Home / МАҚОЛАЛАР / Яна бир тафсир изидан

Яна бир тафсир изидан

Буюк муфассир олим Абу Лайс Самарқандий 301/914 йилда Самарқандда таваллуд топган. Алломанинг тўлиқ исми Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Хаттоб Самарқандий Тусий Балхий бўлиб, бошқа бир манбада Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад (ёки Муҳаммад) ибн Иброҳим Самарқандий бўлиб ҳам келган[1]. У кишининг лақаби ал-Фақиҳ бўлиб, кунялари Абу Лайсдир. Бу куняси исмига ғолиб келиб, ҳатто одамлар фақатгина шу ном билан танишган. Алломанинг вафот этган санаси ҳақида Довудий ўзининг “Табақотул муфассирин” китобида у кишининг вафотини 393\1003 йил Жумадул охир ойининг 11 кечасида бўлган, деб айтиб ўтган[2].

Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” асари ислом оламида муҳим манба ҳисобланади. Мазкур асарнинг бизгача учта нусхаси етиб келган. Икки нусхаси Мисрда, бир нусхаси эса Эдинбург кутубхонасида сақланмоқда. Ҳозирда фойдаланилаётган бу уч жилдлик асар Миср Араб Республикасининг “ал-Азҳар” университети докторлари Муҳаммад Муавваз, Аҳмад Абдулмавжуд ва Абдулмажид ан-Нутийлар томонидан ўрганилиб, 1993 йил Байрутда нашр этилган. Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” асари ақл ва нақл бўйича муҳим тафсирдан таркиб топган. Унга алоҳида тўхталадиган бўлсак, аллома тафсирни ақл ва нақл бўйича бир жойда жамлаб, нақлий жиҳатини ақлий жиҳатдан устун қўйган. Шу сабаб Абу Лайснинг тафсири нақлий тафсир деб тан олинган. Ҳар бир оятнинг шарҳида саҳобалар ва тобеинлар ривоятларидан кенг фойдаланган. Бироқ, ровийлар санади (силсиласи) келтирилмаган. Камдан-кам ҳадисларда ровийлар санади учрайди. Шу билан бирга, олимларнинг гапларига ва ривоятлардаги ихтилофларга ҳеч қандай муносабат бидирилмаган.

Баъзи жойларда луғатга бироз изоҳ беради, оятни оятлар билан шарҳлайди, шу билан бирга, исроилий ривоятларни[3] ҳам келтириб, уларнинг ростлигини ҳам, нотўғрилигини ҳам айтмайди. Ривоятларда “баъзилар айтганлар” иборасини кўп келтиради. Аммо, ўша “баъзилар” кимлар эканлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Калбий, Саъдий сингари ишончсиз ровийлардан ҳам ҳадис ривоят қилган. Аммо оятлардаги баъзи мушкулликларни яхши очиб берган ва қарама-қарши масалаларга тўхталиб, уларнинг сабабларини кўрсатган ва ойдинлаштириб берган. Шунинг учун бу тафсир манбаларга асосланган маъсур деб ҳисобланади.

Бу тафсирда муфассир биринчи Қуръонни Қуръон билан тафсир қилган. Сўнгра Қуръонни суннат билан, яъни, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан”[4] ояти тўғрисида сўраганида, У зот ғазабга дучор бўлганлардан мурод “яҳудийлар” ва адашганлардан мурод “насоролар” деб тафсир қилиб берганлар.

Яна Қуръонни саҳобаларнинг келтирган сўзи билан яъни, Абу Лайс раҳматуллоҳи алайҳи бир оятнинг тафсирини Қуръон ва суннатдан топа олмасалар, Али ибн Абу Толиб, Умар ибн Хаттоб, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби машҳур саҳобаларнинг сўзи билан тафсир қилган.

Ундан кейин Қуръонни тобеъинларнинг шарҳлари билан тафсир қилган. У киши айтади: “Ҳеч бир кишига Қуръонни ўз фикри ва ақли билан тафсир қилиши мумкин эмас. “Баҳрул улум” тафсири луғавий услуб билан тафсир қилиниши билан бирга баёний йўл билан ҳам тафсир қилинган. Шунингдек, бу тафсирда “Қуръон илмлари” тўғрисида ҳам очиқ-ойдин маълумотлар келтирилиб, улар беш босқичда баён қилинган. Улар:

  1. Қуръонни қироат қилишлик илми;
  2. Маккий ва Маданий оятлар;
  3. Носих ва мансух оятлар;
  4. Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари;
  5. Қуръондаги фиқҳий ҳукмлардан иборат.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, буюк муфассир Абу Лайс Самарқандийнинг ушбу асари Қуръон илмларини ўрганишда жуда аҳамиятли бўлиб, аллома ўз тафсирида нақлий шарҳлардан фойдаланиш билан бирга, ақлий жиҳатини ҳам тарк этмаган. Умуман олганда, китоб жуда қимматли, фойдали маълумотларни ўзида мужассам этган бебаҳо асардир.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Кашфуззунун 2-1187 , Довидийнинг Муфассирлар табақаси. 2-235бет
[2] Табақотул муфассирин. 2-346 Б
[3] Бани Исроил ҳалқидан Ислом умматига кириб келган қиссалар.
[4] Фотиҳа, 6-7.

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …