Home / МАҚОЛАЛАР / Намоз-мўминнинг меърожи

Намоз-мўминнинг меърожи

Намоз диннинг устуни ва мўминнинг меърожи эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу ибодатнинг қадр-қиммати ва фазлу барокати ҳам баланд. Уни ҳам яхши биламиз шу билан бирга, намознинг аҳкомлари кўплиги ва амаллари ўта дақиқалиги тўла англаб етмай туриб, уларни илмий асосда ўрганмай туриб, ҳаётимизга тўла тадбиқ этмоғимиз қийин.

Намознинг қадри улуғ, аҳамияти буюклигини ҳадис ва фиқҳ китобларининг энг катта қисми айнан намоз ҳақидаги ривоят ва ижтиҳодлардан иборатлигидан ҳам билса бўлади.

Намоз бир кунда беш марта фарз қилингани билан у мўмин банда онадан туғилганидан бу дунёни тарк этгунча ҳамроҳ бўлади.

Масалан, бола туғлиши билан унинг чап қулоғига такбир, ўнг қулоғига азон айтилади. У ҳали эсини танимай туриб, атрофидаги кишилар намоз ўқиётганларини кўради. Кейинчалик балоғатга етгач, беш вақт намоз унга ҳам фарз бўлади. Шу тариқа бу амалнинг ҳузурини ҳис этган кишилар қатори нафл намозларни ўқишга ўтади.

Нафл намозларнинг тури кўп. Аммо кўнгил тусаганда икки ракат намоз ўқиб ҳузурланишдек роҳат борми дунёда?! Икки ракат ишроқ–қуёш чиқишидан кейинги намозни ўқиганлар кейинроқ зуҳо-чошгоҳ намози ўқийдилар. Ётишдан аввал тўрт ракат нафл намози ўқиш ундан-да фазилатли. Кечаси туриб таҳажжуд намози ўқишнинг фазлини эса, айтиб тугатиш қийин.

Бундан ташқари тури муносабатлар билан ўқиладиган махсус намоз бор Аллоҳга ҳожати тушган банда ҳожати намози ўқийди.

Бирор ишни қилиш ёки қилмасликни билмай қолган одам эса, истихора намози ўқийди. Сафарга чиқишдан олдин ҳам, сафардан сўнг ҳам икки ракат намоз ўқигувчилар бор.

Тавба қилишни ирода этган киши шунга атаб намоз ўқиса, афзал саналади.

Қурғоқчилик мўмин бандаларни ташвишга солганда эса, истисқо намоз ўқиб, серобчилик сўрайдилар.

Шунингдек мўмин бандалар қуёш ва ой тутилса, қусуф ва хусуф намозлари ўқийдилар.

Никоҳ тўйи куни эса келин-куёв бир-бирларига икки ракат намоз ўқимоқлари афзалдан фазилатли саналган.

Ҳайит кунлари эса, барча мўминлар ҳайит намозлари ўқийдилар.  

Вақти соати етиб, мўмин банда вафот эса, унга жаноза намози ўқилади. Яна қиёмат кунида бандадан сўраладиган биринчи нарса намоздир.

Хуллас, мўмин банда бешикдан қабргача намоз билан, ибодат билан умргузаронлик қилади. Шунинг учун бу ибодатнинг қадр қимматини ва фазлу баракотини тушуниб етиб, намозга доир масалаларни ўрганишимиз лозимдир.

Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғфарз ҳисобланади.

У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириш учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, ҳиссий, ижтимоий ва бошқа бир қанча фойдалари бор.

Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситаси бўлиб, унда банда яратувчиси билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Мана шу ибодат-ла руҳий ва маънавий лаззат олади.

Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолага топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

Намоз гуноҳ ва хатоларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, у доим ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.

Намозда бандаларнинг жамоат шаклида имомга бўйсуниши, бир мақсад учун интилишлари намоён бўлади. Ҳатто жамоат намози туфайли мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлига ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар.

Шермамат Қутлимурадов,
Элликқалъа тумани “Биби Мушкул Кушод”
масжиди имом-хатиби

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …