Home / АЛЛОМАЛАР / Маҳбубийлар сулоласи вакилларининг ислом динида тутган ўрни

Маҳбубийлар сулоласи вакилларининг ислом динида тутган ўрни

Мустақилликка эришганимиздан сўнг барча соҳалар қатори илм-фан ва диний қадриятларимизга ҳам юксак эътибор қаратила бошланди. Бир қанча илмий-маданий марказлар ташкил қилиниб, аждодларимиз қолдирган бой илмий меросларни ўрганишга имконият яратилди. Улар қолдириб кетган бу илмий асарлар тадқиқ қилиниб, ўз она тилимизга таржима қилина бошлади. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин: Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўплами, Термизийнинг “Сунани Термизий” асарларининг таржима қилинганлиги бунга далил бўла олади.

Ҳозирги кунда ҳаётнинг барча соҳаларида асрларга татигулик ишлар амалга оширилмоқда. Халқимизнинг маданияти ва маънавиятини юксалтириш мақсадида ота-боболаримиздан қолган табаррук илмий меросларни ўрганиш ва ўзлаштириш борасида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳам шулар жумласидандир.

Асрлар давомида олимлар ва шоирлар томонидан ажойиб асарлар яратилган бўлиб, айнан ана шу қадимий қўлёзма асарлар орқали тарихий воқеалар ва ҳодисалар, маданият, илм-фаннинг турли тармоқларига оид маълумотлар ва қўлланмалар кейинги авлодларга етиб келган.

Давлатчилигимиз кундалик фаолиятида бу соҳага катта эътибор берилмоқда. Шу боис халқимиз орасида ўзликни англашга имкон берувчи асл манбаларни ўрганишга бўлган қизиқиш кундан-кунга ошиб бормоқда.

Ўрта Осиёлик фақиҳларнинг ҳар бири ўз илмий услуби ва яшаган даври шароитига қараб ислом ҳуқуқи, айниқса ҳанафий мазҳаби ривожи йўлида унутилмас хизматлар қилиб, ўзларидан барҳаёт асарлар қолдирганлар. Улар орасида имом Марғиноний ёзган беназир шоҳ асари – “Ҳидоя” ўз ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа суннийлик мазҳаблари билан қиёсий услубда ўрганиб, ҳар томонлама ёритилганлиги учун ҳам ўзига хос катта назарий ва амалий аҳамият касб этади.

Бухоро фақиҳлари томонидан усул ва фуруъ бўйича яратилган кенг қамровли асарлар, шунингдек, калом илми соҳасида ёзилган бир қатор китоблар шундан далолат берадики, ҳанафий фиқҳи ривожида улар илғор ўринда туриб, Бухорони Мовароуннаҳр атоқли фақиҳларининг фаолият марказига айлантириб келганлар.

Бухоролик фақиҳлар фиқҳ илми ривожланган даврдан бошлаб усулул-фиқҳ ва фуруъул-фиқҳда муҳим ва эътиборга лойиқ асарлар ёзиб келдилар. Ибн Халдун “Ал-Муқаддима”да таъкидлашича, Абу Зайд Дабусийнингушбу мавзуда ёзган китоби энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади.[1] Шунингдек, кейинроқ Садр аш-Шариъа иккинчи Убайдуллоҳ ибн Масъуд ёзган “Шарҳу-л-Виқоя” ва унинг қисқартирилган шаклдаги “Ан-Нуқоя” номли китоби ҳамда “Танқийҳ ул-Усул”ва унинг устидан ёзилган “ат-Тавзийҳ”номли шарҳи катта эътибор ва илмий аҳамият касб этиб келган.

“Ҳидоя” асари бугунги кунга қадар ислом ҳуқуқшунослиги бўйича барча соҳаларда ўз таъсирини ўтказиб келган ва фақиҳларнинг кўпчилиги, уларнинг мазҳабларидан қатьий назар, унга катта эътибор билан қараганлар. Шу сабабли унга жуда кўп шарҳлар ёзилиб, баъзан эса қисқартирилиб, қисқартмасига ҳам кўп шарҳлар ёзилган. Биринчи бўлиб,“Ҳидоя”ни ўз невараси – бухоролик Садр аш-Шариъа иккинчи Убайдуллоҳ ибн Масъуд учун қисқартирган Тож аш-Шариъа Маҳмуд ибн Садр аш-Шариъа биринчи ўз қисқартмасини “Виқоятур-ривоя фи масоилил-Ҳидоя”,деб атаб, унинг муқадиммасида “Ҳидоя” ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: “Ал-Ҳидоя фахрланишга арзигулик нафис ва олий бир асар, тўлқинланувчи бир уммон, юксак ўринли, қимматли, ўз аниқ далиллари ва бурҳонлари билан катта аҳамиятга эга, чексиз яхши томонлари ва порлоқ жумлалари билан ҳаммага файзу барака манбаи бўлиб келган бир китобдир”[2].

Марғинонийнинг ўлмас мероси бўлган, эллик етти китобдан иборат “Ҳидоя” асари, мана саккиз асрдирки, мусулмон мамлакатларида энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида эътироф этиб келинаётгани албатта бежиз эмас. Ушбу асарга ҳам кўплаб шарҳлар ёзилган бўлиб, эътиборга молик томони шуки, “Ҳидоя” асарини қисқа муддатда ёд олишни мақсад қилган илми толиблар учун муаллиф Убайдуллоҳ ибн Масъуд томонидан унинг асл ўзак матнларини ўзида мужассам этган, қисқартирилган ҳолдаги “Мухтасарул-виқоя” – “Виқоянинг қисқартирилгани” номли асар ҳам таълиф этилганидир.[3]

Бухоро шаҳри ўз олимлари, адиблари, бутун моддий ва маънавий маданияти билан дунёнинг энг буюк, машҳур шаҳарлари қаторидан ўрин эгаллаб келган.

Бухоролик ўнлаб атоқли фақиҳлар орасида, Садр аш-Шариъалар оиласи ўзига хос мавқега эга бўлиб, ислом ҳуқуқшунослигида мумтоз ўрин тутган ҳанафий мазҳабининг йирик намояндалари сифатида хизмат қилдилар ва Марғинонийнинг шоҳ асари “Ҳидоя”га катта диққат ва эътибор қаратдилар. Замонасининг машҳур ҳуқуқшунос олими бўлган Садр аш-Шариъа Аҳмад ибн Жамолиддин Убайдуллоҳ Маҳбубий Бухорий (ваф.630/1233)[4] бўлиб, у XIII асрда яшаб ижод этган ва муҳим фиқҳий асарлар, жумладан, “Ҳидоя” устидан ёзилган шарҳлардан бирининг муаллифи сифатида танилган. Унинг ўғли Тож аш-Шариъа лақаби билан шуҳрат қозонган Маҳмуд ибн Садр аш-Шариъа (ваф.673/1274)[5] ҳам ўз отаси сингари, ажойиб ҳуқуқшунос олим бўлиб, ҳанафийлар фиқҳи соҳасида ўзидан унутилмас илмий асарлар қолдирди. Тож аш-Шариъа, ўз невараси Садр аш-Шариъа ас-Соний, яъни Иккинчи ёки Кичик Садр аш-Шариъа Убайдулло ибн Масъуд(ваф.747/1346)[6] ни ислом ҳуқуқи бўйича яхши тарбиялаб, фиқҳий масалаларни унинг миясига сингдириш мақсадида Бурҳонуддин Марғинонийнинг шоҳ асари бўлмиш “Ҳидоя”нинг энг асосий масалаларини қисқартириб, бир китобда ижодий шаклда жамлади ва уни “Виқоятур-ривоя фи масоилил-ҳидоя” (Ҳидоя масалаларида ривоятларни сақлаш)[7] деб атайди.

Асар “Ҳидоя”нинг энг яхши ва қулай қисқартмаси сифатида катта эътибор қозониб, асрлар давомида ўқилиб, шарҳланиб келган ва уни изоҳлаш учун ҳошиялар ёзилган.

Ибн Баттута “Саёҳатнома”асарида “Мен бу ер(Бухоро)да аллома, фақиҳ, Ҳиротдан келган мўътабар Садр аш-Шариъани учратдим. У дин йўлини қаттиқ тутган тақводор киши эди”[8]– деб таъкидлаганидек, ҳақиқатдан, Кичик Садр аш-Шариъа лақаби билан машҳур бўлган Убайдулло ибн Масъуд Маҳбубийлар сулоласининг фахри ва ҳанафийлар фиқҳининг порлоқ юлдузи ҳисобланади. У бобоси Тож аш-Шариъа тарбиясида камол топиб, шарқ фалсафаси, калом илми ва табиатга оид фанларни ўзлаштириб, фиқҳ илмида буюк аллома сифатида танилди ва ҳанафий мазҳабининг атоқли ва сермаҳсул олимларидан бири бўлиб ижод қилди.

У аждодларидан қолган илмий асарларни жамлаб, нафис ёдгорликларни тўплаш билан шуғулланиб келди ва бобоси ёзган “Виқоятур-ривоя”ни араб тилида шарҳлаб, уни “Шарҳул-виқоя” деб атади. Бу китоб энг яхши ва тўлиқ шарҳ ҳисобланади.

Шундан кейин баъзи ўқувчиларнинг “Виқоятур-ривоя” китобини ўзлаштириб олишга қурби етмаётганлигини мулоҳаза қилиб, ундаги энг зарурий масалаларни танлаб олиб, уни “Ан-Нуқоя” (қисқача баён) ёки “Мухтасарул-Виқоя” деб атади. Асарнинг муқаддимасида муаллиф шундай ёзади: “Бобом Маҳмуд ибн Садр аш-Шариъа фиқҳ илмини яхши ўрганишим учун “Виқоятур-ривоя фи масоилил-ҳидоя” китобини ёзди. Бу китобдек сўзлари мўъжаз, мазмуни аниқ ва тўла иккинчи бир китобни замон кўрган эмас. Мен баъзи бир толиблар ҳиммати бу китобни ўрганиб ўзлаштиришга қодир эмаслигини мулоҳаза қилиб, зарурий масалаларни танлаб олиб, ушбу “Мухтасар”ни чиқардим. Ҳар ким “Ҳидоя”да келтирилган масалаларни ўрганиб, ўз хотирасида сақламоқчи бўлса, (бобом таълиф этган китоб) “Виқоя” китобини ўрганиб олишга уринсин. Шошилиб турган, вақти оз бўлган киши мен таълиф этган бу “Мухтасар”ни ўрганишга қасд қилсин”[9].

 Шунингдек, Садр аш-Шариъа иккинчи фиқҳ усуллари бўйича “Ат-Танқийҳ” (Сўзни сайқалаштириш, бир хос мавзуга тааллуқли ҳукмни умумийлаштириш) номли асар ёзди, сўнгра уни чиройли бир шаклда шарҳлаб “Ат-Тавзийҳ” деб атади.

“Ал-Муқаддимотул-арбаъа” (Тўрт муқаддима), “Таъдийлул-улум ваш-шурут” номли асарлари ҳам катта эътибор ва шуҳрат касб этиб келган. Зириклий берган маълумотга кўра, “Маоний” (Адабиётга оид фанлар) соҳасида “Ал-Вишоҳ”(Бўйинга тақиладиган безак) номли китоб ҳам унинг қаламига мансубдир.

Садр аш-Шариъа ва унинг барча аждодлари илму фан арбоблари сифатида кўп ҳурмат ва иззат билан яшаганлар. Ҳиндистонлик машҳур олим Абдулҳай Лакнавийнинг ёзишича, Саййид Аҳмад ат-Таҳовийнинг шогирди Мавло Абдулмўмин Димётий “Таолийқул-анвор ало дуррил-мухтор” номли асарида, унинг насабини Пайғамбарнинг машҳур саҳобаларидан бири бўлмиш Убода ибн ас-Сомитга боғлайди. У жумладан, бундай деб ёзади: “Устозимиз Саййид Муртазо Ҳусайн силсиласида кўрдимки, Садр аш-Шариъанинг насабини қуйидагидек зикр этган: Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-Шариъа Маҳмуд ибн Садр аш-Шариъа Аҳмад ибн Жамолуддин Абулмакорим Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳбуб ибн ал-Валид ибн Убода ибн ас-Сомит ал-Ансорий ал-Маҳбубий. Шу­нингдек, устозимиз унинг насабини “Бухоро тарихи”да кўрганман дедилар”[10].

Садр аш-Шариъалар ва уларнинг оила аъзолари фиқҳ илмини ўз замоналарининг энг буюк олимларидан олганлар. Уларнинг фиқҳ илмини ўрганиш силсиласи бухоролик атоқли фақиҳ Абу Абдуллоҳ ибн Абу ҳафс Кабирга етиб боради.

Абдулҳай Лакнавий “Мухтасарул-виқоя” муаллифи Садр аш-Шариъани “Барча томонидан қабул қилинган имом, шариат қонунларининг соқчиси, аслий ва фаръий муаммолар устоди ва қисқартирувчиси, ақлий ва нақлий (шаръий) фанлар олими, фақиҳ (ҳуқуқшунос), фиқҳ усулларининг билимдони, мантиқий, муҳаддис, муфассир, тилшунос, адиб, мутакаллим, буюк қадру манзилат ва юксак мақом эгаси, илму адаб билан тўлиб тошган, мажду азаматни ота-боболаридан мерос қилиб олган зот эди”[11] деб танитади.

Садр аш-Шариъа иккинчи 747ҳ.-1346м. йил ҳаётдан кўз юмди. Унинг қабри ота-боболарининг абадий маконлари Бухоронинг Шеробод деган жойидадир[12].

Садр аш-Шариъа Ўрта Осиёда ислом ҳуқуқининг етук олими ҳисобланади. Унинг “Мухтасарул-Виқоя”асари кўп асрлар давомида ислом ҳуқуқини ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилди ва ҳозирда ҳам ўз эътиборини йўқотган эмас. Бу китоб Ҳанафий мазҳабида Марғиноний яратган ҳуқуқшунослик йўналишининг асосий манбаи бўлмиш “Ҳидоя”асаридаги таълимотни кенг кўламда талқин этишда ва бу йўналишнинг ривожи йўлида улкан ҳисса қўшиб келди.                                                                                      Давоми бор…

 

Барот Амонов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази,
Ҳадисшунослик шўъбаси раҳбари
 
[1]Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний. “Ислом ҳуқуқшунослиги”. Т.: Т.И.У. 2002. Б.175.
[2] Ўша асар.//Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида Р. 9445 рақами остида сақланаётган “Виқоятур-ривоя” қўлёзма нусхаси,Б.1.
[3] Бурҳониддин Марғиноний. “Ҳидоя”. Т.: Адолат. 2001. Б.25.
[4] Ал-Бобони.Ҳадияту-л-орифин.Ж.2. Б.161. Алян Сиркис. Муъжам ал-матбуат ал-арабиййа. Ж.2. Б.1199.
[5] ДокторҲомид Абу Толиб.Аннукат фил масаил мухталаф.Ж.1. Б.78. Ал-Бобони. Ҳадияту-л-орифин. Ж.2. Б.161.
[6] Умар Ризо Куҳола. Муъжам ал-муаллифин. Байрут. Мактаба ал-мусанна.2008. Ж.6. Б.246. Мавсуъа Фиқҳиййа Кувайтийй. Ж.3. Б.361
[7] Убайдуллоҳ ибн Масъуд. “Мухтасар ал-виқоя”. Т.: Чўлпон. 1994. Б.3.
[8] Ибн Баттута.Саёҳатнома.Т.: Шарқ. 2012.Б.368.
[9] “Мухтасар ал-виқоя”. Б.2.
[10] Абдулҳай Лакнавий. Ал-Жомеъ Ас-сағир. Ж.1. Б.28.
[11] Ўша асар. Б.7.
[12] Салоҳ Муҳаммад. Шарҳу-л-виқоя ва маъаҳу мунтаҳо ан-ниқоя аъла шарҳи-л-виқоя. “Муассасату-л-варроқ”. Иордания. 2006. Ж.1.Б.55.

Check Also

Имом Бухорий муфассир сифатида

Ҳадис илми фақатгина ҳадисларни тўплаш, ровийлар ҳақида сўз юритиш, ҳадисларни саҳиҳ ва саҳиҳ эмасга ажратишдангина …