Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / ШАЙХ КАМОЛИДДИН ОҚОНИЙ ЗИЁРАТГОҲИ

ШАЙХ КАМОЛИДДИН ОҚОНИЙ ЗИЁРАТГОҲИ

Бу зиёратгоҳ ҳозирда Жомбой ва Пайариқ туманлари чегарасида жойлашган, Булунғур ва Мирзаариқ атрофидаги Довчарариқ мавзесида, маҳаллий халқ тилида “Яканчик”, деб юритилади.

Хўп, бу улуғ даргоҳ бугунги кунда “Яканчик” номи билан аталиб, маҳаллий халқ эътирофида турли кўринишларда талқин этиб келинган. Жумладан, “Якон шайх”, “Якум шайх”, “Яканшик” “Яканчик”, … каби.

Изланишлар натижасида шу маълум бўлдики, бу зиёратгоҳ ясавия сулукининг намояндаси шайх Камолиддин Туркистоний-Оқоний номи билан боғлиқ бўлиб, XIV асрда бошларида Туркистон вилоятининг Чимкент мавзеси Оқон қишлоғида таваллуд топган.

“Ламаҳот” асарида: “Шайх Камолиддин (қуддиса сирруҳ)нинг лақаблари Оқонийдур. Туркистон ноҳияларидан бири Оқон қишлоғида туғилганлар”[1], деб келтирилган.

Яна ушбу асарда ул зотни бир неча йил Самарқанднинг Алиобод мавзесида яшаб, шу ерда вафот этганлар (“Мажмаъ ал-ансоб вал-ашжор” асарида 1492 йил, деб кўрсатилган). Қабрлари табаррук зиёратгоҳ…”, деб маълумот беради.

Ул зоти киром ясавия силсиласи вакили шайх Мавдуд даргоҳида тарбия топиб, камолга етган.

Шайх Мавдуд ўз навбатида шайх Алишайхнинг шогирди, ул зот Ямин бобонинг, у киши Садр Отанинг, у киши Занги Отанинг, у киши Ҳаким Ота (Сулаймон Боқирғоний)нинг, у киши соҳиби “Ҳикмат” – Ҳазрат Султон Хожа Аҳмад Ясавий қоййим-мақом халифасидир[2].

Камолиддин “Шайх”лик мартабасини олгач, “Шайх Камолиддин Оқоний” нисбаси билан машҳур бўлган.

Мазкур зиёратгоҳ ва мавзе номи маҳаллий аҳоли тилида «Яканчик» тарзида талаффуз қилинганлигини, юқорида кўриб ўтганимиздек, урф-одатимизга кўра, халқ орасида улуғ инсонга ҳурмат юзасидан шайх Камолиддин Оқоний, деб эмас, балки оддийгина “шайх Оқоний”, деб юритилганлиги ва (550 йилдан ортиқроқ) вақт ўтиши натижасида “шайх Оқоний” сўзи, талаффузларда “Оқон шайх”…“Якон шайх”…“Якум шайх”…“Яканшик”… “Якканчик” дея, умумий маъно ўзгармасдан, маҳаллий халқ бугунги кунга қадар, бу даргоҳни муқаддас билиб, кунда зиёрат тарк этилгани йўқ.

Энди бу табаррук зиёратгоҳ номини “Яканчик”, деб эмас, балки Шайх Камолиддин Оқоний, деб эътирофда, эъзозда билсак, бир қадам аждодларга яқинлашган бўламиз.

Шайх Камолиддин – Оқоний тахаллуси билан шеърлар ва ҳикматлар ёзганлиги ҳақида “Рашоҳот”да: “Аз кибор асҳоби Мавдуд турғонин билдирадир”. 1093/1680 йилда бухоролик муфти Зинда Али томонидан ёзилган “Самарат ул-машойих” (Улуғлар мевалари)[3] отли китобда ҳам “Ламаҳот”да ҳам Камол шайхнинг таржимаи холи ёзилғонда “Мазкур Эшоннинг лақаби Оқоний бўлиб, Самарқанднинг Алиобод мавзеидан ва шу ерда вафот этган”[4], деб маълумот бериб ўтган.

Хазрат Азизон (қуддиса сирруҳул азиз) айтадилар: “Ҳазрат Камол шайх катта ёшга кирдилар, жуда эгилиб қолган эдилар. Лекин завқ пайтида ўқдек тўғри, дадил ва эшитгувчи бўлар, бу ҳолдан чиққач яна эгилиб қолар эдилар”.

Яна нақл қиладилар: “Ҳазрат шайх Камолиддин кечалари у кишининг шогирдлари овқат учун ўтин ташир эдилар. Ҳеч ким хабар топмас эди. Шайх Камолиддин айтадилар менинг бир фарзандим бор, бу ишни у қилади”.

Кундузи бошқа хизматларни қилар эдилар. 20 йил хизмат қилгандан кейин Ҳазрати шайх Камолиддин у кишига яъни Саид Аҳмад Ҳазратларига рухсати кул (шайхлик қилишга рухсат, иршод) берибдилар. Бу Ҳазрат хилват ва бошқа зикрларни шайх Камолиддиндан ўрганиб, шайхлик даражасига етган.

Саййид Аҳмад Махзумнинг зиёратгоҳлари Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр масжидининг шарқий томонида жойлашган.

Келгусида мазкур зиёратгоҳлар тарихини ўрганиш борасида илмий-тадқиқот ишлари давом этади.

М.Ў. Амонов
ИБХИТМ қўлёзмалар билан
ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
[1] Носириддин Бухорийнинг “Туҳфат уз-зойирин” асарида ҳам таъкидлаб ўтилган. Қаранг: Бухоро. Форсча. 1328/1909 йил. 137 саҳифа.
[2] Бу ҳақда батафсил қаранг: Абд ал-Қодир ибн Муҳаммад-Амин. Маджма ал-ансоб ва-л-ашджар. Араб, форс ва туркчадан таржимонлар; Ш.Х. Вохидова, А.К. Муминова, Б.Б. Аминова. Алматы. 2005 г. ва Муҳаммад Олим шайх Азизон. Ламаҳот. Таржима, сўзбоши, илмий-тадқиқот ва изоҳлар муаллифлари К. Каттаев ва А. Нарзуллаев. Самарқанд. 2012.
[3] Унинг тўлиқ исми Муҳаммад Мирак ибн Азизон хожа Мир Ҳусайнийдир. Қаранг: Самарот ул-машойих. ЎзФА ШИ қўлёзмалар фонди № 1336, 2619/II, 3424/I рақамлар остида сақланаётган нусхалари мавжуд.
[4] Фитрат. Ясавия мактаби шоирлари тўғрисида текширувлар // Танланган асарлар. II- жилд Т.:Маънавият. 2000, -Б. 33

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …