Home / АЛЛОМАЛАР / Насафлик олим Макҳул Насафийнинг Ислом оламида тутган ўрни

Насафлик олим Макҳул Насафийнинг Ислом оламида тутган ўрни

Буюк алломалар камолга етган замин Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Заминимизда туғилиб, камол топган мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси неча асрларки эътироф этилиб, чуқур тадқиқ этилмоқда.

Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари беқиёс экани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюк неъатларини кимга беришлигини ҳамда унинг мақоми нақадар юксак эканлиги ҳақида марҳамат қилади: “Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода қилса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай[1].

Бу борада Ибн Умар (р.а) дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва валлам: “Албатта Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[2] деб, айтадилар.

Шунингдек, Муовия (р.а)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[3] деб, айтадилар.

Аллоҳ таоло илмнинг фазилатлари ва унинг мартабаси ҳақида Қуръони Каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[4].

Мазкур оят тафсири ҳақида буюк муфассир Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фикр ва мулоҳазалар билдириб, “Ушбу оятдаги ҳикмат сўзидан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар.

Тарихдан маълумки ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ислом оламида IX-XII асрларни илм-фанинг олтин даври деб эътироф этилган.

Юртимиздан етишиб чиққан Абу-л-Муъин Насафий (1027-1114), Нажмуддин Умар Насафий (1068-1142), Ҳофизу-д-дин Абу-л-Баракот Насафий (ваф. 710/1310), Абу-л-Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафий, Лутфуллоҳ Насафий (ваф. 750/1349)[5] ва Абдулазиз Насафий (ваф. 533/1138) каби кўплаб диний ва дунёвий илмларнинг дарғаларини тарбиялаб вояга етказган. Мазкур олимлар орасида муносиб мақомга эга бўлган машҳур аллома Макҳул Насафий бўлиб, у нафақат араб тили грамматикаси, балки ўз даврининг мутакаллим алломаси сифатида ҳам шуҳрат қозонган сиймоларидан биридир.

Олимнинг тўлиқ исми Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий бўлиб, унинг таваллуд санаси ҳақида ҳозирча манбаларда бирор маълумот учрамайди. Аммо вафот этган йили ҳақида барча адабиёт ва ёзма асарларда 318/930 сана кўрсатилган. Макҳул Насафий юксак илму маърифати билан танилиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сулолаланинг асосчиси сифатида ҳам машҳурдир[6].

Аллоҳга минг қатла шукрлар бўлсинки, юртимиз мустақиллиги шарофати билан миллий ва диний қадриятларимизнинг тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган аждодларимизнинг ҳаётлари ва сермазмун илмий меросларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш энг долзарб масалалардан бирига айланди.

Шу билан бирга айтиш жоизки, шу даврда ислом динининг энг муҳим, энг нозик ҳисобланган ақидавий масалалар билан шуғулланган бир қатор олимлар ҳам етишиб чиқдики, улар мутакаллим номи билан юритилади. Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган буюк мутакаллимларнинг ҳаёти ва асарларини ўрганиш борасида бир талай илмий  изланишлар амалга оширилганлиги ҳам барчага маълум. Диний-ақидавий масалаларни илмий асосда чуқур ўрганиш ҳозирги давр учун ҳам илмий ва амалий аҳамиятга эга эканлиги ушбу мавзунинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Шунингдек, юртимиздан чиққан алломалар илмий-маънавий, диний меросида барча диний ва дунёвий билимларга оид намуналарни кузатиш мумкин.

Эътиборлиси, улар орасида калом – ақида илмига бағишланган асарлар ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Халқимизнинг бебаҳо маънавий хазинаси ҳисобланган мазкур асарларни илмий таҳлил ва тадқиқ этган ҳолда таржима қилиш, улардан кенг халқ оммаси, айниқса, ёшларни хабардор қилиш ҳозирги давр учун энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Термизга ташрифи давомида айтган: “Насафий алломаларлар ҳаёти ва илмий меросини тўлиқ ўрганиб, жойларда кенг тарғиб этишимиз лозим бўлади. Ёшларимизга биз қандай улуғ боболаримиз ўтганлигини етказиб берсак, уларнинг маънавий бойлиги ошади. Шунингдек, улуғ олим ва мутафаккир боболаримиз маънавий меросини халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгига синдирсак, уларга муносиб бўлиб ва улардан ўрнак олиб яшашига жуда катта ижобий таъсирини кўрсатади”[7], сўзлаpини келтиришимиз ўринлидир.

Кўриниб турганидек, ташқи таҳдидларга қарши курашишнинг энг мақбул ва маъқул йўлларидан бири аждодларимизнинг асрлар оша исботини топган меросига таянган ҳолда олиб борилган ташкилий-амалий ҳаракатлардир.

Халқимизнинг илмий-маънавий мероси, ислом ва унинг ғоялари, диний, миллий-маънавий қадриятларимиз, юртимиздан етишиб чиқиб, бутун дунёда машҳур бўлган буюк алломаларнинг ҳаёти ва калом илмига бағишланган илмий меросларига асосланган ҳолдагина ислом дини ғояларини бузиб талқин қилишга уринаётган оқимларнинг асл мақсадларини фош қилиш мумкин бўлади.

Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланишида буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлган бўлса-да, Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафийнинг ҳам хизмати беқиёсдир.

Алломанинг “Китобу радд ала аҳли-л-бидаъи ва-л-аҳва” (“Бидъатчи, адашган ва адаштирувчи ботил фирқаларга раддиялар китоби”) номли учинчи рисоласи бевосита калом илмига алоқадор бўлиб кенг шуҳрат топган[8]. Ушбу асар калом илми тарихида алоҳида ўрин эгаллаган бўлиб, шу йўналиш пойдеворини ташкил этган ноёб асарлардан ҳисобланади Жумладан диний-ақидавий масалаларни илмий асосда чуқур ўрганиш ҳозирги давр учун ҳам илмий ва амалий аҳамиятга эга эканлиги ушбу мавзунинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. Шу боис, бу ерда биз уларнинг бидъатини баён қилишни мақсад қилдик ва ўзимизнинг пок ақидамизни асраб-авайлашимиз ҳар биримизнинг бўйнимиздаги асосий бурч эканлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

Макҳул Насафийнинг мазкур асари, биринчидан, фирқаларнинг ҳар бирини моҳиятини баён қилиб, сўнг, аҳли сунна ва-л-жамоанинг уларга бўлган жавобини баён қилган, уларнинг нотўғри ғояларини очиб ташлаб уларга нисбатан раддиялар келтирган. Аллома ўз асарида олтита – ҳарурийлар, қадарийлар, жаҳмийлар, рофизийлар, жабарийлар ва муржиъийлар каби асосий оқимларга раддия берган ҳамда жами бўлиб 72 адашган фирқаларнинг моҳиятини тўлиқлигича айтиб ўтган. Ушбу 72 та ботил фирқалар сохта таълимот вакиллари бўлиб, биз уларнинг моҳиятини оқилона англашимизда мазкур асарнинг аҳамияти каттадир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, масаланинг ижобий тус олишига маълум маънода бир қатор адашган тоифаларнинг ҳаракатлари жонланиб, ислом дини асосларига таъсир қиладиган даражада хавфли тус ола бошлагани ҳам сабаб бўлиб, нақлнинг асл моҳиятини инсонларга тўғри етказиб берадиган ақида илмига эҳтиёж кучайди. Ўша даврларда пайдо бўлган оқимлар ўз қарашларини Қуръон ва ҳадис билан далиллашга урингани ҳам масалани бирқадар чигаллаштирар эди. Чунки оддий инсонларнинг аксарияти айтилган оятлар ва ҳадиси шарифларга сўзсиз ишонади ҳамда уларга амал қилишга шошилади. Хуллас, Қуръон тафсири, ҳадислар шарҳини тўғри амалга ошириш ва уларни кенг халқ оммасига етказиб бериш давр талаби эди.

Бу давр олимлари, Қуръон ва ҳадисларда ислом дини таълимоти, эътиқод масалалари муфассал баён этиб берилгани учун калом аҳлига эҳтиёж йўқлигини таъкидлайдиган аввалги аср алломаларидан фарқ қилиб, калом илмига ҳам алоҳида ҳурмат билан қарай бошладилар.

А.Ф.Муҳиддинов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Анъом сураси, 25-оят. –Б.63.
[2] Имом Термизий ривояти. Сунану-т-Термизий №2167 Ҳадис.
[3] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
[4] Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.
[5] Абдусаттор Жуманазар. Насаф. -Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2006. -Б. 167-183.
[6] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. –Т.: 2008. – Б. 366.
[7] Мирзиёев Ш.М. 2016 йил, октябрь. Сурхондарё вилояти, Имом Термизий зиёратгоҳидаги суҳбат.
[8] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. Т – 2008й.– Б. 95.

Check Also

Абул Баракот Насафий ҳаёти ва унинг машҳур асари

Ватандошимиз Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий Насаф шаҳрида милодий XIII – …