НАВҲАС ОТА ЗИЁРАТГОҲИ

Мазкур зиёратгоҳ жойлашган қишлоқ номини таҳлил қилиб, Навхоз деб қарасак: «Навхез» – яъни ерга тоза гиёҳ экмоқ маъносида келади; «Навҳас» – десак, фиғон, нола қилмоқ, азобдан мусибат етиб баланд овоз чиқармоқ, маъноларини англатади.

В.Вяткин бу жой номини «Навқаз» шаклида келтириб, қадимда мазкур ҳудуд номи Муни эканлигини таъкидлаб ўтган[1].

Биз танишиб чиққан тарихий манбаларда бу ҳудуд номи «Навҳас»[2] шаклида ёзилган.

Бухоро тумани, Хонқа туманларида «Навҳас» атамаси билан юритиладиган жой номлари учрайди.

Шунингдек, Ўрта Осиё олимлари қомуси асарида Нофахас – Самарқанд қишлоқларидан бири[3] эканлиги айтилади. Яна мазкур асарда Бухоро қишлоқларидан саналган Навхасда яшаб ўтган уламолардан Абу Аҳмад ибн Абдулвоҳид ибн Руфайд ибн Ваҳб  ан-Навхасий ал-Бухорий (вафоти ҳижрий 211[4]/826), Абдулвоҳид ан-Навхасийлар тўғрисида маълумотлар келтирилган[5].

Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад ан-Нофахасий асли Нишопурлик бўлиб, Самарқанднинг Нофахас қишлоғида яшаган, Нофахас Самарқанддан икки фарсах (14 км) узоқликдаги қишлоқ[6].

Мазкур маълумотларга асосан мазкур жой номи йиллар мобайнида: Нофахас, Наваҳас, Навҳас, Навқаз, Навхоз, деб аталиб келинган. Биз ёзувларимизда Навҳас атамасини олдик.

Навҳас ота зиёратгоҳи билан 2017 йилнинг 9 ноябр Пайшанба куни мулло Умидхон,  шогирдимиз Акбар ҳамда Улуғбеклар ҳамроҳлигида мазкур муқаддас маскан зиёратидан баҳраманд бўлиб, у ердаги тарихий манба (мавжуд қабртош)лар билан танишишга киришдик.

1–қабртош кичик кўриниш (тил шакли)даги қайроқ тош бўлиб, узунлиги 35 см, эни 11 см, алоҳида чиройли ҳошия ичига олинган ҳолда 9 қатор араб тилидаги ёзув ёзилган.  Ундан: «Ҳаза қабрул абдал музнибал жони ар-рожий роҳимаҳуллоҳи таоло ва ғуфронаҳу Муҳаммад бин ал-Ҳусайн бин Абулқосим Ҳаририй туваффо бит-торихи каза «ғофараллоҳу лаҳу вали валидайҳи», яъни «Бу гуноҳкор, жинояткор ҳолида Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор банда Муҳаммад бин ал-Ҳусайн бин Абулқосим Ҳаририй[7] қабридир. У казо (ўша маълум вақтда, маъносида айтилиб, аниқ вақти иккиламчи манбаларда мавжудлигига ишора қилинмоқда) тарихида вафот этди. Аллоҳ таоло уни ва ота-онасини раҳмат қилсин», деган маълумотларни ўқиш мумкин.

Маълумки, Темурийлар давригача қабрларга катта қайроқтошлардан қабртош сифатида фойдаланиш русум бўлган, темурийлар давридан бошлаб эса катта нақшин мармартошларга ўтилган.

Мазкур тарихий манба бўлмиш қабр тош ва унинг соҳиби тўғрисида бирор бир манбага эга бўлмасакда, Муҳаммад бин ал-Ҳусайн бин Абулқосим Ҳаририй тахминан XII-XIII асрларда яшаб ўтганлиги мазкур қабр тошдан маълум. Шунингдек, бу зоти бобаракотнинг мунаввар зиёратгоҳи файзи ифори атрофида кўплаб аллома ва уламоларнинг дафн этилганлиги ҳамда маҳаллий аҳолининг кўп йиллардан бери «Навҳас Ота», деб соф эътиқод билан зиёрат қилиб келинганлигига мувофиқ ўз даврининг машҳур уламоларидан бири эканлиги тушунилади.  

Муҳаммад бин ал-Ҳусайн бин Абулқосим Ҳаририй машҳур уламолардан бири бўлган «ал-Мақомот ал-Ҳаририя» асарининг муаллифи Абу Муҳаммад Қосим ал-Ҳаририйнинг (1054 йилда таваллуд топиб, ҳижрий 516/1122 йилда вафот этган[8]) набираси бўлса керак.

Абу Муҳаммад Қосим «Ҳаририй» ва «Басрий» нисбалари билан зикр этилган. Унинг қаламига мансуб бўлган «Китоб ал-мақомот ад-Ҳаририй» асарининг икки нусхаси ЎзФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида биринчиси: ҳижрий 662 /1264 ашуро ойи / 14 ноябрда ёзилган, инв № 3153/II рақам, иккинчиси: хаттот Абдулқаюм ибн Абдулхақ ал-Ҳабибий томонидан кўчирилган нусхаси, инв № 4425 рақам остида сақланмоқда[9].

Хаттот Абдулқаюм ибн Абдулхақ ал-Ҳабибий томонидан кўчирилган нусхасида, шайх Талха ибн Талха ал-Омоний айтишича мазкур асар ҳижрий 508-499 / 1114-1105 йилларда ёзилган, деб таъкидланган.

«Китоб ал-мақомот ад-Ҳаририй» асарининг 1978 йилда араб тилидан рус тилига таржимаси В.М. Борисова, А.А. Долининой ва В.Е. Кирпиченколар томонидан амалга оширилган[10].

Абу Муҳаммад Қосим ибн Али ал-Ҳаририй ўз даврининг машҳур алломаларидан бири эканлиги, ҳаттоки араб шеъриятида машҳур бўлганлиги, шунингдек, араб тили грамматикаси соҳасида ҳам фаолият олиб бориб, тасаввуфда мақомот соҳиби бўлганлиги манбаларда зикр этилади.

«Ал-Ҳаририй» нисбаси билан танилган олимлардан яна қози ал-қуззот Шамсиддин Муҳаммад ибн Усмон ибн ал-Ҳаририйни айтиб ўтиш мумкин…

«Абул Қосим» исми – куняси билан жуда кўп олим ўтган бўлиб, Ислом тарихида илк бор Абул Қосим кунясини олган киши – Он Ҳазрат пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эдилар. «Абул Қосим Самарқандий» нисбаси ва номи билан эса тарихда (машҳур) тўрт киши ўтган. Биз танишишга киришган аллома ҳам Абул Қосим ал-Ҳаририй авлоди эканлиги, бу маскан тарихи нақадар бойлигидан далолат қилади.

Бу борадаги изланиш ва тадқиқот ишини бошлаб бердик, умидки илмда келажакда ижодий изланишлар давом эттирилса, аждодлар биздан рози, авлодлар миннатдор бўлишарди…

2–қабртош. Мазкур тарихий манба бўлмиш қабртош – оқ мармарга, ҳарфлари кошиний (бўртма) тарзда форс тилида қуйидагича ёзилган:

 «Ҳаза марқади мунаввар марҳум мулло мир Темур хожа ибн қози мулло мир Маҳмуд хожа ибн халифа Ғиёсиддин хожа ибн халифа Иброҳим хожа ибн мир Абулқосим хожа ибн мир Абулфатҳ хожа ибн Амир Муҳтарам ибн Амир Абдулаввал ибн Амир Абдулқаййум ибн Амир Шароф Умар ибн Амир Шарофиддин Усмон ибн Амир Шамсиддин Муҳаммад ибн Амир Султон Маҳмуд ибн Амир Саййид Аҳмад ибн Амир Зайнулобидин ибн Амир Исмоил ибн Амир Ҳамза ибн Амир Абдуллоҳ ибн Амир Муталлиб ибн Амир Иброҳим ибн Амир Али ибн Амир Маҳмуд ибн Амир Ҳамза ибн Амир Мусо ибн Амир Муҳаммад ал-жавад ат-тақий ибн имом Али Мусо Ризо ибн Имом Мусо Козим ибн имом Жаъфари Содиқ ибн мом Муҳаммад Боқир ибн имом Зайнулобидин ибн Имом Ҳусайн ибн Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу. Вафот фий шаҳри жумадул аввал санаи 1336 (/1917 йил) ҳижрий дар сана 29 сол».

Таржимаси (Аслида мазкур матн таржимага муҳтож бўлмаса-да, ўқигувчиларга тушунарли бўлсин дедик): «Мазкур нурга тўлган қабр эгаси марҳум мулло мир Темур хожа, унинг отаси қози мулло мир Маҳмуд хожа, унинг отаси халифа Ғиёсиддин хожа, унинг отаси халифа Иброҳим хожа, унинг отаси мир Абулқосим хожа, унинг отаси мир Абулфатҳ хожа, унинг отаси Амир Муҳтарам, унинг отаси Амир Абдулаввал, унинг отаси Амир Абдулқаййум, унинг отаси Амир Шароф Умар, унинг отаси Амир Шарофиддин Усмон, унинг отаси Амир Шамсиддин Муҳаммад, унинг отаси Амир Султон Маҳмуд, унинг отаси Амир Саййид Аҳмад, унинг отаси Амир Зайнулобидин, унинг отаси Амир Исмоил, унинг отаси Амир Ҳамза, унинг отаси Амир Абдуллоҳ, унинг отаси Амир Муталлиб, унинг отаси Амир Иброҳим, унинг отаси Амир Али, унинг отаси Амир Маҳмуд, унинг отаси Амир Ҳамза, унинг отаси Амир Мусо, унинг отаси Амир Муҳаммад а-жавад ат-тақий, унинг отаси Имом Али Мусо Ризо, унинг отаси Имом Мусо Козим, унинг отаси Имом Жаъфари Содиқ, унинг отаси Имом Муҳаммад Боқир, унинг отаси Имом Зайнулобидин, унинг отаси Имом Ҳусайн, унинг отаси Ҳазрат Али (к.в). Ҳижрий 1336/милодий 1917 йил 29 ёшида вафот этди». 

Демак, Мулло мир Темур хожа мулло мир Маҳмуд хожа ўғли ҳижрий 1307/1889 йилда туғилиб, 1336/1917 йил 29 ёшида вафот этган.

Самарқанд Давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси фонди, тарихий ҳужжатлар бўлимида инв № 900: КР 1237 рақам остида сақланаётган ҳижрий 1311/ 15 июл 1893 – 4 июл 1894 йилга тегишли Фатво ҳужжатида 11 та мухр урилган, мазкур муҳрлардан бири айнан мулло Мир Маҳмуд хожага тегишли бўлиб, унда: «Саййид Маҳмуд хожа Муфти ибн Ҳалифа Мир Ғиёсиддин», деб ёзилган[11].

Яна бир инв № 643: КР 5991/364 рақамли  Ўратепа ҳудудига тегишли хужжатда: «Қози Саййид Маҳмуд ибн Халифа Муҳаммад Маъсум 1282(/1865 йил)» деб ёзилган муҳр эътиборимизни тортди.

Тадқиқотчилар ва ўқигувчи-ўрганувчиларга шубҳа ёки бирон-бир тушунмовчилик бўлмасин деган мақсадда бир даврда яшаб ўтган икки  «Саййид Маҳмуд» исмли ўз даврининг машҳур зотлари тўғрисида ўз ўрнида айтиб ўтдик (адаштирилмасин).

Энди, қабр тошда келтирилган шажарадаги Темур хожанинг отаси («қози мулло мир Маҳмуд хожа ибн халифа Ғиёсиддин хожа» деган маълумотга кўра) «Қози» ҳамда «Муфти» лавозимларида фаолият кўрсатганлигини англашимиз мумкин бўлади.

Бугунги кунда мазкур авлод вакиллари ушбу қишлоқ (Навҳас)да истиқомат қилиб келаётган шажара давомчилари саналиб, уларнинг шажараси қуйидагича:

«Навҳас ота жомеъ масжиди имом хатиби Умидхон, у кишининг отаси Толибхон, у кишининг отаси Муътиюллахон, у кишининг отаси Султон (Эшони Калон)хон, у кишининг отаси халифа Ғиёсиддин хожа».

Демак, Эшони Калон Султонхон ва мулло мир Маҳмуд хожалар ака-ука бўлишган.

Шунингдек, Ғиёсиддин хожанинг Маҳмуд хожадан ташқари Султон (Эшони Калон)хон ва мулло Муҳаммад хожа[12] исмли ўғиллари ҳам бўлганлиги маълум бўлди…

3–қабртош. Ҳаза марқади ал-мунаввар ал-мағфур ал-марҳум ва мабрур ҳаза нури Исо Ўзбек ибн Худойқулибек. Ҳижрий 1338/1919 йил.

4–қабртош. Сана ҳижрий 1249/1833 йил. … бой ибн Муҳаммад ҳожи.

5–қабртош. Катта оқ мармартош.  Ҳаза марқади (қабр) мағфур (Аллоҳ гуноҳларини кечирсин) ал-марҳум ал-мабрур оли раҳматуллоҳи минна Юсуф шайх ибн Дўст. Фий тарихи сана арбаъун ва алф (вафоти 1014/1605 йил).

Мазкур қабр эгаси Юсуф шайх машҳур зотлардан бири бўлиб, катта ер-мулк, вақф эгаси бўлган, маълум вақт бу ерлар «Юсуф шайх» номи билан ҳам юритилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат Архив фондиддаги И-323, рўйхат-1, китоб-1, 1063 рақам остидаги вақф ҳужжатидаги Шовдор ҳудуди Юсуф шайх мавзесидаги ер мулк 800 кумуш танга…, (ҳижрий 1087/1676 йил, қози Рауф Муҳаммад мухри урилган) деган маълумотга кўра Юсуф шайх ўз даврининг машҳур кишиларидан эканлиги маълум бўлади.

6–қабртош. Вафот Султон Руҳия бинти Амир Арғу Мулк торихи оли зулҳижжа. Санаи арбаъ ҳамсун ва алф (вафоти 1054/1643 йил).

7–қабртош. Солиҳа Бегим бинти Амир Иброҳим. Фит тарихи чаҳор сафар (тарихи Сафар ойининг тўртинчиси). Мин санаи сабъа ва саманун ва тисъа мия (вафоти ҳижрий 987/1579 йил). Ғуфраналлоҳу таоло (Аллоҳ таоло гуноҳларини кечирсин).

Мазкур қабр тошлар ва Навҳас қишлоқ тарихи борасидаги изланишлар давом этади.

М.Ў.Амонов
ИБХИТМ қўлёзмалар билан
ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
[1] Вяткин В.. Справочная книжка Самаркандской области. Выпуск VII. Самаркандъ. 1902. 31 стр.
[2] Самарқанд Давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси фонди, тарихий ҳужжатлар бўлими. Инв № 571: КР 5991/294
[3] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т. «Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази» нашриёти. 2007. 356 бет.
[4] Абдулкарим ас-Самъонийнинг “Ал-Ансоб” (Насабнома) асарида мазкур уламонинг вафоти ҳижрий 311/924 йил деб келтирилган. Батафсил қаранг: Абдулкарим ас-Самъоний. Ал-Ансоб (Насабнома). Таржимонлар ҳожи Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов. – Т. 2017. Madrasa.uz сайти. 80 бет.
[5]Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т. «Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази». 2007. 370 бет.
[6] Абдулкарим ас-Самъоний. Ал-Ансоб (Насабнома). Таржимонлар ҳожи Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов. – Т. 2017. Madrasa.uz сайти. 138 бет.
[7] Ҳарири – Хоразм ҳудудида жойлашган қишлоқлардан бири бўлиб, шу ном билан аталувчи жой номлари дунё тарихида кўплаб учрайди.
[8] Абу Мухаммед аль-Касим аль-Харири. Макамы. (Арабские средновековые плутовские новеллы). Араб тилидан рус тилига таржимонлар В.М.Борисова, А.А.Долининой , В.Е.Кирпиченко. – М. Главная редакция восточной литературы издательство «Наука».1978. стр.3
[9]Собрание Восточных рукописей. Академии наук Убекской ССР. том II. под.редак.А.А.Семенова. – Т. 1951. стр 397-398.
[10] Абу Мухаммед аль-Касим аль-Харири. Макамы. (Арабские средновековые плутовские новеллы). Араб тилидан рус тилига таржимонлар В.М.Борисова, А.А.Долининой , В.Е.Кирпиченко. – М. Главная редакция восточной литературы издательство «Наука». 1978. стр. 197.
[11] Бу ҳақда батафсил қаранг: Thomas Welsfold and Nouryaghdi Tashev. A Catalogue of arabic-script documents from the Samarqand museum. Samarqand-Istanbul. 2012. 379 pages.
[12] ЎзМДА фонди И-377, 1-рўйхат, 13-иш. Книга для записки решений Казня Жумабазарского участка Самарканд уезда и области. 159 саҳифа, ушбу жойда қишлоқ номи “Навқаз”, дейилган.

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …