Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ ҲАФС БУЖАЙРИЙ ВА УНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АЛ-МУСНАД” АСАРИ

АБУ ҲАФС БУЖАЙРИЙ ВА УНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АЛ-МУСНАД” АСАРИ

IX-X асрларда Бужайрий нисбаси билан танилган бир қанча алломалар самарали ижод қилганлигини кўплаб манбаларда учратиш мумкин. Уларнинг бири Абу Ҳафс Бужайрий бўлиб, у зотнинг тўлиқ исми Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Хушуфағоний Самарқандий Бужайрийдир. У зот ҳадис илмининг амири Имом Бухорий ҳазратлари билан бир замонда яшаган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Бужайрий нисбаси бирор жой ёки касбга эмас, балки Бужайр исмли шахснинг номига нисбат берилган. “Бужайр” муҳаддис Абу Ҳафснинг бобоси Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадонийнинг исмидир. Бужайрнинг фарзанду набиралари замонасининг машҳур муҳаддис ровийларидан бўлиб, уларга ҳам айнан шу зотнинг исми нисбат қилиб берилган. Бу силсила тарих саҳифаларида “Бужайрий” нисбаси билан ўрин олган. Мисрлик тадқиқотчи олим Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад томонидан тузилган “Ўрта Осиё олимлари қомуси”да келтирилишича “Бужайр” “кичкина қоринчаси бўлган бобо” маъносини билдиради[1]. “Бужайр” “Бажрун” сўзидан олинган бўлиб, “кичик қорин” маъносини ҳам англатади.

Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад баъзи манбаларда Сўғдий, Хушуфағоний, Самарқандий нисбалари билан келтирилган бўлса, баъзиларида “Бужайрий”[2] ва “Буҳайрий”[3] деб ҳам зикр этилган. Бироқ, Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммадни аксар уламолар ўз асарларида Абу Ҳафс Бужайрий нисбаси билан ёд этган. Уламолар орасида ҳам, у айнан шу нисба билан машҳур бўлган.

Муҳаддис Абу Ҳафс Бужайрий 223/838 йили Самарқанд ҳудудидаги Хушуфағон қишлоғида зиёлилар оиласида таваллуд топган[4].

Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” номли китобида келтиришича, бир куни Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Сўғдий Хушуфағондаги ҳовлисида катта дарахтнинг остида дўстлар даврасида суҳбат қуриб ўтирган эди.

Абу Ҳафс дўстларига сўз қотди.

– Сизлар дунёнинг энг кўркам ва энг хушманзара жойида ўтирибсизлар,” – деди.

– Нима учун? – сўрашди улар.

– Чунки дунёда Самарқанднинг Сўғди каби кўркам, хушманзара, баҳаво жой топилмайди. Сўғдда эса Хушуфағонга тенг келадиган жой йўқ. Хушуфағонда эса менинг бу боғимдан кўра обод жой, боғимда эса бу дарахтнинг соясига тенг келадиган серсоя ва салқин жойнинг ўзи йўқ, – жавоб берди у[5].

Абу Ҳафс Бужайрийнинг болалик ва ёшлик даври Хушуфағонда ўтган. У дастлабки таълимни отаси Абу Умар Бужайрдан олган.

Кейинчалик Абу Ҳафс Бужайрийнинг илмга бўлган шижоати ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни эшитиш, ўрганишга бўлган қизиқиши ўша даврда илм-фан ривожланган Хуросон, Басра, Куфа, Шом, Миср, Ҳижоз каби бир қанча шаҳар ва мамлакатларга етаклайди.

Абу Ҳафс Бужайрий Абу Маҳмуд Муҳаммад ибн Муовия[6], Абдуллоҳ ибн Абдуроҳман Доримий Самарқандий, Исо ибн Ҳаммод Зуғба Мисрий, Исҳоқ ибн Шоҳин Воситий, Абу Соиб Силм ибн Жаннода Куфий, Абд ибн Ҳумайд Кеший[7] ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий каби кўплаб машҳур муҳаддис олимлардан таҳсил олган ва ҳадис эшитган ҳамда уларни ўзига устоз деб билган[8].

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” тўпламига ёзилган мўътабар шарҳлардан ҳисобланмиш Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳ ал-борий” (“Ижодкорнинг очиб берган шархи”) китобида шундай келтирилади: “Умар ибн Муҳаммад Бужайрий: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: Мен “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобимни Масжид ал-Ҳарамда тасниф қилдим. Бу китобдаги ҳар бир ҳадисни Аллоҳ таолодан яхшиликни сўраб икки ракаат намоз ўқиб, унинг саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилганимдан кейин киритдим”, – деб айтаётганини эшитдим, – дейди”[9].

Ушбу ривоятдан англанадики, Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари билан бир даврда яшаганлиги ва у зотдан таълим олган.

Бундан ташқари, Абу Ҳафс Бужайрий ўша даврда илм-фан ва маданият ўчоқларидан бири ҳисобланган Дамашққа ҳам бориб, бир қанча таниқли олимлар билан мулоқотда бўлган ва ўз билимини оширган. Бу ҳақида Имом ал-олам, ҳофиз Ибн Асокир номи билан машҳур бўлган тарихчи олим Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофиъ “Тарих ал-мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа мин ал-амасил” (“Дамашқ шаҳрининг тарихи ва унинг фазилати, ундаги жойларнинг номланишига мисоллар”) китобида шундай келтиради: “Ҳофиз Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Бужайрий Самарқандий таҳсили илм қилиш ниятида Дамашққа бориб, у ернинг машҳур муҳаддисларидан ҳисобланмиш Аҳмад ибн Абдулвоҳид ибн Уъбуд, Абу Омир Мусо ибн Омир Марий, Ҳишом ибн Холид, Муҳаммад ибн Ҳошим Баълабаккий, Сулаймон Ҳамсий, Аюб ибн Али ибн Ҳайсам Каноний каби бир қанча олимлардан таълим олган ва ҳадислар тинглаган”[10].

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис ўрганиш ва жамлаш борасидаги қилган саъй-ҳаракати ва тақвоси сабабли “ҳофиз”[11], “тақводор муҳаддис”, “имом ал-кабир”,[12] “шайх” каби номларига сазовор бўлган.

Ўз навбатида Абу Ҳафс Бужайрий кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган. Манбаларда келтирилишича, Бухоро, Самарқанд ва Шошга мансуб бир қанча алломалар, жумладан, Муҳаммад ибн Собир Бухорий, Абу Назр Муҳаммад ибн Бакр Деҳқон Самарқандий, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Имрон Шоший, Муътамар ибн Жибрил Карминий, Аъюн ибн Жаъфар Самарқандий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Муаддаб Шоший ва Исо ибн Мусо Кашоний каби замонасининг машҳур муҳаддислари Абу Ҳафс Бужайрийдан ҳадис тинглаганлар ва ривоят қилганлар[13].

Бундан ташқари, яна Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг ўғли Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший, Абу Яҳё Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Исҳоқ ибн Ҳозим Самарқандий, Муҳаммад ибн Ҳотам Кашоний, Абулфазл Аҳмад ибн Исмоил ибн Яҳё ибн Ҳозим Аздий Самарқандий ва Али ибн Биндор Сайрафий каби уламолар ҳам таҳсил олганлар ва ҳадислар ривоят қилганлар[14].

Шошлик алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича улкан ишларни амалга оширган таниқли олим Неъматулло Муҳаммедов ўзининг “Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси” китобида шундай маълумот келтиради: “Абу Бакр Қаффол Шоший Хуросонга бориб, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Муҳаммад ибн Исҳоқ Саррож, Умар ибн Муҳаммад ибн Бухайр[15] Самарқандий каби катта олимлардан дарс олган ва бошқа табақалардан ҳадислар эшитган”[16].

Ушбу маълумот Абу Ҳафс Бужайрий, ўз навбатида, фиқҳ, ҳадис, усул ва тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим деб эътироф этилган Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ва яна бир қанча алломаларнинг устози бўлганлигига далолат қилади.

Дамашқлик олим Хайриддин ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Зириклий “Аълом” асарида таниқли олим Заҳабийнинг: “Абу Ҳафс Бужайрий замонасининг тенги йўқ алломаси эди. Мен у зотдан олтмиш мингдан ортиқ ҳадис эшитганман”[17], деб айтган эътирофини келтириб ўтган.

Абу Ҳафс Бужайрий илм-фан саҳнасига етук алломаларни етказиб бериш билан кифояланиб қолмасдан, ўзининг бой илмий ижоди билан ҳам улкан ҳисса қўшган. Ҳадис ва тафсир илми соҳасида бир қанча асарлар яратган. Манбаларда келтирилишича, у зот “Саҳиҳ” ҳадислар тўплами, “Тафсир” каби бир қанча асарларнинг муаллифи ҳисобланади. Ҳозирги кунда у зотнинг “Саҳиҳ” ҳадислар тўплами хорижий мамлакатларнинг кутубхоналарида сақланмоқда[18].

Хайриддин Зириклий “Аълом” китобида Абу Ҳафс Бужайрий ва унинг “Саҳиҳ” ҳадислар тўпламининг қўлёзма нусхаси ҳақида шундай фикрларни келтиради: “Мовароуннаҳрлик муҳаддис, ҳофиз Абу Ҳафс Бужайрий “Саҳиҳ” ва “Тафсир” асарлари муаллифидир. У Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бирида яшаб ўтган. Ҳозир бу жой “Тўғонбоши” (“Роъс ал-қонтара”) деб аталади[19]. Аллома илм олиш ва ҳадислар тинглаш мақсадида Хуросон, Басра, Куфа, Шом, Миср ва Ҳижоз каби бир қанча мамлакат ва шаҳарларга сафар қилган. У кишининг қаламига мансуб “Ал-жомеъ ал-муснад” асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирги кунда Дамашқ шаҳридаги Зоҳирия кутубхонасида сақланмоқда”[20].

Биз ушбу маълумотларга таянган ҳолда у зотнинг “Ал-жомеъ ал-муснад” асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирги кунда ҳақиқатдан Дамашқ шаҳридаги Зоҳирия кутубхонасида сақланаётганига аниқ ишонч ҳосил қилиш ва уни электрон нусхасини қўлга киритиш мақсадида кўплаб тадқиқот ва изланишлар олиб бордик. Натижада, Ҳафс Бужайрийнинг қаламига мансуб “Ал-жомеъ ал-муснад” асарининг бир қисми яъни ўттизинчи боб “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бетобликлари ва вафотлари” ва унинг “Тафсир” китобининг аввалги қисмини ўз ичига олган 124 варақдан иборат қўлёзма нусхаси ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда Дамашқ шаҳридаги “Дор ал-кутуб аз-Зоҳирия” кутубхонасида 1067-рақам остида сақланаётганлиги аниқланди. Кўп саъй-ҳаракат ва меҳнатлар эвазига ушбу китобнинг электрон нусхасини олишга эришдик. Қуйида “Ал-жомеъ ал-муснад”да келган биринчи ҳадисни келтириб ўтамиз:

Бизга ал-Аббос ал-Анбарий ҳадис айтди, у бизга Абдураззоқ ҳадис айтди, – деди. У бизга Мъумар хабар берди, – деди. У аз-Зуҳрийдан, у Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан, у Ибн Аббосдан, у Онаси Умми ал-Фазлдан, Умми ал-Фазл менга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг охирги эшитган нарсам, У зотнинг шом номозида “Мурсалат” сурасини ўқиганликлари бўлди, – деди.

Ҳозир ушбу китобни ўрганиш ва таржима қилиш бўйича тадқиқот ишлар олиб борилмоқда.

Манбаларда қайд этилишича, Абу Ҳафс Бужайрийнинг “Китоб ас-сафина” (“Кема китоби”) номли асари ҳам бўлган. Бу борада Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад ўзининг “Ўрта Осиё олимлари қомуси” китобида шундай келтиради: “Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг Аҳмад исмли набираси “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) ва “Китоб ас-сафина” (“Кема китоби”) китобларини ўқиб ўрганган. Ушбу китобларни Абу Ҳафснинг ўзи тасниф этган”[21].

Абу Ҳафс Бужайрий ўзининг улкан илмий, ижодий фаолияти билан ҳадис, тафсир ва бошқа соҳалар ривожига катта ҳисса қўшган олимдир.

Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” китобида ва Абдуллоҳ Абдулҳамид Сааднинг “Ўрта Осиё олимлари қомуси”да келтирилишича, Абу Ҳафс Бужайрий 311/923 йил 88/85 ёшида вафот этган[22].

 

Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи
Йўлдошхон ИСАЕВ
[1] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 53.
[2] Қаранг: Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ал-борий шарҳу саҳиҳ ал-Бухорий. Муқаддимаси. Ж. 2. – Миср: Мирий Кубро матбааси, 1301/1884. – Б. 490; Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. Ж. 2. – Байрут, 1979. – Б. 374; Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 1. – Байрут, 1998. – Б. 162; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий Республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 53.
[3] Қаранг: Али ибн Ҳисомиддин Ҳиндий. Канз ал-аъмол. Ж. 2. – Байрут, 1989. – Б. 391; Абдулкарим ибн Муҳаммад Рофиъий Қазвиний. Тадвин фи ахбори Қазвин. Ж. 1. – Байрут, 1987. – Б. 154; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 145.
[4] Қаранг: Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дор ал-илм, 2002. – Б. 60; Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. Ж. 2. – Байрут, 1979. – Б. 374; Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодий. Такмилат ал-икмол. Ж. 3. – Макка. Жомеъа умм ал-қуро, 1410/1990. – Б. 327.
[5] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1998. – Б. 70.
[6] Абдуллоҳ ибн Абдуроҳманнинг тоғаси.
[7] Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснад Кеший” номли китоби бўлиб, у Имом Бухорийнинг устозларидан ҳисобланади. Қаранг: Умаров Ш. Ўрта асрларда яшаган кешлик алломалар. – Самарқанд, Имом Бухорий халқаро маркази, 2015.
[8] Қаранг: Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодий, Такмилат ал-икмол. Ж. 3. – Макка. Жомеъа умм ал-қуро, 1410/1990. – Б. 327; Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ал-борий. Ж. 2. – Миср: Мирий Кубро матбааси, Муқаддимаси.1301/1884. – Б. 490.
[9] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳ ал-борий. Ж. 2. – Миср. Мирий Кубро матбааси. Муқаддимаси, 1301/1884. – Б. 490.
[10] Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофиъ. Тарих ал-мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа мин ал-амасил. Ж. 45. – Байрут, 1995. – Б. 320. Ж. 69. – Б. 119.
[11] Қуръони каримни ва кўп ҳадисларни ёддан билган кишига нисбатан айтилади.
[12] Катта имом.
[13] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодий, Такмилат ал-икмол. Ж. 3.– Макка. Жомеъа умм ал-қуро, 1410/1990. – Б. 327.
[14] Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофеъ. Тарих ал-мадинати Димашқ ва зикри фазлиҳа ва тасмияти мин ҳиллиҳа мин ал-амасил. Ж. 45. – Байрут, 1995. – Б. 37.
[15] Манбаларда турлича “Бужайр”, “Буҳайр” ва “Бухайр” кўринишда келган.
[16] Қаранг: Муҳамедов Н. Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси. – Т.: ТИУ, 2007. – Б. 52.
[17] Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дор ал-илм, 2002. – Б. 60.
[18] Қаранг; Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дор ал-илм, 2002. – Б. 60.; Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. Ж. 2. – Байрут, 1998. – Б. 206.
[19] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 8. – Байрут, 1998. – Б. 27; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 145.
[20] Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дор ал-илм. 2002. – Б.60.
[21] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1998. – Б. 370; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 145.
[22] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут, 1998. – Б. 162; Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007. – Б. 54.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …