Home / МАҚОЛАЛАР / Юсуф алайҳиссалом қиссаси

Юсуф алайҳиссалом қиссаси

Уламоларимизнинг айтишларича, “Юсуф” сураси “Ҳуд” сурасидан кейин нозил бўлган. “Ҳуд” сураси Ислом ва мусулмонлар учун оғир бир вазиятда нозил бўлган. Аллоҳга ширк келтирган ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Расулуллоҳга эргашган жуда кам сонли мусулмонларга қийинчиликлар, азиятлар ниҳоятда қаттиқ ва кучайган бир пайт нозил бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстлари, у зотга суянчиқ бўлиб, ёнларида юрган зотлар – Абу Толиб ва Хадича онамиз кетма-кет вафот этиб, энг яқин инсонларидан келаётган сўнгги ёрдам ҳам битган эди. Мусибат орқасидан мусибат келган ва ўша йили мусулмонлар учун қаттиқ бир хафачилик йили бўлди.

Мусулмонлар Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб фақатгина Аллоҳнинг ўзига илтижо қилишдан бошқа йўли қолмаган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, қийноқда қолган мусулмонлар ҳам нусратга муҳтож бир пайт эди. Ана шу пайтда ҳақиқий, яккаю ягона бўлмиш ёрдамчи Аллоҳ таолонинг Ўзидан нусрат келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва аҳли мўмин ва мусулмонларга бундан ҳам кучлироқ мусибатларга йўлиққан, Аллоҳнинг синовларнинг ҳар турлисига учраган бир банданинг, яъни Пайғамбар Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини баён қилди. Бу қисса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, мўмин-мусулмонларга ҳам улкан нусрат ва буюк дарс бўлиб қолди. Шу билан бирга, бошқа маккий суралар каби бу сура ҳам ақида масалалари, Аллоҳнинг қудрати, Ислом даъват ҳақида сўз юритади, иймон йўлида тинмай ҳаракат қилиш, бу йўлдаги турли тўсиқларга бардош бериш лозимлиги ва бошқа масалалар қисса давомида баён қилинади.

Юсуф алайҳиссалом кўрган туш ҳақида

 إِذْ قَالَ يُوسُفُ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ

“Эсланг, Юсуф (ўз) отасига (Яъқубга) деди: «Эй, отажон! Мен (тушимда) ўн битта юлдуз, Қуёш ва Ойнинг менга сажда қилаётган ҳолларида кўрдим»”[1].

Юсуф алайҳиссалом туш кўрган пайтларида жуда ёш бола эдилар. Бундай ҳолатда ёш болалар бундай аниқ ва башорат берувчи туш кўрмайдилар. Яъқуб алайҳиссалом кичик ўғли Юсуф алайҳиссаломдан кўрган тушини эшитиб, ўғли кўрган тушни келажакда катта бир башорат эканлигини билди. Лекин бу башоратдан ҳамма ҳам хурсанд бўлмас эди.  Шу сабабли, Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломнинг ота бир она бошқа ўгай акалари ҳасад қилишидан хавфсираб унга шундай деди:

قَالَ يَا بُنَيَّ لَا تَقْصُصْ رُؤْيَاكَ عَلَى إِخْوَتِكَ فَيَكِيدُوا لَكَ كَيْدًا إِنَّ الشَّيْطَانَ لِلْإِنْسَانِ عَدُوٌّ مُبِينٌ

“Эй, ўғилчам! Тушингни биродарларингга сўзлаб бермагин! Акс ҳолда сенга қаттиқ макр қилишади. Зеро, шайтон инсонга аниқ душмандир[2]”.

Яъни сен кўрган тушингни билсалар ва эшитсалар, сенга ҳасадлари келиб, душманчилик қилишга қалбларини шайтон йўлдан оздириб қўймасин ва бирон макр-ҳийла ишлатиб, сенга зиён ва зарар етказмасинлар, деб таъкидлади Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф алайҳиссаломга. Сўнгра яна Яъқуб алайҳиссалом сўзларини давом эттириб айтди:

وَكَذَلِكَ يَجْتَبِيكَ رَبُّكَ وَيُعَلِّمُكَ مِنْ تَأْوِيلِ الأَحَادِيثِ وَيُتِمُّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكَ وَعَلَى آلِ يَعْقُوبَ كَمَا أَتَمَّهَا عَلَى أَبَوَيْكَ مِنْ قَبْلُ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْحَقَ إِنَّ رَبَّكَ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

 “Шундай қилиб, Роббинг сени танлаб олади, сенга тушларнинг таъбирини ўргатади ва сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа батамом қилганидек, Ўз неъматини батамом қилиб беради. Албатта, Роббинг билгувчи ва ҳикматли Зотдир»[3].

Аллоҳнинг Пайғамбари Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф кўрган тушни шундай таъбир қилган эди. Юсуф алайҳиссалом келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимассаломлар каби пайғамбар бўлиши хабарини берган эди. Юсуф алайҳиссалом пайғамбарлик мақомига етгунига қадар Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга тушларнинг таъбирини ўргатиб қўйди. Аллоҳ таоло берган ушбу неъматлар фақат Юсуф алайҳиссалом учун хос эмас эди, балки Яъқуб алайҳиссаломнинг бошқа фарзандларида ҳам бор эди. Аллоҳ таоло бу ишларни Ўз илми ва ҳикмати ила амалга оширди.

 

Юсуф алайҳиссаломнинг Мисрдаги ҳаётлари ҳақида

وَقَالَ الَّذِي اشْتَرَاهُ مِنْ مِصْرَ لامْرَأَتِهِ أَكْرِمِي مَثْوَاهُ عَسَى أَنْ يَنفَعَنَا أَوْ نَتَّخِذَهُ وَلَداً وَكَذَلِكَ مَكَّنَّا لِيُوسُفَ فِي الأَرْضِ وَلِنُعَلِّمَهُ مِنْ تَأْوِيلِ الأَحَادِيثِ وَاللَّهُ غَالِبٌ عَلَى أَمْرِهِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لا يَعْلَمُونَ

“Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд, бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар[4]”.

Мана шу оятдан маълум бўладики, савдогарлар Юсуф алайҳиссаломни Мисрга олиб келиб, қул бозорида сотганлар.

Юсуф алайҳиссаломни сотиб олган мисрлик ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд, бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди.

У Юсуф алайҳиссаломни кўриши билан “Бу оддий қул эмас, бу қулда кўп яхшилик бор”, деб ўйлади. Ким сотиб олган қулига ўз уйидан жой беришни, уни фарзанд даражасида кўришни ният қилиб олади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир. Акалари тарафидан душманчилик қилиб қудуққа ташланган, савдогарлар томонидан қудуқдан олиниб, Мисрда қул қилиб сотилган Юсуф алайҳиссалом ҳақида Аллоҳ таоло шундай деди: «Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик».

Аллоҳ таоло томонидан бу иш амалга оширилмаса, туя карвонлари қаёқда-ю, чўлдаги қудуқ қаърида ўтирган Юсуф алайҳиссалом қаёқда эди? Бу карвон тўхтамасдан, ўтиб кетса ҳам бўлаверарди-ку. Аммо карвон Аллоҳнинг изни ила Юсуф алайҳиссалом ташлаб кетилган қудуқ ёнида тўхтади. Карвон эгалари бир кишини сувга юборди. Улар Юсуф алайҳиссаломни кўришди-ю, бу одамни сотиб, катта фойда топамиз, дейишди. Карвон эгалари Юсуф алайҳиссаломни маҳаллий одамлар уни кўриб қолмасин, деб беркитиб олмаса, Мисрга олиб боришлари даргумон эди. Лекин Аллоҳ таоло карвон эгалари кўнглига Юсуф алайҳиссаломни беркитиб қўйишни солди. Мисрнинг қул бозоридан сотиб олган кишининг қалбига меҳр-шафқат туйғусини солиб қўйди. Аллоҳ таоло шундай Зотки, Юсуф алайҳиссаломни энг яхши жойга жойлаштирди. Бу ҳам келажакда бўладиган улуғ ишлар томон бир қадам силжиш эди.
«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир». Ғолиб сифати ила У Зот юқорида айтилганларни қилди. «Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».

ИБХИТМ Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
Ҳ.Расулов

[1] Юсуф сураси 4-оят.

[2] Юсуф сураси 5-оят.

[3] Юсуф сураси 6-оят.

[4] Юсуф сураси 21-оят.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …