Шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

  1. Хотиннинг эр зиммасидаги ҳақларидан биринчиси эр томонидан унга яхши ва адолатли муомала қилинишидир. Зеро, Аллоҳ таоло: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз![3]”, деб мархамат қилган. Бу буйруқ эрнинг хотинга яхши муомалада бўлишини, табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилишни, баъзи хатоларига кўз юмишни тақозо этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшилик қилганингиздир…”, деганлар. Оят ва ҳадисдан англаш мумкинки, инсон ўз аҳлига меҳр-мурувватли, саховатли, бағрикенг ва гўзал муомалада бўлиши керак экан.
  2. Аёлнинг эри зиммасидаги иккинчи ҳаққи бу маҳр ҳаққидир. Демак, аёлни эъзозлаш унга яхшилик қилиш демакдир. Эр ўзининг зиммасидаги маҳр, нафақа сингари молиявий ва шахсий ҳақларни хурсандчилик билан адо қилиши керак.
  3. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак. Аёлини қадр-қимматини туширмайдиган даражада ҳазл-ҳузул қилиши, чақчақлашиши керак.
  4. Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши керак. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги лозим. Аммо ёмон ўй, ўта талабчанлик ва гумонда ҳаддан ошиш ҳам дуруст эмас.
  5. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини исроф этмай, етарли таъминлаши керак. Эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай харжинг учун ажр оласан. Ҳатто, хотининг оғзига солган таоминг учун ҳам сенга ажр бор”, дедилар.
  6. Эр турли ширин сўзлар, дил изҳорлар, тасалли ва ваъдалар билан хотинининг кўнглини кўтариб, дилини хурсанд қилиши лозим. Чунки, аёл киши эрининг хонадонида бошқалардан умидсиз, яхши сўзга мухтож бўлади.
  7. Эр аёлига бола тарбиясида яқиндан ёрдам беради, бу борада унинг ишларини енгиллаштиради. Фарзандларга иймон-эътиқод, инсоф, ор-номус каби туйғуларни тушунтириш, жисмонан чиниқтириш, илм-маърифатли қилиш кўпроқ оталарнинг зиммасида бўлади.

Ўз навбатида эрнинг ҳам ўз хотини устидаги ҳақ-ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, уларни ҳам билиб қўйишимиз лозим. Аёлларимиз мазкур ҳуқуқларга оғишмай амал қилса, бахт-саодатга эришади. Хотин киши эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилгандагина солиҳа хотин бўлади. Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир:

  1. Аёлнинг эрига нисбатан энг биринчи ҳаққи бу – аёл кишининг эрига итоаткор бўлишидир. Аёл Аллоҳга маъсият ҳисобланмайдиган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Бусиз ҳаёт тўла – тўкис бўлмайди. Аёл киши оилада ўз ўрнини билмас экан, эрига итоатсиз, ўжар-қайсар бўлар экан, ундай оиланинг давомийлиги ва мустаҳкамлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аёл киши эрига гап қайтарадиган, ҳурматсизлик қиладиган одобсиз бўлса, бундай оила эртами-кечми парокандаликка учрайди. Аёлнинг эрига итоат қилиши нақадар буюк фазилат ва бахт эканлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга “жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади” (Табароний ривояти).
  2. Эрнинг аёли устидаги иккинчи ҳаққи шуки, аёл киши асосий вақтини уйда ўтказиб, фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши лозимлигидир. Чунки, мантиқан ўйлаб қаралса ҳам уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчадаги ишлар, пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул экан, ўз-ўзидан болаларни парваришлаш, уларни уй ичида едириб-ичириб ўтиришга, кийим-кечакларни ювиб дазмоллашга вақти бўлмайди. Бу табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир.
  3. Аёл уйига эрининг рухсатисиз ҳеч кимни қўймаслиги, эрининг уйидан унинг ижозатисиз бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши керак эмас. Агар берса, хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади.
  4. Аёл киши Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрининг топганига қаноат қилиши унга инжиқлик қилмаслиги керак.
  5. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини назарга олиши, уни ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим.
  6. Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларни ҳурмат қилиши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан тийилиши лозим. Чунки, бу нарса фарзанд тарбияси ва руҳиятига жуда салбий таъсир қилади.

Юқоридаги кўрсатмалардан шундай хулоса қилиш мумкинки, эр ва хотиннинг ишончи ва поклиги ила бунёд этилган оиладек муқаддас даргоҳда, ҳар бир оила аъзоси, зиммамиздаги вазифаларга масъулият билан ёндашсак, фарзандларимизга ҳам бахтли ҳаёт кечиришлари учун мустаҳкам замин тайёрлаган бўлардик.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Бақара сураси 187-оят.
[2] Абу Довуд ривояти.
[3] (Нисо сураси: 19-оят).

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …