Home / АЛЛОМАЛАР / ҲАДИС ИЛМИ АРБОБЛАРИДАН БИРИ – ИМОМ АБУ ИСО ТЕРМИЗИЙ

ҲАДИС ИЛМИ АРБОБЛАРИДАН БИРИ – ИМОМ АБУ ИСО ТЕРМИЗИЙ

Ҳадис (الحديث‎) – яъни: жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг айтган сўзлари ва қилган амаллари тўғрисида етказилган хабарлардир. Уларда мусулмонлар жамоалари турмушининг турли диний – ҳуқуқий жиҳатлари ўз аксини топган. Ҳадисларда аслида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг сўзи, яъни: қавли; бирор нарсага муносабати, хайрихоҳ ёки хайрихоҳ эмаслиги, қарори, яъни: тақрири; хулқ-атвори; яъни: тийнати; образи, характери, тавсифи ёки белгиси, яъни: васфи; бирор ўринда бирор нарсага нисбатан қандайдир ҳаракати, яъни феълидан дарак берилади. Бундай сифатларнинг жамлангани эса ислом динини мукаммал ҳолатга келтирган ва мусулмонлар орасида ниҳоятда эъзозланган ҳамда урфга кирган – суннатни ташкил этади ва ўз ўрнида айни шариат асосларининг таркибини ифода қилади. Ҳадислар одатда пайғамбарнинг саҳобалари томонидан оғзаки тарзда бошқаларга етказилгандир.

Ҳадисларни қўллаш, воқеан, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлиги даврларидаёқ бошланган. Ҳар бир ҳадис уни етказаётган кишилардан иборат ўзининг узилмас занжирига, яъни: иснодига эга бўлиши ва бу исноднинг бошида албатта бирор-бир саҳоба турмоғи лозим. Ҳадиснинг ишончли, яъни: саҳиҳ бўлишлиги учун нафақат узилмаган иснод, ундан ташқари ҳар бир етказувчининг ишончли, тўғри сўзли, руҳияти тоза ва мукаммал хотира эгаси бўлган киши бўлганлиги ҳам далиллар билан тасдиқланиши зарур ҳисоб- ланган. Агар ҳадисни етказувчига бундай сифатлар хос бўлмаса, у ҳолда у етказган ҳадислар ишончли саналмаган. Муҳаммад (с.а.в.): “агар кимда-ким мен айтмаган ҳадисни айтди деган бўлса, ўзига жаҳаннамдан жой тайёрлайверсин” – деганлар. Албатта, бундай сўзлар қолганларга кучли таъсир этмасдан қолмаган. Ҳеч шак-шубҳасиз, “Қуръони карим” ва ҳадислар ислом динининг мукаммал бўлиши учун чинакам муҳим бўлган асосдир.

Агар ҳадисшунос уламолар ҳақида сўз кетар экан, юртимиздан етишиб чиққан бундай кишилардан энг юксак мақомда турувчиларидан Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорийдан кейин Имом Абу Исо Термизийдир.

Ул ҳазратнинг тўлиқ исмлари Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн аз Заҳҳок ас-Сулламий ат Термизий (824 – 892) бўлиб, милодий йил ҳисобига кўра 824 йили Термизда таваллуд топганлар. У киши ёшлик чоғларидан Бухоро ва Хуросон, шунингдек Ироқ ва Ҳижознинг илоҳиётшунослик мактабларида кўплаб устозлардан таҳсил олганлар. У кишининг кучли қувваи ҳофизалари бўлиб, жаноби Муҳаммад расули акрам (с.а.в.) га тааллуқли ўн минглаб ҳадисларни ёддан билганлар.

Имом Абу Исо Термизийнинг устозлари қаторида Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий, Муслим ибн ал-Ҳажжож, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Али ибн Ҳажар, Исҳоқ ибн Раҳовайҳ, Сувайд ибн Наср сингариларни санаб ўтиш мумкин. Айтиб ўтиш жоиз бўлган муҳим воқеалар сифатида, ул ҳазратнинг ҳадисларни тўплаш ниятида сафар қилган даврларида Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Довуд сингари ўз замонасининг машҳур уламолари билан учрашганларини ва улардан кўп нарсаларни ўрганганларини ҳам эслаб ўтиш лозим.

Ҳадисларни таснифлаш борасида шу нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, Имом Абу Исо Термизийга қадар ҳадислар асосан саҳиҳ, яъни ишончли ва заиф ҳадисларга бўлинар эди. Ул ҳазрат ушбу илм билан шуғулланар эканлар биринчилардан бўлиб ҳадисларни яна бошқа қатламларга, чунончи “ҳасан”- яъни: яхши, гўзал; ва яна “ғариб”- яъни: жаноб пайғамбарнинг саҳобаларидан эмас, балки бошқа ровийлар орқали етиб келган ҳадисларга тақсимладилар.

Ул ҳазратнинг ( جامع الترمذي‎) “Жомеъ ат Термизий” деб номланган ҳадис тўпламлари ислом оламининг худди шу мазмундаги олтита энг улуғ ҳадис китоблардан, яъни: “Кутуб ас-Ситта”нинг бири саналади. Имом Абу Исо Термизий ушбу тўпламини ҳижрий йил ҳисоби билан 260-270 йиллар давомида тартибга келтирганлар. Ушбу китобини муаллиф “Ал жомеъ ал Кабир”- деб атайди, аммо кўплаб мухлислар ушбу китобни яна (سُـنَن الترمذي‎) “Сунан ат Термизий”- деб ҳам аташга одатланганлар. Сунний уламолар ушбу китобни ҳадис илми борасидаги мўътабар манбалар сирасига киритадилар.

Ўз ҳадислар тўпламини китоб ҳолига келтирар экан Имом Абу Исо Термизий ажратилган ҳар бир бобга ном берадилар ва сўнгра шунга биноан бир неча ҳадислардан мисоллар келтирадилар. Кейин эса у ёки бу саволга нисбатан шариат уламоларининг фикрларини келтирадилар. Китобдаги асосий эътибор эса фиқҳий масалаларга қаратилади ва бирон-бир фиқҳий хулоса ва фатво чиқариш учун қўлланилади. Эътиборга сазовор бўлган яна бир воқелик шундан иборатки, Имом Абу Исо Термизий ҳазратлари барча ишончли ҳадисларнинг маъно ва мазмуни ҳамда матнидан ва бундан ташқари уларнинг санадидан ҳам тўлиқ даражада бохабар бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар асосида шаръий ҳукмлар чиқаришга ҳаммадан ҳам моҳир бўлганлар. Шу тариқа Имом Абу Исо Термизий қувваи ҳофизаси ва қалами билан бунёдга келган ҳадислар китоби бўлмиш – “Жомеъ ат –Термизий” (جامع الترمذي‎) ислом илоҳиётшунослигидаги турли шаръий мазҳаблар ва уламолар учун ўз нуқтаи назарларини асосли тарзда ифода қила олиш борасида муҳим манба бўлиб хизмат қиладиган бўлди.

Ушбу ҳадислар китобига ўз вақтида ҳам ва кейинга даврларда ҳам кўплаб машҳур уламолар томонидан изоҳ ва шарҳлар ёзилган, улар орасидаги энг машҳурлари Абу Бакр ибн ал Арабийнинг (عارضة الأحوذي في شرح الترمذي — Ариза аль-Ахвази фи шарҳ ат-Тирмизи), яъни: “Ариза ал Аҳвазий”, Ас-Суютийнинг “Ҳутул муғтозий”, Сафи ар-Раҳмон ал-Муборакфурийнинг “Туҳфат – ул аҳвоз” каби китобларидир.

Ушбу муҳтарам зот – Имом Абу Исо Термизий тўғрисида унинг замондош биродарлари қуйидаги хотираларни ёзиб қолдирганлар, жумладан, Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий ҳазратлари шундай деганлар: “Сен билан ҳамсуҳбат бўлиб, сен мендан ўрганганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим”.

Мусо ибн Алақ эса шундай деб ёзади: “Имом Бухорий ҳазратлари вафот этганларида зеҳн ва билимда, қувваи ҳофизанинг кучлилигида, олижаноблик ва камтаринликда Имом Абу Исо Термизийдан бўлак, унга тенг келадиган, ҳеч кимни топиб бўлмай қолди”.

Шогирдларидан бири Ал – Ҳаким Абу Аҳмад ўз устози ҳақида шундай деб ёзади: “Мен Хуросонда яшар эдим. Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий вафот этганларидан сўнг ислом илмидаги – ҳифз, зуҳд ва тақво бобида Имом Абу Исо Термизийдан ташқари бирор – бир суянч қолмади. Бу мусибатдан Имом Абу Исо Термизий кўп қайғу чекдилар, кўп кўз ёш тўкканларидан ул ҳазратнинг кўзлари ожизланди ва умрларининг охиригача шу тарзда ҳаёт кечирдилар”.

Имом Абу Исо Термизий қаламига мансуб китобларнинг кўпроқ қисми бизнинг давримизга қадар етиб келган. «Аш-Шамоил ан-набий соллалоҳу алайҳи ва саллам» («Пайғамбар алайҳиссаломнинг шакл ва сифатлари»), «Ал-Илал фил-ҳадис» («Ҳадислардаги иллатлар»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Ат -Таърих» («Тарих»), «Китоб уз-зуҳд» («Зоҳидлик китоби»), «Китоб ул-асмо вал-куно» («Исмлар ва кунялар китоби») кабилар шундай китоблар жумласига киради. Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг “Шамоили Муҳаммадия”, ёки яна бошқачароқ тарзда айтиладиган бўлса, «аш-Шамоил ан-набавия» китоби Муҳаммад (с.а.в.)нинг шахсий ҳаёти ҳақида бўлиб, муаллиф ул зоти шариф, Муҳаммад (с.а.в.)нинг суврати, сийрати ва ажойиб фазилаталари, ҳам одат ва кўникмалари ҳақида нисбатан тўлиқроқ баён қилиб, хабар берувчи юзлаб ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир. Бу китоб азалдан кўплаб исломшунос олимлар, ислом тарихи тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жамлаб келади.

Рустамов О. Ю. Ph.D. доцент
Юсупов Н.О. СамДЧТИ магистри

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …