Home / МАҚОЛАЛАР / ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ

ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ

Ватанимиз тинчлиги, осойишталиги ва фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, уларнинг комил инсон бўлиб вояга етишишларида, шубҳасиз юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилаётган ва тинчлиги, осойишталикни таъминловчи Ватан ҳимоячиларининг ўрни беқиёсдир.

1992 йил 14 январь Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилди. Шу муносабат билан юртимизда 1993 йилнинг 29 декабрида 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни ­­ деб эълон қилинди. Шундан буён бу кунни миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланган.

Азалдан юртимизда ватан ҳимоясига алоҳида эътибор бериб келинган. Ватан ҳимоясига бел боғлаган кишиларнинг қилаётган ишларини, бедорликларини нақадар улуғ ва катта савобли иш деб қадрлашган. Бу эса миллий ва диний қадриятларимизда ўз ифодасини топган. Жумладан, ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: » عَيْنَانِ لاَ تَمَسُّهُمَا النَّارُ، عَيْنٌ بَكَتْ فِي جَوْفِ اللَّيْلِ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ»[1]. رواه الترمذى و البيهقى.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: У зот: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик  (қўриқчилик) қилиб, (мижжа қоқмай) тонг оттирган кўзни дўзах оташи куйдирмайди, дедилар, деди. (Имом Термизий ва Имом Байҳақий ривояти)

Демак, Аллоҳ таоло иккита кўзни дўзах оловида куйдирмас экан. Биринчиси, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиб ва раҳматидан умидвор бўлиб, йиғлаган кўзни. Иккинчиси, Аллоҳ таолонинг ризолиги учун Ватан, маҳалла ва оиланинг тинчлиги, омонлиги ва хотиржамлиги йўлида тунлари посбонлик қилиб, тонг оттирган кўзни дўзах оловида куйдирмас экан.

Яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилинган:

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ رَدَّ عَنْ عِرْضِ أَخِيهِ رَدَّ اللَّهُ عَنْ وَجْهِهِ النَّارَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»[2]. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ

Абу Дардо (р.а.)дан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в.): “Кимки биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг юзини дўзахдан ҳимоя қилади”, ­– дедилар. (Имом Термизий ривояти).

Демак, мусулмон киши нафақат ўзини балким, дўстининг ҳам жонини, молини ва шаъни-обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло ундай кишининг юзини дўзах оташидан  асрар экан.

Ёшларни мард, юртини ҳимоя қиладиган ва касб-ҳунар эгаси қилиб тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир. Бу борада ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » عَلِّمُوا أَبْنَاءَكُمُ السِّبَاحَةَ وَالرَّمْيَ، وَالْمَرْأَةَ الْمِغْزَلَ «.[3] رواه البيهقى

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар”, – дедилар. (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, ёшларимизни тарбиялашда таълим, тарбия, одоб-ахлоқ каби масалаларга эътибор берганимиздек, уларни болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, соғлом ва она Ватанга, эл-юртга садоқатли ҳамда касб-ҳунар ўргатиб, буюк аждодларимиз каби иймон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг муҳим вазифаларимиздан биридир.

Аллоҳ таоло мустақил диёримиз сарҳадларини сергаклик билан ҳимоя қилаётган чегарачиларимизга ва Ватанимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган барча ҳарбийларимизга куч-қувват, зийраклик, билим ва кўникма ато этсин! Азиз ва муқаддас юртимиз осмонини мусаффо, тинчлигимизни барқарор қилсин!

Йўлдошхон Исаев
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи
[1] Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий. Шуъбу-л-иймон. Ж. 2. Риёз. 2003. – Б.232.
[2] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. Жомиъу-т-термизий. Риёз. 1999. – Б. 450.
[3] Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий. Шуъбу-л-иймон. Ж. 11 Риёз. 2003. – Б.136.

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …