Home / МАҚОЛАЛАР / Марказнинг Қўлёзмалар фондида сақланаётган “Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо” асари

Марказнинг Қўлёзмалар фондида сақланаётган “Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо” асари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Қўлёзмалар фондида Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафийнинг қаламига мансуб “Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо” қўлёзмасининг электрон нусхаси сақланмоқда.

Асар муаллифининг тўлиқ исми Абул Фатҳ Абдуссамад ибн Маҳмуд ибн Юнус ибн Муҳаммад Ғазнавий Ҳанафийдир. У ҳижрий 5 аср (милодий XI аср) охирларида яшаб ўтган. Ҳозирда Афғонистон ҳудудига кирувчи Ғазна шаҳрида туғилгани учун Ғазнавий нисбасини олган. Бу давр Аббосийлар халифалигининг сўнгги даврлари бўлиб, Хуросон ерлари халифалик назоратидан чиққан эди. Олимнинг ҳаёти Салжуқийлар ҳукмронлигининг охири Ғазнавийлар ҳукмронлигининг аввалги қисмларига тўғри келган[1].

Муфассирнинг туғилган санаси ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Тадқиқотчилар мусаннифнинг асарнинг ниҳоясида: “Мазкур китобни ёзишдан 487 (1094 мил.) йилнинг Ражаб ойида фориғ бўлинди” деб ёзганига асосланиб, ҳижрий бешинчи асрда яшаб ўтганини таъкидлаганлар[2]. Унинг вафоти ҳақида ҳам мазкур санага таянган ҳолда, тафсирни ёзиб бўлган йили ёки ундан кейинги йил вафот этган дейилади[3].

Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий маърифат нурлари порлаб турган оилада тарбия топган. Отаси Абул Қосим Маҳмуд ибн Юнус Ғазнавий чуқур билим соҳиби ва ўз даврининг қозиларидан бўлган. Амакиси Шайх Абу Сулаймон Довуд ибн Юнус Ғазнавий ҳам қози эди. Мусанниф асарнинг охирида “Нос” сураси тафсиридан кейин отаси ва амакиси ҳақида уларнинг катта илм соҳиби бўлганини ёзиб ўтган, хусусан, амакисини қозилар қозиси деб атаган[4].

Муфассир аҳли сунна вал жамоа уламоларидан ҳисобланади. Унинг ақидавий қарашлари қазо ва қадар, пайғамбарларнинг гуноҳдан пок бўлиши ва бошқа шу каби масалаларда салаф уламоларининг эътиқодига асосланган эди. Аллоҳнинг баъзи сифатлари борасидаги қарашлари эса кўпроқ ашъарий мазҳаби мос келган.

Фиқҳий масалаларда эса ҳанафий мазҳабига амал қилган. Уламоларнинг таржимаи ҳоли ҳақида китоб ёзганлар муфассирни ҳамиша ҳанафийларга ажратилган боб ичида зикр қилганлар. Муфассирнинг ўзи ҳам асарида Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммаддан (раҳматуллоҳи алайҳим) масалалар нақл қилган[5]. 

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавийнинг ҳаёти ва шахсиятини ифода этувчи маълумотлар унчалик ҳам кўп эмас. Шу жумладан, унинг устозлари ва шогирдлари ҳақида ҳам манбаларда кенг ёритилмаган. Бу борада изланиш олиб борган Саудия Арабистони “Уммул Қуро” университети тадқиқотчилари муфассирнинг қуйидаги шайхлардан таълим олганини аниқлаганлар:

  1. Амакиси Шайх Имом Абу Сулаймон Довуд ибн Юнус ибн Муҳаммад Ғазнавий.
  2. Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шабиб Коғидий Балхий.
  3. Шайх Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Толҳа Ношбоний.
  4. Шайх Абу Жаъфар Аҳмад ибн Маккий ибн Ҳусайн.
  5. Отаси Шайх Абул Қосим Маҳмуд ибн Юнус ибн Муҳаммад Ғазнавий.

Олимнинг шогирдлари ҳақида маълумотлар жуда кам. Тадқиқотларда Маҳмуд ибн Абу Ҳасан ибн Ҳусайн Найсобурий (ваф. 553/1158)[6], олимнинг ўғли Яҳё Ғазнавий[7] сингари шогирдлари номи аниқланган. Шогирдлари ҳақида маълумот камлиги муфассир таржимаи ҳоли ҳақидаги маълумот камлиги сабабидандир.

Дунё кутубхоналарида тафсирнинг бир нечта қўлёзма нусхаларини учратиш мумкин. Улардан бири Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Сулаймония” кутубхонаси, “Меҳр Шоҳ Султон” қисмида учта жузда №24, №25, №26 рақам билан сақланмоқда[8].

Кейинги нусха ҳам Туркияда бўлиб, “Боязид” давлат кутубхонасида №562 рақам билан сақланади. Бир томлик қўлёзма нусхасида қисман тушиб қолган варақлар бор. Жумладан, 202дан 219 вараққача мавжуд эмас. Бу нусха “Меҳр шоҳ султон” кутубхонасидаги нусхадан кўчирилган бўлиб, Усмон Мусҳафига мувофиқдир[9]. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар фондида айнан ушбу нусханинг электрон шакли сақланмоқда. Нусха 943/1537 санада Абдул Карим ибн Муҳаммад ибн Али номли котиб томонидан оққа туширилган. Нусха 625 варақдан иборат. Ҳар бир саҳифасида 35 қатор ва ҳар бир қаторда ўртача 16-19 сўз мавжуд. Котиб асарни насх ёзувида кўчирган. Сура номлари ва оятлар қизил рангда келтирилган.

Асарнинг бошқа бир нусхасини ҳам “Боязид” давлат кутубхонасида №552 рақам билан учратишингиз мумкин.[10]

“Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо” асари ўзига хос йўналишда таълиф этилган. Олим тафсирда бир нечта услублардан фойдаланган. Жумладан:

  1. “Тафсири бил маъсур”[11] услуби. Бу услубда бешта йўналишга асосланган:

– Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш;

– Қуръонни ҳадис билан тафсир қилиш;

– Қуръонни саҳобанинг сўзи билан тафсир қилиш;

– Қуръонни тобиъийнлар ижмо қилган ривоятлар билан тафсир қилиш.

– Муфассирнинг Қуръонни тафсир қилишда исроилиётларга[12] муносабати

  1. “Тафсири бир раъй”[13] услуби. Бу услубга етти хил йўналишда ёндашган.

– муаллифнинг Аллоҳнинг исм ва сифатларига нисбатан нуқтаи назари;

– муаллифнинг тафсир қилиш давомида ақида масалаларидаги ёндашуви;

– муаллифнинг тафсир қилиш давомида фиқҳий масалаларга ёндашуви;

– муаллифнинг тафсир қилиш давомида балоғат масалаларига эътибори;

– муаллифнинг тафсир қилиш давомида луғат ва грамматик қоидаларга эътибори;

– муаллифнинг тафсир қилиш давомида борлиқ ҳақидаги мулоҳазалари;

– муаллифнинг тафсир қилиш давомида ижмо қилинган масаларга бўлган эътибори.

Муфассир ушбу ёндашувлари ичида фиқҳий масалаларни ёритишга катта эътибор қаратган. Камдан кам ҳукм оятларидагина у ҳақдаги фиқҳий истинботлар ҳақида гапирмасдан ўтиб кетган холос. Маъноларни ёритишда ижмо қилинган масалалардан ҳам кенг фойдаланган. Фақиҳлар фикрларидан кўп фойдалангани китобни “Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо” деб номлашига асосий сабаб бўлганини тадқиқотчилар айтиб ўтганлар.

Тафсирнинг илмий қиймати беқиёсдир. Унда оятлар маъноси аниқ қилиб ёритилган, шунинг билан бирга ортиқчаликдан ҳам сақланилган. Қисқа ва лўндаликка кўп эътибор қаратилган. Тушунишда мушкуллик келиб чиқадиган маънолар ёритиб берилган. Фиқҳий масалаларга кенг ўрин берилган. Китоб бамисоли ҳанафий мазҳабини баён қилувчи асарга айланган. Оятдан фиқҳий ҳукм чиқариб олишда ишончли ва кучли услубдан фойдаланган.

Мовароуннаҳр ва Хуросон ерларида яшаб ўтган муфассир Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий қаламига мансуб “Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо” тафсири бой тарихимизнинг муҳим бўғинларидин биридир ва асар тадқиқ этилиб, илм аҳли ва халқимизга тақдим этишга муносиб.

Усмонхон Муҳаммадиев.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
 
[1] Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий. Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо// Саммоҳ бинти Маҳмуд. Таҳқиқ-магистирлик иши. – САП.: – Уммул қуро университети, 2011. –Б.:20.
[2]Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий. Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо/ Мунний бинти Солиҳ. Таҳқиқ-магистирлик иши. – САП.: – Уммул қуро университети, 2010. –Б.:21.
[3] Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий. Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо// Нажоҳ бинти Жамил. Таҳқиқ-магистирлик иши. – САП.: – Уммул қуро университети, 2012. –Б.:28.
[4] Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий. Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо. Туркиядаги “Боязид” давлат кутубхонасида №522-рақам билан сақланаётган қўлёзма нусхаси. –Б.:1402
[5] Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий. Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо// Саммоҳ бинти Маҳмуд. Таҳқиқ-магистирлик иши. – САП.: – Уммул қуро университети, 2011. –Б.:39.
[6] Ўша китоб, –Б.:40.
[7] Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий. Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо/ Мунний бинти Солиҳ. Таҳқиқ-магистирлик иши. – САП.: – Уммул қуро университети, 2010. –Б.:23.
[8] Ўша китоб. Б.32
[9] Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий. Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо// Нажоҳ бинти Жамил. Таҳқиқ-магистирлик иши. – САП.:– Уммул қуро университети, 2012. –Б.:34.
[10] Абдуссамад ибн Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий. Тафсирул фуқаҳо ва такзибус суфаҳо// Нажоҳ бинти Жамил. Таҳқиқ-магистирлик иши. – САП.:– Уммул қуро университети, 2012. –Б.:35.
[11] Тафсири маъсур деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобиийндан нақл қилинган сўз билан баён этиш тушунилади.
[12] Исроилиёт дейилганда Таврот ва Инжилда нақл қилинган ҳодисалар назарда тутилади.
[13] Тафсири бир райъ услубида муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди билан тафсир қилади ва у иккига, жоиз ва ғайри жоизга бўлинади. Жоиз бўлган рай билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқда бўлиб тафсир қилади. Жоиз бўлмаган қисмда еса, муфассир жаҳолат, бидъат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам барча алломалар бу навдаги тафсирни ман қилганлар. 

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …